Улар Масиҳни топишди!
Биз Масиҳни топдик. ЮҲАН. 1:41
1. Нега Идрис: «Биз Масиҳни топдик»,— деб айтди?
ЯҲЁ иккита шогирди билан турган эди. У Исонинг яқинлашаётганини кўриб: «Мана, Худонинг Қўзиси!» — деб айтди. Идрис ва бошқа шогирд дарров Исонинг орқасидан эргашиб, кунни у билан ўтказишди. Кейинчалик Идрис, акаси Симун Бутрусни топди. Унга ҳаяжон ила: «Биз Масиҳни топдик»,— деб Исонинг орқасидан эргашишни таклиф қилди (Юҳан. 1:35–41).
2. Масиҳга оид башоратларни ўрганиш қандай фойда келтиради?
2 Вақт ўтгач, Идрис, Бутрус ва бошқаларда Муқаддас Ёзувларни пухта ўрганиш имконияти пайдо бўлиб, улар носиралик Исо ваъда қилинган Масиҳ экани ҳақида ўзгаларга аминлик билан айтишлари мумкин эди. Биз ҳам Масиҳга оид башоратларни тадқиқ қилишда давом этсак, Худонинг Каломи ва Аллоҳнинг мойланганига бўлган имонимиз янада мустаҳкамланади.
Мана, подшоҳ келяпти!
3. Исо Қуддусга тантанали равишда кириб келганида, қайси башорат амалга ошди?
3 Масиҳ Қуддусга тантанали равишда кириб келади. Закариё пайғамбар башорат қилганидай, шоҳ келаётгани учун Қуддус тантана қилади. Бу шоҳ адолатли, қутқарилган ва камтарин бўлиб, хўтикка миниб келади (Закр. 9:9). Сано бастакори: «Худованд номидан келаётган муборак!» — деб ёзган (Заб. 117:26). Исо халойиқнинг ҳаракатларига таъсир қила олмасди. Бироқ, оломон қувончи ичига сиғмаганидан беихтиёр хитоб қиларди. Шу йўсин башорат амалга ошди. Ушбу воқеани ўқиганингизда, одамларнинг қувончга тўла ҳайқириқларини бир тасаввур қилинг (Матто 21:4–9 ни ўқинг).
4. Забур 117:22-, 23- оятлари рўёбга чиқиши учун нима содир бўлганини тушунтиринг.
4 Кўплар, Исонинг Масиҳ эканини исботловчи далилларни рад этган бўлишса-да, у Худо учун азиз бўлган. Каромат этилганидай, худосиз инсонлар Исодан нафратланишди ва уни одам қаторида санашмади (Ишаё 53:3; Марк 9:12). Бироқ, илоҳий илҳом остида сано бастакори қуйидагиларни айтади: «Бинокорлар кераксиз деб ташлаган Тош нақ бинонинг пештоқидан жой олди. Бу Худованд иродаси туфайлидир» (Заб. 117:22, 23). Исо дин пешволарининг диққатини айнан шу оятга қаратган ва Бутрус, бу сўзлар Исода рўёбга чиқди, деб айтган (Марк 12:10, 11; Ҳавор. 4:8–11). Исо имонлилар жамоатидаги «пойдеворнинг бурчагига қўйиладиган бир тош» бўлди. Худосиз инсонлар уни рад этган бўлишса-да, у «Худо томонидан танланган, қимматбаҳо» киши эди (1 Бутр. 2:4–6).
Хиёнат қилинган ва ташлаб кетилган
5, 6. Масиҳга хиёнат қилиш борасида қандай башорат қилинган ва у қай йўсин амалга ошган?
5 Каромат қилинганидек, сотқин дўсти Масиҳга хиёнат қилади. Довуд шундай башорат қилган: «Ҳатто менинг нон-тузимни тотган, мен суянган, мен билан тотув бўлган дўстим менга қарши товонини кўтарди!» (Заб. 40:10). Бировнинг нон-тузини тотган киши, унинг дўсти бўлиб қолади (Ибт. 31:54). Демак, Яҳудо Ишқариёт Исога хиёнат қилиб, жуда ёмон иш қилди. Довуднинг башоратли сўзлари амалга ошиб, Исога қарши хиёнат қилинди. Исо ҳаворийларига шундай деди: «Буларни барчангиз ҳақида айтаётганим йўқ. Мен ўзим танлаган кишиларни танийман. Аммо шу йўсин Муқаддас Ёзувлардаги: “Менинг нонимни еган, менга товонини кўтарди”,— деб айтилгани бажо бўлиши керак» (Юҳан. 13:18).
6 Масиҳга хиёнат қилган кишига 30 кумуш танга — қулнинг нархи берилади. Матто, Закариё 11:12-, 13- оятларга асосланиб, Яҳудо Ишқариёт арзимас пул эвазига Исога хиёнат қилади деб айтади. Аммо нега Матто бу «Еремиё пайғамбар орқали» башорат қилинган деди? Матто яшаган пайтда, Еремиё китоби башоратли китоблар орасида навбати бўйича биринчи турарди ва Закариё китоби ҳам унинг таркибига кирарди (Луқо 24:44 ни солиштиринг). Яҳудо Ишқариёт ҳаром йўл билан топган пулини ишлатмай, маъбадда ташлаб кетиб, ўзини осиб ўлдиради (Мат. 26:14–16; 27:3–10).
7. Закариё 13:7- оят қандай қилиб рўёбга чиқди?
7 Ҳатто Масиҳнинг шогирдлари уни ташлаб кетишади. Закариё каромат қилганидай, чўпон жароҳатланиб, сурувдаги қўйлар тарқалиб кетади (Закр. 13:7). Милодий 33- йил 14- Нисон кунида Исо шогирдларига қуйидагиларни айтади: «Бу кеча барчангиз мендан юз ўгирасизлар. Зеро Муқаддас Ёзувларда шундай дейилган: “Мен чўпонни жароҳатлайман, сурувдаги қўйлар эса тарқаб кетади”». Бу аниқ содир бўлди. Маттонинг ёзишича, «ўшанда шогирдлари уни [Исони] ташлаб, қочиб кетишди» (Мат. 26:31, 56).
Айблашади ва уришади
8. Ишаё 53:8 даги башорат қандай вазиятларда амалга ошди?
8 Масиҳни ҳукм этиб, айблашади (Ишаё 53:8 ни ўқинг)a. 14- Нисон тонготарда бутун Олий Кенгаш йиғилади. Исонинг қўллари боғланиб, римлик ҳоким Понтий Пилатнинг қўлига топширилади. Пилат уни сўроқ қилгач, ундан ҳеч қандай айб топа олмайди. У Исони озод қилишни таклиф қилганда, халқ: «Уни устунга михлатинг!» — деб бақиради ва унинг ўрнига жиноятчи Бараббани озод қилишни сўрайди. Пилат халойиқнинг кўнглини олиш ниятида Бараббани эркинликка чиқариб, Исони эса қамчилатишни ва устунга михлашни буюради (Марк 15:1–15).
9. Забур 34:11 даги башорат Исода қандай амалга ошди?
9 Масиҳга қарши сохта гувоҳлик берилади. Довуд: «Қора ниятли шоҳидлар бош кўтариб, билмайдиганларим ҳақида сўроқ қиладилар»,— деган (Заб. 34:11). Ушбу башоратга мувофиқ, «бош руҳонийлар билан Олий Кенгаш аъзолари Исони ўлимга маҳкум этиш учун, унга қарши сохта гувоҳларни излашга тушдилар» (Мат. 26:59). Дарҳақиқат, «анчагина сохта гувоҳлар келган бўлса-да, уларнинг далиллари бир-бирига мос келмасди» (Марк 14:56). Исонинг ғазабга минган душманлари, унга қарши сохта гувоҳлик бериш билан кифояланмай, уни ўлдирмоқчи бўлишди.
10. Ишаё 53:7- оят қандай амалга ошганини тушунтиринг.
10 Масиҳ айбловчилари олдида жим туради. Ишаё пайғамбар қуйидагиларни каромат қилган: «У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди, аммо миқ этмади, оғзини очмади. Бўғизланишга олиб борилган қўзидай, жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай у миқ этмади, оғзини очмади» (Ишаё 53:7). Чиндан ҳам «бош руҳонийлар ва оқсоқолларнинг айбловларига Исо ҳеч нарса демади». Пилат ундан: «Бўйнингга қанақа айбларни осишаётганини эшитяпсанми?» — деб сўради. Бироқ у «ҳеч жавоб қайтармаётганидан, бирор сўз айтмаганидан ҳоким жуда ҳайрон бўлди» (Мат. 27:12–14). Ҳа, Исо айбловчиларни ҳақорат қилмади (Рим. 12:17–21; 1 Бутр. 2:23).
11. Ишаё 50:6 ва Михо 5:1- оятлар қандай қилиб рўёбга чиқди?
11 Ишаё башорат қилганидек, Масиҳни уришади. Башорат қуйидагича: «Мени урганларга кифтимни очдим, соқолимни юлганларга юзимни тутдим, ҳақорат, тупуришлардан юзимни яширмадим» (Ишаё 50:6). Михо пайғамбар ҳам каромат қилганидай, Исроил ҳакамининг юзига таёқ билан уришади (Михо 5:1). Ушбу башоратнинг амалга ошгани ҳақида Инжил ёзувчиси Марк шундай деб ёзади: «Баъзилари эса унга [Исога] тупуришарди ва юзини беркитиб: “Пайғамбар бўлсанг, айт-чи, сени ким урди?” — дея мушт билан уришарди. Ҳукм ижрочилари ҳам унинг юзига тарсаки туширишарди». Марк, аскарлар Исони «қамиш таёқ билан бошига уришар, тупуришар ва [масхара қилиш учун] тиз чўкиб, сажда қилишарди», деб ёзган (Марк 14:65; 15:19). Албатта, бу ҳақоратлар бошига тушишида Исонинг айби бўлмаган.
Ўлимигача содиқ
12. Забур 21:17 ва Ишаё 53:12- оятлар Исода қандай бажарилди?
12 Масиҳнинг устунга михланиши борасидаги тафсилотлар башорат қилинган. Довуд: «Ёвузлар тўдаси мени ўраб олди, улар қўлларим ва оёқларимга ҳам санчди»,— деб айтган (Заб. 21:17). Муқаддас Китобни ўқийдиганларга таниш бўлган воқеа ҳақида Инжил ёзувчиси Марк шундай деган: «Тахминан кундузи соат тўққизда Исони устунга михлашди» (Марк 15:25). Башорат қилинганидай, Масиҳни гуноҳкорлар билан бир ўринда кўришади. Ишаё: «У ўзини ўлимга тутиб берди, гуноҳкорлар қаторида саналди»,— дея ёзган (Ишаё 53:12). Воқеа башоратда айтилганидек содир бўлди. «Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаб қўйишганди: бири ўнг, иккинчиси чап томонида эди» (Мат. 27:38).
13. Забур 21:8, 9 даги сўзлар Исода қандай рўёбга чиқди?
13 Довуд башоратига кўра, Масиҳни мазах қилишади (Забур 21:8, 9 ни ўқинг). Исони азоб устунида қийналаётган дамларда мазах қилишади. Матто қуйидагиларни ёзади: «Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаганча, Исони ҳақоратлаб шундай дейишарди: “Ҳой, маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган, ўзингни ўзинг қутқар-чи! Агар Худонинг ўғли бўлсанг, қани азоб устунидан туш-чи!”» Шунга ўхшаб, бош руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар уни масхара қилиб қуйидагиларни айтишарди: «Бошқаларни қутқарарди-ю, ўзини қутқара олмаяпти-я! Ахир у Исроилнинг шоҳи-ку, қани азоб устунидан тушиб кўрсин, шунда биз унга ишонамиз. У Аллоҳга умид боғлар эди. Агар Тангри ундан мамнун бўлса, қутқарсин, чунки у: “Мен Худонинг Ўғлиман”,— деганди» (Мат. 27:39–43). Ҳа, Исо қадр-қимматини сақлаган ҳолда, бунинг ҳаммасига чидади. У биз учун аъло ўрнакдир!
14, 15. Масиҳнинг кийимини бўлиб олишгани ва ачиган шароб ичирмоқчи бўлишгани ҳақидаги батафсил башоратлар қандай бажарилганини айтиб беринг.
14 Қуръа ташлаб, Масиҳнинг устки кийимини бўлиб олишади. Сано бастакори: «Кийимларимни ўзаро бўлишиб олиб, либосим учун қуръа ташладилар»,— деб ёзган (Заб. 21:19). Ҳаммаси худди шундай юз берди. «[Рим аскарлари] Исони устунга михлашганидан кейин қуръа ташлаб, унинг устки кийимини бўлиб олишди» (Мат. 27:35; Юҳанно 19:23, 24 ни ўқинг).
15 Масиҳга аччиқ нарса қўшилган ва ачиган шароб ичирмоқчи бўлишади. Сано бастакори: «Емагим учун менга заҳар бердилар, ташналигимда менга сирка ичирдилар»,— деган (Заб. 68:22). Сирка бу ачиб қолган шаробдир. Биламизки, ушбу башорат аниқ амалга ошган, чунки Матто шундай деган: «Исога аччиқ нарса қўшилган шароб ичирмоқчи бўлишди, аммо Исо татиб кўриб, ичгиси келмади». Кейинроқ «улардан бири югуриб бориб шимгични олди-да, уни ачиган шаробга ботирди ва таёққа илиб, ичириш учун Исога узатди» (Мат. 27:34, 48).
16. Забур 21:2 даги сўзлар қандай рўёбга чиққанини тушунтиринг.
16 Масиҳ Худо томонидан ташлаб кетилгандай туюлади (Забур 21:2 ни ўқинг). Ушбу башоратга мувофиқ, «соат учлар чамасида Исо баланд овозда шундай деб бақирди: “Эли, Эли, лама сабақтани?” Бу сўзларнинг таржимаси: “Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?” — демакдир» (Марк 15:34). Исо самовий Отасига бўлган ишончини йўқотмади. Масиҳнинг бенуқсонлиги тўла равишда синалиши учун, Худо уни ҳимоя қилмай душманлари қўлига топширди. Баланд овозда бақириб, Исо Забур 21:2 даги сўзларни бажарди.
17. Закариё 12:10 ва Забур 33:21- оятлар қандай амалга ошди?
17 Масиҳ найзаланади, лекин бирорта суяги синмайди. Закариё башорат қилганидай, Қуддус аҳолиси найзаланган кимсага қараб туради (Закр. 12:10). Забур 33:21 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Суякларининг ҳеч бири синмасин дея, [Худо] уларнинг барчасини ўз ўрнида тутар». Буни тасдиқлаган ҳолда ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган: «Аскарлардан бири найза билан унинг [Исонинг] биқинини тешганида, шу заҳоти ўша жойдан қон ва сув оқиб чиқди. Буларни кўрган киши [Юҳанно] шоҳидлик бермоқда ва унинг шаҳодати ҳақиқатдир. [...] Ушбу ҳодисалар, Муқаддас Ёзувлардаги: “Унинг бирорта суяги ҳам синмади”,— деган сўзлар рўёбга чиқиши учун юз берди. Муқаддас Ёзувларнинг яна бир жойида бундай айтилган: “Улар найзаланган кишига қараб туришади”» (Юҳан. 19:33–37).
18. Қандай қилиб Масиҳ бойлар ёнига дафн этилди?
18 Масиҳ бойлар ёнига дафн этилади (Ишаё 53:9 ни ўқинг)b. 14- Нисон куни, кечга яқин «Юсуф исмли ариматеялик бой киши» Исонинг жасадини кўмиш учун Пилатдан рухсат олади. Матто қуйидагиларни айтди: «Юсуф Исонинг жасадини олиб, аъло сифатли зиғир кафанга ўради-да, қояда ўйилган ўзининг янги қабрига қўйди. Сўнг, қабр оғзига катта тошни юмалатиб қўйди-да, ўзи кетди» (Мат. 27:57–60).
Аллоҳ тайинлаган Шоҳни олқишланг!
19. Забур 15:10 даги сўзларга мувофиқ нима содир бўлди?
19 Масиҳ тирилтирилади. Довуд: «Сен [Яҳова] ўликлар диёрига ташлаб кетмайсан жонимни»,— деб ёзган (Заб. 15:10). Исонинг жасади қўйилган қабрга келган аёллар қанчалик ҳайрон бўлганини бир тасаввур қилинг. Улар одам қиёфасига кирган фариштани кўришади. У аёлларга: «Ҳайрон бўлманглар. Биламан, сизлар устунда қатл этилган носиралик Исони қидиряпсизлар. У тирилди, у бу ерда йўқ. Мана, унинг қўйилган жойига қаранглар»,— деб айтади (Марк 16:6). Милодий 33- йил Ҳосил байрамида Қуддусга келган халққа ҳаворий Бутрус шундай деб эълон қилади: «[Довуд] Масиҳнинг тирилишини, яъни мозорда ташлаб кетилмаслигини ҳамда баданининг чиримаслигини олдиндан билиб, маълум қилган» (Ҳавор. 2:29–31). Худо севимли Ўғлининг жасади чиришига йўл қўймади. Боз устига, Тангри мўъжизавий равишда уни руҳий шахс қилиб тирилтирди (1 Бутр. 3:18).
20. Масиҳнинг бошқаруви ҳақидаги башорат қандай бажарилди?
20 Каромат қилинганидай, Тангри Исони Ўғли деб эълон қилади (Забур 2:7; Матто 3:17 ни ўқинг). Халқ Исо ҳақида ва бўлажак Шоҳлик келиши борасида олқиш сўзларни айтади. Биз эса, Исо ва унинг бошқаруви келтирадиган баракалар тўғрисида қувонч ила гапиряпмиз (Марк 11:7–10). Масиҳ «ҳақиқатгўйлик, олижаноблик, одиллик йўлида» душманларини яқинда йўқ қилади (Заб. 2:8, 9; 44:2–7). Унинг ҳукмронлиги туфайли бутун жаҳон бўйлаб тинчлик ва фаровонлик бўлади (Заб. 71:1, 3, 12, 16; Ишаё 9:6, 7). Яҳованинг Шоҳидлари сифатида ушбу ҳақиқатларни эълон қилиш шарафига эгамиз. Зеро, ҳозирнинг ўзида Тангрининг севимли Ўғли осмонда Масиҳий Шоҳ сифатида бошқариб келмоқда!
[Изоҳлар]
a Ишаё 53:8: «Ҳукм билан, куч билан олиб кетилди. Унинг насли ҳақида ким ўйлайди? Тириклар юртидан у улоқтирилди, халқимизнинг гуноҳи туфайли унга зарба тушди».
b Ишаё 53:9: «Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам, оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам, унга ёвузлар қатори қабр берилганди, аммо ўлимда у бойлар ёнига қўйилди».
Илтимос, тушунтиринг
• Исога қай йўсин хиёнат қилишади ва ташлаб кетишади?
• Масиҳнинг устунга михланиши борасидаги қандай тафсилотлар башорат қилинган?
• Нима учун Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига ишонасиз?
[13- саҳифадаги ёзув]
Исо Қуддусга тантанали равишда кириб келганида, қайси башорат амалга ошди?
[15- саҳифадаги ёзув]
Исо гуноҳларимиз учун ўлди, лекин ҳозир самовий Шоҳликда Шоҳ!