36- дарс
Мавзунинг очиб берилиши
ТАЖРИБАЛИ нотиқлар мавзу қанчалик муҳимлигини билишади. Агар мавзу аниқлаб олинган бўлса, нутқ тайёрлаётиб, нотиқ диққатини фақат шу мавзуга тегишли маълумотга қаратиб, унинг устидан чуқурроқ мулоҳаза юрита олади. Бу туфайли у ҳамма нарса ҳақида оз-моздан гапирмай, нутқни тингловчиларга кўпроқ фойда келтирадиган равишда етказади. Барча асосий фикрлар мавзу билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уни очиб беришга ҳисса қўшса, тингловчилар фикрларни эслаб қолиб, уларнинг муҳимлигини англаб етишади.
Агар нутқнинг номланишига, предметни, яъни асосий мавзуни очиб беришда ёрдам берадиган муайян нуқтаи назардек қарасангиз, нутқингизнинг сифати янада ошади. Шоҳлик, Муқаддас Китоб ва тирилиш кабилар предмет, яъни асосий мавзудир. Ушбу предметлар асосида ҳар хил мавзуларни очиб берса бўлади. Қуйида баъзи мисоллар келтирилган: «Шоҳлик — мавжуд ҳукумат», «Худонинг Шоҳлиги ер юзини жаннатга айлантиради», «Муқаддас Китоб илоҳий илҳом билан ёзилган», «Муқаддас Китоб ҳаётимиз учун амалий йўл-йўриқларга бой», «Тирилиш ғам чекаётганларга умид бахш этади» ва «Тирилишга бўлган умид, қувғинлар пайтида садоқатли қолишга кўмаклашади». Ушбу барча мавзуларни, бир-биридан тамомила фарқ қиладиган тарзда очиб берса бўлади.
Исо Масиҳ ер юзидаги хизмати давомида Муқаддас Китобнинг асосий мавзусига уйғун равишда: «Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— дея ваъз қилган (Мат. 4:17). У ушбу мавзуни қандай ёритиб берган? Инжилда «шоҳлик» сўзи 110 мартадан ошиқроқ учрайди. Лекин Исо шунчаки «шоҳлик» сўзини қўллаш билан кифояланмаган. Таълимотлари ва кўрсатган мўъжизалари орқали Исо, ўзининг Худонинг Ўғли, Масиҳ ва Яҳова Шоҳликни ато этадиган киши эканини кўрсатган. Шунингдек Исо, у орқали инсонлар Шоҳликка кириш имконига эга бўлишларини айтган. Бундай шарафга эга бўлиш учун қандай талабларга жавоб бериш кераклигини ҳам тушунтирган. Бундан ташқари, Исонинг таълимотлари ва буюк ишлари Худонинг Шоҳлиги инсонларга қандай баракалар келтиришини яққол кўрсатиб турарди. Муқаддас руҳ ёрдамида жинларнинг қувиб чиқарилиши эса, Худонинг Шоҳлиги тингловчиларга етиб келганидан далолат берарди (Луқо 11:20). Айнан шу Шоҳлик тўғрисида Исо шогирдларига ҳам ваъз қилишни буюрган (Мат. 10:7; 24:14).
Мос келадиган мавзу. Сиздан мавзуни Муқаддас Китобдагидек батафсил очиб бериш кутилмайди. Шундай бўлса-да, мос келадиган мавзуингиз бўлиши муҳим.
Агар мавзуни ўзингиз танлашингиз керак бўлса, аввало қандай мақсадга эришмоқчи эканингиз устидан мулоҳаза юритинг. Сўнг режага кирадиган асосий фикрларни танлаётиб, улар мавзуга мос келиш-келмаслигини текшириб кўринг.
Борди-ю, мавзу белгиланган бўлса, нутқни қайси йўналишда очиб бермоқчи эканингизга бу қандай таъсир қилиши ҳақида ўйланг. Ушбу мавзунинг муҳимлиги ва яширин имкониятларини англаб етишга ҳаракат қилинг. Мабодо маълумотни ўзингиз йиғишингиз лозим бўлса, уни пухталик ила танланг. Шунда нутқ айтаётганда, мавзудан четга чиқиб кетмайсиз. Маълумот берилган тақдирда, қай йўсин уни мавзуга уйғун тарзда қўллаш мумкинлигини таҳлил қилинг. Бундан ташқари, маълумот тингловчилар учун қанчалик муҳимлиги ва олдингизда қандай мақсад тургани устидан мулоҳаза юритинг. Бу, нимага урғу бериш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.
Мавзуни қандай таъкидласа бўлади? Нутқ айтаётиб мавзуни таъкидлаш учун, маълумотни тўғри танлаш ва тақсимлаш даркор. Агар нутқингизга фақат мавзуга алоқадор нарсаларни киритиб, яхши режа тузсангиз, мавзу деярли ўзўзидан таъкидланади.
Такрорлаш орқали ҳам мавзуни таъкидласа бўлади. Масалан, мумтоз мусиқада мавзу, яъни асосий оҳанг тез-тез такрорланиши натижасида муайян куй вужудга келади. Баъзида бу куй ўзгаради. Яъни мусиқанинг аввал бир бўлаги, кейин эса иккинчи бўлаги такрорланиб, сўнг ўзгартирилган оҳангда янграйди. Қандай бўлмасин, бастакор барча мусиқий асарларига ўз оҳангини сингдиради. Нутқда ҳам худди шундай бўлиши керак. Нутқ давомида очқич сўзларнинг такрорланишини, мусиқий асарда оҳангнинг такрорланиши билан таққосласа бўлади. Бу сўзларнинг синонимлари ёки бошқа сўзлар билан ифодаланган мавзунинг ўзи, мавзуга турлича кўриниш ато этади. Бундай усуллардан фойдаланиш туфайли, мавзу тингловчилар эслаб қолишлари керак бўлган асосий фикрга айланади.
Ушбу қоидани нафақат нутқ сўзлаганда, балки воизлик хизматида ҳам қўлласа бўлади. Агар мавзу аниқ кўрсатилиб берилса, қисқагина суҳбат ҳам яхши эслаб қолинади. Шунингдек, мавзу таъкидланиб ўтилса, Муқаддас Китоб тадқиқи давомида олинган билимларни ҳам эслаш осон бўлади. Мавзуларни тўғри танлаб, уларни очиб беришда қилган ҳаракатларингиз зое кетмайди. Бу туфайли, нотиқлик ва Аллоҳ Каломидан таълим бериш маҳоратингиз ошади.