«Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди»
Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди. У жуда тезлик билан яқинлашиб келяпти. ЗАФАНИЁ 1:14, ЯДТ
1, 2. а) Худонинг хизматчилари қандай ўзгача кунни кутишмоқда? б) Ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак ва нимага?
БАХТЛИ қиз сабрсизлик ила тўй кунини, бўлажак она чақалоғининг дунёга келишини, оғир меҳнатдан ҳориб-толган ишчи эса таътилга чиқишини орзиқиб кутади. Бу инсонлар ўртасида қандай боғлиқлик бор? Улар ўзгача кунни, яъни ҳаётларига таъсир қиладиган кунни кутишяпти. Гарчи бу кишилар турли нарсаларни кутишаётган бўлишса-да, ҳаммалари ҳаяжон ва хавотирдалар. Чунки улар кутаётган кун албатта келади ва бу кун келганида улар тайёр бўлишни исташади.
2 Бугун ҳам Худонинг хизматчилари сабрсизлик билан ўзгача кунни кутишмоқда. Гап Яҳованинг улуғ куни ҳақида кетяпти (Ишаё 13:9; Йўэл 2:1; 2 Бутрус 3:12). Бу ўзи қанақа кун ва у одамзодга қандай таъсир қилади? Бу кунга тайёр эканимиз нимада кўринади? Ушбу саволларга ҳозирдан жавоб топиш ўта муҳим, зотан «Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди. У жуда тезлик билан яқинлашиб келяпти» (Зафаниё 1:14, ЯДТ).
«Яҳованинг улуғ куни»
3. «Яҳованинг улуғ куни» нима дегани?
3 «Яҳованинг улуғ куни» нима дегани? Муқаддас Китобда «Яҳованинг улуғ куни» ибораси, Яҳова Таоло душманлари устидан чиқарган ҳукмини ижро этиб, буюк исмини шарафлаган вақтга тегишлидир. Масалан, Яҳудия ва Қуддусдаги садоқатсиз инсонлар ҳамда Бобил ва Мисрнинг шафқатсиз одамлари устидан чиқарилган Яҳованинг ҳукмлари бажарилганда, улар учун «Яҳованинг куни» келган ҳисобланганди (Ишаё 2:1, 10–12; 13:1–6; Еремиё 46:7–10). Бироқ «Яҳованинг улуғ куни» ҳали олдинда. Бу «кун»да, Яҳованинг исмини булғаётганлар устидан ҳукм чиқарилади. У, сохта дин империяси бўлмиш «буюк Бобил»нинг йўқ қилиниши билан бошланиб, Ҳор-Магидўн жангида бу ёвуз дунёнинг бутунлай вайрон этилиши билан якунланади (Ваҳий 16:14, 16; 17:5, 15–17; 19:11–21).
4. Нима учун инсонлар зудлик билан яқинлашиб келаётган Яҳованинг кунидан даҳшатга тушишлари керак?
4 Инсонлар, буни тан олишадими ёки йўқми, ушбу зудлик билан яқинлашиб келаётган кундан даҳшатга тушишлари керак. Нима учун? Тангри Яҳова Зафаниё пайғамбар орқали, бу кун қаҳр-ғазабли, ҳалокатли ҳамда вайронали бўлишини башорат қилган. Нақадар даҳшатли тасвир! Шунингдек, Яҳова Унга қарши чиққанларни ҳалокатга дучор қилишини каромат қилган (Зафаниё 1:15, 17).
5. Қандай қилиб миллионлаб инсонлар Яҳованинг кунини кутишяпти ва нимага?
5 Шунга қарамай, миллионлаб инсонлар Яҳованинг куни келишини сабрсизлик билан кутишмоқда. Нега? Зеро улар, бу кунда солиҳлар қутулиши ва халос бўлишини ҳамда Яҳованинг улуғ исми шарафланишини билишади (Йўэл 3:16, 17; Зафаниё 3:12–17). Хуллас, бу кундан қўрқиш керакми ёки сабрсизлик билан кутиш керакми? Бу, одамларнинг ҳозирги турмуш тарзига боғлиқ. Ушбу яқинлашиб келаётган кун сиз учун нимани англатади? Сиз унга тайёрмисиз? Яҳованинг куни яқинлашиб қолгани, кундалик ҳаётингизга таъсир қиляптими?
«Ҳаёсиз масхарабозлар пайдо бўлади»
6. «Яҳованинг куни» яқинлашаётганига кўпчиликнинг муносабати қандай ва нега бу Худонинг хизматчиларини таажжубга солмаяпти?
6 Бугунги кунда кўпчилик одамлар яқинлашиб келаётган «Яҳованинг куни»ни ҳатто хаёлларига келтиришмаяпти. Аксинча улар, бу кун яқинда келиши ҳақида огоҳлантираётган кишиларни масхара қилишяпти. Аммо Худонинг хизматчиларини бу таажжубга солмаяпти. Чунки улар ҳаворий Бутруснинг сўзларини ёдда тутишади: «Аввало шуни билингларки, охирги кунларда ўз нафсига маҳлиё бўлиб юрадиган ҳаёсиз масхарабозлар пайдо бўлади. Улар: “Раббингизнинг қайтиши тўғрисидаги ваъда қани? Мана, ота-боболаримиз ўтгандан буён, ҳамма нарса аввал бошда қандай яратилган бўлса, шундай турибди”,— деб масхара қиладилар» (2 Бутрус 3:3, 4).
7. Қандай қилиб маънан ҳушёр бўлишимиз мумкин?
7 Бундай салбий таъсирга берилмасликка ва маънан ҳушёр бўлишга нима ёрдам беради? Ҳаворий Бутрус бундай деб ёзган: «Сизда пок фикр уйғотишга ҳаракат қилмоқдаман. Муқаддас пайғамбарларнинг илгариги вақтларда айтган сўзларини, шунингдек... Халоскоримиз Исонинг Ўз ҳаворийларига сизлар учун топширган васиятини эслаб туришингизни истайман» (2 Бутрус 3:1, 2). Агар пайғамбарларнинг айтган сўзларига амал қилсак, «пок фикр» уйғотишга ҳаракат қиламиз. Эҳтимол, бу эслатмаларни кўп маротаба эшитгандирмиз, лекин ҳозир ушбу огоҳлантиришларга ҳар қачонгидан ҳам риоя қилишимиз лозим (Ишаё 34:1–4; Луқо 21:34–36).
8. Нимага кўпчилик Муқаддас Китобдаги эслатмаларга аҳамият беришмайди?
8 Нимага кўпчилик бу эслатмаларга аҳамият беришмайди? Чунки ҳаворий Бутрус давом этиб: «Улар атайлаб шуни эсдан чиқарадиларки, азалда Худонинг каломи орқали еру осмон бунёд бўлган. Ер эса сувдан чиқиб, сув билан яратилган. Яна сувдан — тўфон сувидан қадимги дунё маҳв бўлган»,— деб ёзган (2 Бутрус 3:5, 6). Тўғри, Яҳованинг куни келишини истамайдиган одамлар бор. Улар одатдаги ҳаётларига бирор нарса халақит беришини хоҳлашмайди. Бундай кишилар ўз қилмишлари учун Яҳова олдида жавоб беришни истамайдилар. Ҳаворий Бутрус тушунтирганидай, улар «атайлаб» шундай яшашмоқда.
9. Нуҳ пайғамбар ва Лут кунларидаги одамлар огоҳлантиришларга қандай муносабатда бўлишган?
9 Бу масхарабозлар «атайлаб» шундай ҳаёт кечиришаётган экан, улар Яҳова Таоло олдин ҳам инсонлар устидан ҳукм чиқаргани ҳақида ўйламасликни афзал кўришади. Масалан, Исо Масиҳ ва ҳаворий Бутрус бундай ҳукмларнинг иккитасини, яъни «Нуҳ пайғамбар даври» ва «Лут кунлари» ҳақида эслатиб ўтишган (Луқо 17:26–30; 2 Бутрус 2:5–9). Тўфондан олдин одамлар Нуҳ пайғамбарнинг огоҳлантиришга қулоқ солишмаган. Шунга ўхшаб, Садўм ва Ғамўра шаҳарлари вайрон қилинишидан аввал ҳам, Лутнинг «куёвлари назарида у ҳазил қилаётгандек туюлди» (Ибтидо 19:14).
10. Яҳова огоҳлантиришга қулоқ солмаётган одамлар ҳақида нима демоқда?
10 Бугунги кунда ҳам худди шундай бўлмоқда. Аммо Яҳова огоҳлантиришга қулоқ солмаётган одамларни жазолаб, уйларию экинзорлари уларга насиб қилмаслигини айтмоқда (Зафаниё 1:12, 13). Бундай одамлар кундалик ишлари билан шуғулланишни давом эттиришлари мумкин, лекин натижада қилган оғир меҳнатлари ҳеч қандай фойда келтирмайди. Нимага? Сабаби шундаки, Яҳованинг куни тўсатдан келиб, ҳатто йиғиб қўйган бойликлари ҳам ҳаётларини қутқара олмайди (Зафаниё 1:18).
Кутиб туринглар
11. Биз нимани ёдда тутишимиз лозим?
11 Гарчи бу ёвуз дунё Аллоҳнинг огоҳлантиришларини менсимаётган бўлса-да, биз Хабаққуқ пайғамбарнинг охирзамон ҳақидаги сўзларини ёдда тутишимиз лозим. У олган ваҳийда бу кун албатта рўёбга чиқиши ва уни кутиб туришимиз кераклиги таъкидланган (Хабаққуқ 2:3). Тўғри биз номукаммал инсонлар учун бу кун кечикаётгандай туюлиши мумкин, лекин Тангри Яҳова имилламаслиги эсимизда бўлиши керак. Унинг куни кутилмаганда, айнан У белгиланган вақтда келади (Марк 13:33; 2 Бутрус 3:9, 10).
12. Исо алайҳиссалом нима ҳақда огоҳлантирган эди ва унинг содиқ издошлари нима билан фарқ қилади?
12 Исо алайҳиссалом Яҳованинг кунини доимо ёдда тутишимиз қанчалик муҳимлигини айтган эди. Лекин ҳатто айрим издошлари бу кунни ҳаёлан орқага суришларини таъкидлаб ўтиб, бундай деб башорат қилганди: «Агарда ёмон ниятли хизматкор ўз кўнглида: “Хўжайиним яқин орада келмайди”,— деб ўйлаб, ўртоқларини уриб, ичкиликбозлар билан бирга еб-ичишни бошласа, у хизматкорнинг хўжайини кутмаган бир кунда, ўйламаган бир соатда келиб қолади-ю, уни тилка-пора қилади» (Матто 24:48–51). Ишончли ва ақлли хизматкор эса бу кунни садоқат ила кутмоқда. Ушбу хизматкор ҳушёр ва тайёр турганлиги учун, Исо ер юзида «ўзининг бутун мол-мулки устидан уни назоратчи қилиб қўйди» (Матто 24:42–47).
Кечиктирмаслик керак эди
13. Қандай қилиб Исо Масиҳ кечиктирмай ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди?
13 Биринчи асрдаги масиҳчилар маънан ҳушёр бўлишлари ўта муҳим бўлган. Улар «Қуддусни қўшинлар қуршаб олганини кўрганда», зудлик билан шаҳарни тарк этишлари керак эди (Луқо 21:20, 21). Бу воқеа милодий 66-йилда содир бўлди. Худонинг хизматчилари кечиктирмай ҳаракат қилишлари кераклигига Исо Масиҳ алоҳида эътибор қаратган эди: «Томнинг устида турганлар уйидан анжомларини олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин» (Матто 24:17, 18). Аммо шундай савол туғилмоқда: агар тарихда кўрсатилишича, Қуддус 66-йилдан сўнг яна тўрт йил эсон-омон турган бўлса, унда нимага Исонинг шогирдлари унинг сўзларига риоя қилиб, шаҳарни ўша пайтдаёқ тарк этишлари керак эди?
14, 15. Қуддусни қўшинлар қуршаб олганини кўришганда, нима учун масиҳчилар зудлик билан шаҳарни тарк этишлари керак эди?
14 Милодий 70-йилгача Қуддус Рим қўшинлари томонидан вайрон қилинмаган бўлса-да, ўша йилларни тинч ва бехавотир бўлган, деб айтиш қийин. Зеро бу вақт зўравонлик, қотиллик ва тартибсизликка тўлиб тошган эди. Бир тарихчи Қуддусдаги вазиятни «ваҳшиёна жиноятчиликларга тўлиб-тошган қонли қўзғолонлар» вақти каби тасвирлаган. йигитларни қўрғонлар қуришга олиб кетишар, қўлларига қурол олишга ва ҳарбий хизмат қилишга мажбурлашарди. Ҳарбий машғулотлар ҳар куни олиб бориларди. Бундай қаттиққўл чораларга эътироз билдирганларни хиёнаткор деб ҳисоблашган. Агар Худонинг хизматчилари имиллаб, шаҳарда қолиб кетишганида, улар ўта хавфли вазиятга тушиб қолишган бўларди (Матто 26:52; Марк 12:17).
15 Исо Масиҳнинг айтган сўзлари нафақат Қуддусдагиларга, балки «Яҳудияда бўлганларга» ҳам тегишли эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. Унинг сўзлари катта аҳамиятга эга бўлган, ахир Рим қўшинлари Қуддусдан чекинишганидан атиги бир неча ойлар ўтгач, улар яна урушни бошлашди. Аввалига, милодий 67-йилда римликлар Жалилани, бир йилдан сўнг эса Яҳудияни забт этишди. У ердаги вазият жуда оғир бўлган. Шунингдек, Қуддусни тарк этиш одамларга қийин бўлган. Шаҳар дарвозалари ҳимоя остида бўлиб, қочишга бўлган ҳар бир уриниш римликлар томонига ўтиш билан тенглаштирилган.
16. Биринчи асрдаги масиҳчилар сақланиб қолиш учун қандай нуқтаи назарга эга бўлишлари керак эди?
16 Юқорида айтиб ўтилганларни кўриб чиқиб, нима учун Исо алайҳиссалом кечиктириш хавфли деганини тушуняпмиз. Масиҳчилар ҳар нарсадан воз кечишга тайёр бўлишлари ҳамда моддий нарсаларга берилиб, маънан ҳушёрликни йўқотмасликлари лозим эди. Боз устига, Исонинг сўзларига биноан, улар бор-йўғларидан кўнгил узишга тайёр бўлишлари керак эди (Луқо 14:33). Дарҳақиқат, унинг сўзларига қулоқ солиб, зудлик билан Қуддусдан қочиб чиққанлар, сақланиб қолишган.
Маънан ҳушёр бўлинг
17. Нима учун маънан ҳушёр бўлишимиз керак?
17 Муқаддас Китобдаги башоратлар, охирзамоннинг сўнгги кунларида яшаётганимизни кўрсатиб турибди. Шундай экан, ҳар қачонгидан ҳам маънан ҳушёр бўлишимиз лозим. Мисол учун, уруш бўлмаган пайтда аскар ўзини танг аҳволда ва қўрқувда ҳис қилмайди. Бунга қарамай, агар у жангга шай бўлиб турмаса, бехосдан жангга чорловчи буйруқ берилганда, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Бу мисолни Худонинг хизматчиларига ҳам қўлласа бўлади. Бордию биз маънан ҳушёрлигимизни аста-секин йўқотсак, кутилмаганда Яҳованинг куни келганида, хавф-хатарларга тайёр эмаслигимиз билинади (Луқо 21:36; 1 Салоникаликларга 5:4). Агар кимдир Яҳовадан юз ўгирган бўлса, ҳозир Унга қайтишнинг айни вақтидир (Зафаниё 1:3–6; 2 Салоникаликларга 1:8, 9).
18, 19. «Худонинг куни» келишини қандай қилиб тезлаштиришимиз мумкин?
18 Ҳаворий Бутрус «Худонинг куни» келишини тезлаштириш кераклигига ундагани ажабланарли эмас! Хўш буни қандай қилиш мумкин? Масалан, биз бошқалардан «муқаддас юриш-туриш, диёнат билан» ажралиб туришимиз даркор (2 Бутрус 3:11, 12). Бу эса ўз навбатида «Худонинг кунини» умид билан кутишимизга ёрдам беради. Албатта биз Яҳованинг кунини том маънода тезлаштира олмаймиз. Лекин агар биз Аллоҳга хизмат қилиш билан банд бўлсак, вақт тезроқ ўтаётгандай туюлиши мумкин (1 Коринфликларга 15:58).
19 Худонинг каломи ва ундаги эслатмалар устидан мулоҳаза юритиш, бу кунни сабрсизлик билан, астойдил кутишимизга ёрдам беради (2 Бутрус 3:12). Бундай эслатмалар ичида, нафақат Яҳованинг келиши ҳақидаги, балки бу кунни кутаётганлар қут-баракаларга эга бўлишлари тўғрисидаги башоратлар мавжуд (Зафаниё 3:8).
20. Қандай даъватга чин қалбдан амал қилишимиз керак?
20 Ҳозир Зафаниё пайғамбарнинг даъватига чин дилдан амал қилишнинг айни пайтидир. Яъни Яҳованинг қаҳр-ғазаб куни келмагунига қадар, Худованднинг қонунларига риоя қилган барча беозор одамлар Уни ахтариб, адолат пайидан бўлишса, эҳтимол Яҳованинг кунида паноҳ топишади (Зафаниё 2:2, 3).
21. Яҳова Шоҳидларининг йиллик ояти қанақа бўлади?
21 Шундай экан, 2007-йил учун, Яҳова Шоҳидларининг йиллик ояти сифатида: «Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди»,— деган сўзлар танлангани бежиз эмас. Худонинг халқи бу кун «жуда тезлик билан яқинлашиб келаётганига» аминлар (Зафаниё 1:14, ЯДТ). У асло кечикмайди (Хабаққуқ 2:3). Келинг, қайси вақтда яшаётганимизни ҳамда ушбу башоратлар яқинда тўлиқ бажо бўлишини эсимизда сақлайлик!
Жавоб бера оласизми?
• «Яҳованинг улуғ куни» нима дегани?
• Нима учун кўпчилик инсонлар қандай пайтда яшаётганларига аҳамият беришмайди?
• Нима сабабдан биринчи асрдаги масиҳчилар маънан ҳушёр бўлишлари даркор эди?
• Маънан ҳушёр бўлишимизга нима ёрдам беради?
[11- саҳифадаги матн парчаси]
2007-йил учун йиллик оят: «Яҳованинг улуғ куни яқинлашиб қолди». Зафаниё 1:14, ЯДТ
[8- ва 9- саҳифадаги расмлар]
Нуҳ пайғамбар давридагидек, Яҳова ҳукмларини ижро этишга киришганида, мазах қилувчилар саросимага тушиб қоладилар
[10- саҳифадаги расм]
«Қуддусни қўшинлар қуршаб олганини кўрганда», масиҳчилар зудлик билан шаҳарни тарк этишлари керак эди