Марк баён этган хушхабар
15 Тонготарда бош руҳонийлар, оқсоқоллар, уламолар ва бутун Олий Кенгаш келишиб олишгандан кейин Исони боғлашди-да, олиб бориб Пилатга топширишди+. 2 Шунда ҳоким Пилат Исога шундай савол берди: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?»+ Унга жавобан Исо: «Ўзингиз айтдингиз»,— деди+. 3 Бош руҳонийлар эса Исони кўп нарсада айблашарди. 4 Кейин Пилат яна Исони сўроқ-савол қилиб: «Хўш, нега жавоб бермайсан?+ Қара, сенга қарши қанча айбловлар ёғиляпти»+,— деди. 5 Лекин Исо индамагани учун Пилат ҳайрон бўлди+.
6 Одатда ҳар Фисиҳ байрамида халқ талабига биноан, Пилат бирон-бир маҳбусни озод этарди+. 7 Ўша пайтда Барабба исмли бир киши қамоқда ўтирганди. У ғалаён пайтида қотиллик қилган бошқа исёнчилар билан бирга эди. 8 Халойиқ тўпланиб, улар учун ҳар йили қилинадиган нарсани Пилатдан сўрай бошлади. 9 Пилат эса улардан: «Яҳудийларнинг шоҳини озод қилишимни истармидингиз?»+ — деб сўради. 10 Сабаби, бош руҳонийлар Исони кўролмагани учун унинг қўлига топширишганини Пилат биларди+. 11 Аммо бош руҳонийлар Исонинг ўрнига Бараббани озод этишни Пилатдан сўранглар, деб халқни қайраб қўйишди+. 12 Сўнг Пилат улардан яна сўради: «Унда, сизлар яҳудийларнинг шоҳи, деб атаган кишини нима қилай?»+ 13 Халқ яна: «Уни устунга михлатинг!» — дея бақирди+. 14 Пилат тағин улардан: «Нега? У нима ёмонлик қилган?» — деб сўради. Улар эса яна баттар бақириб: «Уни устунга михлатинг!»+ — дейишди. 15 Шунда Пилат халойиқнинг кўнглини олиш ниятида Бараббани озод қилди, Исони эса қамчилатиб+, устунга михлаш учун топширди+.
16 Кейин аскарлар Исони ҳоким саройининг ҳовлисига олиб келишди ва барча аскарларни ўша ерга чақиртиришди+. 17 Аскарлар тиканлардан тож ўриб, эгнига қирмизи рангли ёпинчиқ ташлашди-да: 18 «Салом, яҳудийларнинг шоҳи!»+ — дея бошлашди. 19 Уни қамиш таёқ билан бошига уришар, тупуришар ва тиз чўкиб таъзим қилишарди. 20 Масхара қилиб бўлишгач, эгнидаги қирмизи ёпинчиқни ечиб, устки кийимини кийдиришди-да, устунга михлаш учун олиб кетишди+. 21 Улар йўлда Искандар ва Руфуснинг отаси бўлмиш киринеялик Симунни учратиб қолишди. У киши даладан қайтаётган эди. Уни азоб устунини* кўтариб боришга мажбурлашди+.
22 Охири улар Исони Гўлгота деган жойга олиб келишди. Бу сўзнинг таржимаси «Бошсуяги» дегани+. 23 Ўша ерда Исога мирра* аралаштирилган шаробни ичирмоқчи бўлишди+, аммо у ичишни хоҳламади. 24 Сўнгра Исони устунга михлашди ва унинг устки кийимини бўлишиб, ким нима олади деб қуръа ташлашди+. 25 Тахминан кундузи соат тўққизда* Исони устунга михлашди. 26 Бошининг тепасида эса унинг айбини кўрсатувчи: «Бу яҳудийларнинг шоҳидир»,— деган ёзувни осиб қўйишди+. 27 Исо билан бирга иккита қароқчини ҳам михлаб қўйишганди — бири ўнг, иккинчиси чап томонида эди+. 28 * —— 29 Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаганча+, Исони ҳақоратлаб шундай дейишарди: «Ҳой, маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган+, 30 ўзингни ўзинг қутқар-чи! Қани, азоб устунидан туш-чи!» 31 Шунга ўхшаб бош руҳонийлар билан уламолар ўзаро Исони масхара қилиб, қуйидагича айтишарди: «Бошқаларни қутқарарди-ю, ўзини қутқара олмаяпти-я!+ 32 Қани, Исроилнинг шоҳи Масиҳ азоб устунидан тушиб кўрсин-чи, шунда биз унга ишонамиз»+. Ҳатто Исо билан бирга устунга михланган қароқчилар ҳам уни ҳақоратлашарди+.
33 Кундузи соат ўн иккиларда* бутун ерни зулмат босди ва бу тахминан соат учгача* давом этди+. 34 Соат учлар чамасида Исо баланд овозда шундай деб бақирди: «Эли, Эли, лама сабақтани?» Бу сўзларнинг таржимаси: «Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?»+ — демакдир. 35 Ўша ерда турган баъзилар буни эшитиб: «Қаранглар! У Илёс пайғамбарни чақиряпти»,— дея бошлашди. 36 Бир киши югуриб бориб шимгични олди-да, уни ачиган шаробга ботирди. Кейин қамиш таёққа илиб, Исога ичириш учун узатди-да+: «Тўхтанглар-чи! Қани кўрайлик, Илёс пайғамбар келиб уни қутқарармикин»,— деди. 37 Лекин Исо яна баланд овозда бақирди. Шундан сўнг унинг нафаси узилди+. 38 Шу ондаёқ маъбаддаги парда+ юқоридан пастгача иккига бўлиниб, йиртилиб кетди+. 39 Исони қўриқлаб турган юзбоши Исонинг қандай жон берганини кўриб: «Чиндан ҳам бу киши Худонинг Ўғли бўлган экан»+,— деди.
40 Бу ҳодисаларни узоқдан кузатиб турган аёллар ҳам бор эди. Жумладан, магдалалик Марям, кичик Ёқуб билан Ёзеснинг* онаси Марям ва Саломия уларнинг орасида эди+. 41 Бу аёллар Исо Жалилада бўлганида унга хизмат қилиб, ҳамроҳ бўлишган эди+. Шунингдек, Исо билан бирга Қуддусга келган бошқа кўп аёллар ҳам бор эди.
42 Кеч кираётганди ва Шаббат арафасида Тайёргарлик куни* бўлгани учун, 43 Худонинг Шоҳлиги келишини кутиб юрган обрўли Кенгаш аъзоси ариматеялик Юсуф келди. Бу киши жасоратга тўлиб Пилатнинг олдига борди-да, Исони дафн этиш учун рухсат сўради+. 44 Лекин Пилат Исонинг дарров ўлганига ҳайрон қолди. Шунда у юзбошини чақириб, Исо чиндан ҳам ўлдимикин деб сўради. 45 Кейин Пилат юзбошидан бу рост эканини билиб, жасадни Юсуфга берди. 46 Юсуф жасадни устундан тушириб, ўзи сотиб олган аъло сифатли зиғир кафанга ўради-да, қояда ўйилган янги қабрга қўйди+. Сўнг қабр оғзига катта тошни юмалатиб қўйди+. 47 Магдалалик Марям ва Ёзеснинг онаси Марям эса жасад қўйилган жойга қараб тураверишди+.