Бошқаларни масъулиятни олишга ўргатинг
Шогирд... яхшилаб ўрганиб олгандан кейин, устозидай бўлади. ЛУҚО 6:40
1. Ер юзидаги хизмати мобайнида Исо жамоатга қандай қилиб асос солган?
ЮҲАННО ўзи баён этган хушхабарни якунлаётиб шундай деган: «Очиғини айтганда, Исонинг қилган ишлари жуда кўп. Агар улар ҳақда батафсил ёзилса эди, ўйлайманки, ёзилган ўроғлиқ битиклар дунёга сиғмай кетарди» (Юҳан. 21:25). Ҳазрати Исо ўзининг қисқа аммо ғайратли хизмати давомида, осмонга қайтганидан сўнг ер юзида унинг ишини давом эттирадиган эркакларни ўргатишга ва тайёрлашга улгурган эди. Милодий 33- йилда Исо асос солиб кетган кичкинагина гуруҳ, тез орада бир неча минг ваъзгўйга етган жамоатга айланди (Ҳавор. 2:41, 42; 4:4; 6:7).
2, 3. а) Сувга чўмган биродарларга нима учун эҳтиёж катта? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
2 Бугунга келиб, дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилаётганларнинг сони етти миллиондан зиёд бўлиб, 100 000 дан ортиқ жамоатлар мавжуд. Бу эса, биродарларга эҳтиёж борлигидан далолатдир. Айниқса жамоат оқсоқолларига эҳтиёж катта. Шундай экан, жамоатда шарафли вазифаларга интилаётганларни мақтаса бўлади. Сабаби, улар «яхши ишни орзу қилишяпти» (1 Тим. 3:1).
3 Аммо жамоатдаги шарафли вазифаларни бажариш учун эркаклар ўз-ўзидан лаёқатли бўлиб қолмайди. Бунинг учун дунёвий таълим ва ҳаётий тажрибанинг ўзи етарли эмас. Киши маънавий томондан малакага эга бўлиши лозим. Қолаверса, қобилият ва истеъдоддан ташқари, одам маънавий хислатларни ривожлантирган бўлиши даркор. Хўш, эркак киши маънан ўсишига ва масъулиятни ҳис этишига қандай кўмаклашсак бўлади? Исо ҳам: «Шогирд... яхшилаб ўрганиб олгандан кейин, устозидай бўлади»,— деб айтган эди (Луқо 6:40). Ушбу мақолада, Буюк Устоз бўлмиш Исо Масиҳ ўзининг шогирдларини катта масъулиятни зиммага олишни қандай ўргатганини ва биз ундан қанақа сабоқ олишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.
«Сизни дўстларим деб атайман»
4. Шогирдларига чин дўст эканини Исо қандай намоён этган?
4 Исо шогирдлари устидан ҳокимлик қилмаган. Аксинча, уларни дўстдек билган. У шогирдлари билан вақт ўтказар, уларга ишонар ва Отасидан нимаики эшитган бўлса, барчасини уларга ошкор этар эди (Юҳанно 15:15 ни ўқинг). Исо шогирдларнинг мана бу саволига жавоб берганида улар қанчалик қувонишганини бир тасаввур қилинг: «Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» (Мат. 24:3, 4). Исо шунингдек, шогирдларидан фикри ва юрак тубидаги туйғуларини яширмас эди. Хиёнат қилинадиган кечада, Исо Бутрусни, Ёқубни ва Юҳаннони олиб Гетсемания боғига боради ва астойдил ибодат қилади. Ўшанда учала ҳаворий унинг сўзларини эшитишмагандир, бироқ Исо қанчалик ташвишланаётганини улардан яширмаган (Марк 14:33–38). Исонинг қиёфаси ўзгарганини кўриб, учта ҳаворий нималарни ҳис қилганини кўз олдингизга келтириб кўринг (Марк 9:2–8; 2 Бутр. 1:16–18). Исонинг шогирдларига бўлган дўстона муносабати, муҳим фаолиятни давом эттира олишлари учун уларга куч берган.
5. Оқсоқоллар қайси усуллар билан бошқаларга кўмаклаша оладилар?
5 Бугунги кунда оқсоқоллар ҳам Исо каби бошқалар билан дўстона муносабатда бўлиб уларга ёрдам беришади. Улар имондошларига вақт ажратиб, илиқ ва яқин муносабатни ривожлантиришади. Оқсоқоллар махфийликни сақлаш муҳимлигини тушунишса-да, лекин бошқалар билан мулоқот қилишда очиқ бўлишади. Улар биродарларига ишонишади ва Аллоҳнинг Каломидан билиб олганларини бўлишишади. Оқсоқоллар ёши кичикроқ бўлган жамоат хизматкорлари устидан ҳокимлик қилишмайди. Аксинча, уларга жамоатда яхшигина хизмат қилаётган, келажаги порлоқ маънавий биродардек қарашади.
Мен сизларга ўрнак кўрсатдим
6, 7. Исо қанақа ўрнак кўрсатган ва бу шогирдларига қандай таъсир қилган?
6 Гарчи Исонинг шогирдлари маънавий нарсаларни қадрлаган бўлишса-да, айрим ҳолларда уларнинг келиб чиқиши ва маданияти фикрлаш тарзига таъсир қилиб турарди (Мат. 19:9, 10; Луқо 9:46–48; Юҳан. 4:27). Бундан ташқари, Исо бетиним панд-насиҳат қилмас ёки дўқ-пўписа қилмас эди. У ўзи қилмайдиган ёки бажариб бўлмайдиган нарсаларни шогирдларидан талаб қилмасди. Аксинча, ҳар нарсада ўзи ўрнак кўрсатарди (Юҳанно 13:15 ни ўқинг).
7 Исо шогирдларига қанақа ўрнак кўрсатган? (1 Бутр. 2:21). У бошқаларга хизмат қилиш учун содда ҳаёт кечирар эди (Луқо 9:58). Исо камтарлик ила таълимотларини Аллоҳнинг Каломига асосларди (Юҳан. 5:19; 17:14, 17). У мулойим бўлибгина қолмай, одамлар билан мулоқот қилганда очиқ бўлган. Шунинг учун унга бемалол мурожаат қилиш мумкин эди. Исо одамларни яхши кўриши, унинг хатти-ҳаракатидан кўриниб турарди (Мат. 19:13–15; Юҳан. 15:12). Унинг намунаси ҳаворийларига ижобий таъсир қиларди. Мисол учун, Ёқуб ўлимга юзланганда қўрқоқлик қилиб ўтирмаган. Аксинча, у қатл қилингунига қадар Худога содиқ қолган (Ҳавор. 12:1, 2). Юҳанно эса, 60 йилдан зиёд вақт мобайнида Исонинг садоқатли издоши бўлган (Ваҳ. 1:1, 2, 9).
8. Ёшларга ва жамоатнинг бошқа аъзоларига оқсоқоллар қандай ўрнак кўрсатишмоқда?
8 Оқсоқоллар камтарлиги, меҳрибонлиги ҳамда ўз вақтини ва кучини бошқаларга сарфлаши билан ёшларга яхши ўрнак кўрсатишади (1 Бутр. 5:2, 3). Улар имонда, таълим беришда, тақводор ҳаёт кечиришда ва ғайратли хизматда бошқаларга ўрнак бўлишганидан ўзларини бахтиёр ҳис этишади (Иброн. 13:7).
Исо йўл-йўриқ кўрсатиб шогирдларини жўнатган
9. Исо ваъзгўйлик ишини олиб боришни шогирдларига ўргатганини қаердан биламиз?
9 Тахминан икки йил ғайрат ила хизмат қилганидан сўнг, ваъзгўйлик ишини кенгайтириш мақсадида, Исо 12 та ҳаворийни ваъз қилишга жўнатган. Аввалига уларга йўл-йўриқ кўрсатган (Мат. 10:5–14). Бошқа сафар мўъжизавий тарзда бир неча мингдан иборат бўлган халойиқни тўйдирмоқчи бўлганида, одамларга овқатни қандай тақсимлаш борасида Исо шогирдларига кўрсатма берганди (Луқо 9:12–17). Кўриниб турганидек, Исо шогирдларини аниқ кўрсатмалар ёрдамида ўргатарди. Бундай таълим ҳамда муқаддас руҳнинг кучи, ҳаворийларни милодий 33- йили ва ундан кейин ҳам ваъзгўйлик ишини кенг кўламда олиб боришларига ҳисса қўшган.
10, 11. Эркак кишиларни жамоатдаги вазифаларни бажаришга аста-секин ўргатиш учун нималар қилиш керак?
10 Бугунги кунда, маънавий йўл-йўриқни бериш, киши билан Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилишидан бошланади. Эҳтимол тўғри қироат қилишни унга ўргатиш керакдир. Тадқиқни давом эттирганимиз сайин, уни қўллаб-қувватлаб бораверамиз. Қизиқувчи жамоат учрашувларига мунтазам равишда қатнаса, у тезроқ маънан ўсади. Кейинчалик, Воизлик мактабида иштирок этиш орқали қўшимча таълим олади ва сувга чўммаган ваъзгўй бўлиб бошқа вазифаларга ҳам ўрганиб бораверади. Сувга чўмганидан сўнг эса, унга Йиғилиш Залини таъмирлаш ишларида қатнашишни ўргатса бўлади. Вақт ўтиб, унга жамоат хизматкори бўлиши учун нима қилиш кераклигини тушунишга ёрдам бериш керак.
11 Сувга чўмган биродарларга топшириқ берилганда, оқсоқоллар ташкилотдаги тартибни ва керакли йўл-йўриқни бажонидил тушунтириб беришади. Ўрганаётган биродар ундан нима талаб қилинаётганини яхши тушуниши лозим. Мабодо, у вазифани бажаришга қийналаётган бўлса, меҳрибон оқсоқол у буни эплай олмайди, дея хулоса чиқармайди. Бунинг ўрнига, у нима қилиши ва буни қандай бажариши кераклигини мулойимлик билан яна бир бор тушунтиради. Оқсоқоллар биродарларга вазифаларни бажаришга ёрдам беришдан хурсандлар. Сабаби, бошқаларга хизмат қилиш, қувонч келтиришини улар билишади (Ҳавор. 20:35).
Доно киши маслаҳатга қулоқ солади
12. Исонинг маслаҳатлари нима учун самарали бўлган?
12 Исо шунингдек, шогирдларига керакли маслаҳатни бериш орқали уларни ўргатарди. Масалан, Ёқуб билан Юҳанно Исони қабул қилмаган самарияликларни осмондан олов тушириб гумдон қилмоқчи бўлишганида, устози уларга танбеҳ берган (Луқо 9:52–55). Бошқа сафар, Ёқуб билан Юҳаннонинг онаси Исонинг олдига келиб, Осмон Шоҳлигида иккита ўғлига имтиёзли ўринларни беришини сўраганида, Исо ака-укаларга қарата шундай деган: «Ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман. Бу ўринларни Отам ким учун тайёрлаб қўйган бўлса, ўша ўтиради» (Мат. 20:20–23). Ҳа, Исо доимо аниқ, амалий ва Муқаддас Китобга қатъий асосланган маслаҳатларни бериб турган. У, шогирдлари ҳам Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ йўл тутишларини ва мулоҳаза юритишларини хоҳлаган (Мат. 17:24–27). Исо шунингдек, шогирдларининг имкониятлари чегараланганини инобатга олиб, улардан мукаммалликни кутмаган. У севги ила маслаҳат берарди (Юҳан. 13:1).
13, 14. а) Ким маслаҳатга муҳтож? б) Маънан ўсмаётган кишига оқсоқол қандай маслаҳат бериши мумкинлиги ҳақидаги мисоллардан келтиринг.
13 Жамоатда шарафли вазифаларни бажаришга интилганларнинг ҳаммаси вақти-вақти билан Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатларни эшитишга муҳтож бўлади. Ҳикматлар 12:15 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Доно эса маслаҳатга қулоқ солади». Бир ёш биродаримиз етарли даражада яхши хизмат қилмаётгандек ўзини ҳис қилибди. Шунда бир оқсоқол хизмат қилиш учун ундан мукаммаллик кутилмаётганини тушунишига ёрдам берибди.
14 Мабодо, биродарда маънан ўсишига тўсқинлик қиладиган белгиларни кузатишса, оқсоқоллар ундай кишини мулойимлик билан дарҳол тузатишади (Галат. 6:1). Айримларнинг ўзига яраша феъл-атвори бўлгани туфайли, маслаҳатга муҳтож бўлади. Агар биродар бор имкониятларини ишга солмаётган бўлса, оқсоқоллар Исонинг мисолини унга айтишлари мумкин. Исо ҳам Шоҳлик ҳақида ғайрат ила ваъз қилар ва шогирдларини ўзига тақлид қилишга чорларди (Мат. 28:19, 20; Луқо 8:1). Агар биродар ўзини кўрсатишни яхши кўрадиган бўлса, Исо бу хавфли экани борасида нима деганини оқсоқол эслатиши мумкин (Луқо 22:24–27). Биродар бошқаларни кечиришга қийналаётган бўлса-чи? Бундай пайтда, кўпгина қарзидан озод бўлиб, ўзи эса бошқасининг озгина қарзини кечмаган қул ҳақидаги масални тасвирлаб бериш мумкин (Мат. 18:21–35). Маслаҳат беришга эҳтиёж бўлса, оқсоқоллар имкон туғилган биринчи вазиятдаёқ бундай қилишгани маъқул (Ҳикматлар 27:9 ни ўқинг).
«Машқ қил»
15. Бошқаларга хизмат қилишга биродарнинг оила аъзолари унга қандай кўмаклашишлари мумкин?
15 Тўғри, оқсоқоллар биродарни жамоатда хизмат қилишга ўргатишади, аммо бу борада уларни бошқалар ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин. Масалан, оила аъзолари ҳам унинг ўзи интилишига ёрдам беришлари мумкин. Агар у оқсоқол бўлса, севикли хотинининг ва фарзандларининг қўллаб-қувватлаши жуда фойдали бўлади. Шундай экан, оқсоқолнинг оила аъзолари у муайян куч ҳамда вақтини жамоат ишлари учун сарфлаши кераклигини тушунишса, оила бошининг оғирини енгил қилган бўлишади. Оила аъзоларининг бундай қурбонликка тайёрлиги, унга қувонч келтиради. Жамоатдагилар эса буни жуда қадрлашади (Ҳик. 15:20; 31:10, 23).
16. а) Масъулиятга интилиш аввало кимнинг зиммасида? б) Биродар жамоатдаги шарафли вазифаларга эришиши учун нима қилиши даркор?
16 Гарчи оила аъзолар ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашса-да, жамоатдаги вазифаларни бажаришга интилишга аввало кишининг ўзи масъулдир (Галатияликларга 6:5 ни ўқинг). Бошқаларга ёрдам бериш ва хизматда тўла равишда иштирок этиш учун, жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиш шарт эмас. Жамоатдаги бундай шарафли вазифаларга эга бўлиш учун, Муқаддас Китобдаги талабларга мос келишга интилиш лозим (1 Тим. 3:1–13; Титус. 1:5–9; 1 Бутр. 5:1–3). Агар биродар жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиб хизмат қилишни жуда истаса-ю, аммо ҳали тайинланмаган бўлса, бунинг учун нима қилиши кераклиги борасида ўйлаб кўриши лозим. У Муқаддас Китобни мунтазам ўқиши, чуқур шахсий тадқиқ ўтказиши, жиддий мулоҳаза юритиши, чин дилдан ибодат қилиши ҳамда ваъзгўйликда ғайрат ила иштирок этиши даркор. Агар у шундай қилаётган бўлса, демак, Павлуснинг Тимўтийга берган мана бу маслаҳатига риоя қиляпти: «Художўйлик йўлида машқ қил» (1 Тим. 4:7).
17, 18. Ҳаяжонлангани ёки ўзини қобилиятсиз деб билгани туфайли, хизмат қилишни истамаган биродар нима қилса бўлади?
17 Аммо биродар ҳаяжонлангани ёки ўзини қобилиятсиз деб билгани туфайли шарафли вазифаларга интилмаётган бўлса-чи? Бу ҳолда, у Худованд Яҳова ҳамда Исо Масиҳ биз учун нималар қилишгани борасида мулоҳаза юритиши керак. Дарҳақиқат, Яҳова «ҳар кун оғирлигимизни кўтармоқда» (Заб. 67:20). Самовий Отамиз жамоатдаги масъулиятларни бажариши учун биродарга албатта кўмаклашади. Биродар жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиб хизмат қилмаётган бўлса, Худонинг ташкилотида шарафли вазифаларни зиммасига оладиган маънан етук кишиларга катта эҳтиёж борлиги ҳақида ўйлаб кўрса бўлади. Бу эса, олдинга интилишга тўсқинлик қиладиган салбий фикрларни енгишга ёрдам беради. Худодан муқаддас руҳини сўраб ибодат қилиш ҳам фойдалидир. Чунки муқаддас руҳ хотиржам бўлиб, ўзини қўлга олишга ёрдам беради. Шундагина киши ҳаяжон ва салбий фикрларни енга олади (Луқо 11:13; Галат. 5:22, 23). Яна бир нарсада амин бўлишимиз мумкинки, бошқаларга беғараз ниятда хизмат қилишга интилганларга Яҳова албатта баракасини беради.
18 Эҳтимол сувга чўмган биродарнинг хизмат қилиш истаги йўқдир? Унга нима ёрдам бераркан? Ҳаворий Павлус шундай деган: «Тангри Ўзига маъқул келадиган тарзда йўл тутиб, Унга ёқадиган ишларни қилиш истагингизни кучайтирди» (Филип. 2:13). Худо берган хизмат қилиш истаги ва муқаддас руҳ, кишини илоҳий хизматда иштирок этишга ундайди (Филип. 4:13). Устига-устак, масиҳийлар Аллоҳга маъқул нарсалар борасида ибодат қилишлари мумкин (Заб. 24:4, 5).
19. Яҳованинг ташкилотидаги еттита чўпон ва саккизта бекнинг пайдо бўлиши нимани англатади?
19 Бошқаларга таълим бераётган оқсоқолларнинг ҳаракатига Яҳова албатта барака беради. Қолаверса, жамоатдаги шарафли вазифаларга интилаётганларнинг ўзлари ҳам шу баракаларга эга бўлишади. Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова Ўз ташкилотида еттита чўпон ва саккизта бекни пайдо қилади, яъни Худонинг халқи орасида жамоатга ғамхўрлик қиладиган биродарлар етарлича бўлади (Михо 5:5). Бугунги кунда кўпгина камтарин биродарлар жамоатдаги шарафли вазифаларни ўрганиб уларга интилишаётгани, Яҳовага шараф, бизга эса улкан барака келтиряпти!
Марҳамат, жавоб беринг
• Масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига олишда Исо шогирдларига қандай кўмаклашган?
• Исога тақлид қилган ҳолда, жамоатдаги эркакларга шарафли вазифаларни олишга оқсоқоллар қандай ёрдам беришлари мумкин?
• Олдинга интилишга кишига оила аъзолари қандай кўмаклаша олади?
• Биродар жамоатда шарафли вазифаларга интилаётгани нимадан кўринади?
[31- саҳифадаги расмлар]
Маънан ўсишга интилаётганларга қандай таълим беришингиз мумкин?
[32- саҳифадаги расм]
Шарафли вазифаларга интилаётганини эркаклар қандай кўрсата олишади?