Севгига асосланган жасорат
Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган. 2 ТИМЎТИЙГА 1:7
1, 2. а) Севги инсонни нимага ундаши мумкин? б) Нима учун Исо Масиҳнинг жасорати ўзгача эди?
ЭНДИ турмуш қурган эру хотин Австралиянинг шарқий соҳилида чўмилиб, дам олишаётган эди. Бироқ чўмилишаётган пайтда, тўсатдан катта акула пайдо бўлиб, хотинига тезлик билан яқинлаша бошлади. Шунда эри буни пайқаб, хотинини четга итаришга улгурди-ю, ўзи эса акулага ем бўлди. Унинг бева қолган хотини дафн маросимида: «У мен учун ўзини қурбон қилди»,— деб айтди.
2 Дарҳақиқат, севги инсонларни жасорат кўрсатишга ундайди. Исо пайғамбарнинг айтганларидай: «Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ» (Юҳанно 15:13). Исо бу сўзларни айтганидан бир кун ҳам ўтмай, у ўз жонини битта инсон учунгина эмас, балки бутун одамзод учун фидо қилди (Матто 20:28). У ўз ҳаётини қурбон қилгани, тўсатдан пайдо бўлган жасурлик эмас эди. Исо Масиҳ бошиданоқ, унга ёмон муносабатда бўлишларини, ҳақорат қилишларини ва адолатсиз ҳукм этиб, азоб устунида ўлдиришларини биларди. У ҳатто ўз шогирдларини бунга тайёрлаб, қуйидаги сўзларни айтган эди: «Мана, биз энди Қуддусга кириб боряпмиз. У ерда Инсон Ўғли олий руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб берилади. Улар Уни ҳақорат қиладилар, қамчилайдилар, юзига тупурадилар ва Уни ўлдирадилар» (Марк 10:33, 34).
3. Нима туфайли Исо Масиҳ жасоратли эди?
3 Нима туфайли Исо Масиҳ бундай жасоратга эга эди? Чунки у худотарс ва имони мустаҳкам бўлган (Ибронийларга 5:7; 12:2). Аммо энг муҳими эса, Исонинг жасорати Худога ҳамда инсонларга бўлган севгисига асосланган эди (1 Юҳанно 3:16). Агар биз ҳам бундай севгига эга бўлсак, Масиҳ каби жасоратли бўла оламиз (Эфесликларга 5:2). Қандай қилиб биз бундай севгини ривожлантиришимиз мумкин? Бунинг учун шундай севги нимага асосланганлигини билиб олишимиз керак.
«Севги Худодандир»
4. Нимага Яҳова Таолони севгининг манбаи деб айтиш мумкин?
4 Яҳова Таоло севгининг ҳам тимсоли, ҳам манбаидир. Ҳаворий Юҳанно бундай деб ёзган эди: «Эй маҳбубларим, бир-биримизни севайлик. Чунки севги Худодандир. Ҳар бир севувчи киши Худодан туғилган ва Худони тинглайди. Севмайдиган киши Худони танигани йўқ. Чунки Худонинг Ўзи севгидир» (1 Юҳанно 4:7, 8). Бинобарин, агар инсон аниқ билимлар орқали Яҳовага яқинлашса ва ушбу билимларни амалда қўллаб, чин дилдан Унинг амрларини бажо келтирсагина, бундай севгини ривожлантириши мумкин (Филиппиликларга 1:9; Ёқуб 4:8; 1 Юҳанно 5:3).
5, 6. Исонинг шогирдларига севгини ривожлантиришга нима ёрдам берган?
5 Исо алайҳиссалом ўзининг 11та содиқ шогирди билан сўнгги бор ибодат қилганида, Худо ҳақидаги билим севги билан қанчалик боғлиқ эканлигини кўрсатди. У бундай деб ибодат қилди: «Сенинг номингни уларга билдирганман ва янада билдираман. Менга боғлаган муҳаббатинг улардан ўрин олсин, Мен ҳам улардан ўрин олайин» (Юҳанно 17:26). Исо Масиҳ самовий Отаси билан қандай муносабатда бўлган бўлса, шогирдларига ҳам шундай севгини ривожлантиришга ёрдам берган эди. У ўз сўзлари ва ўрнаги билан, Худонинг ажойиб фазилатлари Унинг исмида мужассамлигини кўрсатган эди. Шу сабабли ҳазрати Исо: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтишга ҳаққи бор эди (Юҳанно 14:9, 10; 17:8).
6 Масиҳнинг севгиси муқаддас руҳнинг самарасидир (Галатияликларга 5:22). Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами куни илк масиҳчиларга ваъда қилинган муқаддас руҳ тушганида, улар Исо ўргатган кўп таълимотларни эслаб, Муқаддас Ёзувларни яхшироқ тушуна бошлашди. Бундай тушунча уларнинг Худога бўлган севгиларини янада чуқурлаштирди (Юҳанно 14:26; 15:26). Бу қандай самара берди? Улар ҳатто ўз ҳаётларини хавф остига солиб, жасорат ва ғайрат ила хушхабарни ваъз қилишган эди (Ҳаворийлар 5:28, 29).
Амалдаги жасорат ва севги
7. Павлус билан Барнабо биргаликда тарғибот саёҳатларида бўлишганида, нима юз берган эди?
7 Ҳаворий Павлус: «Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган»,— деб ёзган эди (2 Тимўтийга 1:7). Павлус ўз тажрибасига асосланиб гапирган эди. Келинг, у Барнабо билан биргаликда тарғибот саёҳатларида бўлишганида, нималарни бошдан кечирганларини кўриб чиқайлик. Улар Антиохия, Икония, Листра каби кўп шаҳарларда ваъз қилишган эди. Бу шаҳарларнинг ҳар бирида баъзи одамлар имонга келишган бўлса, бошқалари эса уларга қаршилик кўрсатишган эди (Ҳаворийлар 13:2, 14, 45, 50; 14:1, 5). Масалан, Листра шаҳрида авзойи бузилган халқ ҳаворий Павлусни ҳатто тошбўрон қилган. Кейин эса уни ўлган ҳисоблаб, ташлаб кетишган эди. «Лекин шогирдлари унинг атрофига тўпланганда, Павлус ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртаси куни Барнабо билан Дервия шаҳрига жўнади» (Ҳаворийлар 14:6, 19, 20).
8. Қандай қилиб Павлус ва Барнабонинг жасорати, уларнинг инсонларга бўлган чуқур севгисидан далолат беради?
8 Лекин бу қаршиликлардан қўрқиб, Павлус ва Барнабо ваъзгўйликни тўхтатишдими? Аксинча, улар «хушхабарни Дервия шаҳрида тарғиб қилиб, кўп шогирд орттиришгандан сўнг, Листра, Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтдилар». Нега дейсизми? Янги шогирдлар имонда мустаҳкам бўлиб қолишларига ундаш мақсадида. Павлус ва Барнабо: «Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак»,— деб айтган эдилар. Улар имондошларини жуда севишгани учун, бундай жасорат намоён этишгани кўриниб турибди (Ҳаворийлар 14:21–23; Юҳанно 21:15–17). Янги ташкил этилган жамоатларда оқсоқолларни тайинлашгандан сўнг, Павлус билан Барнабо ибодат қилиб, Раббимиз деб қаттиқ ишонишган Яҳованинг қарамоғига уларни топширишди.
9. Эфесдаги оқсоқоллар Павлуснинг уларга кўрсатган севгисига қандай муносабатда бўлишди?
9 Ҳаворий Павлус ғамхўр ва жасур инсон бўлганлиги учун, имондошлари уни жуда яхши кўришарди. Масалан, у Эфесдаги имонлилар жамоатининг оқсоқоллари билан учрашганида, нима содир бўлгани айниқса қизиқарли (Ҳаворийлар 20:17–31). Павлус бу биродарларни, Худо уларга ишониб топширган сурувни боқишга ундагандан сўнг, улар билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди. Бундан сўнг «ҳаммалари зор йиғлаб, Павлуснинг бўйнига ташланиб, уни ўпишарди. Павлуснинг: “Ортиқ юзимни кўролмайсизлар”,— деган сўзи эса уларни айниқса ғамгин қилган эди». Уларнинг ҳаворий Павлусга нисбатан севгилари нақадар кучли эди! Ҳаворий Павлус ва ҳамроҳларининг маҳаллий оқсоқоллардан айрилиш вақти келганида эса, ушбу оқсоқоллар уларни қўйиб юборгилари келмас эди (Ҳаворийлар 20:36–21:1).
10. Қандай қилиб Яҳованинг ҳозирги хизматчилари бир-бирларига севги ва жасорат намоён этишган?
10 Бугунги кунда ҳам кўчма нозирларни, жамоат оқсоқолларини ва бошқаларни Худованд Яҳованинг суруви устидан ғамхўрлик қилаётиб, кўрсатаётган жасоратлари учун севишади. Масалан, уруш дастидан бўлинган давлатларда ёки воизлик хизмати тақиқланган жойларда кўчма нозирлар хотинлари билан бирга жамоатларга ташриф буюриб, ўз ҳаётлари ва озодликларини хавф остига солишмоқда. Шунингдек, Яҳованинг кўпчилик хизматчилари ўз имондошларини сотмаганликлари ёки маънавий озуқани қандай олаётганларини айтмаганликлари учун, ҳокимлар ва уларнинг тарафдорларидан азоб чекишган. Минглаб бошқаларини эса, хушхабарни ваъз қилганликлари ёки жамоат йиғилишларига қатнаганликлари учун таъқиб қилишган, қийнашган ва ҳатто ўлдиришган (Ҳаворийлар 5:28, 29; Ибронийларга 10:24, 25). Келинг, биз ҳам шундай жасоратли имондошларимизнинг имонига тақлид қилайлик! (1 Салоникаликларга 1:6).
Севгингиз совишига йўл қўйманг
11. Яҳованинг хизматчиларига қарши Шайтон қандай усулларни қўлламоқда ва улардан эса нима талаб этилади?
11 Шайтон ер юзига отилганида, у ўз ғазабини Яҳованинг хизматчиларига сочмоқчи бўлганди, чунки улар «Худонинг амрини сақлаган ва Исо Масиҳнинг шаҳодатига содиқ қолганлар» (Ваҳий 12:9, 17). Бунинг учун Шайтон қўллайдиган усуллардан бири — таъқиб қилишдир. Бироқ, кўпинча таъқиблар тескари натижа бериб, Аллоҳнинг хизматчилари орасида бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтиради ва уларни янада ғайратли бўлишга ундайди. Шайтоннинг яна бир усули — гуноҳга бўлган мойиллигимиздан фойдаланишдир. Бундай тузоққа қарши туриш учун ўзгача жасорат талаб этилади, чунки бу, алдамчи ва бузилган қалбимизнинг гуноҳли истакларига қарши курашишни англатади (Еремиё 17:9; Ёқуб 1:14, 15).
12. Худога бўлган севгимизни совитиш учун Шайтон «дунёнинг руҳидан» қандай фойдаланади?
12 Шайтон яна бир усулни, яъни Худонинг муқаддас руҳига қарши турувчи «дунёнинг руҳини» қўллайди (1 Коринфликларга 2:12). Дунёнинг руҳи «ҳирсли кўзлар»га хос бўлган тамагирлик ва пулпарастлик пайдо бўлишига кўмаклашади (1 Юҳанно 2:16; 1 Тимўтийга 6:9, 10). Гарчи пулга ва моддий нарсаларга эга бўлишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ бўлса-да, агар биз Худодан кўра уларга кўпроқ меҳр қўйсак, унда Шайтон ўз мақсадига эришган бўлади. Бу дунёнинг кучи ёки «ҳукмронлиги» шундан иборатки, у бу дунёни бежирим ва нафис қилиб кўрсатиб, тана нафсини қўзғатади. Бу дунёнинг руҳи қалбингизга таъсир қилишига асло йўл қўйманг! (Эфесликларга 2:2, 3; Ҳикматлар 4:23).
13. Бу ёвуз дунёда онгимиз пок бўлиб қолишига нима учун жасорат талаб этилади?
13 Бу ёвуз дунёда онгимиз пок бўлиб қолиши учун ҳам жасорат талаб этилади. Масалан, театрда, телевизорда ёки компьютерда тўсатдан ахлоқсизлик пайдо бўлганида, уни томоша қилишни давом эттирмаслик учун жасоратли бўлиш даркор. Шунингдек, тенгдошларнинг таъсирига қарши туриш ва ёмон одамлар билан алоқани узиш учун ҳам жасорат керак бўлади. Ёки синфдошларимиз, ҳамкорларимиз, қўшниларимиз ва қариндошларимиз мазах қилишган пайтда, Худонинг қонун-қоидаларига бўйсуниш учун ҳам жасоратли бўлишимиз лозим (1 Коринфликларга 15:33; 1 Юҳанно 5:19).
14. Агар бу дунёнинг руҳи бизга таъсир қилган бўлса, нима қилишимиз лозим?
14 Аллоҳга ва имондошларимизга бўлган севгимизни мустаҳкамлашимиз нақадар муҳим! Ўз мақсадларингиз ва ҳаёт тарзингизни кўриб чиқишга вақт ажратиб, бу дунёнинг руҳи сизга таъсир қилмаганига амин бўлинг. Агар сал таъсир қилган бўлса ҳам, бундай руҳни бутунлайин қалбингиздан чиқариб ташлаш учун жасорат сўраб Яҳовага ибодат қилинг. Яҳова Тангри бундай самимий илтижоларни ҳеч қачон эътиборидан четда қолдирмайди (Забур 50:19). Боз устига, Унинг муқаддас руҳи бу дунёнинг руҳидан устундир (1 Юҳанно 4:4).
Қийинчиликларда жасоратли бўлинг
15, 16. Қандай қилиб севги қийинчиликларни енгишга ёрдам беради? Мисол келтиринг.
15 Шунингдек Яҳованинг хизматчилари касаллик, заифлик, руҳий тушкунлик ва бошқа шу каби қийинчиликларга дуч келишади (Римликларга 8:22). Бу қийинчиликларни енгишда севги ёрдам беради. Келинг, Замбияда Яҳованинг Шоҳидлари оиласида катта бўлган Наманголва исмли бир аёлнинг ўрнагини кўриб чиқамиз. Икки ёшида у ногирон бўлиб қолган эди. У бундай дейди: «Мен жуда уятчанг эдим. Ташқи кўринишимдан одамлар жирканади деб ўйлардим. Лекин имондошларим ҳамма нарсага бошқа кўз билан қарашимга ёрдам беришди. Охир-оқибат мен уятчанглигимни енга олдим ва кейинчалик сувга чўмдим».
16 Гарчи Наманголванинг ногиронлик аравачаси бўлса-да, кўпинча қумлоқ чанг босган йўлдан тиззалаб ёки қўллари билан судралиб юришига тўғри келади. Лекин бунга қарамай, у ҳар йили икки ой кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилади. Наманголва бир аёлга ваъз қилганида, у йиғлаб юборди. Нима сабабдан? Чунки Наманголванинг мустаҳкам имони ва жасорати унга қаттиқ таъсир қилди. Наманголва Муқаддас Китобни ўрганишга ёрдам қилган инсонлардан бештаси сувга чўмишган, улардан биттаси эса ҳозирги пайтда оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Бундай самаралар, Парвардигор Яҳова унинг хизматини баракалаётганидан далолат бермоқда. Наманголва: «Баъзида оёқларим қаттиқ оғрийди, лекин бу менга тўғоноқ бўла олмайди»,— деб айтади. Бу, жисмонан заиф бўлса-да, Яҳовани севганликлари учун руҳан тетик бўлган имондошларимизнинг мисолларидан биридир. Яҳова Таоло учун бундай инсонлар нақадар қадрли! (Хаггей 2:7).
17, 18. Кўпларга касалликларни ва бошқа қийинчиликларни енгишга нима ёрдам беради? Сизга таниш бўлган мисоллардан келтиринг.
17 Сурункали касалликлар ҳам одамни саросимага ва ҳатто тушкунликка солиши мумкин. Битта оқсоқол бундай дейди: «Бизнинг китоб тадқиқи гуруҳимизда бир опамиз диабет ва буйрак хасталигига чалинган, бошқаси саратон касаллигига, иккитаси артрит хасталигига, яна биттаси эса сил ва фибромиалгия хасталигидан азоб чекади. Албатта, баъзида улар тушкунликка тушишади. Лекин улар ўзларини жуда ёмон ҳис этишганда ёки касалхонага тушишгандагина йиғилишларга келишмайди. Шунга қарамай, улар воизлик хизматида фаол иштирок этишади. Мен уларга қараб: “Заиф бўлсам, қудратим ошар экан”,— деган Павлуснинг сўзларини эслайман. Уларнинг мустаҳкам имони ва жасорати мени ҳайратда қолдиради. Эҳтимол, айнан уларнинг заифликлари, чиндан ҳам муҳим нарсалар пайидан бўлишларига ёрдам бераётгандир» (2 Коринфликларга 12:10).
18 Агар сиз ҳам бирор заифлик, касаллик ёки бошқа қийинчиликларга дуч келаётган бўлсангиз, руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун «тинмай тоат-ибодат қилинг» (1 Салоникаликларга 5:14, 17). Айтишларича, ойнинг ярми қоронғу бўлса, ярми ёруғ бўлади, шунинг учун маънавий нарсалар ҳақида, айниқса янги дунё тўғрисида ўйлашга ҳаракат қилинг. Битта имондошимиз: «Ваъзгўйлик менга шифо бахш этади»,— деб айтди. Хушхабарни бошқалар билан бўлишиш, унга ижобий таъсир қилади.
Севги адашганларга Яҳовага қайтишга ёрдам беради
19, 20. а) Адашганларга Яҳовага қайтиш учун нима ёрдам беради? б) Келгуси мақолада нимани кўриб чиқамиз?
19 Маънан суст бўлиб қолганлар ёки гуноҳ қилиб қўйганлар учун Яҳова Тангрига қайтиш осон эмас. Лекин агар улар чин қалбдан тавба қилиб, Яҳова билан ўзаро муносабатларини тиклашса, улар яна жасоратга эга бўлишлари мумкин. Келинг, Америкада яшовчи Марионингa мисолини кўриб чиқайлик. Марио имонлилар жамоатини қолдириб, ичкиликка ва гиёҳвандликка ружу қўйган ва 20 йилдан сўнг эса қамоққа тушиб қолган эди. Марио бундай деб эслайди: «Мен келажагим ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб, яна Муқаддас Китобни ўқий бошладим. Вақт ўтган сайин Худованд Яҳованинг хислатларини, айниқса Унинг раҳмдиллигини қадрлай бошладим. Қамоқдан чиққанимдан сўнг, эски улфатларим билан алоқамни узиб, имонлилар жамоатига қатнай бошладим ва натижада қайтадан имонлилар жамоатида тикландим. Ўз қилмишларим дастидан соғлигимга зарар етказдим ва энди экканимни ўриб оляпман, лекин ҳозир эса ажойиб умидга эгаман. Яҳова Тангри ҳамдард ва кечиримли бўлгани учун нақадар миннатдорман!» (Забур 102:9–13; 129:3, 4; Галатияликларга 6:7, 8).
20 Албатта, Марио каби вазиятга тушиб қолганлар, Парвардигор Яҳовага қайтишлари учун кўп ҳаракат қилишлари лозим. Бироқ агар улар Муқаддас Китобни тадқиқ этиб, мулоҳаза юритишса ва ибодат қилишса, улар яна Яҳова билан муносабатларини тиклаб, жасорат ва ғайратга эга бўлишлари мумкин. Марионинг келажакка бўлган умиди ҳам унга куч бахш этади. Дарҳақиқат, севги, имон ва худотарсликдан ташқари, умид ҳам эзгу ишларга ундовчи куч бўла олади. Келгуси мақолада ушбу қимматбаҳо ҳадя ҳақида батафсил билиб оламиз.
[Изоҳ]
a Исм ўзгартирилган.
Жавоб бера оласизми?
• Қандай қилиб севги Исо Масиҳга ўзгача жасорат кўрсатишга ёрдам берган?
• Қандай қилиб ҳаворий Павлус ва Барнабонинг имондошларига бўлган меҳри, ўзгача жасорат намоён этишларига ёрдам қилган?
• Қандай қилиб Шайтон Худонинг хизматчилари орасидаги меҳр-муҳаббатни совитишга ҳаракат қилмоқда?
• Аллоҳга нисбатан севгига асосланган жасорат туфайли, қандай қийинчиликларга дош беришимиз мумкин?
[25- саҳифадаги расм]
Павлуснинг одамларга бўлган меҳри, хизматини давом эттиришига жасорат бахш этарди