123- БОБ
Қаттиқ изтиробга тушганда ибодат қилади
МАТТО 26:30, 36–46 МАРК 14:26, 32–42 ЛУҚО 22:39–46 ЮҲАННО 18:1
ИСО ГЕТСЕМАНИЯ БОҒИДА
УНИНГ ТЕРИ ҚОНГА АЙЛАНАДИ
Исо содиқ ҳаворийлари билан ибодат қилишни тугатди. Энди улар «ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон йўл олишади». (Марк 14:26) Улар шарқ томонга, Исо тез-тез бориб турган Гетсемания боғига боришади.
Улар зайтун дарахтлари кўп бўлган хушманзара жойга келишганида, Исо саккизта ҳаворийсини қолдириб, яна йўлини давом эттиради. Эҳтимол, улар боғнинг кираверишида тўхташади. Чунки Исо уларга: «Мен нарироққа бориб ибодат қилгунимча, шу ерда ўтириб туринглар»,— дейди. Исо ўзи билан учта ҳаворийни — Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони олиб, боғнинг ичкарисига киради. Уни кучли хавотир босади. Исо уларга: «Ўлар ҳолатда қийналяпман. Шу ерда қолиб, мен билан бирга ҳушёр туринглар»,— деб айтади. (Матто 26:36–38)
Улардан нарироққа ўтиб, Исо тиз чўккач ибодат қила бошлайди. Ушбу танг аҳволда у Худодан нима сўрайди? «Ота! Сен ҳар нарсага қодирсан. Бу косани мендан узоқлаштир. Лекин мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин»,— дея ибодат қилади Исо. (Марк 14:35, 36) Қизиқ, у нимани назарда тутяпти? У Нажоткор бўлишдан воз кечяптими? Асло!
Исо осмонда бўлганида, римликлар одамларни қатл қилишганда улар қандай даҳшатли азоб чекишганини кўрган. Энди у инсон сифатида қўрқув ва оғриқ нима эканини тушуняпти ҳамда олдинда кутаётган воқеалар ҳақида ўйлаяпти. Энг муҳими, у разил жиноятчи сифатида ўлиши борасида жуда ҳам қаттиқ изтироб чекяпти. Бу эса Отасининг исмига доғ тушириши мумкин. Бир неча соатдан кейин у Худони ҳақоратлаган киши каби устунга михланади.
Исо узоқ ибодат қилиб бўлгач, учта ҳаворийнинг олдига қайтганида, улар ухлаб ётганини кўради. Кейин Бутрусга шундай дейди: «Мен билан бирга ҳеч бўлмаганда бир соат сергак тура олмадингизларми? Васвасага тушмаслик учун ҳушёр туриб, доим ибодат қилинглар». Исо ҳаворийларга ҳам ҳозир осон эмаслигини ва ярим кечаси эканини тушунади. Шунинг учун: «Руҳ тетик, тана эса заифдир»,— деб қўшиб қўяди. (Матто 26:40, 41)
Сўнг Исо иккинчи марта кетади ва Худодан «бу коса» уни четлаб ўтишини сўрайди. Қайтиб келганида эса, учта ҳаворий васвасага тушмаслик учун ибодат қилишнинг ўрнига, яна ухлаётганини кўради. Исо мурожаат қилганида улар «нима деб жавоб беришни билишмайди». (Марк 14:40) Кейин Исо учинчи марта кетиб, ибодат қилиш учун тиз чўкади.
У жиноятчи сифатида ўлиб Отасининг исмига доғ туширишдан хавотирда. Яҳова Ўғлининг илтижоларини тинглаб, уни мустаҳкамлаш учун фариштасини юборади. Ҳатто шунда ҳам, Исо Отасига мурожаат қилишни тўхтатмай, «жон-жаҳди билан ибодат қилишда давом этади». Ҳа, ҳиссий зўриқиш ниҳоятда кучли! Ахир Исонинг бўйнига катта масъулият юкланган! Ҳам ўзининг, ҳам художўй одамларнинг абадий ҳаёти ҳақида гап кетяпти. «Унинг тери қонга айланиб ерга тома бошлайди». (Луқо 22:44)
Исо учинчи марта ҳаворийларнинг олдига борганида, улар яна ухлаб ётган бўлади. «Шундай вақтда ухлаб, дам олиб ётибсизларми?! — дейди Исо.— Мана, Инсон Ўғли гуноҳкорларнинг қўлига тутиб бериладиган вақт ҳам келди. Туринглар, кетдик. Хоин яқинлашиб қолди». (Матто 26:45, 46)