Ер юзидаги абадий ҳаёт, масиҳчиларнинг умиди
Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. ВАҲ. 21:4
1, 2. Биринчи асрдаги яҳудийлар ер юзида абадий яшашга умид қилишганини қаердан биламиз?
КУНЛАРНИНГ бирида, Исонинг олдига бир йигит югуриб келди-да, тиз чўкиб: «Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?» — деб сўради (Марк 10:17). Хўш, бу йигит қаерда абадий яшашни хоҳлаган? Ўтган мақоладан билиб олганимиздек, бу воқеадан бир неча аср аввал, Аллоҳ яҳудий халқига тирилиш ва ер юзидаги мангу ҳаёт умидини ният қилганди. Ҳа, биринчи асрдаги яҳудийларнинг кўпида ўша-ўша умид бор эди.
2 Марта, акаси Лазар ўлганида: «Биламан, қиёматда, охиратда тирилади»,— деб унинг ер юзида яшаш учун тирилишини назарда тутган (Юҳан. 11:24). Ваҳоланки, ўшанда саддуқийлар тирилиш бўлишини инкор этишарди (Марк 12:18). Бироқ, бир инжилшунос қуйидагиларни ёзган: «Милоддан аввалги I–II асрларга тегишли қўлёзмаларга биноан, марҳумлар тирилиб, ер юзида яшайдиган кун келишига қадимда кўплар ишонган» (Judaism in the First Centuries of the Christian Era). Хуллас, Исонинг олдига келган йигит, ер юзида мангу яшашни истаган.
3. Ушбу мақолада қанақа саволларни кўриб чиқамиз?
3 Бугунги кунда дин пешволарининг аксарияти, ер юзидаги абадий ҳаёт тўғрисидаги Исо Масиҳнинг таълимотини тан олмайди. Шунингдек, кўпчиликнинг ўйлашича, одам ўлганидан сўнг арвоҳга айланиб кетар экан. Шу сабабли, кўплар Инжилдаги «абадий ҳаёт» иборасини эшитишганида, фақат осмонда ҳаёт бўлади деб ўйлашади. Бундай фикр тўғримикин? Исо абадий ҳаёт ҳақида гапирганда нимани назарда тутган? Унинг шогирдлари нимага ишонишган? Ер юзидаги мангу ҳаёт умиди Инжилда тасдиқланганми?
«Янги дунёда» абадий ҳаёт бўлади
4. «Янги дунёда» нима юз беради?
4 Муқаддас Китобдан маълум бўлишича, ер юзи устидан ҳукмронлик қиладиган мойланган масиҳчилар самовий ҳаёт учун тирилади (Луқо 12:32; Ваҳ. 5:9, 10; 14:1–3). Ҳазрати Исо абадий ҳаёт тўғрисида гапирганида, фақатгина ўша гуруҳни назарда тутмаган. Бояги йигит ўз бойлигидан воз кечишни истамай, қайтиб кетганида Исо шогирдларига муҳим нарсаларни айтган (Матто 19:28, 29 ўқиб беринг). Исо Масиҳнинг сўзларига кўра, ҳаворийлар осмонда шоҳ ва ҳакамлар сифатида «Исроилнинг ўн икки қабиласини», яъни ер юзидаги одамларни бошқариш имкониятига эгалар (1 Кор. 6:2). Қолаверса, унга эргашган «ҳар бир кишига» мукофот насиб этади. Бошқача қилиб айтганда, улар абадий ҳаётга ноил бўлишади. Буларнинг бари «янги дунёда» юз беради.
5. Исо айтган «янги дунёни» қандай деб биласиз?
5 Ҳазрати Исо «янги дунё» деганда нимани назарда тутганини биласизми? У, Худонинг барча нарсани янгидан яратиш нияти борлигини айтмоқчи бўлган. Бу яҳудийларга азалдан маълум бўлгани учун, бунинг маъносини уларга тушунтиришнинг ҳожати йўқ эди. Одам Ато билан Момо Ҳаво гуноҳ қилишидан олдин Адан боғи қандай бўлган бўлса, «янги дунё» ҳам худди шундай бўлади. Ҳа, янги осмон ва янги ер яратиш борасидаги Аллоҳнинг ваъдаси ўшанда амалга ошади (Ишаё 65:17).
6. Қўйларни эчкилардан ажратиш тўғрисидаги Исонинг мисоли нимани англатади?
6 Исо, охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги ҳақида айтганида, мангу ҳаёт бўлишини яна бир бор таъкидлаган (Мат. 24:1–3). У шундай деган: «Инсон Ўғли Ўзининг улуғворлигида, жамики муқаддас фаришталари билан бирга келган пайтида Ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Барча халқлар Унинг ҳузурига тўпланадилар. Чўпон қўйларни эчкилардан ажратганидай, У уларни бирма-бир саралаб қўяди». Сўнг, фосиқлар то абад йўқ қилинади, «солиҳлар эса абадий ҳаётга ноил бўлишади». Чунки, булар Исо Масиҳнинг мойланган «биродарларини» қўллаб-қувватлашяпти-да (Мат. 25:31–34, 40, 41, 45, 46). Модомики, бу мойланганлар самовий Шоҳликда ҳукм суришга тайинланишган экан, «солиҳлар» уларнинг ер юзидаги фуқаролари бўлишади. Забур 71:8 да шундай башорат қилинган: «Денгиздан денгизга қадар, дарёдан то ер четларигача У [Яҳова тайинлаган Шоҳ] ҳукм сургай». Ушбу Шоҳлик бошқарувида солиҳ фуқаролар ер юзида илалабад умр кўришади.
Юҳанно баён этган хушхабар нимани исботлаяпти?
7, 8. Исо Никодимга абадий ҳаёт тўғрисида гапирганда, фақат самовий умидни назарда тутганми?
7 Бой йигит билан гаплашаётиб Исо «абадий ҳаёт» иборасини қўллаганини Матто, Марк ва Луқо китобларидан кўриш мумкин. Юҳанно баён этган хушхабарда эса, бу ибора тахминан 17 марта учратилади. Энди, келинг, бу воқеалардан бир нечтасига диққат қаратайлик.
8 Юҳаннонинг айтишича, Исо Масиҳ абадий ҳаёт тўғрисида биринчи бўлиб Никодим исмли фарзийга гапирган эди. Исо шундай деган: «Агар ким сувдан ва Руҳдан туғилмас экан, Худо салтанатини кўролмайди». Дарҳақиқат, самовий Шоҳликка кириш учун рамзий маънода янгидан туғилиш лозим (Юҳан. 3:3–5). Шуни айтиш жоизки, Исо бу умид ҳақида гапирганида барча инсониятни назарда тутган (Юҳанно 3:16 ўқиб беринг). Хулласи калом, мойланган масиҳчилар осмонда, бошқа одамлар эса ер юзида абадий яшаш умидига эга.
9. Ҳазрати Исо самариялик аёлга қандай умид тўғрисида гапирган?
9 Исо Масиҳ, Қуддусда Никодим билан гаплашганидан сўнг, Жалилага йўл олади. У, Самариянинг Сиҳар деган шаҳрига келганида, Ёқубнинг қудуғи олдида бир аёлни учратиб қолган эди. Исо унга шундай деган: «Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сувдан ичганнинг вужудида булоқ пайдо бўлиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқаверади» (Юҳан. 4:5, 6, 14). Хўш, ушбу «сув» ниманинг рамзи? Бу, инсониятга абадий ҳаётни қайтариб бериш учун мўлжалланган Худонинг тадбирларини англатади. Зеро, Тангри Яҳованинг Ўзи: «Мен чанқаганга оби ҳаёт булоғидан текин баҳра бераман»,— дея ваъда бермоқда (Ваҳ. 21:5, 6; 22:17). Шу йўсин, Исо самариялик аёлга нафақат мойланган масиҳчилар тўғрисида, балки ер юзида яшашга умиди бор кишиларни ҳам эътиборга олиб гапирган.
10. Исо бир одамни даволагандан сўнг, танқид қилувчиларга мангу ҳаёт ҳақида нима деган?
10 Бир йил ўтгач, Исо яна Қуддусга боради ва у ердаги Байт-Ҳасда деган ҳовуз олдида бир беморга шифо беради. Буни қарангки, яҳудийлар Исонинг бу ишини танқид қилишади. Ўшанда Исо уларга шундай деган: «Ўғил Отанинг қилган ишларини кўрмагунча, Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Ота... ҳукм қилиш ҳуқуқини бутунлай Ўғлига берган. Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эга бўлади». Шунингдек, Исо уларга қарата қуйидагиларни гапирган: «Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар; яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм қилиниш учун тириладилар» (Юҳан. 5:1–9, 19, 22, 24–29). Унинг бу сўзларига кўра, Худо уни яҳудийларнинг ер юзида мангу яшаш умидини рўёбга чиқариш учун тайинлаган. Буни эса, у марҳумларни тирилтиришдан бошлайди.
11. Юҳанно 6:48–51 да Исо ер юзидаги абадий ҳаёт умиди ҳақида ҳам гапирганини қаердан биламиз?
11 Исо, Жалилага келган минглаб кишиларни мўъжизавий равишда нон бериб тўйдиради. Кейин эса улар унинг орқасидан эргашиб борганида, Исо уларга ўзгача нон, яъни «ҳаёт нони» тўғрисида айтади (Юҳанно 6:40, 48–51 ўқиб беринг). У, нон бераман деганида, ўзининг танасини назарда тутган эди. Дарвоқе, Исо Масиҳ фақатгина мойланганлар учун эмас, балки бутун инсоният учун ўз жонини фидо қилган. «Бу нонни еган», яъни Исонинг тўккан қони гуноҳлардан поклашга қодир эканига ишонган ҳар бир киши мангу ҳаётга эришади. Исо «абадий ҳаёт» деганда, яҳудийларнинг Масиҳий Шоҳлик остида ер юзида мангу яшашга умиди борлигини ҳам тасдиқлаган эди.
12. Исонинг «абадий ҳаёт бағишлайман», деган сўзларини қандай тушунса бўлади?
12 Кейинчалик Қуддусда, Исо яҳудий дин арбобларига шундай деган: «Сизлар Менинг қўйларимдан эмассизлар. Менинг қўйларим товушимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади. Мен уларга абадий ҳаёт бағишлайман» (Юҳан. 10:26–28). Хўш, Исо абадий ҳаёт ҳақида гапирганида, фақатгина самовий ҳаётни назарда тутганми ёки ер юзидаги жаннатниямми? Ўша сўзларни айтишдан олдин, Исо шогирдларига далда бермоқчи бўлиб: «Қўрқмагил, эй кичик пода! Отангиз Шоҳликни сизларга беришни муносиб кўрди»,— деб айтди (Луқо 12:32). Ўшанда Исо мана бундай сўзларни ҳам гапирган: «Бу қўрадагидан бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак» (Юҳан. 10:16). Демак, Исонинг сўзларига кўра, «кичик пода» самовий ҳаётга, миллионлаб «бошқа қўйлар» эса ер юзида мангу яшашга умид қилади.
Ноёб бир умид!
13. «Мен билан бирга жаннатда бўласан», деганда Исо нима демоқчи эди?
13 Қизиғи шундаки, Исо ҳатто азоб устунида бўлганида ҳам абадий ҳаёт умиди тўғрисида гапирган. Унинг ёнида михланган жиноятчи: «Шоҳлигингга кирганингда мени эслагин!» — деганида, Исо унга: «Мен билан бирга жаннатда бўласан»,— деб ваъда берган (Луқо 23:42, 43). Бу киши яҳудий бўлгани сабаб, жаннат қаерда бўлишини унга тушунтиришнинг ҳожати йўқ эди. Ҳа, ер юзида абадий яшаш умиди рўёбга чиқишини у яхши билган.
14. а) Ҳаворийлар учун самовий ҳаёт тушунчаси янгилик бўлганини қаердан биламиз? б) Осмонда яшаш умиди тўғрисида Исонинг издошлари қачон тушунишган?
14 Исо самовий ҳаёт тўғрисида гапирганида эса, буни шогирдларига тушунтириш керак эди. Чунки, Исо самода жой тайёрлайман деб айтганда, улар бунинг мағзини чақишмаган (Юҳанно 14:2–5 ўқиб беринг). Вақт ўтгач у қуйидагиларни гапирган: «Сизларга яна айтадиганларим кўпу, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди» (Юҳан. 16:12, 13). Мил. 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг, Худо уларнинг бошига муқаддас руҳ ёғдириб, бўлажак шоҳлар сифатида сайлаган. Шу йўсин, улар самода Ҳазрати Исонинг ворисдошлари бўла олишади (1 Кор. 15:49; Колос. 1:5; 1 Бутр. 1:3, 4). Кўриб турганимиздек, самовий ҳаёт насиб этилиши Исонинг шогирдларига янгилик эди. Шу тариқа, илоҳий илҳом остида ёзилган Инжил таркибидаги мактубларда бу мавзу муҳим аҳамият касб этган. Бироқ, ушбу мактубларда ер юзида абадий яшаш умиди ҳақида ҳам айтилганми?
Илоҳий ёзувлар нимани тасдиқлаяпти?
15, 16. Ер юзида абадий ҳаёт бўлишини Павлус билан Бутруснинг сўзлари қандай тасдиқлаяпти?
15 Ибронийларга йўлланган мактубда, ҳаворий Павлус имондошларига: «Эй, самовий даъватдан баҳраманд бўлган муқаддас биродарларим»,— деб мурожаат қилган. У, Худо «келажак дунёни» Исога тобе қилгани тўғрисида ҳам ёзган (Иброн. 2:3, 5; 3:1). Бу ерда «келажак дунё» деб таржима қилинган ибора, ер юзини англатади. Хуллас, бу ибора келажакда бутун дунё Исо Масиҳнинг бошқаруви остида бўлишини кўрсатяпти. Ўшанда, Аллоҳнинг мана шу ваъдаси амалга ошади: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар» (Заб. 36:29).
16 Ҳаворий Бутрус илоҳий илҳом остида инсонларнинг келажаги тўғрисида қуйидагиларни ёзган: «Ҳозирги еру осмон эса ўша илоҳий калом орқали сақланиб турибди, Худо бетавфиқ одамлар учун белгилаган ҳукм ва ҳалокат кунигача ёниш учун тайёр турибди» (2 Бутр. 3:7). Хўш, ҳозирги ҳукумат ва фосиқлар жамияти ўрнини нима эгаллайди? (2 Бутрус 3:13 ўқиб беринг). Уларнинг ўрнига «янги осмон», яъни Масиҳ бошқарувидаги Худонинг Шоҳлиги ҳамда «янги ер» — солиҳ инсонлар жамияти келади.
17. Ваҳий 21:1–4 га биноан, инсонларнинг қандай умиди бор?
17 Инжилнинг охиридаги оятларга биноан, одамларга яна мукаммаллик ато этилади. Буни билиш қанчалар қувончли-а! (Ваҳий 21:1–4 ўқиб беринг). Нимага деганда, Адан боғида йўқотилган мукаммалликни кўплар орзиқиб кутишмоқда. Солиҳ кишилар ер юзидаги жаннатда қарилик кўрмай, абадулабад яшайдилар. Хулласи калом, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам бундай умид борлиги тасдиқланяпти. Шубҳасизки, бу Яҳованинг садоқатли хизматчиларига далда беряпти (Ваҳ. 22:1, 2).
Тушунтириб бера оласизми?
• «Янги дунё» деганда Исо нимани назарда тутган?
• Исо Никодимга қанақа умид тўғрисида гапирган?
• Исо ёнида михланган жиноятчига қандай ваъда берган?
• Ер юзида мангу ҳаёт бўлишини Павлус билан Бутруснинг сўзлари қандай тасдиқлаяпти?
[8- саҳифадаги расм]
Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар
[10- саҳифадаги расм]
Исо Масиҳ ўзгаларга абадий ҳаёт тўғрисида гапирган