12- БОБ
«Уларни бир халқ қиламан»
БУ БОБДА: Яҳованинг Ўз халқини бирга йиғиш тўғрисидаги ваъдаси; иккита таёқ ҳақида башорат
1, 2. а) Сургундагилар нега ваҳимага тушган бўлиши мумкин? б) Нима уларни ҳайрон қолдирди? в) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?
ИЛОҲИЙ йўл-йўриққа биноан, Ҳизқиё Бобилда сургунда бўлганларга бир қатор башоратларни белгилар ёрдамида тасвирлаб берган. Ҳизқиё тасвирлаб берган биринчи, иккинчи, учинчи ва бошқа башоратлар ҳукм хабарини ўз ичига олган. (Ҳиз. 3:24–26; 4:1–7; 5:1; 12:3–6) Дарҳақиқат, у яҳудийларга белгилар ёрдамида тасвирлаб берган барча башоратлар шафқатсиз ҳукм хабаридан иборат эди.
2 Ҳизқиё навбатдаги башоратни тасвирлаб бериш учун сургундагиларнинг қаршисига туриб олганида улар ваҳимага тушганини кўз олдингизга келтириб кўринг. Улар: «Бу сафар қандай шум хабар эшитар эканмиз?» — деб ўйлашгандир. Аммо улар ҳайрон қолишди. Ҳизқиё бу гал тасвирлаб бермоқчи бўлган башорат буткул фарқ қилади. У даҳшатли ҳукм эмас, умид бахш этувчи ваъдани ўз ичига олади. (Ҳиз. 37:23) Ҳизқиё сургундагиларга қандай хабарни етказган? Унинг маъноси қанақа? Бугунги кундаги Худонинг хизматчиларига у қандай таъсир қилади? Келинг билиб оламиз.
«Улар қўлимда битта таёқ бўлиб қолади»
3. а) «Яҳудо... учун» таёқ нимани билдирарди? б) Қанақасига Эфрайим ўн қабилали шоҳликни англатарди?
3 Яҳова Ҳизқиёга иккита таёқ олишни ва бирининг устига «Яҳудо... учун», бошқасиникига «Эфрайимни билдирувчи Юсуфнинг таёғи... учун» деб ёзишни буюради. (Ҳизқиё 37:15, 16 ни ўқинг.) Бу иккита таёқ нимани билдирарди? «Яҳудо... учун» таёқ Яҳудо ва Беняминдан иборат икки қабилали шоҳликни билдирарди. Яҳудодан келиб чиққан шоҳлар иккита қабила устидан бошқаришган; руҳонийлар ҳам улар билан бирликда бўлишган, чунки руҳонийлар Қуддусдаги маъбадда хизмат қилишган. (2 Сол. 11:13, 14; 34:30) Шунинг учун Яҳудо шоҳлиги Довуднинг сулоласидан бўлган шоҳларни ва леви руҳонийларни қўллаб-қувватлаган. «Юсуфнинг таёғи» Эфрайимни билдирган. Эфрайим эса ўн қабилали Исроил шоҳлигини англатарди. Қанақасига? Ўн қабилали шоҳликнинг биринчи шоҳи Эфрайим қабиласидан бўлган Ёрубом эди. Вақт ўтиб Эфрайим Исроилда устувор қабилага айланди. (Қонун. 33:17; 3 Шоҳ. 11:26) Эътиборли томони шундаки, ўн қабилали Исроил шоҳлигига Довуднинг сулоласидан бўлган шоҳлар ҳам, леви руҳонийлар ҳам кирмаган.
4. Ҳизқиёнинг таёқлар билан қилган кейинги ҳаракати нимани тасвирлаган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
4 Кейин Ҳизқиёга «битта таёқ бўлиши учун» иккита таёқни бирга ушлаш буюрилди. Сургундагилар ваҳимага тушган ҳолда Ҳизқиёни кузатиб туришар экан, ундан: «Бу нимани англатишини бизга айтиб бермайсанми?»— деб сўрашди. Жавобан у Яҳованинг Ўзи амалга оширадиган ишларни тасвирлаб бераётганини айтди. Иккита таёқ ҳақида Яҳова шундай деган эди: «Уларни битта таёқ қиламан ва улар қўлимда битта таёқ бўлиб қолади». (Ҳиз. 37:17–19)
5. Ҳизқиё иккита таёқни бирлаштиргани нимани англатган? («Иккита таёқнинг бирлаштирилиши» номли рамкага қаранг.)
5 Кейин Яҳова иккита таёқнинг бирлаштирилиши нимани англатишини тушунтирган. (Ҳизқиё 37:21, 22 ни ўқинг.) Икки қабилали Яҳудо шоҳлигидан ва ўн қабилали Исроил (Эфрайим) шоҳлигидан бўлган сургун қилинганлар Исроил юртига қайтариб олиб келинади ва у ерда улар «бир халқ» бўлади. (Ерм. 30:1–3; 31:2–9; 33:7)
6. Ҳизқиё 37- бобда бир-бирини тўлдирувчи қандай башоратлар ёзилган?
6 Ҳизқиё 37- бобда ёзилган тикланиш — «қуриб кетган» суяклар ва иккита таёқ — тўғрисидаги бир-бирини тўлдирувчи башоратлар нақадар ажойиб! Яҳова нафақат ҳаётга қайтарувчи (1–14- оятлар), балки бирликни тиклай оладиган (15–28- оятлар) Худо эканини исботлайди. Ушбу иккита башорат орқали қуйидаги далдали хабар етказиб берилмоқда: ўлимнинг чораси, бўлиниш каби муаммонинг эса ечими бор.
Қандай қилиб Яҳова уларни йиғади?
7. Қандай қилиб 1 Солномалар 9:2, 3 даги баёнот «Тангри учун имконсиз нарса йўқ» эканини исботламоқда?
7 Инсоний нуқтаи назардан қараганда сургунда бўлганларнинг озод этилиши ва бирлашиши умуман имконсиздай кўринганa. «Аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ». (Мат. 19:26) Яҳова башоратини амалга оширди. Бобилда сургунликда бўлганлар мил. авв. 537 йилда озод этилишди, сўнг иккала шоҳликка тегишли бўлганлар Қуддусга қайтиб келиб ҳақ топиниш тикланишига кўмаклашишди. Илоҳий илҳом билан ёзилган манба тасдиқлаб турганидек «Яҳудо, Бенямин, Эфрайим ва Манаше авлодларидан баъзилар» Қуддусга келиб ўрнашди. (1 Сол. 9:2, 3; Эзра 6:17) Дарҳақиқат, Яҳова башорат қилганидек, ўн қабилали Исроил шоҳлигининг аъзолари икки қабилали Яҳудо шоҳлигининг аъзолари билан бирлашишди.
8. а) Ишаё нимани башорат қилган? б) Ҳизқиё 37:21 да қандай иккита муҳим нарса ҳақида айтилган?
8 Бундан тахминан 200 йил олдин Ишаё пайғамбар асирликдан кейин Исроил ва Яҳудо билан нима юз беришини башорат қилган. Унинг башоратига кўра, Яҳова «Исроилнинг тарқалиб кетганларини» тўплайди, «Яҳудонинг сочилиб кетганларини ернинг тўрт бурчагидан», жумладан, Оссуриядан йиғиб олади. (Ишаё 11:12, 13, 16) Чиндан ҳам, Яҳова башорат қилганидек, «исроилликлар қайси халқлар олдига боришган бўлса», уларни ўша ердан олиб келган. (Ҳизқиё 37:21) Бу ерда иккита муҳим нарсага эътибор қаратинг: шу ердан бошлаб Яҳова сургунда бўлганларга «Яҳудо» ва «Эфрайим» деб эмас, балки бир гуруҳ сифатида «Исроил» дея мурожаат қилган. Шунингдек, исроилликлар бир халқдан, яъни Бобилдан деб эмас, балки «ҳар томондан» дея турли халқлардан олиб келингани эслатиб ўтилган.
9. Сургундан қайтганлар бирлашиши учун Яҳова қандай ёрдам берди?
9 Сургунда бўлганлар Исроилга қайтганидан кейин бирлашишлари учун Яҳова уларга қандай ёрдам берди? У Исроилга Зарубабел, олий руҳоний Ёшуа, Эзра ва Нахимиё каби маънавий чўпонларни берди. Шунингдек, Худо Хаггей, Закариё ва Малаки пайғамбарларни тайинлади. Ушбу садоқатли эркаклар жон-жаҳдлари билан халқни Тангрининг кўрсатмаларига риоя қилишга ундашди. (Нахим. 8:2, 3) Бундан ташқари, Яҳова Исроил халқини душманлари уюштирган фитналардан ҳимоя қилди. (Эст. 9:24, 25; Закр. 4:6)
10. Шайтон охири қандай муваффақиятга эришди?
10 Яҳова севги ила ёрдам берганига қарамай, аксарият исроилликлар пок тарзда топинмайдиган бўлишди. Уларнинг қилмишлари сургундан қайтишганидан кейин ёзилган Муқаддас Китоб баёнотларида акс эттирилган. (Эзра 9:1–3; Нахим. 13:1, 2, 15) Сургундан қайтган асрнинг ўзида исроилликлар пок топинишдан шу қадар узоқлашиб кетишганки, Яҳова уларни: «Менга қайтинглар»,— деб ундашга мажбур бўлган. (Мал. 3:7) Исо ер юзига келган пайтда яҳудийларнинг дини бевафо чўпонлар етакчилик қилган бир қанча мазҳабларга бўлиниб кетган эди. (Мат. 16:6; Марк 7:5–8) Шайтон тўлиқ бирликка эришишга тўсқинлик қилиб, муваффақият қозонди. Шунга қарамай, Яҳованинг бирлаштириш тўғрисидаги башорати пучга чиқмади. Қанақасига?
«Хизматкорим Довуд уларнинг шоҳи бўлади»
11. а) Бирлаштириш ҳақидаги башорати борасида Яҳова нимани ошкор этди? б) Осмондан ҳайдалганидан кейин Шайтон нима қилишга қайта киришди?
11 Ҳизқиё 37:24 ни ўқинг. Яҳова хизматкори «Довуд», яъни Исо Шоҳ бўлиб бошқара бошлаганда бирлаштириш ҳақидаги башорати тўлиқ амалга ошишини ошкор этди. Бу воқеа 1914 йили содир бўлдиb. (2 Шоҳ. 7:16; Луқо 1:32) Бу пайтга келиб Исроил халқининг ўрнини рамзий Исроил, яъни мойланганлар эгаллади. (Ерм. 31:33; Галат. 3:29) Шайтон айниқса осмондан ҳайдалганидан кейин Худо халқининг бирлигини барбод қилишга қайта киришди. (Ваҳ. 12:7–10) Мисол учун, 1916 йили биродаримиз Расселлнинг ўлимидан сўнг, Шайтон муртадлардан фойдаланиб мойланганлар орасида бўлиниш пайдо қилиш имконини кўрди. Бироқ кўп ўтмай ўша муртадлар ташкилотни тарк этишди. Шунингдек, етакчиликни зиммасига олган биродарларни қамоққа ташлаб Шайтон муваффақиятга эришди, лекин бу ҳам Яҳованинг халқи йўқ бўлиб кетишига олиб келмади. Яҳовага садоқатли бўлган мойланган биродарлар бирликни сақлашди.
12. Нега Шайтоннинг рамзий Исроилни бўлиб ташлаш йўлидаги уринишлари бесамар бўлди?
12 Шундай қилиб, Исроил халқидан фарқли ўлароқ, рамзий Исроил Шайтоннинг фитналарига қарши тура олди. Нега Шайтоннинг уринишлари бесамар бўлди? Чунки мойланганлар жон-жаҳди билан Яҳованинг меъёрларига риоя қилишди. Натижада улар Шайтон устидан ғалаба қозониб келаётган Шоҳлари Исо Масиҳнинг ҳимоясига эга бўлишди. (Ваҳ. 6:2)
Яҳова Унга топинадиганларни бирлаштиради
13. Иккита таёқнинг бирлаштирилиши ҳақидаги башоратдан қандай муҳим ҳақиқатни билиб оляпмиз?
13 Иккита таёқнинг бирлаштирилиши ҳақидаги башорат бизнинг вақтимизда қандай аҳамиятга эга? Башорат иккита гуруҳ қай йўсин бирлашишини тасвирлашини эсланг. Бундан ташқари, башоратда бирликка Яҳова туфайли эришилиши таъкидлаб ўтилган. Хўш, иккита таёқ бирлаштирилиши ҳақидаги башорат пок топиниш билан боғлиқ қандай муҳим ҳақиқатга урғу беряпти? Оддий қилиб айтганда, Яҳованинг Ўзи Унга топинадиганларни бирлаштиради. (Ҳиз. 37:19)
14. Қандай қилиб 1919 йилдан эътиборан, иккита таёқнинг бирлаштирилиши ҳақидаги башорат кенг кўламда амалга оша бошлади?
14 Худонинг халқи маънан тозаланиб, маънавий жаннатга кира бошлаганидан сўнг, яъни 1919 йилдан эътиборан, иккита таёқнинг бирлаштирилиши ҳақидаги башорат кенг кўламда амалга оша бошлади. Бу пайтга келиб бирлашган ҳолда бўлганларнинг кўпи осмонда шоҳлар ва руҳонийлар бўлиш умидига эга эди. (Ваҳ. 20:6) Рамзий маънода ўша мойланганлар «Яҳудо... учун» таёқ — Довуднинг сулоласидан бўлган шоҳлар ва леви руҳонийлардан таркиб топган халқ каби эди. Вақт ўтгани сайин бу рамзий яҳудийларга ер юзида яшашга умид қилган кишилар қўшилаверди. Бундай кишилар Эфрайимни билдирган «Юсуфнинг таёғи» — Довуднинг сулоласидан бўлмаган шоҳлар, леви руҳонийлар қаторига кирмаган халқ каби эди. Бу иккала гуруҳ Яҳованинг халқи сифатида, ягона Шоҳлари бўлмиш Исо Масиҳнинг бошчилиги остида, бирлашган ҳолда хизмат қилмоқда. (Ҳиз. 37:24)
«Улар Менинг халқим» бўлади
15. Ҳизқиё 37:26, 27 даги башоратли сўзлар бугунги кунда қандай бажо бўлмоқда?
15 Ҳизқиёнинг башоратига кўра, кўплар мойланганлар билан биргаликда пок тарзда топинишга хоҳиш билдиради. Яҳова Ўз халқи тўғрисида шундай деган: «Уларни... кўпайтираман. [...] Чодирим уларнинг устида бўлади». (Ҳиз. 37:26, 27, изоҳ) Бу сўзлар бизга Ҳизқиёнинг давридан қарийб 700 йил кейин яшаган ҳаворий Юҳаннонинг: «Тахтда Ўтирган эса чодирини уларнинг [улкан оломоннинг] устига ёяди»,— деган сўзларини эслатади. (Ваҳ. 7:9, 15) Бугун мойланганлар ва улкан оломон бир халқ — Худонинг халқи бўлиб, Унинг ҳимоя берувчи чодири остида яшаб келмоқда.
16. Рамзий Исроилнинг ер юзида яшашга умиди бор кишилар билан бирлашиши ҳақида Закариё қандай башорат айтган?
16 Рамзий яҳудийларнинг ер юзида яшашга умиди бўлганлар билан бирлашиши сургундан қайтган Закариё пайғамбар томонидан ҳам башорат қилинган эди. Унинг ёзишича, «барча халқлардан бўлган... ўн киши бир яҳудийнинг кийимидан... маҳкам ушлаб олиб: “Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик”», дейди. (Закр. 8:23) «Яҳудий» деган сўз алоҳида бир кишини эмас, балки бир гуруҳ инсонларни, «сизлар» дегани эса бугун мойланганларнинг қолган қисмини, яъни рамзий яҳудийларни билдиради. (Рим. 2:28, 29) «Ўн киши» ер юзида яшашга умиди бор кишиларни англатади. Улар мойланганларни «маҳкам ушлаб олиб», улар билан боришади. (Ишаё 2:2, 3; Мат. 25:40) «Маҳкам ушлаб олиб» ва «сиз билан борамиз» иборалари бу иккала гуруҳ бутунлай бирликда эканини таъкидламоқда.
17. Биз баҳраманд бўлаётган бирликни Исо қандай тасвирлаган?
17 Исо қўйларига (мойланганлар) ва бошқа қўйларига (ер юзида яшашга умиди борлар) чўпонлик қилиши ва улар «бир сурув» бўлиши тўғрисида гапирганида, Ҳизқиёнинг бирлаштириш ҳақидаги башоратини назарда тутган бўлиши мумкин. (Юҳан. 10:16; Ҳиз. 34:23; 37:24, 25) Умидимиз қанақа бўлишидан қатъи назар, Исонинг ушбу сўзлари ва қадимги пайғамбарларнинг башоратлари биз баҳраманд бўлаётган ҳайратомуз бирликни ажойиб тарзда тасвирламоқда! Сохта дин сон-саноқсиз мазҳабларга бўлиниб кетган бир пайтда, биз мўъжизавий бирликни ҳис этяпмиз.
«Муқаддас масканим уларнинг орасида абадий» ўрнатилади
18. Ҳизқиё 37:28 дан кўриниб турганидек, Худонинг халқи «дунёга тегишли» бўлмаслиги нега жуда муҳим?
18 Ҳизқиёнинг бирлаштириш ҳақидаги башоратида келтирилган якуний сўзларда бирлигимиз асло бузилмаслигига бизни нима ишонтириши таъкидланган. (Ҳизқиё 37:28 ни ўқинг.) Яҳованинг муқаддас маскани, яъни пок топиниш «уларнинг орасида» бўлгани учун, Унинг халқи бирликда. Улар ўзини муқаддас, яъни Шайтоннинг дунёсидан ажратилган ҳолда сақлашсагина Яҳованинг муқаддас маскани уларнинг орасида бўлади. (1 Кор. 6:11; Ваҳ. 7:14) Исо ҳам бу дунёга тегишли бўлмаслик муҳим эканини таъкидлаган эди. Ер юзидаги умрининг сўнгги кечасида қилган қайноқ ибодатида у шундай деган: «Эй Муқаддас Отам, улар ҳам... бир бўлишлари учун... уларни ҳимоялагин. [...] Улар ҳам дунёга тегишли эмас. Уларни ҳақиқат ёрдамида муқаддас қилгин». (Юҳан. 17:11, 16, 17) Исо «бир бўлиш» ва «дунёга тегишли эмас» деган ибораларни бир-бири билан қандай боғлаганига эътибор беринг.
19. а) «Аллоҳга тақлид қилинглар» деган даъватга мувофиқ йўл тутаётганимизни қандай исботлаймиз? б) Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдларига бирлик тўғрисида қандай муҳим ҳақиқатни таъкидлаган эди?
19 Бу Исо Худога «Муқаддас Отам» дея мурожаат қилгани ёзилган ягона оят. Яҳова бутунлай пок ва тўғридир. Яҳова қадимги Исроил халқига: «Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман»,— деб амр этган. (Лев. 11:45) «Аллоҳга тақлид қилинглар» деган даъватга мувофиқ, биз бутун юриш-туришимизда мазкур амрга риоя қилишни истаймиз. (Эфес. 5:1; 1 Бутр. 1:14, 15) «Муқаддас» сўзи инсонларга қарата айтилганда «ажратиб олинган» деган маънога эга. Демак, ўзини бу дунёдан ва унинг бўлиниш келтириб чиқарувчи руҳидан ажратилган ҳолда сақлаган тақдирдагина ораларида бирлик бўлади, деган фикрни Исо ўлимидан олдинги кечада шогирдларига таъкидлаган эди.
«Уларни Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан»
20, 21. а) Яҳованинг ҳимоясига бўлган ишончимизни нима янада оширмоқда? б) Нима қилишга қарор қилдингиз?
20 Бутун дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари ўртасида мисли кўрилмаган бирлик борлиги, Исонинг: «Уларни... Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан»,— деган илтимосига Яҳова жавоб берганини яққол исботламоқда. (Юҳанно 17:14, 15 ни ўқинг.) Худо халқининг бирлигини барбод қилиш йўлидаги Шайтоннинг уринишлари бесамар бўлганини кўриш, Тангримизнинг ҳимоясига бўлган ишончимизни янада оширмоқда. Яҳова Ҳизқиёнинг башоратида айтганидек, иккита таёқ Унинг қўлида битта бўлиб қолади. Демак, Яҳова ҳимоя берувчи қўли остида Ўз халқини мўъжизавий равишда бирлаштирди. Шайтон бу ерда ожиз эди.
21 Хўш, қароримиз қандай бўлиши керак? Ҳозир баҳраманд бўлаётган қимматбаҳо бирлигимизга ҳисса қўшиш учун жон-жаҳдимиз билан меҳнат қилишни давом эттиришимиз даркор. Қандай муҳим йўл билан ҳар биримиз буни қила оламиз? Яҳованинг рамзий маъбадида мунтазам равишда пок топинишда иштирок этиш орқали. Бундай топинишга нима кириши навбатдаги бобларда муҳокама қилинади.
a Ҳизқиё ушбу башоратни олишдан тахминан икки аср олдин, ўн қабилали шоҳликда яшовчилар (Эфрайимни билдирган «Юсуфнинг таёғи») оссурияликлар томонидан сургун қилинган эди. (4 Шоҳ. 17:23)