Бир сурув, бир Чўпон
Сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар. МАТ. 19:28
1. Яҳова Иброҳимнинг авлодига қандай муносабатда эди ва бошқа халқларга-чи?
ТАНГРИ ЯҲОВА Иброҳим Халилуллоҳни жуда ҳам яхши кўрарди. Шу сабабли, унинг авлодига Ўз марҳаматини кўрсатган. Худойимиз 15 аср давомида Исроил халқи билан ўзгача муносабатда бўлиб келган (Амрлар 7:6 ўқинг)a. Қизиқ, Яҳова бошқа халқларга ҳам Ўз меҳр-иноятини кўрсатганми? Албатта. Чунки ёт халқдан бўлганлар Яҳовага топинишни танлаб, исроилликларга қўшилишган эди. Шу тариқа, мусофирлар Исроил халқининг бир қисми бўлиб қолишганди. Исроилликлар ўз навбатида уларга нисбатан биродарларча муносабат қилишарди (Лев. 19:33, 34). Бунинг учун эса, улардан Яҳованинг қонун-қоидаларига итоатли бўлиш талаб этилган (Лев. 24:22).
2. Исо яҳудийларга қарата нима деган ва қанақа саволлар юзага келяпти?
2 Аммо, Исо Масиҳ яҳудийларга қарата шундай қўрқинчли сўзларни айтган: «Худонинг Шоҳлиги сиздан олиниб, тегишли ҳосилини етиштирувчи халққа берилади» (Мат. 21:43). Хўш, бу янги халқни ким ташкил қилиши керак эди? Ушбу ўзгариш бизнинг кунимизга қандай таъсир қилади?
Янги халқ
3, 4. а) Ҳаворий Бутрус янги халқни қандай тасвирлаган? б) Янги халққа ким киради?
3 Ҳаворий Бутрус бу янги халқ тўғрисида имондошларига қуйидагиларни айтган: «Аммо сизлар — танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар» (1 Бутр. 2:9). Башорат қилинганидек, Исони Масиҳ сифатида қабул қилган яҳудийлар, ўша янги халқнинг илк аъзолари бўлишди (Дон. 9:27; Мат. 10:6). Кейинчалик, ёт халқлардан бўлган кўплар ҳам янги халқнинг аъзолари бўлишган. Бутрус бу ҳақда: «Бир вақтлар халқ эмас эдингизлар, энди эса Худонинг халқисизлар»,— деб ёзган (1 Бутр. 2:10).
4 Хўш, Бутрус кимлар тўғрисида гапирган? Хатнинг бошида у, мана шуларни баён этган: «[Худо] бизга беҳад раҳм-шафқат кўрсатди, Исо Масиҳнинг тирилиши асосида бизни янгидан туғилтириб, тирик бир умидга эга қилди. Самода сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир мерос сизларни кутмоқда» (1 Бутр. 1:3, 4). Янги халқ, самовий ҳаётга умид қилиб яшаётган мойланган масиҳчилардан иборат. Улар «Худонинг Исроилидир» (Галат. 6:16). Юҳанно кўрган ваҳийда уларнинг сони 144 000 эди. Мойланганлар «Худо ва Қўзига тўнғич бўлгудек, инсонлар орасидан сотиб олинганлар» бўлиб, «руҳонийлар» сифатида «[Исо] билан минг йил ҳукм сурадилар» (Ваҳ. 5:10; 7:4; 14:1, 4; 20:6; Ёқб. 1:18).
Мойланганлардан ташқари яна ким бор?
5. а) «Худонинг Исроили» деган ибора кимга тааллуқли? б) Нега «Исроил» иборасининг маъноси чегараланмаган дея оламиз?
5 Галатияликларга 6:16 даги «Худонинг Исроили» деган ибора фақатгина мойланган масиҳчиларга тааллуқли. Бироқ, Яҳова Исроил халқини мисол тариқасида келтирганда, мойланганлардан ташқари бошқа одамларни ҳам назарда тутганми? Ушбу саволнинг жавобини, Исонинг содиқ ҳаворийларига айтган сўзларидан топса бўлади: «Отам Менга васият қилгани каби, Мен ҳам сизга Шоҳликни васият қиламан. Сиз Менинг Шоҳлигим дастурхонида ўтириб еб-ичасизлар, тахтларга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласи устидан ҳукмронлик қиласизлар» (Луқо 22:28–30). Бу, Исонинг Минг йиллик бошқаруви даврида бўлади (Матто 19:28 изоҳни қўшиб ўқинг).
6, 7. «Исроилнинг ўн икки қабиласи» кимни тасвирлайди?
6 Исонинг Минг йиллик бошқаруви даврида 144 000 мойланган масиҳчилар самода шоҳлар, руҳонийлар ва ҳакамлар сифатида ҳукм сурадилар (Ваҳ. 20:4). Улар кимларнинг устидан бошқаради? Матто 19:28 ва Луқо 22:30 га биноан, улар «Исроилнинг ўн икки қабиласи» устидан ҳукмронлик қилишади. Ушбу матн таркибига қараганда, «Исроилнинг ўн икки қабиласи» кимни тасвирлайди? Улар мойланганлар сонига кирмаган, лекин Исонинг қурбонлигига ишониб, ер юзида яшашга умидвор бўлганлардир (Леви қабиласи Исроил халқининг 12 та қабиласига кирмаган). Рамзий Исроилнинг 12 қабиласи, 144 000 руҳонийларнинг хизмати келтираётган баракалардан баҳра олишади. Руҳонийлар қаторига кирмаганлар ҳам Аллоҳнинг халқи ҳисобланиб, Унинг марҳамати ва севгисига лойиқдир. Шунинг учун, уларни қадимдаги исроилликлар билан таққослаш ўринлидир.
7 Ҳаворий Юҳанно ваҳийда, буюк мусибатдан олдин мойланганларнинг пешанасига муҳр босилишини ҳамда ҳар хил халқлардан бўлган «улкан бир оломонни» кўрган (Ваҳ. 7:9). Бу «оломон» буюк мусибатдан омон қолиб, Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврида яшайди. Қолаверса, уларга миллиардлаб тирилган кишилар билан кўришиш насиб этади (Юҳан. 5:28, 29; Ваҳ. 20:13). Ҳазрати Исо 144 000 ворисдошлари билан бирга рамзий «Исроилнинг ўн икки қабиласи» устидан ҳукм суради (Ҳавор. 17:31; 24:15; Ваҳ. 20:12).
8. Қандай қилиб Покланиш кунидаги ҳодисалар 144 000 ва қолган кишилар орасидаги муносабатларга ишора қилади?
8 Мойланганлар ва қолган одамлар орасидаги бу муносабатлар ҳар йилги Покланиш кунида бўлган ҳодисаларни эслатади (Лев. 16:6–10). Олий руҳоний авваламбор ўзи ва хонадони учун бузоқни қурбонликка келтирар эди. Шу йўсин, Исонинг қурбонлиги ҳам аввало у билан бирга самода хизмат қиладиган руҳонийлар хонадонига қўлланилади. Шунингдек, Покланиш кунида исроилликларнинг гуноҳлари эвазига иккита така қурбон қилинарди. Демак, руҳонийлар қабиласи дейилганда, 144 000 мойланган масиҳчилар назарда тутилса, Исроил халқининг қолган қисми ер юзида яшашга умид қилган кишиларни англатади. Хуллас, Матто 19:28 да «Исроилнинг ўн икки қабиласи» ибораси қўлланилганда, Исонинг мойланган ворисдошларини эмас, балки Масиҳнинг қурбонлигига ишонган барча бошқа кишиларни билдирадиb.
9. Маъбад тўғрисидаги ваҳийда руҳонийлар ҳамда руҳонийлар қабиласидан бўлмаганлар кимларни тасвирлайди?
9 Яна бир мисол. Ҳизқиё пайғамбар Яҳованинг ҳайратомуз маъбадини ваҳийда кўрган (Ҳиз. 40–48 боблари). Ушбу ваҳийда, руҳонийлар Яҳованинг йўл-йўриғи ва панд-насиҳатларини олиб, маъбаднинг ичида хизмат қилишарди (Ҳиз. 44:23–31). Боз устига, ваҳийда турли қабиладаги кишилар топинишга келиб, қурбонликлар келтиришарди (Ҳиз. 45:16, 17). Бу ердаги руҳонийлар мойланганларни тасвирлайди. Руҳонийлар қабиласидан бўлмаган исроилликлар эса, ер юзида яшашга умидвор кишилардир. Ушбу ваҳийнинг муҳим бир томони шундаки, руҳонийлар пок топинишда керакли йўл-йўриқ тақдим этишса-да, икки гуруҳ ҳам биргалашиб ҳамкорлик қилишмоқда.
10, 11. а) Исонинг сўзлари қандай амалга ошяпти? б) Бошқа қўйларга тааллуқли қайси саволни кўриб чиқамиз?
10 Устозимиз Исо «бошқа қўйлар» ҳақида ҳам айтган эди. Улар, мойланган масиҳчилардан иборат бўлган «кичик подага» кирмайди (Юҳан. 10:16; Луқо 12:32). У шундай деган: «Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг товушимни эшитади ва бир сурув, бир чўпон бўлади». Ушбу сўзлар қай тарзда амалга ошаётганини кўриш нақадар яхши-я! Икки гуруҳдаги одамлар, яъни мойланган масиҳчилар ва улкан оломон ўзаро келишиб хизмат қилишмоқда (Закариё 8:23 ўқинг)c. Гарчи, бошқа қўйлар рамзий маънода маънавий маъбаднинг ичкарисидаги ҳовлида хизмат қилмаса-да, улар маъбаднинг ташқарисидаги ҳовлида меҳнат қилишяпти.
11 Агар, Яҳова баъзида бошқа қўйларни руҳонийлар хонадонидан бўлмаган исроилликлар билан таққосласа, унда ер юзида яшашга умидвор бўлганлар Қутлуғ Кечликда рамзлардан тановул қилиши керакми? Келинг буни кўриб чиқайлик.
Янги аҳд
12. Яҳова Таоло қандай тадбирни каромат қилган?
12 Яҳова Таоло янги бир тадбирни каромат қилган. Ўша аҳдга биноан, кимки Аллоҳнинг қонунини қаттиқ севиб, иродасини бажаришга жон куйдирса, Унинг халқи деб қабул қилиниши даркор эди (Ерм. 31:31–33). Бу аҳд, Яҳованинг Иброҳимга берган ваъдасидан ҳам аълороқ ҳисобланиб, чуқур маънога эгадир (Ибтидо 22:18 ўқинг).
13, 14. а) Янги аҳднинг иштирокчилари ким? б) Фойда оладиганлар ким ва улар янги аҳдга қандай муносабатда?
13 Исо Масиҳ ўлимидан бир кун олдин янги аҳд тўғрисида: «Бу коса Худо одамзод ила тузган Янги Аҳдни билдиради. Бу аҳд Менинг сизлар учун тўкаётган қоним эвазига кучга киради»,— деб айтган (Луқо 22:20; 1 Кор. 11:25). Хўш, ҳамма масиҳчилар ушбу янги аҳдга кирадими? Йўқ. Масалан, ўша косадан ичган ҳаворийлар каби бугун ҳам баъзилар янги аҳднинг иштирокчилари бўлишмоқдаd. Исо улар билан алоҳида бир аҳд тузган эди (Луқо 22:28–30). Ҳа, улар Исонинг Салтанатида у билан бирга ҳукм суришади (Луқо 22:15, 16).
14 Ер юзида яшашга умид қилган инсонлар тўғрисида нима дейиш мумкин? Улар ҳам янги аҳддан фойда олишади (Галат. 3:8, 9). Бу инсонлар иштирокчилар эмас, Ишаё пайғамбар башорат қилганидек, улар ғайрияҳудийлардир. Улар янги аҳд билан боғлиқ бўлган қонунларга бўйсуниб ва у туфайли уюштирилган тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уни маҳкам тутишаётганини кўрсатишади. Дарҳақиқат, Яҳованинг Ўзи барча халқларни жалб қилмоқда (Ишаё 56:6, 7).
Рамзлардан тановул қилишга ким ҳақли?
15, 16. а) Янги аҳд борасида Павлус нима деган? б) Ер юзида яшашга умидвор кишилар Қутлуғ Кечликда рамзлардан нега тановул қилмайдилар?
15 Янги аҳдга кирганлар «муқаддас маконга киришга жасорати бор» (Ибронийларга 10:15–20 ўқинг). Бундан ташқари, улар «боқий подшоҳликка муяссардир» (Иброн. 12:28). Шундай қилиб, Ҳазрати Исо билан бирга самода шоҳ ва руҳоний бўлганлар янги аҳднинг рамзи бўлмиш «косадан» ичишади. Янги аҳднинг иштирокчилари шунингдек, «Қўзига» ваъда қилинган келин деб ҳисобланади (2 Кор. 11:2; Ваҳ. 21:2, 9). Қутлуғ Кечликда рамзлардан тановул қилмайдиганлар эса, маросимни ҳурмат ила кузатишади.
16 Бу борада Павлус жудаям яхши тушунча тақдим этмоқда. У мойланганларга қарата қуйидагича деган: «Сизлар бу нонни ҳар дафъа еганингизда, бу косадан ичганингизда, Раббимиз [Ҳазратимиз] келгунига қадар Унинг ўлимини эълон этган бўласизлар» (1 Кор. 11:26). Ҳазратимиз қачон келади? Рамзий келиннинг аъзоларидан охиргиси самога боргач, бу юз беради (Юҳан. 14:2, 3). Кўриб турганимиздек, Қутлуғ Кечлик маросими абадий нишонланмайди. «Аёл наслидан омон қолганлар» самовий мукофотини олганига қадар рамзлардан тановул қиладилар (Ваҳ. 12:17). Мойланганлар самовий мукофотини олмагунча Қутлуғ Кечликда рамзлардан истеъмол қилишар экан, ер юзида абадий яшайдиганлар учун ушбу маросимни нишонлашнинг ҳам кераги бўлмайди.
Худонинг аҳил халқи
17, 18. Ҳизқиё 37:26, 27 даги башорат қандай рўёбга чиқяпти?
17 Яҳованинг халқи аро якдиллик бўлиши олдиндан башорат қилинган эди. Устига-устак, Унинг Ўзи мажозий маънода ўша аҳил халқ ичра бўлиши ва маскан қилиши ҳақида каромат этилган (Ҳиз. 37:26, 27).
18 Аллоҳнинг ҳар бир хизматчисига Унинг ваъдалари амалга ошаётганини кўриш насиб этган. Дарвоқе, Тангри Яҳовага итоат ила хизмат қилаётган ҳамма инсонлар уруш-жанжалсиз яшамоқда. Бу, уларнинг орасида муқаддас руҳ бўлишидан далолатдир. Каромат қилинганидек, улар пок топиниши билан таниқлидирлар. Чиндан ҳам, улар ҳар қандай бутпарастликдан йироқлашган халқ бўлиб, Яҳовани Ҳақ Тангри Таоло деб тан олишади.
19, 20. Яҳованинг халқига ким киради ва янги аҳд туфайли нима амалга ошяпти?
19 Ушбу икки гуруҳ бизнинг замонамизда бирга ҳамкорлик қилаётгани нақадар ажойиб, шундай эмасми?! Сони тобора ўсиб бораётган улкан оломон самода яшаш умидига эга бўлмаса-да, мойланганлар билан бирга меҳнат қилиш улар учун катта шараф! Улар Худонинг Исроили билан чамбарчас боғлиқ. Каромат этилганидай, улар Яҳованинг халқи бўлишмоқда (Закр. 2:11; 8:21; Ишаё 65:22e ва Ваҳий 21:3, 4 ўқинг).
20 Янги аҳд бўйича, Эгамиз Яҳова ҳамма нарсани керакли тарзда бажариб келмоқда. Миллионлаб рамзий маънодаги мусофирлар Яҳованинг халқига қўшилишяпти (Михо 4:1–5). Улар, янги аҳд билан боғлиқ бўлган қонунларга бўйсуниб ва у туфайли уюштирилган тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уни маҳкам тутишаётганини кўрсатишмоқда (Ишаё 56:6, 7). Шу тариқа, Худонинг Исроили билан бирга бўлиб, тинчлик келтираётган қат-қат баракалардан баҳра олишяпти. Илойим, ҳозир ва келажакда бу баракалар ҳар биримизга насиб қилсин!
[Изоҳлар]
a Амрлар 7:6, ЯДТ: «Сизлар Худойингиз Яҳованинг муқаддас халқисиз. Худойингиз Яҳова сизларни ер юзидаги бутун халқлар орасидан Ўзининг азиз халқи қилиб танлаб олди».
b Шу сингари, «уммат» ёки «жамоат» сўзи биринчи навбатда мойланганларга нисбатан қўлланилади (Иброн. 12:23). Аммо-лекин, бу ибора қандай умидга эга бўлишдан қатъи назар барча масиҳчиларга ҳам тегишлидир («Қўриқчи минораси»нинг 2007- йил 15- апрель сонидаги 21–23- саҳ. қ.).
c Закариё 8:23, ЯДТ: «Сарвари Олам Яҳова шундай демоқда: “Ўша кунларда турли халқлар ва тиллардан бўлган ўн киши бир яҳудийнинг этагига ёпишиб: “Биз сизлар билан бирга борамиз, чунки Худо сизлар билан эканлигини эшитдик”,— дейдилар”».
d Исо Масиҳ аҳднинг иштирокчиси эмас, балки Воситачисидир. Шундай экан, у Қутлуғ Кечликда рамзлардан тановул қила олмасди.
e Ишаё 65:22, ЯДТ: «Ўзгалар яшамоғи учун қурмайдилар; ўзгалар емоғи учун ўтқазмайдилар. Зеро халқимнинг кунлари дарахт кунлари каби бўлади, ва танлаганларим ўз қўллари билан ишлаган буюмларидан баҳра оладилар».
Марҳамат тушунтиринг
• Мойланганлар ҳукм қиладиган «Исроилнинг ўн икки қабиласи» кимни тасвирлайди?
• Янги аҳд, мойланганлар ва бошқа қўйлар орасидаги муносабатларга қандай ишора қилади?
• Қутлуғ Кечлик рамзларидан кимлар тановул қилади?
• Якдиллик ҳақидаги қандай башорат бор?
[25- саҳифадаги жадвал ва расм]
(Матннинг асл тузилишини кўриш учун адабиётга қаранг)
Кўплар Худонинг Исроили билан елкама-елка хизмат қилмоқда
7 313 173
4 017 213
1 483 430
373 430
1950 1970 1990 2009