Ваъда қилинган зот ҳақида башоратлар
ЯҲУДО халқи Ишаё ва бошқа пайғамбарларнинг ваъда қилинган зот, яъни Масиҳ ҳақидаги башоратларини яхши биларди. Чунки Инжилда «халойиқ умидвор бўлиб», Масиҳ ким экан дея кутишаётгани тўғрисида ўқиймиз (Луқо 3:15). Ва қизиғи шундаки, ушбу зотга оид кўпдан-кўп башоратларни ҳеч бир одам ўзидан-ўзи шунча тафсилотлар ила айта олмас, боз устига бу тафсилотлар Исода рўёбга чиқишига ҳисса қўша олмас эди.
Масиҳ туғилиши. Ишаё пайғамбар Масиҳ бокира қиздан туғилишини каромат қилган. Исонинг мўъжизавий тарзда туғилишини баён этганидан сўнг, Инжил ёзувчиларидан бири бўлган Исонинг шогирди Матто: «Буларнинг бари эса Худованднинг пайғамбар орқали айтгани бажо келиши учун рўй берди. Пайғамбар: “Қиз ҳомилали бўлғай ва ўғил туққай”»,—дея баёнотини давом этди (Матто 1:22, 23; Ишаё 7:14). Ишаё шунингдек Масиҳ, Ишай ўғли бўлмиш подшоҳ Довуд хонадонидан чиқиб келишини башорат қилган. Худди шундай бўлди ҳам (Матто 1:6, 16; Луқо 3:23, 31, 32). Дарвоқе, Исонинг туғилишидан аввал, бир фаришта унинг онасига: «Худойи Таоло Унга отаси Довуднинг тахтини бергай»,— деб хабар етказган эди (Луқо 1:32, 33; Ишаё 11:1–5, 10; Римликларга 15:12).
Масиҳнинг ҳаёти. Бир куни Исо ибодатхонага кириб, Ишаё китобининг кичик парчасини ўқиди: «Худованднинг Руҳи Менга ёр. У Мени муқаддас мой-ла мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун». Бу сўзларни Исо ўзига қўллаб: «Сизлар эшитган калом шу бугун бажо бўлди»,— деди (Луқо 4:17–21; Ишаё 61:1, 2). Ишаё, Масиҳнинг камтаринлик, мулойимлик, ёрдамга муҳтож бўлганларга ҳамдардлик каби фазилатларини ҳам қаламга олган. Матто эса буни тасдиқлаб, қуйидагини баён этди: «Тумонат халойиқ Исонинг кетидан эргашди, У эса ҳамма касалларини соғайтирди. Ўзини ошкор этмоқни уларга қатъий ман қилди. Шу билан Ишаъё пайғамбарга келган қуйидаги Худо каломи бажо бўлди: “[...] У талашмас, тортишмас ҳам, кўча-кўйда сира бақирмас. Синдирмагай букик қамишни, ўчирмагай тутаётган пиликни-да”» (Матто 8:16, 17; 12:10–21; Ишаё 42:1–4; 53:4, 5).
Масиҳнинг азоблари. Ишаё, исроилликларнинг кўпчилиги Масиҳни қабул қилмайди, улар учун у «тўсиқ тош», унга улар «қоқиладилар» деб башорат қилган (1 Бутрус 2:6–8; Ишаё 8:14, 15). Чиндан ҳам, «Исо омманинг кўз ўнгида шунча кўп ибратли мўъжизалар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар. Шу тариқа Ишаъё пайғамбарнинг айтган сўзи бажо бўлди: “Ё Худоё Худовандо! Берган хабаримизга ким ҳам ишонди?”» (Юҳанно 12:37, 38; Ишаё 53:1). Аслида яҳудийлар, Масиҳ Рим ҳокимиятини енгиб, ер юзида Довуд салтанатини тиклайди, деган нотўғри тасаввурлари сабабли Исони қабул қилмадилар. Уларнинг фикрича агар Исо азоб чекиб ўлган бўлса, у қандай қилиб Масиҳ бўла олади. Аммо исроилликлар шуни унутишдики, Масиҳ подшоҳ бўлишидан аввал, азоб чекиши муқаррар эканини Ишаё олдиндан айтган эди.
Ишаё пайғамбар Масиҳга шапалоқлар тортишларини, юзига тупуришларини, у эса ўзини олиб қочмаслигини башорат қилган. Бу нарсалар худди шундай бўлганини кўрган Матто ҳам мана шундай ёзиб қолдирган: «Улар Исонинг юзига тупуриб, Уни муштлай бошладилар. Бошқалари эса Уни шапалоқладилар» (Ишаё 50:6; Матто 26:67). Ишаё, Масиҳ айбловларга ҳатто жавоб бермай, жим туришини айтганди. Ва ҳақиқатан ҳам Яҳудия вилоятида Рим ҳокими бўлган Пўнтий Пилат Исони сўроқ қилганида, у «бирон жавоб қайтармади. Ҳоким эса жуда ҳайрон бўлди» (Ишаё 53:7; Матто 27:12–14; Ҳаворийлар 8:28, 32–35).
Масиҳнинг ўлими. Ишаё пайғамбар Масиҳнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотларни ва боз устига ундан кейинги бўладиган воқеаларни ҳам аниқ башорат қилди. Масалан, Масиҳ бетавфиқлар ва шу билан бирга бойлар қатори дафн қилиниши керак эди (Ишаё 53:9). Хўш, бу нима дегани экан? Гап шундаки, Исо иккита қароқчи орасида устунга осиб қатл қилинган (Матто 27:38). Лекин унинг жасади, Ариматея шаҳридан бўлган Юсуф исмли бир бой одамнинг янги қабрига қўйилди (Матто 27:57–60). Энг муҳими эса Исонинг ўлими билан Ишаёнинг бир муҳим каромати бажо бўлди. Пайғамбарнинг сўзлари бўйича, Масиҳ кўпларнинг гуноҳини ўзига олиб, кўпларни солиҳликка етаклайди. Ҳа, Исонинг тўкилган қони эвазига Аллоҳга содиқ бўлган кимсаларнинг гуноҳи кечирилади (Ишаё 53:8, 11; Римликларга 4:25).
Муқаддас Китоб башоратлари ишончга сазовор
Масиҳ ким эканини Муқаддас Китоб асосида кўрсатиш учун, Исонинг ўзи ҳам, унинг шогирдлари ҳам бошқа илоҳий ёзувларга қараганда Ишаё китобига кўпроқ ишора қилишарди. Бироқ нафақат Ишаё пайғамбар башоратлар қилган. Таврот билан Забурда Исога, унинг Шоҳлигига ва келажакда бу Шоҳлик нималар қилишига оид кўплаб башоратларни топишимиз мумкинa (Ҳаворийлар 28:23; Ваҳий 19:10). Улар рўёбга чиқишига амин бўлишимиз мумкинми? Ҳазрати Исонинг ўзи тингловчиларига шундай деганлар: «Мени Таврот ёки пайғамбар оятларини бекор қилгани келди, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келдим. Сизга чинини айтайин: еру осмон тугамагунча ва тақдир этилган ҳамма нарса амалга ошмагунча, Тавротдан на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади» (Матто 5:17, 18).
Исо Масиҳнинг ҳаётида Муқаддас Китобнинг кўплаб башоратлари амалга ошди. Шу билан бирга Исо яна инсоният келажагига доир кўплаб башоратлар айтиб ўтган (Дониёр 9:27; Матто 15:7–9; 24:15). Ҳа, Исонинг ўзи ва унинг шогирдлари бизнинг вақтимизда содир бўлаётган воқеаларни олдиндан каромат қилишган. Кейинги мақолада Муқаддас Китобнинг айнан шу башоратларни кўриб чиқамиз.
[Изоҳ]
a Исо Масиҳда бажо бўлган бошқа башоратлар ҳақида билиш учун, марҳамат қилиб Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 200- бетига қаранг.
[4- саҳифадаги расм]
«Қиз ҳомилали бўлғай ва ўғил туққай»
[5- саҳифадаги расм]
Масиҳга шапалоқлар тортишган, юзига тупуришган, у эса ўзини олиб қочмади