13- БОБ
Исо Шайтонга қарши туради
МАТТО 4:1–11 МАРК 1:12, 13 ЛУҚО 4:1–13
ШАЙТОН ИСОНИ ВАСВАСАГА СОЛАДИ
Исо сувга чўмганидан кейин дарҳол Худонинг руҳи уни Яҳудия саҳросига бошлаб кетади. У кўп нарса ҳақида ўйлаб кўриши керак. Исо сувга чўмганида «осмон очилиб кетди». (Матто 3:16) Ўшанда у осмонда нима қилганини ва ўрганганини эслади. Чиндан ҳам у кўп нарса тўғрисида мулоҳаза қилиши лозим!
Исо 40 кечаю 40 кундуз саҳрода қолади. Шу вақт мобайнида у ҳеч нарса емайди. Охири Исо жуда оч қолганида, Шайтон Иблис унинг ёнига келиб васвасага сола бошлайди: «Агар сен Худонинг ўғли бўлсанг, мана бу тошларга буюр, улар нонга айлансин». (Матто 4:3) Аммо Исо, шахсий эҳтиёжларини қондириш ниятида мўъжизалар яратиш қобилиятидан фойдаланиш нотўғри эканини билади. Шунинг учун у Иблиснинг таклифини рад этади.
Аммо Иблис таслим бўлмайди. У бошқача йўл тутади. У Исони маъбаднинг энг юқори жойидан ўзини пастга ташлашга ундайди. Лекин Исо ўзини ҳаммага кўз-кўз қилишни хоҳламайди. Аксинча, Муқаддас Ёзувларга ишора қилиб, бундай тарзда Худони синаш нотўғри эканлигини айтади.
Учинчи марта Иблис қандайдир тарзда Исога «дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини кўрсатиб, шундай деди: “Буларнинг ҳаммасини сенга бераман, фақат менга бир марта тиз чўкиб сажда қилсанг бас”». Бу сафар ҳам Исо Шайтоннинг таклифини қатъий рад этиб, шундай жавоб беради: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» (Матто 4:8–10). Аллоҳга содиқ қолиш ниятида Исо васвасага берилмайди, чунки у фақат Яҳовага муқаддас хизматни адо этиш кераклигини билади.
Бу васвасалардан ва Исонинг жавобидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Шайтон чиндан ҳам Исони васвасага солган. Баъзилар ўйлагандек, Иблис одамнинг ичидаги ёвузлик эмас, балки кўринмас мавжуд шахсдир. Бундан ташқари, бу воқеадан ер юзидаги барча ҳукуматлар Иблисга тегишли ва унинг ҳукми остида экани аниқ кўриниб турибди. Акс ҳолда, унинг таклифи Масиҳ учун васваса бўлмасди.
Боз устига, Иблиснинг ваъда беришича, Исо ҳеч бўлмаса бир марта унга сажда қилганида, дунёнинг барча шоҳликларини берарди. Демак, Иблис бизни ҳам шу йўл билан васвасага солиши мумкин. Масалан, бу дунёда бойлик, ҳокимият ва юксак мартабага эга бўлишдек ҳаваслар билан у қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришга уста. Аммо васваса қандай бўлишидан қатъи назар, Исонинг ўрнагига тақлид қилиб, Худога содиқ қолсак нақадар оқилона бўлади! Лекин ёдингизда бўлсин, Иблис Исони «қулай фурсатгача» тарк этди. (Луқо 4:13) Биз билан ҳам у шундай йўл тутиши мумкин, шунинг учун ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак.