82- БОБ
Исонинг Переядаги хизмати
ТОР ЭШИКДАН КИРИШГА ИНТИЛИШ
ИСО ҚУДДУСДА ЎЛДИРИЛИШИ КЕРАК
Исо Яҳудияда, шунингдек, Қуддусда одамларга таълим ва шифо берарди. Ҳозир эса, у Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Перея ҳудудида шаҳарма-шаҳар таълим беряпти. Аммо кўп ўтмай, у Қуддусга қайтиши керак бўлади.
Переяда унинг олдига бир киши келиб: «Ҳазрат, наҳотки нажот топадиганлар оз бўлса?» — дея савол беради. Эҳтимол, бу киши дин раҳбарлари орасида қанча одам нажот топиши борасида баҳс-мунозаралар бўлаётганидан хабардордир. Шунда Исо нажот топиш учун нима талаб қилиниши борасида одамларга қуйидагича жавоб бериб: «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар»,— дейди. Ҳа, зўр бериб ҳаракат қилиш муҳим. Бунинг сабабини Исо шундай деб тушунтиради: «Кўплар ундан киришга интилишади-ю, лекин кира олишмайди». (Луқо 13:23, 24)
Кўп ҳаракат талаб қилинишини кўрсатиш учун, Исо мисол келтиради: «Уй эгаси туриб, эшикни ёпиб олганда, сизлар эса ташқарида турганча, эшикни тақиллатиб: “Ҳазрат, эшикни очинг”,— деганингизда, [...] у сизларга: “Мен сизларни танимайман. Кетинглар ёнимдан, эй ёвузлик қилувчилар!”— дейди». (Луқо 13:25–27)
Шундай қилиб Исо кеч қолиб келган кишининг аҳволини тасвирлайди. У ўзига қулай пайтда келиб, эшик аллақачон ёпилгани ва қулфланганини кўради. Унга қулай бўлмаса ҳам, у эртароқ келиши керак эди. Исодан таълим олиш имконини бой берганлар билан ҳам худди шундай бўлади. Ҳақ топиниш уларнинг ҳаётларида муҳим ўринни эгалламади. Аллоҳ Исони нажот келтириши учун юборганди. Аммо бу одамларнинг аксарияти, Худо уларга тақдим этган нажотни қўлдан бой беришди. Исо, улар ташқарига ҳайдалганларида йиғлаб тишларини ғижирлатишади, деб айтган. Аммо «шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан» келган одамлар «Худонинг Шоҳлигида дастурхон атрофида ёнбошлашади». (Луқо 13:28, 29)
Кейин Исо шундай деб тушунтиради: «Биринчилар [диний жиҳатдан имтиёзларга эга бўлган ва Иброҳимнинг авлоди эканлигидан ғурурланадиган яҳудийлар] охирги, охиргилар эса [масалан, ўзга халқ вакиллари ва хорланган яҳудийлар] биринчи бўлишади». (Луқо 13:30) «Охиргилар» Худонинг Шоҳлигига умуман кира олмайдиган ношукур одамларни англатади.
Шу пайт Исонинг олдига баъзи фарзийлар келиб: «Бу ердан кетинг, чунки Ҳирод [Антипа] сизни ўлдириш пайига тушди»,— деб маслаҳат беришади. Балки Ҳироднинг ўзи Исони шу вилоятдан қочишга мажбурламоқчи бўлиб шундай миш-мишлар тарқатгандир. Эҳтимол, у Яҳё билан бўлгани каби, яна бир пайғамбарнинг ўлдирилишига алоқадор бўлиб қолишдан қўрқаётгандир. Исо бўлса уларга шундай дейди: «Бориб ўша тулкига айтиб қўйинглар: “Бугун ва эртага мен жинларни қувиб чиқариб, одамларга шифо бераман. Учинчи куни эса бу ишларни тугатаман”». (Луқо 13:31, 32) Эҳтимол, тулкининг айёрлик хусусиятини назарда тутиб, Исо шоҳ Ҳиродни «тулки» деб атайди. Бироқ Ҳирод ёки бошқа кимдир Исога ақл ўргатишига ёхуд унга нима қилиши кераклигини уқтиришига Исо йўл қўймайди. У самовий Отаси топширган вазифани бажараётиб, одам эмас, балки Худо белгилаган жадвалга риоя қилади.
Исо Қуддусга йўл олади, чунки Исонинг ўзи айтганидек, «пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас». (Луқо 13:33) Муқаддас Китобда Масиҳ Қуддусда ўлдирилиши кераклиги ҳақида башорат йўқ. Унда нега Исо, айнан Қуддусда ўлдирилишини айтади? Чунки пойтахт бўлмиш Қуддусда 71 кишидан иборат Олий Кенгаш жойлашган эди. Бу Кенгаш сохта пайғамбар деб ҳисобланган кишиларнинг ишини кўриб чиқарди. Бундан ташқари, у ерда ҳайвонларни қурбонликка келтиришарди. Шунинг учун Исо Қуддусдан ташқари бошқа жойда ўлдириши ножоиз эканини тушунади.
Исо қаттиқ қайғуриб: «Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни ўлдириб, олдингга юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! — дейди.— Товуқ жўжаларини қанотлари остига тўплаганидай, мен ҳам неча марта болаларингни тўпламоқчи бўлдим! Аммо сен хоҳламадинг. Мана шу сабабли бу маъбад ҳувуллаб қолади». (Луқо 13:34, 35) Бу халқ Худонинг Ўғлини рад этяпти ва қилмишининг оқибатларидан қочиб қутула олмайди!
Қуддусга кетаётганида фарзийларнинг бошлиқларидан бири Исони Шаббат куни меҳмонга таклиф қилади. Фарзийнинг уйида истисқо касаллигига чалинган (танада, асосан оёқларда сув йиғилишидан азоб чекаётган) бир киши бўлади. Таклиф қилинганлар Исо нима қилар экан, дея уни диққат билан кузатишади. У Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан: «Шаббат куни касални даволаш қонунийми?» — деб сўрайди. (Луқо 14:3)
Лекин улар лом-мим дейишмайди. Исо одамни даволаб, уларга шундай савол беради: «Орангиздан кимнингдир ўғли ёки ҳўкизи Шаббат куни қудуққа тушиб кетса, уни дарҳол чиқариб олмайдими?» (Луқо 14:5) Бу сафар ҳам улар Исонинг мантиқий саволига жавоб бера олишмайди.