38- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман»
Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. МАТ. 11:28
17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»
БУ МАҚОЛАДАa
1. Матто 11:28–30 га кўра, Исо қандай ваъда берган?
ИСО уни тинглаётган оломонга ажойиб ваъда берган. У: «Олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман»,— деган. (Матто 11:28–30 ни ўқинг.) Бу шунчаки қуруқ ваъда бўлмаган. Масалан, у даҳшатли касалликдан азоб чеккан аёл учун нима қилгани ҳақида ўйлаб кўринг.
2. Исо касал аёл учун нима қилди?
2 Ўша аёл роса ёрдамга муҳтож эди. Тузалиб кетиш ниятида у бир қанча шифокорга мурожаат қилганди. Аёл 12 йилдан буён азоб чекарди ва ҳеч ким уни даволай олмаганди. Тавротга кўра, у нопок ҳисобланарди. (Лев. 15:25) Бир сафар у Исо азоб чекаётганларга шифо бера олиши ҳақида эшитади ва уни топмоқчи бўлади. Уни топгач эса, устки кийимининг этагига қўл теккизади ва шу заҳоти тузалади! Лекин Исо унга шифо беришдан кўпроқ ишни қилади — у аёлга севги ва ҳурмат кўрсатади. Масалан, Исо унга гапирганда, «қизим» дея унга ўз меҳрию ҳурматини намоён этади. Ўша аёл роҳат топган ёки кучга тўлган бўлса керак! (Луқо 8:43–48, изоҳ)
3. Қандай саволларга жавоб топамиз?
3 Эътибор беринг, ўша аёл Исонинг олдига борди. Ҳа, у ташаббусни ўз қўлига олди. Бугунги кунда ҳам худди шундай, яъни биз Исонинг олдига «келиш» учун ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳозир Исо унинг олдига «келганларга» том маънода шифо бермайди. Аммо у: «Олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман»,— дея бизни таклиф қилмоқда. Бу мақолада қуйидаги бешта саволга жавоб топамиз: «Қандай қилиб Исонинг олдига “келишимиз” мумкин? Исо: “Бўйинтуруғимни олинг”,— деб айтганда, нимани назарда тутган? Исодан қандай ўрнак оляпмиз? Нега Исо бизга топширган иш роҳат бахш этади? Қай йўсин Исонинг бўйинтуруғи остида бўла туриб, роҳат топишингиз мумкин?»
«ОЛДИМГА КЕЛИНГЛАР»
4–5. Қандай баъзи йўллар орқали Исонинг олдига «келишимиз» мумкин?
4 Исонинг олдига «келишнинг» йўлларидан бири — иложи борича унинг айтганларию қилган ишлари тўғрисида кўпроқ билиб олишдир. (Луқо 1:1–4) Муқаддас Китобда Исо ҳақида нима дейилганини тадқиқ қилиш шахсий масъулиятимиздир. Бундан ташқари, сувга чўмишга ва унинг шогирди бўлишга қарор қилганимизда, Исонинг олдига «келган» бўламиз.
5 Исонинг олдига «келишнинг» бошқа бир йўли — ёрдамга муҳтож бўлганимизда, оқсоқолларга мурожаат қилишдир. Исо сурувига ғамхўрлик қилиш учун оқсоқолларни «ҳадя қилиб берган». (Эфес. 4:7, 8, 11; Юҳан. 21:16; 1 Бутр. 5:1–3) Ёрдам олиш учун ҳаракат қилишимиз зарур. Оқсоқоллар фикрларимизни ўқиб, нимага муҳтож эканимизни билиб олишини кутмаймиз. Жулиан исмли биродар нима деганига эътибор беринг: «Соғлигим туфайли Байтилдан кетишимга тўғри келди ва бир дўстим оқсоқолларга мурожаат қилиб, далдали ташриф буюришларини сўрашни айтди. Бошида мен бунга муҳтож эмасман, деб ўйладим. Лекин кейин ёрдам сўрадим ва уларнинг далдали ташрифи мен учун ажойиб совғалардан бирига айланди». Жулианга ёрдам берган ўша иккита оқсоқол сингари, садоқатли чўпонлар «Масиҳ каби фикр юритишимизга», яъни унинг фикрлаш тарзию муносабатини тушуниб, унга тақлид қилишимизга кўмаклашади. (1 Кор. 2:16; 1 Бутр. 2:21) Дарҳақиқат, бу биз эга бўлишимиз мумкин бўлган энг аъло ҳадялардан биридир.
«МЕНИНГ БЎЙИНТУРУҒИМНИ ОЛИНГ»
6. Исо: «Менинг бўйинтуруғимни олинг»,— деганда, нимани назарда тутган?
6 Исо: «Менинг бўйинтуруғимни олинг» деганда, эҳтимол, «ҳокимиятимни қабул қилинг» деган фикрни назарда тутгандир. Шунингдек, у «келинг, бўйинтуруғимга қўшилинг ва бирга Яҳовага хизмат қиламиз» демоқчи бўлгандир. Бу иккала ибора ҳам, меҳнат қилиш кераклигини англатади.
7. Матто 28:18–20 га кўра, бизга қандай вазифа берилган ва нимага амин бўла оламиз?
7 Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганимизда, Исонинг таклифини қабул қилган бўламиз. Бу таклиф ҳамма учундир, яъни чин дилдан Худога хизмат қилишни истаган кишини Исо ҳеч ҳам рад этмайди. (Юҳан. 6:37, 38) Барча масиҳийлар Яҳова Исога топширган ишда қатнашиш шарафига эга. Шунга амин бўлишимиз мумкинки, бу вазифани бажара олишимиз учун Исо доим бизга ёрдам беришга тайёр. (Матто 28:18–20 ни ўқинг.)
«МЕНДАН ЎРГАНИНГЛАР»
8–9. Нима учун камтар одамлар Исога яқинлашган ва ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
8 Камтар кишилар Исога яқинлашган. (Мат. 19:13, 14; Луқо 7:37, 38) Нега дейсизми? Исо ва фарзийлар орасидаги фарқ ҳақида ўйлаб кўринг. Ўша дин раҳбарлари меҳрсиз ва такаббур бўлган. (Мат. 12:9–14) Исо эса, меҳрибон ва камтарин эди. Фарзийлар мансабпараст бўлиб, юқори лавозимларга эга бўлиш билан мағрурланарди. Исо ўзини бундай тутиш нотўғри эканини айтиб, шогирдларини камтар бўлишга ва бошқаларга хизмат қилишга ўргатган. (Мат. 23:2, 6–11) Фарзийлар қўрқув ва мажбуриятлар орқали бошқаларга босим ўтказишган. (Юҳан. 9:13, 22) Бундан фарқли равишда, Исо севгига тўла ишларию сўзлари билан одамларга роҳат бахш этган.
9 Сиз ҳам Исодан шундай йўл тутишга ўрганяпсизми? Ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Бошқалар мени мулойим ва камтар инсон сифатида биладими? Бошқаларга хизмат қилиш учун оддий ишларни қилишга тайёрманми? Меҳрибонманми?»
10. Исо у билан ҳамкорлик қилганлар учун қандай муҳит яратган?
10 Исо ҳамкорлари учун тинч муҳит яратишга ҳаракат қилган ва уларга таълим беришдан завқ олган. (Луқо 10:1, 19–21) У шогирдларини саволлар беришга ундаган ва уларнинг нуқтаи назарини билишни хоҳлаган. (Мат. 16:13–16) Шогирдлар оранжереядаги ўсимликлар сингари гуллаб-яшнаган. Улар Исонинг сўзларини диққат билан тинглаган ва яхши ишлари орқали ҳосил келтирган.
11. Ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
11 Сиз ҳам қандайдир мавқе ёки ҳокимиятга эгамисиз? Агар шундай бўлса, ўзингизга қуйидагича саволлар беринг: «Ишда ёки уйда мен қандай муҳит яратяпман? Тинчлик ўрнатишга интиламанми? Бошқаларни саволлар беришга ундайманми? Уларнинг нуқтаи назарини тинглашга тайёрманми?» Ҳеч биримиз фарзийларга ўхшашни истамаймиз. Ахир фарзийлар кимдир уларнинг фикрига қўшилмаганида ғазабга минган ва бошқача нуқтаи назарни билдирган кишиларни таъқиб қилган. (Марк 3:1–6; Юҳан. 9:29–34)
«ЖОНЛАРИНГИЗ РОҲАТ ТОПАДИ»
12–14. Нима учун Исо топширган вазифани бажариш роҳат бахш этади?
12 Нима учун Исо топширган вазифани бажариш роҳат бахш этади? Бунинг сабаблари кўп, келинг, бир нечтасини кўриб чиқамиз.
13 Энг аъло нозирларга эгамиз. Энг Олий Нозиримиз Яҳова ношукур ва қўпол Хўжайин эмас. У меҳнатимизни қадрлайди. (Иброн. 6:10) Шунингдек, Яҳова зиммамиздаги масъулиятни бажаришимиз учун куч беради. (2 Кор. 4:7; Галат. 6:5) Шоҳимиз Исо эса, бошқалар билан қандай муносабатда бўлишда аъло ўрнак қолдирган. (Юҳан. 13:15) Бизга ғамхўрлик қиладиган оқсоқоллар ҳам «Улуғ Чўпон» Исога тақлид қилишга ҳаракат қилади. (Иброн. 13:20; 1 Бутр. 5:2) Улар бизга таълим берганда ва ҳимоя қилганда меҳрибон бўлиш, далда ва жасорат бахш этиш учун жон куйдиради.
14 Энг аъло дўстларга эгамиз. Бизнинг энг меҳрибон дўстларимиз ва мазмунли ишимиз бор. Бир ўйлаб кўринг: юксак ахлоқий меъёрлар бўйича яшаётган, лекин кеккаймайдиган биродару опа-сингилларимиз билан ҳамкорлик қилиш шарафига эгамиз. Улар истеъдодли, аммо камтарин бўлиб, бошқаларни ўзидан устун қўйишади. Бир-биримизни шунчаки ҳамкор эмас, дўст деб биламиз. Севгимиз шу қадар кучлики, бир-биримиз учун ҳатто ўлишга тайёрмиз.
15. Бажараётган ишимизга қандай муносабатда бўлишимиз лозим?
15 Энг аъло ишимиз бор. Инсонларга Яҳова тўғрисида ҳақиқатни ўргатиб, Иблис тарқатаётган ёлғонларни фош этамиз. (Юҳан. 8:44) Шайтон одамларга ёлғонларини сингдиряпти. Натижада улар умидсизликни ҳис қиляпти. Масалан, у Яҳова гуноҳларимизни кечирмаслигига ва бизни севмаслигига ишонишимизни истайди. Бу ёлғон ниҳоятда оғир юк! Исо Масиҳнинг: «Келинглар»,— деган таклифини қабул қилсак, гуноҳларимиз кечирилади. Чиндан ҳам, Яҳова барчамизни жуда ҳам яхши кўради. (Рим. 8:32, 38, 39) Инсонлар Яҳовага таянишга ўрганишига ёрдам бериш ва улар ўз ҳаётини ўзгартираётганини кўриш катта бахт!
ИСОНИНГ БЎЙИНТУРУҒИНИ ОЛИБ, РОҲАТ ТОПИНГ
16. Исо бизга олиб юришни таклиф қилаётган юк нимаси билан фарқ қилади?
16 Исо бизга олиб юришни таклиф қилаётган юк умуман бошқача. Масалан, оддий ишни оладиган бўлсак, кун охирида кўплар ўзини нафақат чарчаган, балки бахтсиз ҳис қилади. Бундан фарқли равишда, Яҳова ҳамда Исога хизмат қилишга вақт ажратгач, чуқур мамнуният ҳис қиламиз. Эҳтимол, кун бўйи ишлаб чарчармиз ва ишдан кейин жамоат учрашувига боришга ўзимизни мажбурлашга тўғри келар. Аммо йиғилишдан одатда тетик ва кучга тўлиб қайтамиз. Худди шуни ваъзгўйлик ва шахсий тадқиқдан сўнг ҳис этамиз. Тўғри, бу ишларга куч сарфлаймиз, лекин олаётган мукофотимиз ундан-да кўпроқ!
17. Нега ўзимизга тўғри баҳо беришимиз лозим?
17 Ўзимизга тўғри баҳо беришимиз лозим. Ҳар биримизнинг кучимиз ҳар хил. Шунинг учун, кучимизга мулоҳазакорлик ила ёндашишимиз керак. Масалан, моддий нарсаларга эга бўлиш илинжида жуда кўп куч сарфлашимиз мумкин. Аммо бой бир йигит Исога берган саволига эътибор қаратайлик: «Абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» Бу йигит Тавротга амал қилган ва яхши инсон бўлганга ўхшайди, сабаби Марк ўз баёнотида ўзгача тафсилотни, яъни Исо «унга меҳр билан қаради» деб ёзган. Исо бу йигитга жавобан: «Бориб бор-йўғингизни сотинг»,— деди ва: «Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг»,— дея қўшиб қўйди. Ҳа, у Исонинг изидан юришни истаган, бироқ «мол-мулки жуда кўп» бўлгани учун буни қила олмади. (Марк 10:17–22) Натижада, у Исо таклиф қилган бўйинтуруққа қўшилишни рад этиб, «бойликнинг» қули бўлиб қолди. (Мат. 6:24) Хўш, сиз нимани танлаган бўлардингиз?
18. Нима ҳақида ўйлаб турсак яхши бўларди ва нима учун?
18 Ҳаётимизда нима биринчи ўринда экани борасида ўйлаб турсак яхши бўларди. Сабаби, шундай қилиб кучимиздан тўғри фойдаланаётганимизни аниқлай оламиз. Марк исмли ёш йигит қуйидагича бўлишди: «Кўп йиллар давомида содда ҳаёт кечиряпман деб ўйлагандим. Кашшоф эдим, аммо нуқул пул ва ҳаётимни янада яхшилаш тўғрисида ўйлардим. Ҳаётим нега оғир юкдай бўлиб қолганини тушунишга ҳаракат қилдим. Кейин кўпроқ эътиборимни ўз қизиқишларимга қаратаётганимни, бундан ортиб қолаётган вақт ҳамда кучимни эса Яҳовага бераётганимни англадим». Марк фикрлаш тарзинию ҳаётини ўзгартириб, кўпроқ вақтию кучини Яҳовага хизмат қилишга сарфлай бошлади. «Тўғри, баъзида пул ҳақида ўйлаб тураман, аммо Яҳованинг мадади ва Исонинг қўллаб-қувватлаши билан бутун диққатимни хизматга қарата оляпман»,— деди Марк.
19. Нима учун тўғри нуқтаи назарни сақлаб қолиш зарур?
19 Агар учта нарсани қилсак, Исонинг бўйинтуруғи остида бўлиб, роҳат топамиз. Биринчидан, тўғри нуқтаи назарни сақланг. Яҳованинг ишини қилар эканмиз, бу ишни У хоҳлагандай бажаришимиз керак. Биз ишчилармиз, Яҳова эса Хўжайинимиз. (Луқо 17:10) Агар бу ишни ўзимиз билгандай бажаришга интилсак, ўзимизга-ўзимиз қийинчилик туғдирамиз. Мисол учун, ҳатто бақувват ҳўкиз ҳам бўйинтуруқда бўла туриб хўжайини йўналтираётган йўлдан эмас, доим ўзи истаган бошқа йўналишда кетишга ҳаракат қилса, ўзига зарар келтириб, чарчаб қолади. Демак, Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилсак, назаримизда қила олмайдиган ишларни бажариб, ҳар турли қийинчиликларни енга оламиз. Унутмангки, ҳеч ким Худони Ўз иродасини амалга оширишидан тўхтата олмайди! (Рим. 8:31; 1 Юҳан. 4:4)
20. Исонинг бўйинтуруғини олиб юрар эканмиз, ниятимиз қандай бўлиши керак?
20 Иккинчидан, ишни тўғри ният ила бажаринг. Мақсадимиз меҳрибон Худойимиз Яҳовани шарафлашдир. Биринчи асрда очкўзлик ёки худбинлик ила ҳаракат қилганлар кейинчалик бахтсиз бўлиб, Исонинг бўйинтуруғини ташлаб кетишган. (Юҳан. 6:25–27, 51, 60, 66; Филип. 3:18, 19) Аммо Худога ва яқинига бўлган беғараз севги ила ҳаракат қилган инсонлар ер юзидаги ҳаёти давомида ушбу бўйинтуруқни олиб, самода Исо билан бирга хизмат қилишга умид боғлашган. Келинг, улар сингари биз ҳам тўғри ниятлар ила Исонинг бўйинтуруғини олиб бахтли бўлиб қолайлик.
21. Матто 6:31–33 га кўра, Яҳова нима қилишига ишонсак бўлади?
21 Учинчидан, доим ишонинг. Биз фидойи ҳаётни ва қийин ишни танладик. Исо таъқибларга дуч келишимиздан огоҳлантирган. Аммо ҳар қандай қийинчиликда бардошли бўлишимиз учун Яҳова бизга куч ато этишига ишонсак бўлади. Қанча кўп сабр-бардош қилсак, шунча кўп кучли бўламиз. (Ёқб. 1:2–4) Қолаверса, Яҳова бизга керакли нарсани тақдим этишига, Исо бизга чўпонлик қилишига ва имондошларимиз бизга далда беришига ишонсак бўлади. (Матто 6:31–33 ни ўқинг; Юҳан. 10:14; 1 Салон. 5:11) Барчамиз ҳар қандай қийинчилик остида бардошли бўламиз!
22. Нима учун миннатдор бўлишимиз мумкин?
22 Исо соғайтирган аёл ўша куниёқ роҳат топган эди. Лекин абадий роҳат топиши учун у Масиҳнинг садоқатли шогирди бўлиши кутиларди. Сизнингча, у нима қилган? У Исонинг бўйинтуруғини олишни танлаган бўлса, эга бўлиши мумкин бўлган мукофоти, яъни Исо билан бирга осмонда хизмат қилиш шарафи ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бу аёл Исога эргашиб юриш учун қилган ҳар қандай фидойилиги у эга бўлган баракалари олдида ҳеч нарса эмас. Ерда абадий яшашга ёки осмонда яшашга умид қилишимиздан қатъи назар, Исонинг: «Олдимга келинглар»,— деган таклифи учун миннатдор бўлайлик.
13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир
a Исо бизга унинг олдига келишни таклиф қиляпти. Хўш, бу таклифни қабул қилиш нимани ўз ичига олади? Ушбу мақола мазкур саволнинг жавобини бериб, Исо билан ҳамкорлик қилиш қай йўсин роҳат бахш этишини эслатади.
b РАСМГА ШАРҲ. Исо одамларга турлича роҳат бахш этган.
c РАСМГА ШАРҲ. Биродар ҳам ўзгаларга ҳар хил йўллар орқали роҳат бахш этишга ҳаракат қиляпти.