103- БОБ
Исо маъбадни яна тозалайди
МАТТО 21:12, 13, 18, 19 МАРК 11:12–18 ЛУҚО 19:45–48 ЮҲАННО 12:20–27
ИСО АНЖИР ДАРАХТИНИ ЛАЪНАТЛАЙДИ ВА МАЪБАДНИ ТОЗАЛАЙДИ
КЎП ИНСОНЛАРГА ҲАЁТ АТО ЭТИШ УЧУН ИСО ЎЛИШИ КЕРАК
Исо шогирдлари билан Ериходан Байтанияга келиб, у ерда уч кеча қолади. 10 нисон душанба куни тонг саҳарда улар Қуддусга йўл олишади. Исо оч қолади. Йўл-йўлакай анжир дарахтига кўзи тушиб, ёнига боради. Қизиқ, мевалари бормикан?
Ҳозир март ойининг охири, анжир дарахти эса июнь ойида ҳосил беради. Дарахт барглари вақтидан олдин пайдо бўлгани учун, унинг меваси ҳам бордир, деб Исо ёнига боради. Лекин битта ҳам мева топмайди. Барглар дарахтга алдамчи тус беради. Шунда Исо: «Бундан буён сенинг мевангни ҳеч ким емасин»,— дейди. (Марк 11:14) Дарахт шу заҳотиёқ қуришни бошлайди. Бўлиб ўтган воқеанинг маъноси кейинги кун аниқ бўлади.
Кўп ўтмай Исо шогирдлари билан Қуддусга келади. Исо бир кун аввал кундузи маъбадни кўздан кечирган эди. Бугун эса у уч йил олдин, мил. 30 йили Фисиҳ байрамида қилган ишини яна такрорлайди. (Юҳанно 2:14–16) Исо «маъбадга кириб, олди-сотди қилаётганларнинг ҳаммасини қувиб» чиқаради. Шунингдек, «пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб» юборади. (Марк 11:15) Бундан ташқари, маъбад ҳовлисидан бирор нима олиб ўтишга ҳам рухсат бермайди. Чунки шундай йўл тутиб одамлар шаҳарнинг бошқа қисмига ўтадиган йўлни қисқартиришарди.
Нега Исо маъбадда пул алмаштирувчи ва ҳайвон сотувчиларга қарши бундай қатъият ила чора кўради? У шундай дейди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим ибодат қилинадиган уй деб аталади”,— дейилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар». (Марк 11:17) Исо уларни қароқчилар деб атайди, сабаби улар қурбонлик келтириш учун сотиб олмоқчи бўлган одамларга ҳайвонларни қимматга сотишарди. Демак, Исо уларнинг ишини товламачилик ва қароқчилик билан солиштиргани ажабланарли эмас.
Албатта Исонинг бундай йўл тутганидан бош руҳонийлар, уламолар ва нуфузли кишилар хабар топишади ва уни ўлдириш мақсадида яна баҳона излай бошлашади. Лекин бу осон иш эмас, чунки Исони тингламоқчи бўлган халқ унинг ёнидан кетмайди.
Фисиҳ байрамига нафақат яҳудийлар, балки яҳудий динига кирганлар ҳам йиғилади. Муқаддас байрамга келганлар орасида юнонлар ҳам бор. Эҳтимол, улар Филипнинг исми юнонча бўлгани сабаб унинг олдига келиб, Исони кўрмоқчи эканини айтишади. Филип уларнинг илтимоси ўринли эканидан шубҳалангани учун Идрис билан маслаҳатлашади. Кейин иккаласи Исонинг олдига боради. У эса ҳали ҳам маъбадда бўлади.
Бир неча кундан кейин Исо ўлишини билади, шунинг учун ҳозир кимнингдир қизиқувчанлигини қондириш ёки машҳурликни излаш пайти эмас. У иккита ҳаворийга мисол келтириб, шундай дейди: «Инсон Ўғли улуғланадиган вақт келди. Ишонаверинг, буғдой дони ерга тушиб ўлмаса, бир донлигича қолади. Агар ўлса, мўл ҳосил келтиради». (Юҳанно 12:23, 24)
Буғдой дони аҳамиятсиз бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ у ерга тушиб «ўлса», дон эмас новда бўлади. Вақт ўтиб у кўп ҳосил берувчи буғдой поясига айланади. Худди шундай Исо ҳам ягона мукаммал инсондир. Аммо ўлимигача Худога садоқатли қолиб, у каби фидойи бўладиган кўп инсонларга ҳаёт ато этиши мумкин. Шунинг учун Исо қуйидагича айтади: «Ўз жонини севган, уни ҳалок қилади. Кимки бу дунёда ўз жонидан нафратланса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади». (Юҳанно 12:25)
Лекин Исо фақат ўзини назарда тутмайди. У: «Менга хизмат қилишни истаган киши орқамдан эргашсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам ўша ерда бўлади. Кимки менга хизмат қилса, Отам уни иззат қилади»,— дейди. (Юҳанно 12:26) Нақадар ажойиб мукофот! Ота иззат қилган инсонлар Самовий Шоҳликда Масиҳ билан бирга ҳукмронлик қилишади.
Исо дуч келадиган қийноқлар ва азобли ўлими ҳақида ўйлаб, қуйидагича дейди: «Юрагим сиқиляпти. Нима десам экан? Отажон, мени шу фурсатдан қутқар». Бироқ Исо Аллоҳнинг иродасини бажаришдан бош тортмайди. У сўзида давом этиб: «Лекин мен айнан шу фурсат учун келганман»,— дейди. (Юҳанно 12:27) Ҳа, Исо Аллоҳнинг нияти амалга ошиши учун ҳамма нарсага, ҳатто ўз жонини фидо қилишга ҳам тайёр.