61- БОБ
Жинга чалинган бола соғаяди
МАТТО 17:14–20 МАРК 9:14–29 ЛУҚО 9:37–43
ЖИНГА ЧАЛИНГАН БОЛА СОҒАЙИШИ УЧУН КУЧЛИ ИМОН КЕРАК ЭДИ
Исо, Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно тоғдан тушишганда, катта халойиқни кўришади. Бир нарса юз берганга ўхшайди. Шогирдларнинг атрофида уламолар йиғилиб, улар билан баҳслашишяпти. Халойиқ Исони кўргач, хурсанд бўлади ва уни қаршилаш учун олдига югуриб боради. Шунда Исо: «Улар билан нима ҳақда баҳслашяпсизлар?» — деб сўрайди. (Марк 9:16)
Халойиқдан бир киши чиқиб, Исонинг олдида тиз чўкади-да, унга қуйидагиларни айтади: «Устоз, олдингизга ўғлимни олиб келдим, чунки унинг ичига одамни соқов қиладиган жин кириб олган. Уни қаерда ушлаб олмасин, дарров ерга йиқитади. Кейин ўғлим оғзидан кўпик чиқариб, тишларини ғижирлатади ва ҳолдан тойиб қолади. Шогирдларингиздан жинни қувиб чиқаришни илтимос қилгандим, лекин улар эплай олишмади». (Марк 9:17, 18)
Шогирдлар болани соғайтира олишмагани учун уламолар тўполон кўтариб, ҳатто уларни масхара қилишгани эҳтимолдан йироқ эмас. Шунда Исо боланинг отасига эмас, балки тўпланган барчага шундай дейди: «Эй, имонсиз ва бузуқ насл, қачонгача сизлар билан бўлишим керак? Яна қанча сизларга чидашим керак?» Ушбу кескин сўзлар уламоларга тегишли, чунки улар Исо йўқлигида шогирдларини ўз ҳолига қўйишмаётганди. У ўғли учун эзилган отага қараб: «Болангизни олдимга олиб келинг»,— дейди. (Луқо 9:41)
Болани Исонинг олдига олиб келишганида, жин болани тутқаноққа солади ва бола ерга йиқилиб, оғзидан кўпик чиқарганча, ағнаб ётаверади. «Қачондан бери у бундай аҳволда?» — деб сўрайди Исо. «Болалигидан бундай аҳволда»,— деб жавоб беради отаси. «Жин уни ўлдириш учун кўпинча оловга, шунингдек сувга ташлайди». Сўнгра ота Исога ёлвориб: «Агар қўлингиздан келса, илтимос, бизга раҳм кўрсатиб, боламга ёрдам беринг»,— дейди. (Марк 9:21, 22)
Ота тушкун аҳволда, чунки ҳатто Исонинг шогирдлари ҳам унинг ўғлига ёрдам бера олишмади. Шунда Исо уни ишонтириб: «“Қўлингиздан келса” деяпсизми? Имонли кишининг қўлидан ҳамма нарса келади»,— дейди. «Мен ишонаман! — дейди баланд овозда боланинг отаси ва,— Агар имоним суст бўлса, менга ёрдам беринг!» — деб илтимос қилади. (Марк 9:23, 24)
Исо уларнинг ёнига тўда-тўда одамлар югуриб келишаётганини пайқаб, ёвуз руҳга таъна қилади: «Эй, одамни соқов қиладиган жин, сенга буюраман: ундан чиқиб, бошқа кирма». Жин боладан чиқаётиб, уни бақиртиради-да, уни яна тутқаноққа солади. Бола ерда ҳаракатсиз ётгани учун кўпчилик: «У ўлди!» — дейди. (Марк 9:25, 26) Лекин Исо болани қўлидан ушлаб оёққа турғизади. «Бола шу заҳотиёқ соғайди». (Матто 17:18) Исонинг ишларидан халойиқнинг оғзи очилиб қолганини бир тасаввур қилинг-а!
Илгари Исо шогирдларини ваъз қилишга жўнатганда, шогирдлар жинларни қувиб чиқаришганди. Шунинг учун улар уйда Исо билан яккама-якка қолишганда: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик?» — деб сўрашади. Имонлари суст бўлганига ишора қилиб, Исо уларга: «Бу тоифа жинларни фақат ибодат билан қувиб чиқарса бўлади»,— дейди. (Марк 9:28, 29) Бу ўзгача кучга эга жинни қувиб чиқариш учун кучли имон ҳамда Худодан куч ва ёрдам сўраб ибодат қилиш муҳим эди.
Кейин Исо қуйидагиларни қўшиб қўяди: «Ишонаверинг, агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангиз, у кўчиб ўтади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди». (Матто 17:20) Дарҳақиқат, имон нақадар кучли бўлиши мумкин!
Биз тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келамиз ва улар Тангри Яҳовага хизмат қилишга халақит беради. Улар ҳатто кўчириб бўлмайдиган тоғдек катта бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ имонни ривожлантирсак, тоғдек кўринган тўсиқ ва қийинчиликларни енга оламиз.