Нима учун «ҳушёр туриш» муҳим?
«СИЗНИНГ ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» (Мат. 24:3) Шогирдларининг ушбу саволига жавоб бераётиб, Ҳазрати Исо уларга яққол, батафсил, тушунарли ва аниқ бўлган бир белги ҳақида гапирган. Унинг бу сўзлари Инжилнинг Матто 24- боб, Марк 13- боб ва Луқо 21- бобларидан ўрин олган. Бунинг устига Исо шогирдларини «ҳушёр туринглар», деб ундаган (Мат. 24:42).
Қизиқ, агар бу белги шунчалик равшан бўлса, ҳушёр туриш ҳақида огоҳлантиришнинг нима кераги бор? Келинг бунинг иккита сабабини кўриб чиқайлик. Биринчидан, чалғитадиган нарсалар бизни бу белгига бепарво қарашимизга, натижада эса маънавийлигимиз ва ҳушёрлигимизни йўқотишга сабабчи бўлади. Иккинчидан, масиҳий яшаётган жойда белгининг тафсилотлари тўлиқ содир бўлмаётгани учун, у буни ўзида ҳис қилмаётгандир. Бундай масиҳий, Исо айтган башоратнинг авж нуқтаси бўлмиш «буюк қайғу» ҳали келмайди, шунинг учун «ҳушёр туришда» эҳтиёж йўқ, деб ўйлаши мумкин (Мат. 24:21).
«Улар парво қилишмаган»
Исо издошлари билан суҳбатлашганда уларга Нуҳнинг замондошларини эслатган. Нуҳнинг ваъзини, улкан кеманинг қурилишини ҳамда ўша кунлардаги зўравонликни эътиборга олмасликнинг иложи йўқ эди. Шунга қарамай уларнинг аксарияти бунга «парво қилишмаган» (Мат. 24:37–39). Огоҳлантиришларга нисбатан бундай муносабат, бугунги кунда ҳам кенг тарқалган. Масалан, йўллардаги тезликни чеклайдиган белгилар аниқ огоҳлантириш беришига қарамай, кўпчилик уларга бефарқ бўлади. Тез ҳайдашни хуш кўрадиган ҳайдовчиларни секин ҳайдашга мажбурлаш ниятида, ҳукумат кўчаларда дўнглик шаклдаги кўндаланг ётқизилган тўсиқлар қўйишга мажбур бўлади. Шу сингари, Худонинг хизматчиси охирги кунларнинг белгисини тушунаётгандир. Аммо айни пайтда унинг қандай ишлар билан банд бўлгани, белгини назардан четда қолдирганини аён қилиши мумкин. Келинг, Ғарбий Африкада яшовчи Ариэл исмли ўсмир қиз, нималарни бошдан кечирганини кўриб чиқайлик.
Ариэл телевизорда аёллар гандбол ўйинини томоша қилишни яхши кўрарди. Мактабида гандбол жамоаси ташкил этилганида, ўйинларда қатнашиш имкони унинг ҳушёрлигини сусайтириб, маънавийлигига хавф туғдира бошлади. У жамоада дарвозабон этиб тайинланди. Хўш, бундан кейин нима бўлди? У шундай деди: «Жамоадаги баъзи ўйинчиларнинг учрашадиган йигитлари бор эди. Улар наркотик моддаларни қабул қилишарди ва тамаки чекишарди. Улардан ажралиб турганим учун мени масхара қилишарди, бироқ буларнинг барчасига чидай оламан деб ўйлардим. Бу ўйин маънавийлигимни кундан-кунга емириб борарди. Бутун фикр-хаёлим гандболда эди. Жамоат учрашувларида тез-тез хаёлим паришон бўлиб, фикрларим Йиғилиш Залидан гандбол майдонига кўчарди. Хулқ-атворим ҳам бузила бошлади. Аввалига бу ўйинни шунчаки ёқтирган бўлсам, кейинчалик ғалаба эришиш учун мени ҳеч нарса тўхтата олмасди. Рақобат руҳи қаттиқ машқ қилишга ундарди. Стресс кучая борарди. Гандбол учун ҳатто дўстликни ҳам қурбон қилдим».
«Ўйинларнинг бирида, рақиб томон бизга жарима тўпи уриши керак эди. Бу вазият ҳаётимга кескин бурилиш ясади. Зарбани мен қайтаришим керак эди. Шу пайтда ўзим тушунмай туриб, Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилдим! Бўлиб ўтган воқеадан қанчалик маънан сусайиб қолганимни англадим». Хўш, у маънавийлигини қандай тиклади?
«Мен “Ёшлар сўрайди: ҳаётимни нимага бағишласам экан?”a номли DVD дискдаги фильмни томоша қилдим. Фильмни қайта томоша қилганимдан кейин, бу борада жиддий ўйлай бошладим. Менинг вазиятим фильм қаҳрамони бўлмиш ёш йигит Андреникига ўхшаш эди. Айниқса оқсоқолнинг Андрега айтган сўзлари диққатимни ўзига жалб қилди. Ўша оқсоқол унга Филиппиликларга 3:8 ни ўқиб, мулоҳаза юритишни маслаҳат берган эди. Бу сўзлар ҳаётимни тубдан ўзгартирди. Мен гандбол жамоасини тарк этдим».
«Ҳаракатларим яхши самара бера бошлади. Рақобат руҳи ва у билан бирга кечадиган стресс, аста-секин йўқола борди. Ўзимни бахтлироқ ҳис этиб, имондош дўстларим билан яқин муносабатни тиклай бошладим. Маънавий ишлар мен учун катта аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, диққат-эътиборимни жамоат учрашувларига қаратдим ва улардан яна баҳра ола бошладим. Хизматим ҳам яхшиланди. Ҳозир мен мунтазам равишда кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қиляпман».
Агар чалғитадиган нарсалар Исо айтган белгига нисбатан бепарво қарашингизга сабабчи бўлса, унда Ариэл сингари жиддий қадамлар қўйишингиз керак. Масалан, «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи»дан фойдаланишингиз мумкин. Бекорга бу кўрсаткич «яширилган хазиналар харитаси» дейилмаган. Сиз ундан доно маслаҳатларни ҳамда синовларга дуч келган одамларнинг ўзи айтиб берган воқеаларни топишингиз мумкин. Яхши тайёргарлик кўриш ҳамда дастурдаги фикрларни қисқача ёзиш орқали жамоат учрашувларидан тўла фойда олишга интилинг. Баъзи имондошларимиз, йиғилишда олд қаторларда ўтиришни фойдали деб топишган. Тингловчилардан шарҳ бериш кутилса, дастур бошидаёқ жавоб беришга ҳаракат қилинг. Бундан ташқари, белгининг таркибий қисмлари ва «охирзамон»нинг бошқа хусусиятларини сўнгги хабарлар билан таққослаб туринг. Бундай йўл тутиб, маънан ҳушёр тура оласиз (2 Тим. 3:1–5; 2 Бутр. 3:3, 4; Ваҳ. 6:1–8).
«Сизлар ҳам тайёр туринглар»
Охирзамоннинг белгиси «бутун дунё бўйлаб», халқаро миқёсда амалга ошяпти (Мат. 24:7, 14). Кўп жойлардаги ўлатлар, озиқ-овқат етишмовчилиги, зилзилалар ҳамда башорат қилинган бошқа воқеалар, миллионлаб инсонларга қақшатгич зарба бермоқда. Бундан фарқли равишда, бошқа инсонлар нисбатан тинч ва сокин ҳаёт кечиришмоқда. Шахсан сиз ҳеч қачон ушбу белгининг айрим таркибий қисмларини бошдан кечирмаётганингиз учун, буюк қайғу ҳали келмайди, деган хулосага келасизми? Бундай хулоса чиқариш доноликдан далолат бермайди.
Мисол тариқасида, Исонинг «ўлатлар ҳамда озиқ-овқат етишмовчилиги» ҳақидаги башоратини олайлик (Луқо 21:11). Биринчидан Исо, булар барча жойда, бир вақтнинг ўзида ёки бир хил даражада содир бўлади демаган. Аксинча Исо бу воқеалар «кўп жойларда» содир бўлади деб таъкидлаган. Шундай экан, биз ҳамма жойда ва бир вақтнинг ўзида бу воқеалар содир бўлишини кутмаслигимиз керак. Иккинчидан, озиқ-овқат етишмовчилигини айтиб ўтганида, Исо баъзи издошларини ҳушёрликка даъват этиб шундай деган: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик... эгаллаб олмасин» (Луқо 21:34). Шундай экан, барча масиҳийлар белгининг ҳамма таркибий қисмларини ўз бошларидан кечиришни кутмасликлари керак. Аксинча Исо: «Ўша нарсалар юз бераётганини кўрганингизда, Худонинг Шоҳлиги яқин эканини билинглар»,— деб таъкидлаган (Луқо 21:31). Бу нарсалар ҳудудимизда рўй берганми ёки йўқми, замонавий алоқа воситалари белгининг барча таркибий қисмларини кўриш имконини бермоқда.
Шуни ёдда тутиш керакки, Яҳова буюк қайғу бошланадиган «кун ва соатни» олдиндан белгилаб қўйган (Мат. 24:36). Дунёдаги воқеаларнинг ривожи эса бу вақтга таъсир қила олмайди.
Турли жойларда яшаётган масиҳийларни огоҳ этиб Исо: «Сизлар ҳам тайёр туринглар»,— деган (Мат. 24:44). Биз доимо тайёр туришимиз лозим. Тўғри, ҳар куни бутун вақтимизни маънавий ишларга сарфлай олмаймиз. Бундан ташқари, ҳеч биримиз буюк қайғу бошланган пайтда қандай иш билан шуғулланишимизни ҳам олдиндан билмаймиз. Баъзилар далада ёки уй-рўзғор юмушлари билан банд бўлиши мумкин (Мат. 24:40, 41). Қизиқ, унда қандай қилиб ҳушёр эканимизни намоён эта оламиз?
Эммануэл, хотини Викторина ва олтита қизи билан Африкада яшайди. Улар бу ҳудудда Исо айтган белгининг барча таркибий қисмларини тўлалигича бошларидан кечира олмайдилар. Ўша кунга тайёр туриш учун улар ҳар куни маънавий нарсалар ҳақида суҳбат юритишга қарор қилишган. Эммануэл шундай деди: «Ҳаммага қулай бўлган вақтни топиш жуда қийин эди. Охири, эрталаб чамаси олти-олти яримларда муҳокама ўтказишга қарор қилдик. Кунлик оятни муҳокама қилиб бўлгандан сўнг, ҳафта давомида жамоат учрашувларида тадқиқ қилиш учун мўлжалланган адабиётлардан бирини танлаб, бир неча хатбошига тайёргарлик кўрамиз». Бундай тадбир уларга ҳушёр туришга ёрдам бердими? Албатта! Эммануэл жамоатда оқсоқоллар кенгашининг раиси бўлиб хизмат қилади. Викторина эса тез-тез кўмакчи кашшоф сифатида хизмат қилиб, кўпгина самимий инсонларга ҳақиқатни қабул қилишга кўмаклашмоқда.
Ҳазрати Исо бизларни: «Кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар»,— деб ундаган (Марк 13:33). Чалғитадиган нарсалар маънавий ҳушёрлигингизни сусайтиришига йўл қўйманг. Ундан кўра, Ариэл сингари адабиётларимиз ва учрашувларимизда бериладиган ажойиб маслаҳатларга диққатли бўлинг. Эммануэлнинг оиласи каби сиз ҳам ҳар куни тайёр ва «ҳушёр туриш» учун, бирор чора кўришга ҳаракат қилинг.
[Изоҳ]
a Ушбу замонавий фильм, Яҳованинг назарида тўғри йўл тутиш учун ёш масиҳийлар қандай кураш олиб боришгани ҳақидадир.
[4- саҳифадаги расм]
Ҳар куни маънавий мавзуда суҳбат юритиш, Эммануэл ва унинг оиласига «тайёр туришга» ёрдам бермоқда