Нега Исонинг номидан ибодат қилиш керак?
ИСО қай йўсин ибодат қилиш кераклиги ҳақида тез-тез ўргатган. У ер юзида бўлганида яҳудий дин раҳбарлари «катта кўчаларнинг бурчакларида» ибодат қилишган. Нега? «Одамларга кўриниш учун». Афтидан, буни одамлар уларнинг художўйлигидан ҳайратланиши учун қилишган. Уларнинг аксарияти бир хил сўзларни ишлатиб, узундан-узун ибодатлар қилишган ва «кўп сўзлар» орқали дуолари эшитилади, деб ўйлашган. (Матто 6:5–8) Исо бундай ибодатлар бефойда эканини айтиб, самимий инсонларга қандай ибодатлардан қочиш лозимлигини кўрсатган. Бироқ у шунчаки қандай ибодат қилмаслик ҳақида ўргатмаган.
Исо Худонинг исми муқаддас бўлиши, Шоҳлиги келиши ва иродаси бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишимиз кераклигини таъкидлаган. Қолаверса, у Худодан шахсий масалаларда ҳам ёрдам сўраш ўринли эканини айтган. (Матто 6:9–13; Луқо 11:2–4) Ибодатларимиз Худога етиб бориши учун, Исо масаллар ёрдамида қатъиятли, имонли ҳамда камтар бўлишимиз лозимлигини кўрсатган. (Луқо 11:5–13; 18:1–14) У таълимотларини ўз ўрнаги билан тасдиқлаган. (Матто 14:23; Марк 1:35)
Шубҳасизки, Исонинг йўл-йўриқларидан сўнг шогирдлари мазмунли ибодатлар қилишни бошлаган. Лекин Исо ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида шогирдларига ибодат тўғрисида энг муҳим сабоқни берган.
«Ибодат тарихидаги катта ўзгариш»
Исо сўнгги кечани асосан садоқатли ҳаворийларига далда бериш билан ўтказган. Бирон-бир янги нарсани ошкор қилишнинг айни мавриди эди. Исо шундай деган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига кела олмайди». Кейин Исо шогирдларини қуйидагича ишонтирган: «Менинг номимдан нимаики тиласангиз, уни бажо келтираман. Токи Ота Ўғли орқали улуғлансин. Ҳа, менинг номимдан нимаики сўрасангиз, бажо келтираман». Суҳбатининг охирига яқин у шундай қўшиб қўйган: «Ҳозиргача менинг номимдан ҳеч нарса сўрамаган эдингиз. Сўранг ва эришасиз, токи қувончингиз тўла бўлсин». (Юҳанно 14:6, 13, 14; 16:24)
Бу сўзлар жудаям муҳим эди. Бир манбада бунга «ибодат тарихидаги катта ўзгариш», деб таъриф берилган. Исо одамлар Худога эмас, унга ибодат қилиши лозимлигини айтмаган. Аксинча, у Тангри Яҳовага яқинлашишга кўмаклашувчи янги йўлни очган.
Албатта, Яҳова садоқатли хизматчиларининг ибодатларини доим эшитиб келган. (1 Шоҳлар 1:9–19; Забур 65:2) Лекин Худо Исроил халқи билан аҳд тузганидан кейин, ибодати Худога етиб боришини истаган киши Исроил халқи Худо томонидан танланган эканини тан олиши керак эди. Кейинроқ, Сулаймоннинг давридан бошлаб, улар қурбонликларни фақатгина Худо танлаган жойда, яъни Қуддусдаги маъбадда келтириш лозимлигини эътиборга олишлари зарур эди. (Қонунлар 9:29; 2 Солномалар 6:32, 33) Аммо бундай топиниш тарзи вақтинчалик эди. Ҳаворий Павлус Исроил халқига берилган Таврот ҳамда маъбадда келтирилган қурбонликлар «келажакдаги баракаларнинг ўзи эмас, соясигина бўлгани» ҳақида ёзган. (Ибронийларга 10:1, 2) Соя ўрнига ҳақиқат келиши керак эди. (Колосаликларга 2:17) Шунинг учун мил. 33 йилдан эътиборан, инсоннинг Яҳова билан муносабатлари Мусонинг Қонунига амал қилишга боғлиқ бўлмай қолди. Бундан буён инсонлар Исо Масиҳга итоат этиши лозим бўлган ва бу ҳақда Мусонинг Қонунида ҳам таъкидланган. (Юҳанно 15:14–16; Галатияликларга 3:24, 25)
«Ҳар қандай исмдан юқори исм»
Исо Тангри Яҳова билан дўстона муносабатларга эга бўлишимиз учун янада яхшироқ асос солди, яъни Худо ибодатларимизни эшитишига йўл очиб берувчи қудратли дўстга айланди. Нега Исо бундай ёрдамни кўрсатишга ҳақли деб айта оламиз?
Гуноҳ барчамизга мерос бўлиб ўтгани учун ҳеч бир ишимиз ва ҳеч қандай қурбонлигимиз бизни гуноҳ қуллигидан озод қилиб, муқаддас Тангри Яҳова билан дўстлашишга муносиб қила олмайди. (Римликларга 3:20, 24; Ибронийларга 1:3, 4) Лекин Исо ўзининг мукаммал ҳаётини тўлов сифатида бериб, инсониятнинг гуноҳларини ювди ва уларни Худо билан яраштирди. (Римликларга 5:12, 18, 19) Бундан буён Яҳованинг олдида пок бўлишни ва «жасорат билан сўзлаш»ни истовчилар Исо одамларнинг гуноҳларини ювганига ишониб, унинг номидан ибодат қилиши даркор. (Эфесликларга 3:11, 12)
Исонинг номидан ибодат қилиб, у Худонинг иродаси амалга ошишида муҳим вазифани бажаришига ишонган бўламиз. Келинг, ушбу вазифанинг учта қиррасини кўриб чиқамиз: 1) Исо «Худонинг Қўзиси»дир ва унинг қурбонлиги гуноҳларни кечириш учун асос бўлиб хизмат қилади; 2) Яҳова Исони тирилтирди ва ҳозир у «олий руҳоний» сифатида хизмат қилиб, тўлов баракаларини ёғдирмоқда; 3) Ёлғиз Исо Яҳовага ибодатда яқинлашишга имкон берувчи «йўл»дир. (Юҳанно 1:29; 14:6; Ибронийларга 4:14, 15)
Исонинг номидан ибодат қилиш унга шараф келтиради. Бундай шараф ўринлидир, чунки Яҳова «Исонинг исми олдида... барча тиз чўкишини» ва «ҳар бир тил Исо Масиҳни Ҳазратим дея очиқ тан олиб, Отамиз Худога шараф келтиришини» истайди. (Филиппиликларга 2:10, 11) Энг муҳими эса, Исонинг номидан ибодат қилиб, биз учун Ўз Ўғлини қурбон қилган Тангри Яҳовани улуғлаган бўламиз. (Юҳанно 3:16)
Биз расмиятчилик юзасидан эмас, «бутун қалбдан» ибодат қилишимиз лозим
Исо қанчалик юксак мавқега эга эканини яхшироқ тушунишимиз учун Муқаддас Китобда унга нисбатан турли хил унвон ва исмлар ишлатилган. Мазкур унвон ва исмлар Исо бизнинг фойдамиз учун қилган, қилаётган ва қиладиган барча ишларни тасаввур қилишимизга кўмаклашади. («Исонинг муҳим вазифаси» номли рамкага қаранг».) Дарҳақиқат, Исога «ҳар қандай исмдан юқори исм... ато этилган».a Унга еру осмондаги бутун ҳокимият топширилган. (Филиппиликларга 2:9; Матто 28:18)
Исонинг номидан ибодат қилиш расмиятчилик эмас
Яҳова ибодатларимизни эшитишини истасак, уларни Исонинг номидан айтишимиз лозим. (Юҳанно 14:13, 14) Лекин «Исонинг номидан» деган сўзларни айтиш шунчаки одат тусига кирмаслиги керак. Нега?
Бир мисолга диққат қаратайлик. Масалан, иш юзасидан бир хат олдингиз ва унинг охирида «ҳурмат ила» деб ёзилган. Бу хат уни ёзган кишининг самимий туйғуларини акс эттирадими ёки ўша киши шунчаки муомала маданияти қоидаларига амал қилганми? Шунинг учун ҳам Исонинг исмини ибодатларимизда тилга олиш иш юзасидан ёзилган хатнинг охиридаги расмий сўзлардан фарқ қилиши даркор. Муқаддас Китоб бизни «тинмай ибодат қилишга чорламоқда». Лекин Худога расмиятчилик юзасидан эмас, балки «бутун қалбдан» мурожаат қилишимиз лозим. (1 Салоникаликларга 5:17; Забур 119:145)
Қай йўсин «Исонинг номидан» каби сўзлар расмиятчиликка айланиб қолишидан қочса бўлади? Масалан, Исонинг ажойиб фазилатлари устида мулоҳаза юритса бўлади. У сиз учун нималар қилгани ва қилмоқчи экани ҳақида фикр юритинг. Ибодатларингизда Яҳовага шукроналар ва Ўғлига ажойиб вазифани ишониб топширгани учун шарафлар айтинг. Агар шундай қилсангиз, Исонинг қуйидаги ваъдасига бўлган ишончингиз янада ошади: «Отамдан менинг номимдан нимаики сўрасангиз, У сизларга беради». (Юҳанно 16:23)
a Бир луғатга кўра, «исм» деб ўгириладиган юнонча сўз остида «ҳокимият, фазилатлар, мавқе, улуғворлик, қудрат ва устунлик назарда тутилиши мумкин». («Vine’s Expository Dictionary of New Testament Words»)