Масиҳга эргашайлик!
Агар ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва... ортимдан юрсин. ЛУҚО 9:23
1, 2. Нега Исонинг изидан юриш биз учун муҳим?
ҲАҚ топинаётган инсонлар тобора кўпайиб бораётганидан Тангри Яҳова жуда хурсанддир! Агар сиз ҳам Муқаддас Китобни ўрганишда ва жамоат учрашувларига мунтазам қатнашда давом этиб, билим орттираётган бўлсангиз, демак Исонинг қуйидаги даъвати сизга айни муддаодир: «Ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини [азоб устунини, ЯДТ] кўтариб, ортимдан юрсин» (Луқо 9:23). Ҳозир эса, бу сўзлар нимани англатишини кўриб чиқамиз (Мат. 16:13–16).
2 Исонинг изидан юраётганларни оладиган бўлсак, улар маънан улғайишда давом этишлари лозим (1 Салон. 4:1, 2). Масалан, ҳақиқатни билганимизга қанча вақт бўлганидан қатъи назар, Исога эргашишнинг муҳимлиги борасида чуқур мулоҳаза юритишимиз керак. Шунингдек, бу кундалик ишларимизда ҳам намоён бўлади. Келинг, бунинг бешта сабабини кўриб чиқамиз.
Яҳова билан муносабатимизни мустаҳкамлайлик
3. Яҳовага яқинлашишнинг қандай усуллари бор?
3 Ҳаворий Павлус Арес-тепанинг ўртасида туриб, афиналикларга қарата шундай деган: «Инсониятнинг белгили даврларини, турли истиқомат жойларини Худо тайин этган. У ҳар биримизга жуда яқин бўлиб, пайпаслаб-пайпаслаб бўлса-да, Мени қидириб топинглар, деб буюрмоқда» (Ҳавор. 17:22, 26, 27). Худо тўғрисида билим орттириб, Унга яқинлашиш имкони ҳом хаёл эмас. Бунинг учун табиатни кузатиб, Аллоҳнинг чексиз қудрати ҳамда ажойиб хислатларига ўрганишимиз мумкин. Шу тариқа, Унга бўлган миннатдорчилигимиз ҳам ошиб бораверди (Рим. 1:20). Шунингдек, Муқаддас Китоб орқали ҳам Эгамизнинг шахсияти ҳақида кўпроқ билиб олишимиз мумкин (2 Тим. 3:16, 17). Ҳа, сано бастакори каби: «Сенинг бутун амалларинг ҳақида фикр юргизиб, кўрсатган ажойиботингни чуқур ўйлайман»,— дейишни истаймиз (Заб. 76:13).
4. Яҳовага яқинлашишда Исо қандай ўрнак кўрсатмоқда?
4 Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкамлашнинг энг яхши усули — Масиҳнинг изидан юришдир. Исо «дунё яратилишидан аввал» Отасининг ҳузурида қанчалик улуғвор шахс эканлигини тасаввур қила оласизми?! (Юҳан. 17:5). Масалан, у «Худо яратганларининг Бошлиғи» бўлган (Ваҳ. 3:14). Бундан ташқари, Исо биринчи бўлиб яратилгани учун «бутун махлуқот устидан, худди тўнғич сингаридир». Исо ер юзига келишидан олдин, қувонч ила Парвардигори олам билан елкама-елка кўп меҳнат қилган. Натижада, улар худди ота боладек бир-бирига яқин бўлиб қолишганди. Исо нафақат Яҳованинг қилаётган ишларини кузатиб турган, балки унинг ҳиссиётлари ҳамда фазилатларига эътиборли бўлган. Устига-устак, у Отасининг шахсиятини ўзида акс эттиришга ҳаракат қиларди. Шул боис Муқаддас Китобда: «Исо Масиҳ кўринмас Худонинг инъкосидир»,— деб бежиз айтилмаган (Колос. 1:15). Агар биз ҳам Исога эргашсак, Яҳова билан муносабатимизни янада мустаҳкамлай оламиз.
Яҳовага тақлид қилишни давом эттирайлик
5. Яҳовага тақлид қилишда кимдан ўрнак олсак бўлади ва нима учун?
5 Худо барчамизни «Ўз суратига кўра», яъни Унинг ажойиб фазилатларини акс эттира олиш қобилияти билан яратган (Ибт. 1:26). Ҳаворий Павлус имондошларини: «Севикли болалар каби Худога эргашинглар»,— деб ундаганди (Эфес. 5:1). Яратувчимизга тақлид қилишни истасак, Исонинг ортидан юриш ўта муҳимдир. Негаки у, Яҳова Таолонинг фазилатларию ҳиссиётларини мукаммал даражада намоён этган. Исо ер юзига келганида, нафақат Яҳованинг исмини эълон қилган, балки У қандай шахс эканини очиб берган (Матто 11:27 ўқиб беринг). Бу унинг гапларида, ишларида ва таълим беришида яққол кўриниб турарди.
6. Яҳова ҳақида Исо нимани маълум қилди?
6 Исо одамларга, Худонинг талаблари ҳамда хизматчиларига нисбатан ҳис-туйғулари борасида кўп ўргатарди (Мат. 22:36–40; Луқо 12:6, 7; 15:4–7). Масалан, Исо Тавротдаги «зино қилманг» деган сўзларни келтириб, Худонинг нуқтаи назарини кўрсатди. У: «Ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади»,— дея тушунтирган (Чиқ. 20:14; Мат. 5:27, 28). Шунингдек фарзийлар: «Қардошингни севгин, душманингдан нафратлан»,— деб айтишарди. Исо эса шундай ўргатган: «Душманларингизни севинглар... сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар» (Мат. 5:43, 44; Чиқ. 23:4; Лев. 19:18). Хуллас, Эгамизнинг фикрлаш тарзию ҳиссиётларини тушунишга қанчалик интилсак, Унга шунчалик тақлид қила оламиз.
7, 8. Исонинг намунасидан Яҳова ҳақида нималарни биляпмиз?
7 Исо шунингдек ўзининг ўрнаги билан самовий Отасига тақлид қиларди. У, камбағалларга ҳамда азоб чекаётганларга ич-ичидан ачинарди. Бир куни, болаларни Исонинг олдига олиб келишганда, шогирдлар бунга тўсқинлик қилишади. Шунда, Исонинг аччиғи чиқиб, уларга танбеҳ беради (Марк 1:40–42; 10:13, 14; Юҳан. 11:32–35). Ҳа, Исонинг ишлари Аллоҳнинг фазилатларини акс эттирган. Шунингдек у яратган мўъжизалар, Худонинг чексиз қудратидан далолат беради. Исо ҳеч қачон ўз манфаати деб бу кучдан фойдаланмаган (Луқо 4:1–4). Исо адолат ила йўл тутиб, очкўз олди-сотди қилувчиларни маъбаддан ҳайдаган (Марк 11:15–17; Юҳан. 2:13–16). Унинг таълим бериш услуби ва латиф сўзлари одамларнинг юрагини забт этган. Зеро Исонинг донолиги, «Сулаймоннинг ҳикматидан» ҳам аъло ҳисобланади (Мат. 12:42). У, одамлар учун ўз жонини қурбон қилгани юксак севгисидан далолатдир! (Юҳан. 15:13).
8 Исо ҳам сўзда, ҳам ишда Отасига мукаммал равишда тақлид қилгани учун: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтган (Юҳанно 14:9–11 ўқиб беринг). Хуллас, Исонинг изидан юриш Худованд Яҳовага эргашиш демакдир.
Мойланган шахс — Исодир
9. Исо, Худо томонидан қачон ва қандай мойланган?
9 Милодий 29- йили Яҳё пайғамбар Исони сувга чўмдирганида, осмон очилиб Исонинг устига Худонинг руҳи каптардай тушиб қўнади. Шу тариқа, у Аллоҳ томонидан мойланиб, Масиҳ эканлиги аниқланади. Шунда Яҳованинг Ўзи буни тасдиқлаб: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— дея айтади (Мат. 3:13–17). Айнан шу учун ҳам Масиҳ ортидан эргашишимиз керак!
10, 11. а) «Масиҳ» унвони Исога нисбатан нима сабабдан қўлланган? б) Нима учун Масиҳнинг изидан юриш арзийди?
10 Муқаддас Китобда «Масиҳ» унвони Исога нисбатан турлича қўлланган. Масалан, Исо бу унвонни ўзига нисбатан қўллаб, шундай ибодат қилган: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир» (Юҳан. 17:3). «Масиҳ» унвони Исога берилганидан кўриниб турганидек, Тангри Яҳова уни юксак мартабага лойиқ деб топган (2 Кор. 4:5). Хуллас, фақатгина мана шу мойланган шахс Аллоҳнинг муайян ишларини бажаришга қодир (Ҳавор. 5:42).
11 Шуни айтиш жоизки, Исо ер юзига келганида бор-йўғи оддий бир солиҳ киши бўлмаган. Аксинча, у пайғамбар сифатида ҳам Худонинг иродасини аъло даражада рўёбга чиқарган. Ҳақиқатан ҳам Масиҳнинг изидан юриш арзийди!
Ягона нажот йўли — Исодир
12. Исонинг Тўмага айтган сўзлари бизга қандай тааллуқли?
12 Исога эргашишнинг яна бир сабаби, у доим ҳақиқатни гапирарди. Масалан, ўлимидан аввал Тўманинг саволига у шунақа жавоб берган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳан. 14:1–6). Исо буни 11 та содиқ ҳаворийсига айтган бўлса-да, бу сўзлар ер юзида абадий яшашга умиди бор инсонларга ҳам тегишли (Ваҳ. 7:9, 10; 21:1–4). Қандай қилиб дейсизми?
13. Исо Масиҳ қайси маънода «йўл» деб аталган?
13 Ҳа, Исо Масиҳ «йўлдир». Бу дегани, фақатгина у орқали Эгамизга яқинлашиш мумкин. Бунда эса, ибодат муҳим аҳамиятга эга. Чиндан ҳам, Худонинг иродасига мувофиқ Исо орқали нимаики сўрасак, барчаси амалга ошади (Юҳан. 15:16). Шунингдек, гуноҳларимиздан ҳам ушбу «йўл» орқали фориғ бўлишимиз мумкин (Ишаё 59:2). Нимага деганда, Исо «Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган» (Мат. 20:28). Инжилда бу борада мана нима ёзилган: «Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади» (1 Юҳан. 1:7). Хуллас, Парвардигор билан яқин муносабатда бўлишимизга Исо замин яратиб берди (Рим. 5:8–10). Ҳа, Исога ишониш ва бўйсуниш билан Аллоҳнинг илтифотига эриша оламиз (Юҳан. 3:36).
14. Қайси маънода Исо «ҳақиқат» деб номланган?
14 Боз устига Исо «ҳақиқатдир». Чунки, у нафақат ҳақиқатни гапирар ва шунга яраша кун кечирарди, балки унга тегишли башоратларнинг бари амалга ошган. «Худо қанча ваъдаларни берган бўлса, улар Масиҳ шарофати билан “ҳа” дегандай» рўёбга чиққан (2 Кор. 1:20). Бундан ташқари, «Илоҳий Қонун бўлғуси хайр-баракаларнинг асл сурати» Исо Масиҳда акс этади (Иброн. 10:1; Колос. 2:17). Демак ҳамма кароматлар бўйича, Аллоҳнинг нияти амалга ошишида Исонинг ўрни жуда катта (Ваҳ. 19:10). Шундай экан, Исо Масиҳга эргашишни тўхтатмайлик.
15. Нега Исони «ҳаёт» деса бўлади?
15 Шунингдек, Исони «ҳаёт» деса бўлади. Боиси, Худо у орқали гуноҳкор бандаларга мангу ҳаёт инъомини тақдим этган (Рим. 6:23). Яъни, унинг тўккан қони эвазига ҳаётдан кўз юмганларда қайта яшаш имкони бор (Юҳан. 5:28, 29). Бир тасаввур қилинг, Олий Руҳоний Минг йиллик бошқарув даврида барчамизни гуноҳ ва ўлимдан халос этади (Иброн. 9:11, 12, 28).
16. Исога эргашиш нима учун оқилона?
16 Исо, йўл, ҳақиқат ва ҳаётман, дея Тўмага бекорга айтмаган. Нега деганда, Эгамиз уни одамзодни қутқариш учун ер юзига юборган (Юҳан. 3:17). Инжилда бу ҳақда шундай дейилган: «Нажот топишимиз учун, осмони фалак остида одамзодга берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ» (Ҳавор. 4:12). Хулласи калом, Исога ишониш ва унга эргашиш билангина абадий ҳаётга эриша оламиз (Юҳан. 20:31).
Исога қулоқ солиш амри
17. Нега Худонинг Ўғлига қулоқ солиш муҳим?
17 Бутрус, Юҳанно ва Ёқуб бир воқеанинг шоҳидлари бўлишди. Булут ичидан: «Бу Менинг азиз Ўғлимдир; Унга қулоқ солинглар»,— деган садо эшитилди (Луқо 9:28, 29, 35). Ушбу амрга бўйсунган ҳолда Масиҳга итоатли бўлиш ўта муҳимдир (Ҳаворийларга 3:22, 23 ўқиб беринг).
18. Қандай қилиб Исога қулоқ солишимиз мумкин?
18 Исога қулоқ солишда давом этиб, унинг изидан юрайлик (Иброн. 12:2, 3). Шу йўсин, «эшитганларимиздан қайтмаслик учун буларга жуда кўп диққат қилишимиз керак». Яъни, Муқаддас Китобни ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» етказиб бераётган адабиётларни ўқиш лозим. Қолаверса, йиғилиш учрашувларида ҳам муҳим фикрларни ўрганишимиз мумкин (Иброн. 2:1; Мат. 24:45). Кўриб турганимиздек, Ҳазрати Исога қулоқ солишдан ташқари, унга эргашишимиз даркор (Юҳан. 10:27).
19. Ҳар қандай вазиятда ҳам Исога эргашишимизга нима ёрдамлашади?
19 Қийинчиликларда ҳам Исога эргашиш имкони борми? Албатта! Бунинг учун «соғлом таълимотдан намуна олиб, Исо Масиҳнинг садоқати ва муҳаббати билан йўл тутишимиз» керак (2 Тим. 1:13).
Нима билиб олдингиз?
• Яҳовага яқинлашиш учун нега Масиҳга эргашишимиз керак?
• Исонинг изидан юриш, нима учун Яҳовага эргашиш билан тенгдир?
• Исони қайси маънода «йўл, ҳақиқат ва ҳаёт», деса бўлади?
• Нима учун Исо Масиҳга қулоқ солишимиз лозим?
[29- саҳифадаги расм]
Исо таълим берганда, Яҳованинг нуқтаи назарини етказишга уринарди
[30- саҳифадаги расм]
Аллоҳ тайинлаган Исо Масиҳга садоқат ила эргашайлик
[32- саҳифадаги расм]
Яҳованинг Ўзи: «Бу Менинг азиз Ўғлимдир; Унга қулоқ солинглар»,— деган