Нега «ҳушёр туришимиз» керак?
Ҳазратингиз қайси куни келишини билмайсизлар. МАТ. 24:42
1. Қайси пайтда яшаётганимиздан ва атрофимизда нималар бўлаётганидан хабардор бўлиш муҳим эканини кўрсатувчи мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
БЕШ, тўрт, уч, икки, бир! Ҳа, мониторларда анжуман бошланишига саноқли дақиқалар қолганини билдирувчи соатни кўрганимизда, мусиқа янграшини ва анжуман дастури бошланишини англаб, ўз жойларимизни эгаллаймиз. Бундан сўнг, «Қўриқчи минораси» оркестр аъзолари томонидан басталанган дилрабо мусиқани шовқин қилмасдан тинглаймиз ва, энг асосийси, ундан кейин бўладиган нутқларга қалбимизу онгимизни тайёрлаймиз. Аммо баъзилар чалғиб, дастур бошланганини билмай, айланиб юришса ёки дўстлари билан суҳбатлашишса-чи? Улар хушёрликни йўқотиб, ҳозир қандай пайт эканини ва дастур раиси саҳнада турганини, мусиқа янграётганини ҳамда тингловчилар жойларини эгаллаб бўлишганини пайқамай қолишган. Мазкур мисол бизга яқин келажакда юз берадиган оламшумул воқеага саноқли дамлар қолганини ёдда тутишга ёрдам беради. Буни билиш эса, қайси пайтда яшаётганимизга ва атрофимизда нималар бўлаётганига нисбатан сергак туришни талаб қилади. Қизиқ, бу қандай воқеа экан?
2. Нега Исо шогирдларига: «Ҳушёр туринглар»,— деб айтган?
2 Исо Масиҳ «замона охирлаб бораётгани» ҳақида гапирганида, шогирдларини шундай деб чорлаган: «Кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар». Бундан кейин Исо яна бир бор: «Ҳушёр туринглар»,— деб маслаҳат берган. (Мат. 24:3; Марк 13:32–37 ни ўқинг.) Маттонинг баёнотида ҳам Исо шогирдларини сергак туришга ундагани тўғрисида ёзилган. У ерда қуйидагиларни ўқиймиз: «Шундай экан, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар. [...] Сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади». Кейин у яна бир бор: «Шундай экан, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар»,— дея такрорлаган. (Мат. 24:42–44; 25:13)
3. Нега Исонинг огоҳлантиришига диққат қаратяпмиз?
3 Яҳованинг Шоҳидлари бўлганимиз учун Исонинг огоҳлантиришига жиддий қараймиз. Негаки, охирзамоннинг сўнгги дамларида яшаётганимизни ва «буюк қайғу» бошланишига жуда оз вақт қолганини тушунамиз. (Дон. 12:4; Мат. 24:21) Исо башорат қилганидек, жаҳон бўйлаб Яҳованинг халқи томонидан мисли кўрилмаган ваъзгўйлик фаолияти олиб бориляпти. Лекин шу билан бирга, бутун дунёда ахлоқсизлик ва қонунсизлик кўпайиши, сохта дин кўпларни йўлдан уриши, озиқ-овқат етишмовчилиги, қирғинбарот урушлар, ўлатлар ва зилзилалар рўй бераётганига ҳар биримиз гувоҳ бўляпмиз. (Мат. 24:7, 11, 12, 14; Луқо 21:11) Шунинг учун, Ҳазратимиз келадиган ва Аллоҳнинг нияти амалга ошадиган пайтни интизорлик билан кутяпмиз. (Марк 13:26, 27)
САНОҚЛИ ДАМЛАР ҚОЛМОҚДА!
4. а) Нега Армагедоннинг келиш вақти ҳақида Исо ҳозир хабардор, деб айта оламиз? б) Буюк қайғу қачон бошланишини билмасак-да, нимага амин бўлишимиз мумкин?
4 Анжуман дастурининг ҳар бир қисми белгиланган вақтда бошланиши барчамизга маълум. Аммо қанчалик уринмайлик, буюк қайғу келишининг аниқ куни ёки соатини билиш у ёқда турсин, ҳатто қайси йили бошланишини ҳам айта олмаймиз. Исо ер юзида бўлганида, бу ҳақда шундай деб айтганди: «У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади». (Мат. 24:36) Бироқ Масиҳга Шайтоннинг дунёсига қарши жанг олиб бориш ваколати берилгани учун, ҳозирги пайтда у Армагеддон қачон бошланишини билади, деб хулоса қилсак бўлади. (Ваҳ. 19:11–16) Биз эса билмаймиз. Шу сабабли, буюк қайғу бошланишидан олдин ҳушёр туришимиз ғоят муҳимдир. Лекин Яҳовага бу воқеа қачон юз бериши доим маълум эди. Зотан, У охиратнинг аниқ вақт-соатини белгилаб бўлган. Ҳа, буюк қайғу бошланишига саноқли дамлар қолди! У «кеч қолмайди»! (Хабаққуқ 2:1–3 ни ўқинг.) Аммо бунга қандай амин бўлишимиз мумкин?
5. Яҳованинг башоратлари ҳамиша ўз вақтида амалга ошганини кўрсатувчи мисол келтиринг.
5 Яҳованинг башоратлари ҳамиша ўз вақтида амалга ошиб келган! Масалан, Исроил халқининг Мисрдан озод қилиниш вақти борасидаги башорат қандай рўёбга чиққанига эътибор қаратайлик. Мил. авв. 1513 йил 14 нисон кунига ишора қилиб, Мусо шундай айтганди: «430 йилнинг охирги куни Эгамиз халқининг ҳамма оилалари ва қабилалари Мисрдан кетди». (Чиқ. 12:40–42) Бу «430 йил»лик муддат мил. авв. 1943 йилда, Яҳова Иброҳим пайғамбар билан аҳд тузганида бошланган. (Галат. 3:17, 18) Бироз вақт ўтгач эса, Яҳова Иброҳимга: «Шуни яхши билиб қўйки, сенинг наслинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр-зулм тортади»,— деб айтган. (Ибт. 15:13; Ҳавор. 7:6) Ушбу «тўрт юз йил йил»лик жабр-зулм пайти мил. авв. 1913 йилда бошланди. Ўшанда Исҳоқ кўкракдан чиққанида, Исмоил уни масхара қилганди. Бу «тўрт юз йил»лик муддат Исроил халқи мил. авв. 1513 йилда Мисрдан чиққанида ўз якунига етди. (Ибт. 21:8–10; Галат. 4:22–29) Ажабо, Яҳова Унинг халқи озод қилинишини 4 аср аввал каромат қилганди!
6. Яҳова Ўз халқини қутқаришидан нега шубҳаланмасак ҳам бўлади?
6 Мисрдан халос этилганлар орасида бўлган Ёшуа бутун Исроил халқига қуйидагини эслатди: «Шубҳасиз, ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади». (Ёшуа 23:2, 14) Демак, Яҳова бизни буюк қайғу пайтида қутқаришидан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Бироқ бу дунё йўқ қилинганида омон қолиш учун, ҳушёр туришимиз зарур.
ҲУШЁРЛИК — ҲАЁТ-МАМОТ МАСАЛАСИДИР!
7, 8. а) Қадимда қўриқчининг вазифаси нимадан иборат эди ва бундан нимани ўрганишимиз мумкин? б) Қўриқчилар соқчилик қилаётиб, ухлаб қолишганда нималар содир бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи мисол келтиринг.
7 Ўтмишдаги мисоллар орқали ҳушёрлик қанчалик зарур эканини ўрганишимиз мумкин. Қадимда Қуддус каби кўплаб катта шаҳарлар баланд деворлар билан ўралган эди. Деворлар босқинчилардан ҳимоя қилибгина қолмай, чор атрофни юқоридан кузатиш учун ҳам хизмат қилган. Қўриқчилар кечаю кундуз деворлар устида ва дарвозалар олдида соқчилик қилишган. Улар қандайдир хатарни пайқашганида, бу ҳақда шаҳар аҳолисини огоҳлантиришлари керак бўлган. (Ишаё 62:6) Ҳақиқатан ҳам, қўриқчилар бедор ва ҳушёр туришлари — ҳаёт-мамот масаласи эди. (Ҳиз. 33:6)
8 Қадимги тарихчи Иосиф Флавийнинг айтишича, мил. 70 йилда Рим қўшинлари Қуддус шаҳрининг деворига туташган Антоний қалъасини забт этишганди. Сабаби шундаки, ўшанда дарвоза олдида турган соқчилар ухлаб қолишганди. Римликлар шиддатли ҳужум билан маъбадни эгаллаб, унга ўт қўйишганди. Бу, Қуддус ва яҳудийлар ҳаётида ҳали ҳеч қачон бўлмаган буюк қайғунинг поёни эди.
9. Бугунги кунда аксарият одамлар нимадан бехабар?
9 Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда «қўриқчилар»нинг ўрнига чегарачилар ва замонавий кузатув мосламалари хизмат қилади. Улар ҳудудларига кимлар ҳужум қилмоқчи эканини ва миллий хавфсизликка таҳдид солаётган душманларни аниқлашади. Лекин бундай «қўриқчилар» фақат инсоний ҳукуматлар ёки одамларнинг ўзи туғдираётган хавфни аниқлай олишади, холос. Улар Масиҳ томонидан бошқарилаётган Самовий Шоҳликнинг борлигидан ва у амалга ошираётган ишлардан бехабарлар. Бундан ташқари, бу Шоҳлик барча халқларнинг ҳукм қилинишида қандай аҳамиятга эга бўлишини билишмайди. (Ишаё 9:6, 7; 56:10; Дон. 2:44) Улардан фарқли ўлароқ, биз маънан ҳушёр ва сергак турсак, ҳукм куни қачон келишидан қатъи назар, унга тайёр бўламиз. (Заб. 129:6)
ҲУШЁРЛИКНИ ЙЎҚОТИБ ҚЎЙИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
10, 11. а) Нимадан эҳтиёт бўлишимиз керак ва нега? б) Одамлар Худонинг башоратларига ишонишмаётганининг сабабчиси Иблис эканига нега аминсиз?
10 Кечаси билан уйғоқ турган қўриқчини тасаввур қилинг. Унинг навбатчилиги тугай деб қолганда, у толиқиб қолади ва ухлаб қолишга мойил бўлади. Шу сингари, бу замонанинг интиҳоси қанчалар яқин бўлса, ҳушёр туриш ҳам шунчалар қийин кечади. Агар ҳушёрликни йўқотиб қўйсак, нақадар ачинарли бўларди-я!? Келинг, сергаклигимиз ва бедорлигимиз сусайишига олиб келиши мумкин бўлган учта омилни кўриб чиқайлик.
11 Иблис одамларни алдаб, динга бефарқ қилиб қўйяпти. Ўлимидан сал олдин Исо шогирдларини «бу дунёнинг ҳокими» Шайтон экани ҳақида уч марта огоҳлантирган. (Юҳан. 12:31; 14:30; 16:11) Одамлар охират шиддат ила яқинлашаётгани ҳақидаги башоратларга ишонмасликлари учун, Иблис уларни зулмат исканжасида ушлаб туришини Исо биларди. (Заф. 1:14) Шайтон сохта дин империяси орқали одамларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйяпти. Масалан, одамлар билан суҳбатлашганингизда нимани пайқагансиз? Бу замонанинг охири яқинлашаётгани ва Масиҳ ҳозир Худонинг Шоҳлигида ҳукмронлик қилаётгани масаласида Иблис «имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйганини» сезганмисиз? (2 Кор. 4:3–6) Одамлар: «Мени бу қизиқтирмайди»,— деб айтишларини қанчалик тез-тез эшитасиз? Кўпинча уларга дунё билан нима бўлиши тўғрисида айтганимизда, улар бунга бефарқ бўлишади.
12. Нега Иблис бизни алдашига йўл қўймаслигимиз лозим?
12 Бошқаларнинг бефарқлиги сизни тушкунликка туширишига ёки ҳушёр туриш фикридан қайтаришига йўл қўйманг. Ахир ҳушёрликни сақлаш нечоғли муҳим эканини яхши биласиз-ку! Ҳаворий Павлус имондошларига шундай деб ёзганди: «Ўзларингиз ҳам яхши биласизларки, Яҳованинг куни ўғри тунда келганидек келади». (1 Салоникаликларга 5:1–6 ни ўқинг.) Исо: «Сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади»,— дея бизни огоҳлантирганди. (Луқо 12:39, 40) Яқинда Шайтон одамларни дунёда «тинчлик ва хавфсизлик» ҳукм суришига ишонтириб, уларни алдайди. Натижада, бундай инсонлар роҳат-фароғатда яшаяпмиз, деган хаёлга боришади. Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Агар ҳушёр туриб, сергакликни сақласак, ўша ҳукм куни ўғри каби «тўсатдан келганда унинг қўлига тушмаймиз». Шунинг учун, биз Аллоҳнинг Каломини кунда ўқиб, Яҳова бизга нималар айтмоқчи экани устида мулоҳаза юритишимиз даркор.
13. Қай тарзда дунёнинг руҳи одамзодга таъсир қиляпти ва бундай зарарли таъсирдан қандай холи бўлишимиз мумкин?
13 Дунёнинг руҳи одамларга таъсир қилиб, уларни маънан ухлатяпти. Аксарият одамлар кундалик ташвишларга шунчалик кўмилиб кетганки, ҳатто «Худога муҳтож эканлигини тушунишмайди». (Мат. 5:3, изоҳ) Улар дунёга хос бўлган «тана нафси, ҳирсли кўзлар» таъсирига берилиб, моддий нарсаларга ружу қўйишган. (1 Юҳан. 2:16) Бунинг устига, ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ, одамларни ўзига жалб қилиб, «айш-ишратни кўпроқ севишга» ва уларнинг ҳар қандай истагини қондиришга қаратилган ўйин-кулгилар кенг тарқалган. (2 Тим. 3:4) Шу боис, ҳаворий Павлус масиҳийларга: «Тана истакларингизни қандай қондиришни ўйламанглар»,— деб айтганди. Сабаби, бу маънан ухлаб қолишларига олиб келиши мумкин. (Рим. 13:11–14)
14. Луқо 21:34, 35 да қандай огоҳлантириш бор?
14 Ҳаётимизга дунёнинг руҳи эмас, Аллоҳнинг руҳи таъсир қилишини истаймиз, чунки айнан у орқали Яҳова бизга келажакдаги воқеалар ҳақида аниқ тушунча беради.[1] (1 Кор. 2:12) Лекин маънан мудраб қолиш учун ўзгача бир нарса юз бериши шарт эмас. Агар йўл қўйиб берсак, оддийгина ҳаётий нарсалар ҳам маънавий ишларимизнинг ўрнини эгаллаб олиши турган гап. (Луқо 21:34, 35 ни ўқинг.) Охирзамонда яшаётганимизга ишонаётганимиз учун бошқалар устимиздан кулишлари мумкин. (2 Бутр. 3:3–7) Аммо улар руҳимизни туширишига йўл қўймаслигимиз керак, зеро охират яқин эканини яққол кўриб турибмиз. Агар Худонинг руҳи бизга таъсир қилишини хоҳласак, йиғилишларга бориб, имондошларимиз билан мунтазам мулоқот қилиб туришимиз даркор.
15. Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно билан нима юз берди ва нега биз билан ҳам шундай бўлиши мумкин?
15 Тана истакларимиз ҳушёрлигимизни сусайтириши мумкин. Исо, номукаммал одамлар тана истакларига берилишга мойил эканини биларди. Келинг, Исонинг ўлимидан олдинги кеча нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Бенуқсонликни сақлаш учун Исо Отасидан куч сўраб, Унга ибодат қилиши керак эди. Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннодан у ибодат қилаётганида «ҳушёр туришларини» сўраган. Бироқ ҳаворийлар ҳушёр туриш улар учун қанчалик муҳим эканини англашмаган ва чарчаб ухлаб қолишган. Исо эса, чарчаганига қарамай, ҳушёр туриб, Отасига илтижо қилган. Унинг ҳамроҳлари ҳам айнан шундай йўл тутишлари керак эди. (Марк 14:32–41)
16. Луқо 21:36 га кўра, қай йўсин Исо бизни «ҳушёр туриш»га ўргатган?
16 Маънан «ҳушёр туриш» шунчаки эзгу ниятларга эга бўлишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Гетсемания боғида бўлиб ўтган воқеадан бир неча кун олдин Исо ўша шогирдларига Яҳовага илтижо қилишни айтган. (Луқо 21:36 ни ўқинг.) Шу боис, маънан ҳушёр туриш учун, биз ҳам ибодат қилишга нисбатан сергак туришимиз лозим. (1 Бутр. 4:7)
ҲАР ҚАЧОНГИДАН ҲАМ ҲУШЁР БЎЛИНГ!
17. Яқин келажакдаги воқеаларга тайёр эканимизга қандай амин бўлишимиз мумкин?
17 Исо охират биз «ўйламаган соатда келиши» ҳақида айтган экан, ҳозир маънан мудрашнинг, хомхаёл суриб, Шайтон ҳамда унинг дунёсига хос бўлган орзу-ҳавасларга ва тана истакларига берилишнинг вақти эмас. (Мат. 24:44) Аллоҳ ва Масиҳ бизга яқин келажакда нималарни тайёрлаб қўйишганини ва қай йўсин ҳушёр тура олишимиз мумкинлигини Муқаддас Китобдан билсак бўлади. Биз маънавийлигимизга, Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ва Шоҳлик ишларига нисбатан диққатли бўлишимиз даркор. Келажакдаги воқеаларга тайёр бўлиш учун, қайси пайтда яшаётганимиздан ва атрофда бўлаётган воқеалардан воқиф бўлиб туришимиз керак. (Ваҳ. 22:20) Зотан, бу ҳаёт-мамот масаласидир!
^ [1] (14- хатбоши) «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» китобининг (рус) 21- бобига қаранг.