104- БОБ
Аллоҳнинг овозини эшитгач унга ишонишадими?
КЎПЛАР ХУДОНИНГ ОВОЗИНИ ЭШИТАДИ
ҲУКМ УЧУН АСОС
Душанба, 10 нисон куни Исо маъбадда бўлганида, яқинлашиб келаётган ўлими ҳақида гапиради. Унинг ўлими Аллоҳнинг исмига иснод келтиришидан хавотирланиб: «Ота, исмингни улуғла»,— дейди. Шунда осмондан баланд овоз эшитилади: «Улуғладим ва яна улуғлайман». (Юҳанно 12:27, 28)
Атрофдаги одамлар ҳайрон. Баъзилар момақалдироқ бўлди, деб ўйлашади. Бошқалар эса: «У билан фаришта гаплашди»,— деб айтишади. (Юҳанно 12:29) Лекин бу Тангри Яҳованинг овози эди! Шуни айтиш жоизки, Исо хизматини бошлаганидан бери одамлар Худонинг овозини бир неча марта эшитишган.
Уч ярим йил илгари, Исо сувга чўмган пайтда Яҳё Худонинг Исо ҳақида: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деганини эшитган. Кейинчалик, мил. 32 йили Фисиҳ байрамидан сўнг, Исонинг қиёфаси ўзгарганини Ёқуб, Юҳанно ва Бутрус кўришади ва Аллоҳнинг: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар»,— деганини эшитишади. (Матто 3:17; 17:5) Аммо энди, яъни Яҳова осмондан учинчи марта гапирганида Унинг овозини кўп одамлар эшитди.
«Бу овоз мен учун эмас, сизлар учун янгради»,— дейди Исо. (Юҳанно 12:30) Бу воқеа у чиндан ҳам ваъда қилинган Масиҳ, Худонинг Ўғли эканини тасдиқлайди.
Аллоҳнинг садоқатли хизматчиси бўлмиш Исонинг ҳаёт тарзи одамлар учун яхши ўрнак бўлиб, бу дунёнинг ҳукмдори Шайтон Иблис йўқ қилинишга лойиқ эканини кўрсатиб турибди. Исо шундай дейди: «Бу дунёни ҳукм қилиш вақти келди. Энди бу дунёнинг ҳокими ташқарига ҳайдаб чиқарилади». Исонинг ўлими у мағлубиятга учраганидан эмас, балки ғалаба қозонганидан далолат беради. Нега дейсизми? Унинг ўзи қуйидагича тушунтиради: «Мен бўлсам юқорига кўтарилганимда, ҳар турли инсонларни ўзимга жалб этаман». (Юҳанно 12:31, 32) Азоб устунидаги ўлими туфайли Исо одамларни ўзига жалб қилиб, абадий ҳаётга йўл очиб беради.
Исонинг «юқорига кўтарилишини» эшитиб, йиғилган одамлар: «Биз Муқаддас Ёзувлардан Масиҳ абадий қолиши ҳақида эшитганмиз. Қанақасига сиз: “Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак”,— деб айтяпсиз? Инсон Ўғли ўзи ким?» — дейишади. (Юҳанно 12:34) Барча исботларга, шу жумладан, Худонинг овозини эшитишганига қарамай, кўплар Исонинг чиндан ҳам Инсон Ўғли, ваъда қилинган Масиҳ эканига ишонмайди.
Илгаригидек, Исо яна ўзини «нур» деб атайди. (Юҳанно 8:12; 9:5) У халойиққа: «Яна бир оз вақт нур сизлар билан бўлади. Нур борида нурда юриб қолинглар. Тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. [...] Бошқаларга нур таратиш учун, нур борлигида, шу нурга ишонинг»,— дейди. (Юҳанно 12:35, 36) Кейин Исо улардан яширинади, сабаби, у 10 нисонда ўлмаслиги керак. 14 нисонда, Фисиҳ байрами куни уни устунга михлашганида у «юқорига кўтарилади». (Галатияликларга 3:13)
Исонинг хизматига назар солиб шуни кўриш мумкинки, яҳудийлар унга ишонмаслиги ҳақидаги башорат амалга ошди. Ишаёнинг башоратига кўра, уларнинг кўзлари кўрмай, қалблари тош бўлади. Токи улар шифо олиш учун қайтиб келишмасин. (Ишаё 6:10; Юҳанно 12:40) Ҳа, яҳудийларнинг аксарияти Исо ваъда қилинган Нажоткор ва ҳаёт йўли эканини қайсарлик билан рад этади.
Никодим, ариматеялик Юсуф ва «бошлиқларнинг кўпи унга ишонадиган бўлди». Лекин улар ишонганларига биноан йўл тутишармикин ёки ибодатхонадан ҳайдалишдан қўрқишгани ва «одамларнинг назарида ҳурмат қозонишни» кўпроқ севишгани учун қўл қовуштириб ўтиришармикин? (Юҳанно 12:42, 43)
Унга ишониш нимани англатишини Исо қуйидагича тушунтиради: «Менга ишонган киши, нафақат менга, балки мени Юборганга ҳам ишонади. Мени кўраётган одам, мени Юборганни ҳам кўрган бўлади». Исо Аллоҳнинг буйруғи билан одамларга ўргатаётган ва эълон қилиб юрган ҳақиқатлар шунчалик муҳимки, у қуйидагиларни айтади: «Мени менсимай, сўзларимни қабул қилмаган одам учун ҳакам бор. Мен айтган калом уни охирги кунда ҳукм қилади». (Юҳанно 12:44, 45, 48)
«Мен ўз ихтиёрим билан гапирганим йўқ,— деб хулоса қилади Исо.— Аксинча, мени юборган Отамнинг Ўзи айнан нимани айтишни менга амр этган. Унинг амри мангу ҳаётга элтиши менга маълум». (Юҳанно 12:49, 50) Исо биладики, унга ишонган одамлар ҳаётга эга бўлиши учун яқин орада ҳаётини қурбонлик сифатида фидо қилади. (Римликларга 5:8, 9)