3- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Исонинг кўзидан ёш оққанидан қандай сабоқлар олсак бўлади?
Исонинг кўзидан ёш оқди. ЮҲАН. 11:35
17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»
БУ МАҚОЛАДАa
1–3. Яҳованинг хизматчилари кўз ёш тўкишига нималар сабаб бўлиши мумкин?
ҚАЧОН охирги марта йиғлагансиз? Баъзида қувончдан кўзимизга ёш келади. Лекин кўпинча барчамиз қалбимиздаги оғриқ туфайли йиғлаймиз. Масалан, бунга яқинимизнинг ўлими сабаб бўлиши мумкин. Қўшма Штатлардаги Лорель исмли имондошимиз қуйидагича ёзди: «Қизимнинг ўлими туфайли баъзида қалбимдаги оғриқ шунчалик кучли бўлардики, назаримда, менга ҳеч нарса тасалли бера олмасди. Ўша пайтларда бу қайғуни енга олармикинман, деб ўйлаб қолардим»b.
2 Бошқа сабабларни деб ҳам кўз ёз тўкишимиз мумкин. Япониядаги Хироми исмли кашшоф қуйидагича бўлишди: «Мен хизматда учратадиган одамлар бепарво эканидан баъзида руҳим тушади. Йиғлаб Яҳовага ибодат қиламан ва ҳақиқатни қидираётган кишини топишимга ёрдам беришини сўрайман».
3 Юқоридаги ҳис-туйғулар сизга ҳам танишми? Бу кўпларимизга таниш. (1 Бутр. 5:9) Биз «хурсанд бўлиб Яҳовага хизмат қилишни» истаймиз. Лекин ғам-ташвиш, тушкунлик ва Худога нисбатан садоқатимиз синаладиган вазиятлар туфайли кўз ёш билан хизмат қилаётгандирмиз. (Заб. 6:6; 100:2) Хўш, бундай туйғулар бизни қамраб олса, нима қила оламиз?
4. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
4 Исонинг ўрнагидан сабоқ олишимиз мумкин. Баъзида қалбида қаттиқ оғриқни ҳис қилгани учун унинг кўзидан ёш оққан. (Юҳан. 11:35; Луқо 19:41; 22:44; Иброн. 5:7) Келинг, Исонинг кўзларидан ёш оқишига сабаб бўлган воқеаларни кўриб чиқамиз. Бу орқали Исо ва Яҳова ҳақида нималарни билиб олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз. Қолаверса, йиғлашимизга сабаб бўладиган қийинчиликларни енгиш учун қандай амалий қадамлар қўйишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.
ИСО ДЎСТЛАРИ УЧУН КЎЗ ЁШ ТЎККАН
5. Юҳанно 11:32–36 га кўра, Исодан нимани ўрганяпмиз?
5 Мил. 32 йили қишда Исонинг яқин дўсти Лазар касал бўлиб, ўлган. (Юҳан. 11:3, 14) Унинг Марям ва Марта исмли опа-синглиси бор эдиc. Исо уларнинг оиласини жуда яхши кўрган. Улар Лазар ўлганида қаттиқ сиқилган эди. Унинг ўлимидан кейин Исо Марям ва Марта яшаган Байтанияга кетаётганди. Марта Исо келаётганини эшитганида, уни кутиб олиш учун югуриб борганди. У: «Ҳазрат, агар сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди»,— деб айтганида, қанчалик сиқилганини бир тасаввур қилинг. (Юҳан. 11:21) Исо Марям ва бошқалар йиғлаётганини кўргач, унинг ҳам «кўзидан ёш оқди». (Юҳанно 11:32–36 ни ўқинг.)
6. Лазар ўлганида Исо нега йиғлаган?
6 Қизиқ, Исо нега йиғлаган? «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясида бунга шундай жавоб келтирилган: «Дўсти Лазарнинг ўлими ва унинг опа-синглиси чеккан қайғу туфайли Исо хўрсиниб кўз ёш тўккан»d. Исо қадрдон дўсти Лазар касал бўлган пайтда чеккан азоби ҳақида ўйлаган ва ўлишини билганида ичидан ўтган кечинмаларини тасаввур қилган бўлиши мумкин. Қолаверса, у Лазарнинг ўлими Марта ва Марямга оғриқ келтирганини кўриб йиғлаган. Яқин дўстингиз ёки оила аъзоингиз вафот этган бўлса, шубҳасизки, бундай туйғулар сизга ҳам таниш. Ушбу воқеадан учта сабоқ олишимиз мумкин. Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
7. Исо дўстлари учун йиғлаганидан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?
7 Яҳова нималарни ҳис қилаётганингизни тушунади. Исо Отасини «ўзида акс эттирган». (Иброн. 1:3) Исо йиғлаганида, Яҳованинг туйғуларини намоён этган. (Юҳан. 14:9) Сиз ҳам яқинингизни йўқотган бўлсангиз, Яҳова нафақат қайғураётганингизни кўришига, балки сизга ҳамдард эканига амин бўлинг. У ўксиган қалбингизга малҳам бўлишни истайди. (Заб. 34:18; 147:3)
8. Нега Исо яқинларимизни тирилтиришига аминмиз?
8 Исо яқинларингизни тирилтиришни хоҳлайди. Кўзидан ёш оққанидан сал олдин Исо Мартага: «Акангиз тирилади»,— деб аминлик ила айтган. У Исога ишонган. (Юҳан. 11:23–27) Марта Яҳованинг содиқ хизматчиси сифатида ўтмишда Илёс ва Элишай пайғамбар баъзиларни тирилтирганини билган. (3 Шоҳ. 17:17–24; 4 Шоҳ. 4:32–37) Эҳтимол, Марта Исо одамларни тирилтиргани ҳақида эшитгандир. (Луқо 7:11–15; 8:41, 42, 49–56) Сиз ҳам ҳаётдан кўз юмган яқинларингизни яна кўрасиз. Исо эзилган дўстларига тасалли берганида кўзидан ёш оққан. Бу Исо ўлган одамларни ҳаётга қайтариш пайтини интиқиб кутаётганининг исботидир.
9. Қай йўсин Исо каби қайғу чекаётганларни қўллаб-қувватлай оламиз? Мисол келтиринг.
9 Қайғу чекаётганларни қўллаб-қувватлай оласиз. Исо Марта ва Марям билан нафақат йиғлаган, балки уларни тинглаб, уларга далда берган. Биз ҳам қайғу чекаётганларга шундай муносабат кўрсата оламиз. Австралияда яшовчи Дэн исмли оқсоқол шундай деб бўлишди: «Хотиним вафот этганидан кейин ёрдамга муҳтож эдим. Бир нечта жуфтлик кечаю кундуз мени тинглашга тайёр эди. Уларга ичимдагиларни айтиб бемалол йиғлай олардим. Баъзида қўлим ишга бормаганида, улар машинамни ювишга, бозор-ўчар қилишга ва овқат тайёрлашга ёрдам берарди. Қолаверса, улар мен билан бирга тез-тез ибодат қиларди. Имондошларим чин дўстлигини ҳамда оғир дамда менга таянч эканини кўрсатди». (Ҳик. 17:17)
ИСО ЯҚИНЛАРИ УЧУН ЙИҒЛАГАН
10. Луқо 19:36–40 даги воқеани айтиб беринг.
10 Мил. 33 йили 9 нисонда Исо Қуддусга келган. У шаҳарга кириб борар экан, одамлар йиғилиб уни шоҳ сифатида тан олганини кўрсатиш учун кийимларини йўлга пойандоз қилишарди. Албаттаки, бу қувончли воқеа бўлган. (Луқо 19:36–40 ни ўқинг.) Кейин эса шогирдлар кутмаган бир нарса юз берди. «Қуддусга яқинлашиб қолганда, Исо шаҳарга қаради-да, йиғлади». Исо кўзларида ёш билан Қуддус аҳолисини даҳшатли воқеалар кутаётгани ҳақида башорат қилди. (Луқо 19:41–44)
11. Нега Исо Қуддусдаги аҳоли учун йиғлаган?
11 Яҳудийлар Исони илиқ кутиб олган. Лекин у аксарият яҳудийлар Шоҳлик ҳақидаги хабарни қабул қилмаслигини билганидан сиқилган. Бунинг устига, Қуддус вайрон бўлиши ва омон қолган ҳар бир яҳудий асирликка олиб кетилиши керак эди. (Луқо 21:20–24) Минг афсуски, Исо айтганидай, кўпчилик уни Масиҳ сифатида рад этди. Сизнинг ҳудудингизда кўп одамлар Шоҳлик ҳақидаги хабарга қандай муносабат кўрсатяпти? Ҳақиқатни ўргатиш борасидаги уринишларингизга камчилик ижобий муносабат билдирса, Исо кўз ёш қилганидан қандай сабоқ олишингиз мумкин? Келинг, учта сабоққа диққат қаратайлик.
12. Исо яқинлари учун йиғлаганидан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?
12 Яҳова одамларга бефарқ эмас. Исо йиғлаганидан Яҳова одамлар ҳақида қанчалик кўп қайғуришини билиб оляпмиз. «У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Бугунги кунда биз ҳам яқинимизни севишимизни кўрсата оламиз. Буни хушхабарни ваъз қилишда жон куйдириш ва уларнинг қалбини забт этишда давом этиш орқали намоён эта оламиз. (Мат. 22:39)e
13, 14. Қай йўсин Исо одамларга раҳм кўрсатган ва бу фазилатни биз қандай намоён эта оламиз?
13 Исо хизматда жон куйдирган. Исо ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, одамларга таълим бериш орқали уларга бўлган севгисини кўрсатди. (Луқо 19:47, 48) Хўш, бундай қилишга уни нима ундаганди? Унинг одамларга раҳми келганди. Баъзида Исони тинглашни истаганлар шунчалик кўп бўлганки, у ва шогирдлари ҳатто «таом ҳам ея» олишмаганди. (Марк 3:20) Исо ҳатто тунда тингловчиларидан бирига энг қулай бўлган пайтда ваъз қилишга тайёр эди. (Юҳан. 3:1, 2) Исони тинглаганларнинг аксарияти унинг шогирди бўлмади. Аммо уларнинг барчасига кенг шоҳидлик берилди. Ҳозир барчада хушхабарни тинглаш имкони бўлишини истаймиз. (Ҳавор. 10:42) Бу мақсадга эришиш учун ваъз қилиш усулларимизни ўзгартиришимиз керак.
14 Керакли ўзгаришлар киритишга тайёр бўлинг. Доимо ўша-ўша вақтда ваъз қилсак, хушхабарни эшитадиган кам одамларни учратамиз. Матильда исмли кашшоф шундай деди: «Турмуш ўртоғим билан ҳар хил пайтда ваъз қиламиз. Эрталаб одамларнинг иш жойларида шоҳидлик берамиз. Кундузи аксарият одамлар кўчада бўлганида, адабиёт аравачасидан фойдаланиб хизмат қиламиз. Кечки пайт эса уйма-уй ваъз қилиб кўп одамларни уйларида учратамиз». Фақат бизга қулай пайтда ваъз қилмаслигимиз керак. Ваъзгўйлик жадвалимизга ўзгаришлар киритишга тайёр бўлишимиз лозим. Шунда одамларни учратиш имкониятлари кўпроқ бўлади. Бундай йўл тутсак, Яҳовани мамнун қиламиз.
ИСО ХУДОНИНГ ИСМИ ҲАҚИДА ҚАЙҒУРГАНИ ТУФАЙЛИ ЙИҒЛАГАН
15. Исо ўлимидан олдинги кечада нима қилган? (Луқо 22:39–44)
15 Мил. 33 йил 14 нисон оқшомда Исо Гетсемания боғига борган. У ерда Яҳовага қалбидаги борини тўкиб солган. (Луқо 22:39–44 ни ўқинг.) Шундай қийин онларда Исо «қаттиқ фарёд ва кўз ёшлар билан ўтиниб ёлворган». (Иброн. 5:7) Қизиқ, ўлимидан олдинги кечада Исо нима ҳақида ибодат қилган? У Яҳовага садоқатни сақлаш ҳамда Унинг иродасини бажариш учун куч сўраган. Яҳова Ўғлининг дардли ибодатини эшитган ва унга куч бериш учун фариштасини жўнатган.
16. Исо Гетсемания боғида ибодат қилаётганида нима учун қайғуга ботган?
16 Исо Гетсемания боғида ибодат қилаётганида кўз ёш тўккани шубҳасиз. Сабаби, одамлар уни Худонинг исмини ҳақоратлашда айблашидан қайғуга ботган. Қолаверса, у зиммасидаги улкан масъулияти ҳақида, яъни Отасининг исмини оқлаши кераклигини билган. Сиз ҳам Яҳовага бўлган садоқатингиз синалаётган жиддий вазиятга дуч келаётган бўлсангиз, Исо кўз ёш тўкканидан нималарни билиб оляпсиз? Бундан қандай учта сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
17. Исонинг сидқидилдан қилган ибодатларидан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?
17 Яҳова илтижоларимизни эшитади. У Исонинг сидқидилдан қилган ибодатларини эшитган. Нима учун? Боиси, Исо биринчи навбатда Отасига содиқ бўлиб қолиш ва Унинг исмини улуғлаш ҳақида ўйлаган. Биз учун ҳам Яҳовага содиқ бўлиб қолиш ва Унинг исмини улуғлаш муҳим бўлса, ёрдам сўраб қилган ибодатларимизга У жавоб беради. (Заб. 145:18, 19)
18. Исо қайси йўллар орқали меҳрибон ва тушунадиган дўст бўлганини кўрсатган?
18 Исо ҳис-туйғуларимизни тушунади. Тушкунликка тушганимизда, бизга тасалли берадиган ва ҳамдард бўла оладиган дўстимиз ёнимизда бўлишини хоҳлаймиз. Айниқса, у бизникига ўхшаган қийинчиликларни бошдан ўтказган бўлса, айни муддао бўлади. Исони шундай дўстлар қаторига қўшсак бўлади. У заифлик ва ёрдамга муҳтож бўлиш нима эканини яхши тушунади. У номукаммал эканимизни тушунади ва ёрдамга муҳтож бўлганимизда, уни ўз вақтида олишимизга ғамхўрлик қилади. (Иброн. 4:15, 16) Гетсемания боғида Исо фариштадан ёрдамни қабул қилганидай, биз ҳам Яҳова турли йўллар, масалан, адабиёт, видео, нутқ, далдали ташриф ёки маънан етук дўстимиз орқали берган ёрдамни бажонидил қабул қилишимиз керак.
19. Худога бўлган садоқатимиз синаладиган оғир вазиятда қай йўсин кучга тўла оламиз? Мисол келтиринг.
19 Яҳова сизга Ўз «тинчлигини» беради. Хўш, қай йўсин Худо сизни мустаҳкамлайди? Ибодат қилганингизда, «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлигига» эга бўласиз. Яҳованинг тинчлиги туфайли қалбингизда хотиржамликни ҳис этасиз ва теран фикр юрита оласиз. (Филип. 4:6, 7) Луз исмли опамиз мазкур сўзлар чин эканига амин бўлди. У қуйидагича бўлишди: «Мен ёлғизлик туйғуси билан курашаман. Баъзида бу туфайли Яҳова мени севмайди, деб ўйлайман. Шунда Унга ибодат қилиб дарров ҳис-туйғуларимни айтаман. Ибодат туфайли туйғуларимни назорат қила оламан». Опамизнинг мисолидан шуни кўряпмизки, ибодат ёрдамида хотиржамликка эга бўла оламиз.
20. Исонинг кўз ёш тўкканидан қандай сабоқлар олдик?
20 Исонинг кўз ёш тўкканидан тасалли бахш этадиган ва амалий сабоқлар олдик. Яқини ҳаётдан кўз юмган дўстларимизни қўллаб-қувватлашимиз ва Яҳова ҳамда Исо бизга ёрдам беришига ишонишимиз кераклигини эсладик. Улар раҳм шафқат фазилатини намоён этяпти. Шунинг учун, биз ҳам раҳмдил бўлиб ваъз қиламиз ва таълим берамиз. Яҳова ҳамда Унинг азиз Ўғли туйғуларимизни ва заифликларимизни тушунади. Улар сабр-бардошли бўлишимизга ёрдам беришни истайди. Бу бизга тасалли бахш этяпти. Яҳова кўзимиздаги «ҳар қандай ёшни артиб олишга» ваъда қиляпти. Келинг, бу кун келгунига қадар билиб олганларимизга амал қилайлик. (Ваҳ. 21:4)
120- ҚЎШИҚ Исонинг мулойимлигига тақлид қилинг
a Муқаддас Китобга кўра, Исо баъзида йиғлаган. Мазкур мақолада Исо учта вазиятда йиғлаганини ва бундан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.
c Юҳанно 11:2 даги изоҳга қаранг.
d «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг «Иисус Христос», «Глубокие чувства и теплота» сарлавҳаси остидаги 2- хатбошига қаранг.
e Матто 22:39 даги юнончадан таржима қилинган «яқинингиз» сўзи бир-бирига яқин яшайдиган одамлардан кўра кўпроқ маънони англатади. Бу сўз инсон дуч келадиган ҳар қандай кишига нисбатан ишлатилиши мумкин.
f РАСМЛАРГА ШАРҲ. Исо Марям билан Мартага тасалли беряпти. Биз ҳам яқини ҳаётдан кўз юмган инсонларга тасалли берсак бўлади.
g РАСМЛАРГА ШАРҲ. Исо тунда Никодимга таълим беряпти. Биз ҳам одам учун қулай бўлган вақтда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишимиз керак.
h РАСМЛАРГА ШАРҲ. Исо Яҳовага садоқатли қолиш учун куч сўраб ибодат қиляпти. Биз ҳам синовга дуч келганимизда шундай қилишимиз лозим.