Имонларига эргашинглар
Оиласини ҳимоя қилган ғамхўр ва содиқ ота
ЮСУФ эшакка юкларни ортяпти. Байтлаҳм қишлоғи, қоронғи тунда Юсуф ён-атрофга аланглаб, тез-тез нарсаларни йиғяпти. У узоқ йўл босиши кераклигини ўйлаётгани шубҳасиздир. Ҳа, у Мисрга жўнаб кетяпти! У ернинг халқи, тили, одатлари ўзгача. Қизиқ, унинг кичик оиласи бунча кўп ўзгаришларга қандай мослашар экан?
Севимли рафиқаси Марямга бундай мудҳиш хабарни айтиш осон бўлмади, аммо Юсуф ўзини қўлга олиб буни қилди. Яъни тушида фаришта унга Аллоҳнинг қуйидаги хабарини етказганини Марямга айтди — шоҳ Ҳирод, уларнинг кичкинтой ўғилчасини ўлдирмоқчи экан! Шу сабабли, улар ўша заҳотиёқ ҳаракатларини қилишди (Матто 2:13, 14). Марям чуқур ташвишга ботган. Қандай қилиб кимдир унинг ҳимоясиз ва ҳеч кимга зарари тегмайдиган боласини ўлдиришга журъат этса? На Юсуф, на Марям буни ўйлаб ўйларига етолмасдилар. Бироқ улар, Яҳовага таяниб, йўлга отланишди.
Байтлаҳм аҳолиси юз берадиган даҳшатли воқеалардан бехабар ухлаб ётган бир маҳалда, Юсуф, Марям ва Исо тунда қишлоқни тарк этишди. Улар жануб томон кетиб боришаркан, шарқдан кун ёриша бошлаётганди. Эҳтимол, Юсуф олдинда уларни нима кутаётгани ҳақида ўйларди. Оддий дурадгор ўз оиласини ёвуз кучлардан қандай ҳимоя қилар экан? Уларни доимо ҳимоя қилиш қўлидан келармикан? Тангри Яҳова унга берган қийин топшириқни, яъни, ноёб болага ғамхўрлик қилиб, ўстиришга интилармикан? Юсуф жиддий муаммоларга дуч келди. Уларнинг ҳар бирини у қандай енгганини кўриб чиққанимиздан кейин, нима учун бугунги кунда оталар ва қолаверса барчамиз унинг имонига эргашишимиз зарурлигини билиб оламиз.
Юсуф оиласини ҳимоя қилган
Бир неча ой олдин она юрти Носирада Юсуф Элининг қизи билан унаштирилгандан сўнг унинг ҳаёти бутунлай ўзгариб кетганди. Юсуф Марямнинг беғубор ва художўй қиз эканлигини билган. Бироқ кейин у Марямнинг ҳомиладорлигини билиб қолган! Уни шармандаликдан ҳимоя қилиш мақсадида Юсуф ҳеч кимга билдирмай у билан ажрашмоқчи эдиa. Бироқ фаришта унга тушида айтдики, Марям Тангри Яҳованинг қудрати билан ҳомиладор бўлган. Сўнгра фаришта, дунёга келадиган бола «ўз халқини гуноҳларидан халос этади», деб қўшиб қўйди. Сўнг Юсуфни: «Хотининг Марямни уйингга олиб келишдан қўрқма»,— деб тинчлантирган (Матто 1:18–21).
Одил ва итоаткор бўлган Юсуф айнан шундай қилди. У муҳим бир топшириқни ўз зиммасига олганди: яъни, Аллоҳга қадрли бўлган шахсни ўз ўғлидек вояга етказиб, унга ғамхўрлик қилиши керак эди. Юсуф шоҳнинг фармонига кўра, ҳомиладор рафиқасини олиб рўйхатдан ўтиш учун Байтлаҳмга боради. Ўша ерда бола дунёга келадиb.
Юсуф оиласини Носирага қайтариб олиб кетмади. Аксинча, улар Қуддусдан унча узоқ бўлмаган Байтлаҳм қишлоғига жойлашиб олишди. Улар камбағал бўлишганига қарамай, Юсуф Марям билан Исони етишмовчиликдан ҳимоялаш учун қўлидан келганича ҳаракат қиларди. Кўп ўтмай улар оддийгина уйда яшай бошлашди. Кейин, Исо чақалоқ эмас, балки бир ёшларга кирган болакай бўлганида, уларнинг ҳаётида яна катта бир ўзгариш юз берди.
Шарқдан, эҳтимол, узоқ Бобил юртидан бир нечта киши, мунажжимлар келишди. Уларни бир юлдуз Юсуф билан Марямнинг уйи турган жойга бошлаб келди. Мунажжимлар, келажакда яҳудийларнинг подшоҳи бўладиган болани излаб келишган эди. Улар бу оилага катта ҳурмат кўрсатишди.
Мунажжимлар ўзлари билмаган ҳолда кичкинтой Исони хавф остига қўйишган. Ўша юлдуз уларни аввалига Байтлаҳмга эмас, балки Қуддусга бошлаб борган эди. У ерда улар ёвуз шоҳ Ҳиродга яҳудийларнинг подшоҳи бўладиган болани излашаётганини айтишди. Шунда Ҳирод ҳасад ўтида ёна бошлади (Ушбу соннинг 29- бетида жойлашган «Журналхонларнинг саволлари» туркумидаги «“Юлдуз”ни ким юборган?» номли мақолага қаранг).
Аммо бу воқеалар Ҳироддан ҳам кучлироқ бир Зотнинг назаридан четда қолмади. Қайси маънода? Мунажжимлар уларга ҳадяларни тортиқ этиб, эвазига ҳеч нима сўрашмади. Юсуф билан Марям кутилмаганда «олтин, хушбўй смола ва миррага», яъни қимматбаҳо нарсаларга эга бўлишганидан қанчалар ҳайратда қолишгандир-а! Мунажжимлар шоҳ Ҳиродга боланинг қаердалигини айтмоқчи эдилар, лекин Тангри Яҳова уларни бу фикрдан қайтарди. Улар тушида, бошқа йўл билан қайтиб кетиш ҳақида Худодан йўл-йўриқ олишди (Матто 2:1–12).
Мунажжимлар кетишганидан сўнг кўп ўтмай, Тангри Яҳова фариштаси орқали Юсуфга шундай огоҳлантириш берди: «Ўрнингдан тур, чақалоқни ва онасини олиб Мисрга қоч ва мен сенга бирор нарса айтмагунимча ўша ерда қол. Чунки Ҳирод болани ўлдириш ниятида уни излаб топмоқчи» (Матто 2:13). Шунда Юсуф, мақоланинг бошида айтилганидек, пайсалга солмасдан бўйсунди. У боласининг хавфсизлигини ҳар нарсадан устун қўйиб, оиласини олиб Мисрга кетди. Мунажжимлар тортиқ этган қимматбаҳо ҳадялар ўзга юртда уларга роса асқатди.
Муқаддас Китобга асосланмаган ривоятларда уларнинг Мисрга қилган сафари ғайритабиий тасвирланган. Мазкур ривоятларга кўра, кичкинтой Исо мўъжизавий тарзда йўлни қисқартириб, қароқчилардан зиён кўрмаган ва ҳатто хурмо дарахтини энгаштириб, онасига мевалардан териб олиш имконини яратган эмишc. Аслида эса уларнинг нотаниш юртга қилган сафари жуда узоқ ва машаққатли бўлган.
Ота-оналар Юсуфдан кўп нарсани ўрганишлари мумкин. У шахсий манфаатларини бир четга суриб, оиласини хавф-хатардан ҳимоялаш учун ўз ишини кейинга қолдиришга тайёр эди. Чиндан ҳам у ўз оиласини Тангри Яҳованинг муқаддас омонатидек кўрган. Бугунги кунда ота-оналар фарзандларини хавфли дунёда катта қилишяпти. Бузилиб кетган бу дунё ёшларни ҳатто йўқ қилишга ҳам тайёр. Ота-оналар Юсуф каби қатъийлик билан, боласини бундай таъсирдан ҳимоялаш йўлида тер тўкаётганлари қандай ажойиб-а!
Юсуф оиласига ғамхўрлик қилган
Юсуф оиласи билан Мисрда узоқ вақт қолмаганга ўхшайди, сабаби, фаришта унга Ҳироднинг ўлгани ҳақида хабар беради. Шунда Юсуф оиласини она юртига қайтариб олиб кетади. Бу Худованд Яҳованинг: «Мен ўғлимни Мисрдан чақириб олдим»,— деб айтган сўзлари бажарилиши учун содир бўлади (Матто 2:15). Юсуф бу башоратнинг амалга ошишига ҳисса қўшди, бироқ энди у оиласини қайси шаҳарга олиб бораркин?
Юсуф ўта эҳтиёткорликни намоён этган. У Ҳироднинг ўғли Архелайдан бекорга қўрқмаган, сабаби у ёвуз, шафқатсиз киши эди. Аллоҳнинг йўл-йўриғи билан Юсуф оиласини шимол томон, Қуддусдан ва у ердаги фитналардан анча йироққа, Жалила вилоятидаги она шаҳри Носирага олиб кетди. Ўша ерда у Марям билан биргаликда бола-чақасини катта қилди (Матто 2:19–23).
Улар содда, аммо машаққатли ҳаёт кечиришган. Муқаддас Китобда Юсуф дурадгор дейилган. Ўша вақтда дурадгорлик ёғоч билан боғлиқ бўлган турли ишларни, шу жумладан, дарахт кесиш, устахонага олиб бориш, ундан уйлар, қайиқлар, кўприкчалар, аравалар, ғилдираклар, бўйинтуруқлар ва бошқа хўжалик анжомларини ясашни ўз ичига олган (Матто 13:55). Бу жудаям оғир жисмоний меҳнатни талаб қилган. Қадимда дурадгорлар кўпинча ўз ҳовлисида ёки уйларининг яқинида жойлашган устахонада ишлашарди.
Юсуф турли асбоб-ускуналардан фойдаланган, улардан айримлари отасидан қолган бўлса керак. Унинг устахонасида гўния, шоқул, бўр, болта, арра, ранда, болға, тўқмоқ, искана, парма ва ҳар хил елимлар, шунингдек, қиммат бўлса ҳам михлар бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас.
Исо кичкиналигида ўгай отасининг ишини кузатиб турганини бир тасаввур қилинг. У кўзларини катта-катта қилиб, Юсуфнинг ҳар бир ҳаракатини илғаб оларди ва шубҳасизки, унинг кенг елкаларию бақувват ва моҳир қўлларига қараб, кўзларида заковат нури порлаб турганини кўриб завқланарди. Эҳтимол, Юсуф ўғлига кичик ишларни, мисол учун ёғочнинг ғадир-будир жойларини қуритилган балиқ териси билан силлиқлашни кўрсатгандир. У фойдаланаётган турли дарахтларнинг, масалан шикамора анжир, эман ёки зайтун дархтларининг бир-биридан фарқланишини Исога ўргатган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари Исо, Юсуфнинг дарахтларни кесган, тўсинларни арралаган ва оғир бўлакларни бирлаштирган бақувват қўллари, шунингдек унга, онасига ва укаю сингилларига ғамхўрлик қилиб, тасалли беришини биларди. Ҳа, Юсуф ва Марям катта оилани тебратишган. Ахир Исодан ташқари уларнинг яна олтита фарзанди бор эди-да (Матто 13:55, 56). Юсуф оиласини боқиш, ғамхўрлик қилиш учун тер тўкиб меҳнат қиларди.
Бироқ, Юсуф оиласининг маънавий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилиш муҳимроқ эканини тушунарди. Шунинг учун у фарзандларига Тангри Яҳова ҳамда Унинг қонунлари тўғрисида ўргатишга вақт ажратарди. Юсуф Марям билан биргаликда уларни мунтазам равишда маҳаллий синагогага олиб борарди. У ерда Таврот қироат қилиниб, тушунтириларди. Исо кўп саволлар бергани, Юсуф эса унинг маънавий чанқоғини қондиришга астойдил ҳаракат қилгани эҳтимолдан йироқ эмас. У оиласини Қуддусда бўлиб ўтадиган байрамларга олиб борарди. Ҳар йили бўладиган Фисиҳ байрамига бориш ва қайтиш учун Юсуф 112,65 километр йўл юриб, ҳаммасига икки ҳафта вақт сарфларди.
Бугунги масиҳий оилалар ҳам шу тартибга риоя қилишади. Улар вақтларини жигарбандларига бағишлаб, маънавий таълим-тарбияни моддий қулайликлардан ҳам устунроқ қўйишади. Бундай ота-оналар фарзандларини йиғилишлару анжуманларга олиб бориш учун узоқ йўл босиб ўтишади. Юсуфга ўхшаб, улар болаларининг манфаати йўлида ҳеч нарсани аяшмайди.
«Хавотир олишди»
Исо 12 яшарлигида, Юсуф одатга кўра оиласини Қуддусга олиб борди. Фисиҳ, байрам пайти эди ва катта оилалар гавжум қишлоқларни оралаб ўтиб кетишарди. Улар Қуддус шаҳри жойлашган тепаликка яқинлашган сари, Забурдаги машҳур зиёрат қўшиғини куйлаб боришарди (Забур 119–133). Ўшанда шаҳар юзлаб, минглаб одамларга тўлиб кетган бўлиши мумкин. Кейинроқ барча оилалар ўз шаҳарларига қайтиб кетишарди. Юсуф ва Марям Исони бошқалар билан, эҳтимол, қариндошлари билан бирга келаётган бўлса керак, деб ўйлашди. Қуддусни тарк этишганидан бир кун ўтгач, улар Исонинг йўқлигини билиб ваҳимага тушишди! (Луқо 2:41–44).
Улар кун бўйи юриб, Қуддусга қайтиб боришди. Шаҳар уларнинг назарида гўё ҳувиллаб қолгандек эди. Улар кўчама-кўча юриб, ўғилларининг исмини айтиб чақиришаётганини тасаввур қилинг. Қизиқ, бола қаерда бўлиши мумкин? Уч кун қидиргандан сўнг Юсуф Тангри Яҳованинг муқаддас омонатини йўқотиб қўйдим, деб даҳшатга тушганмикан? Охири улар маъбадга боришди ва у ерда Исони излаб, уни бир хонада дин муаллимлари орасида ўтирган ҳолда топишди! Ўшанда Юсуф билан Марямнинг елкасидан тоғ қулагандек бўлгандир-а! (Луқо 2:45, 46).
Исо дин муаллимларини тинглаб, астойдил уларга саволлар бериб ўтирарди. Ўша кишилар боланинг фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига лол қолишарди. Ота-онаси уни кўриб ҳайрон бўлди. Юсуф бирон нима деганми ёки йўқми, бизга номаълум. Лекин Марям икковининг номидан шундай деб айтган: «Ўғлим, бу нима қилганинг? Ахир отанг икковимиз сени излаб, роса хавотир олдик-ку» (Луқо 2:47, 48).
Худонинг Каломида қаламга олинган ушбу қисқагина баёнот, ота-оналарнинг ҳис-туйғуларини аниқ ифодалайди. Ҳатто бола мукаммал бўлса ҳам, ундан хавотир олиш мумкин! Ушбу хавф-хатарга тўла дунёда ота-оналар роса «хавотир олиши» турган гап. Аммо Муқаддас Китоб ота-оналарга қийинчиликларга дош беришга ёрдам беради ва бу уларга тасалли бахш этади.
Яхшиямки Исо ўзини самовий Отаси Яҳовага яқин ҳис этадиган жойда эди. Ўша ерда у билиб олиши мумкин бўлган ҳар бир маълумотни иштиёқ билан симириб ўтирарди. Шунинг учун у ота-онасига самимийлик ила жавоб берди: «Нега мени изладиларинг? Ёки Отамнинг уйида бўлишим кераклигини билмас эдингизларми?» (Луқо 2:49).
Юсуф узоқ вақт давомида унинг гапларини ўйлаб юрган бўлса керак. У Исонинг гапларидан ғурурлангани шаксиздир. Ахир у ўгай ўғлига Худованд Яҳовани севишни сидқидилдан ўргатган-да. Ҳа, Исо Юсуф билан яқин муносабатда бўлгани учун ғамхўр ота қанақа бўлишини болалигиданоқ жуда яхши билган.
Агар сиз ҳам ота бўлсангиз, фарзандларингизга меҳрибон ва ҳимояловчи ота қандай бўлишини тушунишга ёрдам беряпсизми? Бундай қилиш катта шарафдир. Мабодо ўгай ёки боқиб олган болаларингиз бўлса, Юсуфнинг мисолини ёдга олинг ва уларни қадрлаб, ҳар бирига алоҳида эътибор беринг. Уларга самовий Отаси Тангри Яҳовага яқинлашишга кўмаклашинг.
Юсуф оиласига содиқ қолган
Муқаддас Китобда Юсуфнинг ҳаёти тўғрисида кўп ёзилмаган, бироқ у билан яқинроқ танишиб чиқсак арзийди. Биз Исонинг «ота-онасига бўйсуниб юргани» ҳақида билиб олдик. Инжил баёнотига кўра, «Исо ўсиб-улғаяр ва борган сайин донолиги ошарди. Тангрининг ва одамларнинг назарида илтифотга сазовор бўларди» (Луқо 2:51, 52). Бу сўзлардан Юсуф тўғрисида кўп нарсани билиб олиш мумкин. Масалан, унинг мукаммал ўғли отасининг ҳурматини жойига қўйиб, унга бўйсуниб юрган экан, демак Юсуф яхши оила боши бўлган.
Шунингдек биз, Исо ўсиб-улғайган сари донолиги ошиб борганини билиб оляпмиз. Юсуф ўғлининг бу соҳада ривожланиши учун кўп меҳнат қилгани шубҳасиздир. Ўша пайтда, яҳудийларнинг тилида аждодларидан қолган бир гап юрарди. Уларнинг айтишича, банд бўлмаган одамларгина чинакамига доно бўла олар эмиш, ҳунармандлар эса, жумладан дурадгорлар, деҳқонлар ва темирчилар «адолат ва ҳукмни эълон қилишга қодир эмас, уларнинг орасида масаллар билан гапирадиганлар топилмас» эмиш. Кейинчалик Исо бу қуруқ гап эканлигини исботлаган. Ўгай отаси оддий дурадгор бўлишига қарамай, Худованд Яҳованинг «адолати ва ҳукми» тўғрисида самарали таълим берганини Исо болалигида кўп эшитган! Юсуф ҳар сафар болаларига буни ўргатганини тасаввур қилсак бўлади.
Юсуф Исонинг жисмонан улғайишига ҳам ғамхўрлик қилганини кўришимиз мумкин. Болалигида уни яхши парваришлашгани туфайли у бақувват ва соғлом киши бўлиб улғайди. Юсуф ўғлининг жисмоний ишга маҳоратли бўлиб ўсиши учун кўп тер тўккан. Исони нафақат дурадгорнинг ўғли деб, балки унинг ўзини ҳам «дурадгор», деб танишган (Марк 6:3). Ҳа, Юсуфнинг уринишлари зое кетмади. Бугунги оила бошлари Юсуфнинг ўрнагига эргашиб, болаларининг соғлиғига ғамхўрлик қилиб, улар ўзини таъминлай олишига ишонч ҳосил қилишлари даркор.
Муқаддас Китобдаги Исонинг 30 ёшга тўлиб, сувга чўмгани ҳақидаги баёнотдан сўнг Юсуф тўғрисида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Исо ваъзгўйлик фаолиятини бошлаганида Марям бева бўлгани аниқ («Юсуф қачон вафот этган?» номли 27- бетдаги рамкага қаранг). Юсуф оиласини ҳимоялаб, ғамхўрлик қилиб, умрининг охиригача содиқ қолган ота сифатида ажойиб ўрнак қолдирган. Ҳар бир ота, ҳар бир оила боши ёки ҳар бир масиҳий Юсуфнинг имонига эргашса нур устига аъло нур бўлади.
[Изоҳлар]
a Ўша пайтларда унаштирилганларни эр-хотиндек кўришган.
b «Қўриқчи минораси» журналининг 2008- йил 1- октябрь сонидаги (рус) 22–25- бетларда жойлашган «Имонларига эргашинглар» туркумидаги мақолага қаранг.
c Муқаддас Китоб кўра, Исо биринчи мўъжизасини сувга чўмганидан кейин яратган (Юҳанно 2:1–11).
[27- саҳифадаги рамка]
Юсуф қачон вафот этган?
Маълумки, Исо 12 яшар бўлганида, Юсуф ҳали ҳаёт эди. Бу ёшга келиб, кўп яҳудий ўсмирлар отасининг ҳунарини ўрганиб, 15 га кирганда устага шогирд бўлиб тушишарди. Юсуф Исога дурадгорлик касбини ўргатган бўлса, демак у анча ёшга бориб вафот этган. Исо 30 ёшга тўлиб ваъзгўйлик хизматини бошлаганида Юсуф тирик бўлганми? Бундай бўлиши эҳтимолдан йироқдир. Исонинг хизматини бошлагани ҳақидаги баёнотда унинг онаси, укалари ва сингиллари эслаб ўтилган, аммо Юсуф тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Исо ҳатто бир марта Юсуфнинг эмас, балки «Марямнинг ўғли» дейилган (Марк 6:3). Марям эри билан маслаҳатлашмай ҳаракат қилган ва ташаббус кўрсатган (Юҳанно 2:1–5). Агар у бева бўлмаганида, бундай йўл тутиши ўша вақтларда ғайритабиий ҳисобланарди. Исонинг ўзи ҳам жон бераётиб, онасини ҳаворий Юҳаннога ишониб топширган (Юҳанно 19:26, 27). Агар Юсуф ҳали тирик бўлганида, бундай қилишга ҳожат бўлмасди. Бундан хулоса шуки, Исо навқирон йигит бўлганида Юсуф оламдан ўтган. Тўнғич ўғил бўлгани учун Исо дурадгорлик қилиб, то ваъзгўйлик хизматини бошлагунига қадар оиласига ғамхўрлик қилгани шубҳасиздир.
[24- саҳифадаги рамка]
Юсуф қатъийлик ва фидойилик ила боласини ҳимоя қилган
[25- саҳифадаги рамка]
Юсуф оиласига ғамхўрлик қилиш учун тер тўкиб ишлаган
[26- саҳифадаги рамка]
Юсуф оиласини Қуддусдаги саждагоҳга мунтазам олиб борарди
[28- саҳифадаги рамка]
Юсуф ўғли дурадгор бўлиб етишишига ҳаракат қилган