4- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Нима учун Қутлуғ Кечликка борамиз?
Буни мени эслаб туриш учун қилинглар. ЛУҚО 22:19
20- ҚЎШИҚ Азиз Ўғлинг бердинг
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. а) Ҳаётдан кўз юмган яқинимизни айниқса қачон эслаймиз? б) Ўлимидан олдинги кечада Исо нимани жорий этган?
ЯҚИН инсонларимиз анча йиллар олдин вафот этган бўлса ҳам, уларни ҳалиям эсимизда тутамиз. Айниқса, улар ҳаётдан кўз юмган санада уларни эслаймиз.
2 Биз Исо Масиҳни севамиз. Шу боис, ҳар йили дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар билан бирга унинг ўлимини хотирлаймиз. (1 Бутр. 1:8) Бизни гуноҳ ва ўлимдан халос этиш учун ҳаётини тўлов сифатида берган шахсни эслаш учун бирга йиғиламиз. (Мат. 20:28) Исо издошлари унинг ўлимини хотирлашини истаган. У ўлимидан олдинги кечада ўзгача кечлик таомини жорий этган ва қуйидагича амр берган: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар». (Луқо 22:19)
3. Ушбу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?
3 Қутлуғ Кечликка борадиган озчилик осмонда яшаш умидига эга. Лекин миллионлаб одамлар ер юзида яшашга умид қилса ҳам бу маросимга ташриф буюради. Ушбу мақолада нима учун мазкур иккала гуруҳдагилар маросимга боришининг сабабларини кўриб чиқамиз. Қолаверса, Қутлуғ Кечликка бориш бизга қандай фойда келтиришини билиб оламиз. Аввалига, келинг, нега мойланганлар маросимга ташриф буюришининг айрим сабабларига диққат қаратамиз.
НЕГА МОЙЛАНГАНЛАР ҚУТЛУҒ КЕЧЛИККА БОРАДИ?
4. Нега мойланганлар Қутлуғ Кечликда нон ва шаробдан тановул қилади?
4 Ҳар йили мойланганлар Қутлуғ Кечликка бориб рамзлардан қабул қилади. Нега улар нон ва шаробни тановул қилади? Жавоб бериш учун, келинг, Исонинг ер юзидаги ҳаётининг охирги кечасида нима бўлганига аҳамият берайлик. Фисиҳ таомидан сўнг, Исо Ҳазратимизнинг кечлик таоми деб аталадиган тадбирни жорий этган. У нон ва шаробни 11 та содиқ ҳаворийсига узатиб, уларни тановул қилишни айтган. Исо уларга иккита аҳд — янги ва Шоҳлик ҳақидаги аҳд тўғрисида айтганb. (Луқо 22:19, 20, 28–30) Улар ўша ҳаворийлар ва сони чегараланган бошқа инсонлар учун осмонда шоҳ ва руҳонийлар бўлишга имкон берди. (Ваҳ. 5:10; 14:1) Мойланганларнинг ер юзида қолган қисми бу аҳдларга киргани учун маросимда нон ва шаробни қабул қилиши мумкин.
5. Мойланганлар умиди ҳақида нимани тушунади?
5 Мойланган масиҳийлар Қутлуғ Кечликка боришининг яна бир сабаби бор. Бу уларга умиди устида мулоҳаза юритишга имкон беради. Яҳова 144 000 мойланган масиҳийга осмонда ўлмайдиган ва чиримайдиган танага эга бўлиш умидини берган. Шунингдек, улар тирилган Исо Масиҳ ҳамда қолган мойланган масиҳийлар билан елкама-елка хизмат қила олади. Бундан ташқари, улар Яҳованинг ҳузурида бўла олади. (1 Кор. 15:51–53; 1 Юҳан. 3:2) Улар осмонда яшаш шарафига эга эканини билса ҳам, бунга эришиш учун ўлимигача садоқатли қолиши кераклигини тушунади. (2 Тим. 4:7, 8) Самовий умиди устида фикр юритиш уларга улкан қувонч бахш этади. (Титус. 2:13) Хўш, «бошқа қўйлар» ҳақида нима деса бўлади? (Юҳан. 10:16) Улар Қутлуғ Кечликка боришининг айрим сабаблари қандай?
НЕГА БОШҚА ҚЎЙЛАР ҚУТЛУҒ КЕЧЛИККА БОРАДИ?
6. Нима учун бошқа қўйлар ҳар йили Қутлуғ Кечликка ташриф буюради?
6 Бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликда рамзлардан қабул қилмайди, лекин бу маросимга боришдан хурсанд бўлади. Ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар Қутлуғ Кечлик маросимига илк бор 1938 йили таклиф қилинганди. «Қўриқчи минораси»нинг 1938 йил 1 март (ингл.) сонида шундай дейилган: «Бошқа қўйлар Қутлуғ Кечлик маросимига келиши ва унда нималар бўлаётганини кўриши ўринли. [...] Шубҳасизки, бу маросим уларга ҳам хурсандчилик келтиради». Дўстининг тўйига боришдан қувонадиган меҳмонлар каби, бошқа қўйлар ҳам Қутлуғ Кечликка боришдан хурсанд бўлади.
7. Нега бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликда айтиладиган нутқни кутади?
7 Бошқа қўйлар ҳам умиди ҳақида мулоҳаза юритади. Улар маросимда айтиладиган нутқни кутади. Бу нутқда Исо Масиҳ ва у билан бирга бошқарадиган 144 000 мойланган масиҳий Минг йиллик бошқарув пайтида садоқатли инсонлар учун нималар қилишига диққат қаратилади. Исо Масиҳнинг бошқаруви остида улар ер юзини жаннатга айлантиришга ва итоатли одамларга мукаммаликка эришишга кўмаклашади. Қутлуғ Кечликка борадиган миллионлаб одамлар Муқаддас Китобдаги, масалан, Ишаё 35:5, 6; 65:21–23 ҳамда Ваҳий 21:3, 4 даги башоратлар ҳақида мулоҳаза юритади. Бу уларга хурсандчилик келтиради. Ўзини ва яқинларини янги дунёда тасаввур қилиш келажакка бўлган умидини ҳамда Яҳовага хизмат қилиш қарорини янада мустаҳкамлайди. (Мат. 24:13; Галат. 6:9)
8. Бошқа қўйлар маросимга боришининг яна бир сабаби қандай?
8 Бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликка боришининг яна бир сабабини кўриб чиқайлик. Улар мойланганларни севишини ва уларни қўллаб-қувватламоқчи эканини кўрсатиш учун бу маросимга боради. Худонинг Каломида мойланганлар ва ер юзида яшашга умид қилаётганлар яқиндан ҳамкорлик қилиши башорат қилинган. Қанақасига? Келинг, бунинг бир нечта мисолини кўриб чиқайлик.
9. Қандай қилиб Закариё 8:23 даги башоратдан бошқа қўйлар мойланганлар билан яқин муносабатларга эга эканини кўряпмиз?
9 Закариё 8:23 ни ўқинг. Бу башоратда бошқа қўйлар мойланган имондошлари билан яқин муносабатларга эга экани ажойиб тарзда тасвирланган. «Яҳудий» ва «сизлар» сўзлари битта гуруҳни — мойланган масиҳийларнинг ер юзида қолган қисмини билдиради. (Рим. 2:28, 29) «Барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган ўн киши» эса бошқа қўйларни англатади. Улар мойланганларни «маҳкам ушлаб олади», яъни мойланганлар билан бирга пок топинишда ҳамкорлик қилади. Шунинг учун, бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликка бориб, мойланганлар билан яқин муносабатларга эга эканини намоён этади.
10. Яҳова Ҳизқиё китобидаги башоратни амалга ошириш учун нима қилди? (Ҳизқиё 37:15–19, 24, 25)
10 Ҳизқиё 37:15–19, 24, 25 ни ўқинг. Яҳова мойланганлар ва бошқа қўйлар биргаликда яқиндан ҳамкорлик қилишига ғамхўрлик қилиб бу башоратни амалга оширди. Бу башоратда иккита таёқ ҳақида гап кетади. «Яҳудо» учун деган таёқ самовий умидга эга бўлганларни англатади (Исроил шоҳлари келиб чиққан қабила). «Эфрайимнинг» таёғи эса ер юзида яшаш умидига эга кишиларни билдиради. Яҳова бу иккита гуруҳни «битта таёқ» қилиб бирлаштиришини айтганc. Бу битта Шоҳ Исо Масиҳнинг бошчилигида улар бирга ҳамкорлик қилишини англатади. Ҳар йили мойланганлар ва бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликка иккита алоҳида гуруҳ бўлиб эмас, балки «битта чўпон» қўли остидаги «бир сурув» бўлиб боришади. (Юҳан. 10:16)
11. Исонинг масалидаги «қўйлар» мойланган масиҳийларни қандай қўллаб-қувватлаяпти? (Матто 25:31–36, 40)
11 Матто 25:31–36, 40 ни ўқинг. Бу масалдаги «қўйлар» ер юзида яшашга умид қилаётган охирзамондаги одил кишиларни, яъни бошқа қўйларни билдиради. Улар Масиҳнинг ер юзида қолган биродарларини муҳим фаолиятда — бутун дунё бўйлаб ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида садоқат ила қўллаб-қувватлаяпти. (Мат. 24:14; 28:19, 20)
12, 13. Яна қайси йўллар орқали бошқа қўйлар Масиҳнинг биродарларини қўллаб-қувватлай олади?
12 Ҳар йили Қутлуғ Кечликка бир неча ҳафта қолганда бошқа қўйлар Масиҳнинг биродарларини қўллаб-қувватлаш мақсадида дунё бўйлаб қизиқиш билдирганларни бу маросимга таклиф қилишда тўлақонли иштирок этади. («Қутлуғ Кечлик мавсумига тайёргарлик кўряпсизми?» номли рамкага қаранг.) Шунингдек, бутун дунё бўйлаб барча жамоатларда, ҳатто аксар жамоатларда рамзлардан тановул қиладиганлар бўлмаса ҳам улар бу маросим ўтиши учун керакли барча нарсаларни тайёрлашга ёрдам беради. Бошқа қўйлар Масиҳнинг биродарларини шу каби йўллар орқали қўллаб-қувватлашдан мамнун. Улар мойланганларга ёрдам берса, худди Исога ёрдам бергандай бўлишини яхши билади. (Мат. 25:37–40)
13 Умидимиз қандай бўлишидан қатъи назар яна қайси сабабларга кўра барчамиз маросимга борамиз?
НЕГА БАРЧАМИЗ ҚУТЛУҒ КЕЧЛИККА БОРАМИЗ?
14. Яҳова ҳамда Исо бизни севишини қандай кўрсатди?
14 Яҳова ҳамда Исо бизни деб кўрсатган севги учун миннатдормиз. Яҳова кўп йўллар орқали бизни севишини кўрсатди. Бир сафар У буни ўзгача тарзда намоён этди. У азиз Ўғли бизни деб азоб чекиши ва ўлиши учун уни ер юзига юборди. (Юҳан. 3:16) Исо биз учун жонини беришга тайёр бўлиб севгисини намоён этди. (Юҳан. 15:13) Яҳова ҳамда Исонинг бу яхшилигини ҳеч қачон қайтара олмаймиз. Бироқ ҳаёт тарзимиз билан ҳар куни Улардан миннатдор эканимизни кўрсатишимиз мумкин. (Колос. 3:15) Бундан ташқари, Қутлуғ Кечликка борганимизда, Яҳова ҳамда Исонинг севгисини қадрлашимизни ва биз ҳам уларни севишимизни кўрсата оламиз.
15. Нега мойланганлар ва бошқа қўйлар тўлов қурбонлиги учун миннатдор?
15 Тўлов қурбонлиги учун жуда миннатдормиз. (Мат. 20:28) Мойланганлар тўловни жуда қадрлайди, чунки у орқали самода яшаш умидига эга бўлади. Улар Масиҳнинг қурбонлигига ишонгани учун Яҳова уларни одил деб, фарзандлари сифатида қабул қилган. (Рим. 5:1; 8:15–17, 23) Бошқа қўйлар ҳам тўловни жуда қадрлайди. Улар Масиҳнинг тўккан қонига ишонгани боис, Худонинг назарида бенуқсон бўлиб, муқаддас хизматни бажара олади. Шунингдек, улар «буюк мусибатда» омон қолиш умидига эга. (Ваҳ. 7:13–15) Ҳам мойланганлар, ҳам бошқа қўйлар тўлов учун миннатдор эканини кўрсатишининг бир йўли ҳар йили Қутлуғ Кечлик маросимига боришдир.
16. Қутлуғ Кечликка боришимизнинг яна бир сабаби қандай?
16 Қутлуғ Кечликка боришимизнинг яна бир сабаби Исога бўйсунишни истаймиз. Умидимиз қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар биримиз Исонинг қуйидаги амрига амал қилишни хоҳлаймиз: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар». (1 Кор. 11:23, 24)
ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК МАРОСИМИГА БОРИШ ҲАММАМИЗГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?
17. Қай йўсин Қутлуғ Кечликка ташриф буюриш орқали Яҳовага янада яқинлашамиз?
17 Яҳовага янада яқинлашамиз. (Ёқб. 4:8) Кўриб чиққанимиздай, Қутлуғ Кечликка ташриф буюриш орқали Яҳова бизга берган умид ва Унинг севгиси ҳақида мулоҳаза юритамиз. (Ерм. 29:11; 1 Юҳан. 4:8–10) Келажакка бўлган умидимиз ва Яҳованинг сўнмас севгиси ҳақида ўйлаганимизда, Унга бўлган севгимиз кучаяди ва дўстлигимиз мустаҳкамланади. (Рим. 8:38, 39)
18. Исонинг ўрнаги устида фикр юритиш бизни нимага ундайди?
18 Бу бизни Исодан ўрнак олишга ундайди. (1 Бутр. 2:21) Қутлуғ Кечлик маросимига бир неча кун қолганда, Муқаддас Китобдан Исонинг ер юзидаги ҳаётининг охирги ҳафтасида юз берган воқеалар, унинг ўлими ва тирилгани тўғрисида ўқиймиз. Қутлуғ Кечликка борганимизда эса Исонинг бизга бўлган севгисини эслатадиган нутқни тинглаймиз. (Эфес. 5:2; 1 Юҳан. 3:16) Исонинг фидойи ўрнаги ҳақида ўқисак ва бу борада фикр юритсак, «Исо каби йўл тутиш» истагимиз кучаяди. (1 Юҳан. 2:6)
19. Қай йўсин Худонинг меҳр-муҳаббатида қола оламиз?
19 Худонинг меҳр-муҳаббатида қолиш қароримиз қатъий бўлади. (Яҳд. 20, 21) Худонинг меҳр-муҳаббатида қолиш учун Унга қулоқ солишимиз, исмини муқаддас қилишимиз ва қалбини қувонтиришимиз керак. (Ҳик. 27:11; Мат. 6:9; 1 Юҳан. 5:3) Қутлуғ Кечлик маросими бизга Яҳовага ҳар куни: «Мен Сенинг меҳр-муҳаббатингда тоабад қолмоқчиман!» — дейиш қароримиз қатъий бўлишига ёрдам беради.
20. Қутлуғ Кечликка бориш учун қандай асосли сабабларимиз бор?
20 Осмонда яшашга умид қиламизми ёки ер юзидами, Қутлуғ Кечликка бориш учун асосли сабабларимиз бор. Ҳар йили ўша куни биз учун жуда ҳам қадрли бўлган Шахсни, Исо Масиҳни эслаймиз. Бундан ташқари, Яҳова Ўғлини тўлов сифатида бериб, одамларни қанчалик қаттиқ севишини кўрсатгани ҳақида ўйлаймиз. 2022 йили Қутлуғ Кечлик маросими 15 апрель жума оқшомда бўлиб ўтади. Биз Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исони қаттиқ севамиз. Шу боис, ўша куни Қутлуғ Кечликка бориш биз учун жуда ҳам муҳим.
16- ҚЎШИҚ Яҳни улуғланг Шоҳаншоҳ-чун
a Осмонда яшаш умидига эгамизми ёки ер юзидаги жаннатдами, барчамиз ҳар йили Қутлуғ Кечликка боришни интиқиб кутамиз. Ушбу мақолада нима учун у ерга боришимизнинг асосий сабабларини ва бундай қилиш бизга қандай фойда келтиришини муҳокама қиламиз.
b Янги аҳд ва Шоҳлик ҳақидаги аҳд тўғрисида кўпроқ билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 октябрь сонидаги 15–17- саҳифаларида келтирилган «Сизлар “руҳонийлар шоҳлиги” бўласизлар» номли мақолага қаранг.
c Ҳизқиё 37- бобдаги иккита таёқ ҳақидаги башорат тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» китобининг 130–135- саҳифаларидаги 3–17- хатбошиларига қаранг.