Бу китобга ишониб бўладими?
«Муқаддас Китобда аниқлик ишоралари, жаҳон тарихий асарларидан кўра кўпроқ эканлигига амин бўлдим» (машҳур инглиз олими, жаноб Исаак Ньютон).1
МУҚАДДАС КИТОБГА ишониб бўладими? Унда баён этилган одамлар, жойлар ва ҳодисалар ростдан ҳам бўлганми? Ундай бўлса, бу китобни синчков ва ростгўй одамлар ёзганлигини тасдиқлайдиган далиллар бўлиши керак. Чиндан ҳам бундай далиллар бор. Далилларнинг аксарияти ер остидан топилган, бироқ ундан ҳам кўпроғи китобнинг ўзидадир.
Қазилмаларда топилган далиллар
Муқаддас Китобда айтиб ўтилган ўлкаларда, унинг тарихий ҳамда географик жиҳатдан аниқлигини тасдиқлайдиган қадимги моддий маданият ёдгорликлари топилган. Келинг, қадимшунослар топиб олган баъзи далилларни кўриб чиқайлик.
Кейинчалик Исроилда Подшоҳ бўлган, Довуд исмли ёш довюрак чўпон, Муқаддас Китобни ўқиган одамга яхши таниш бўлса керак. Унинг исми Муқаддас Китобда 1 138 маротаба, унинг сулоласини англатувчи «Довуд хонадони» ибораси эса 25 маротаба учрайди (1 Шоҳлар 16:13; 20:16). Бироқ, Довуднинг шахсиятини тасдиқлайдиган далиллар, Муқаддас Китобдан ташқари, бошқа ҳеч қаерда топилмаётган эди. Наҳотки, Довуд тўқиб чиқарилган шахс бўлса?
1993 йилда, профессор Авраам Биран бошчилигида, бир гуруҳ қадимшунослар мисли кўрилмаган бир кашфиёт қилишди, ва бу ҳақда Исроилда чиқадиган «Israel Exploration Journal» номли бир газетада хабар берилган эди. Улар, Исроилнинг шимолий қисмида жойлашган Тел Дан номли қадимий тепаликда олиб борилган қазилмалар чоғида, базальт тошини топдилар. Тошнинг устида «Довуд хонадони» ва «Исроил подшоси» деган сўзлар ёзилган эди2. Милоддан аввалги IX асрга оид бўлган бу ёзув, Исроил халқининг шарқ томонида яшаган душманлари — оромийлар томонидан ўрнатилган ғалаба ёдгорлигининг парчаси деб ҳисобланарди. Лекин, бу қадимги ёзувнинг нимаси аҳамиятли экан?
Профессор Биран ҳамда унинг ҳамкасби Иосиф Навехларнинг ҳисоботига асосланган бир мақолада: «Муқаддас Китобга алоқадор бўлмаган қадимги ёзувларда “Довуд” исми энди биринчи марта учради»,— деб ёзилган эди («Biblical Archaeology Review»)3a. Мазкур ёзув яна бир жиҳатдан эътиборга лойиқдир: «Довуд хонадони» ибораси бир сўз билан ёзилган экан. Тилшунос профессор Ансон Рейнининг изоҳига кўра: «Кўпинча қўшма сўзлар алоҳида-алоҳида ёзилмайди... айниқса, ҳаммага таниқли бўлган номдан таркиб топган бўлса. “Довуд хонадони” иборасига келсак, у милоддан аввалги IX аср ўрталарида сиёсий ҳамда жўғрофий бир атама бўлганлиги шубҳасиздир»5. Кўриб турибмизки, ҳазрати Довуд ҳамда унинг сулоласи қадимда ниҳоятда машҳур бўлганлар.
Муқаддас Китобда тилга олинган, Оссуриянинг қудратли Найнаво (Ниневия) шаҳри чиндан ҳам мавжуд бўлганмикин? XIX асрнинг бошида баъзи танқидчилар буни ҳеч тан олмас эдилар. Бироқ 1849 йилда, қадимги Найнавонинг бир қисми бўлмиш Куюнжик шаҳрида ўтказилган қазилмалар натижасида, жаноб Остин Генри Лэйярд, шоҳ Санхарив (Синахериб) саройининг харобаларини топди. Шу йўсинда танқидчилар индалмай қолишди. Мазкур харобалар жаҳонга ҳали кўп маълумот бериши лозим эди. Яхши сақланиб қолган бир хонанинг деворида, ғоят мустаҳкам шаҳарнинг забт этилиши ва қўлга олинган асирларнинг жаҳонгир шоҳ рўпарасидан ўтиб кетаётгани акс эттирилган бўртма расм бор эди. Подшоҳнинг тасвири юқорисида: «Оссурия шоҳи, олампаноҳ, Санхарив, нимеду-тахтига чиқиб, Лахишда (қўлга киритган) ўлжаларни кўздан кечирди»6,— деб ёзилган эди.
Мазкур бўртма тасвир билан ёзув ҳозирги кунда Британия музейида сақланади; унда акс эттирилган ҳодисалар 4 Шоҳлар 18:13, 14да баён этилган ҳодисаларга уйғундир; ушбу оятларда, Санхарив Яҳудийларнинг Лахиш шаҳрини босиб олганлиги ҳикоя қилинади. Топилма нақадар муҳим эканлиги Лэйярднинг қуйидаги сўзларидан маълум: «Бу топилмалардан аввал, [Яҳудийларнинг шоҳи] Ҳизқиё билан Санхарив ўртасида бўлиб ўтган урушлар тўғрисида, айни чоғда Санхарив томонидан ёзилган ва Муқаддас Китобда баён этилган ҳодисаларни тасдиқловчи тафсилотларни, Найнаво жойлашган ердан, тупроқ ва чиқиндилар остидан топиш, кимнинг хаёлига келибди?»7
Қадимшунослар қазиб олган яна кўпгина қадимги ёдгорликлар: кулолчилик буюмлари, биноларнинг харобалари, сопол жадвалчалар, танга-чақалар, ҳужжатлар, ҳайкаллар ва ёзувлар, Муқаддас Китобнинг аниқлигини тасдиқлайди. Қадимшунослар яна, Иброҳим алайҳиссалом истиқомат қилган, диний ва тижорий марказ бўлмиш, халдейларнинг Ур шаҳрини топишди8 (Ибтидо 11:27-31). XIX асрда ер остидан қазиб олинган Набонид солномасида, милодгача 539 йилда, Кир исмли улуғ подшоҳ Бобилни босиб олганлиги ҳақида баён этилган; мазкур ҳодиса Дониёр китобининг 5-бобида акс эттирилган9. Қадимги Салоника шаҳрида топилган равоқда, бир вақтлар «политархлар» деб аталган, шаҳар маъмурларининг исмлари ёзилган экан; гарчи бу сўз Юнон мумтоз адабиётида учрамаса ҳам, Инжил ёзувчиси Луқо томонидан қўлланилган (Ҳаворийлар 17:6)10. Хуллас, бу ва бошқа далиллар Луқонинг баёноти аниқ эканлигини тасдиқлаб турибди (Луқо 1:3ни солиштиринг).
Баъзан қадимшунослар, Муқаддас Китобга ишониш тугул, ҳатто ўзаро келишолмайдилар. Лекин, Муқаддас Китобнинг ўзида, унинг ишончга сазовор эканини тасдиқлайдиган далиллар бор.
Самимийлик ила баён этилган
Беғараз тарихчилар, фақатгина (Лахиш шаҳрининг Санхарив томонидан забт этилиши тўғрисидаги маълумот каби) ғалабаларни эмас, балки мағлубиятларни ҳам, биргина ютуқларни эмас, муваффақиятсизликларни ҳам, фақат эътиборли жойларини эмас, камчиликларини ҳам ёзган бўлишарди. Қадимги тарихчиларининг асарларида бундай беғаразлик кам учрайди.
Оссуриялик тарихчилар ҳақида Даниел Лакенбилл шундай дейди: «Кўпинча улар, кеккайган подшоҳларини рози қилиш ниятида, тарихий аниқликка парво қилмаганликлари кўриниб туради»11. Оссурия подшоҳи Ашшурнасирпал ўз солномаларида мақтаниб: «мен басавлатман, улуғворман, шуҳратлиман, қудратли, иззатли, атоқлиман, машҳур, бақувват, довюракман, арслондай жасур, қаҳрамонман!»12 — деб ёзган; бу сўзлар «кеккайган подшоҳларнинг» ёрқин мисолидир. Бундай солномаларда ёзилгани, бўлган воқеа, дейишса ишонармидингиз?
Муқаддас Китобни ёзган одамлар эса, аксинча, ростгўй бўлишган. Исроил халқининг раҳнамоси Мусо пайғамбар, ўз акаси Ҳорун ва опаси Марямнинг ҳамда ўз жиянлари Надаб ва Абихунинг камчиликларини, шунингдек ўз халқининг ва ўзининг хатоларини очиқ-ойдин баён этган (Чиқиш 14:11, 12; 32:1-6; Левилар 10:1, 2; Саҳрода 12:1-3; 20:9-12; 27:12-14). Ҳазрати Довуднинг жиддий гуноҳлари сир сақланмаган, аксинча, айни унинг подшоҳлик қилаётган чоғида ёзилган (2 Шоҳлар, 11 ва 24 боблар). Матто баён этган Инжилда, шахсан Маттонинг ўзи ҳаворийлар қаторида бўла туриб, орамизда энг обрўли ким экан, деб тортишганлари ҳамда Исо ҳибсга олинган кечаси, улар уни ёлғиз ташлаб қочиб кетишганлари ҳақида баён этган (Матто 20:20-24; 26:56). Инжил таркибидаги мактубларнинг муаллифлари, ўша пайтда баъзи масиҳий жамоатларида жинсий ахлоқсизлик ва низолар каби муаммолар бўлганлигини очиқ эътироф этишган. Улар бундай муаммоларни сира ҳам яширишмас эди (1 Коринфликларга 1:10-13; 5:1-13).
Шу қадар ростгўй, очиқ-ойдин баёнот, ҳақиқатга нисбатан самимий севгидан далолат беради. Агар Муқаддас Китобни ёзган кишилар, ўз яқинлари, ўз халқи ва ҳатто ўзлари тўғрисида салбий маълумот ёзишган бўлса, бу уларнинг сўзларига ишониш учун яхши далил эмасми?
Ниҳоятда аниқ тафсилотлар
Одатда, суд маҳкамасида берилган «гувоҳликнинг» ҳаққонийлиги арзимас далиллар асосида аниқланади. Арзимас тафсилотлар бир-бирига мос келса, ҳаққоний ҳисобланади, жиддий ихтилофлар эса, қалбаки эканлигидан далолат беради. Иккинчи томондан, ҳикоя ҳаддан ташқари аниқ, ҳатто майда тафсилотларигача уйғун бўлса, ёлғонга ўхшаб кўриниши мумкин.
Муқаддас Китобни ёзган одамларнинг «гувоҳлиги» ҳақида нима дейиш мумкин? Улар ғоятда изчил бўлишган. Уларнинг ҳикоялари, ҳатто майда-чуйда тафсилотларида ҳам бир-бирига уйғундир. Бироқ, улар атайлаб келишиб олишмаган; акс ҳолда, гумонсираш учун сабаб бўлар эди. Уйғунликлар атайин қилингани йўқ, ёзувчилар беғараз бўлишган. Келинг, баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.
Муқаддас Китобнинг ёзувчиларидан бири, Матто: «Исо Бутруснинг уйига келганида, унинг қайнонаси иситмалаб ётганини кўрди»,— деб ёзган (Матто 8:14). Бу ерда Матто қизиқарли, лекин унчалик аҳамиятсиз бир тафсилотга эътибор берган: Бутрус турмуш қурган экан. Ушбу, унчалик аҳамиятсиз тафсилотни, Павлуснинг қуйидаги сўзлари тасдиқлаб турибди: «Биз ҳам бошқа ҳаворийлар каби... ва Кифаb каби имонли бир хотинни ўзимиз билан олиб боришга ҳуқуқимиз йўқми?» (1 Коринфликларга 9:5). Бу ерда Павлус ўзини асоссиз ҳақоратдан ҳимоя қилаётгани муайян (1 Коринфликларга 9:1-4). Павлус, Бутруснинг турмуш қургани тўғрисида ёзганида, Маттонинг сўзларини тасдиқламоқчи бўлмаган, у шунчаки гап орасида айтиб ўтган эди холос.
Инжилнинг тўртала ёзувчиси — Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно — Исо ҳибсга олинган кечаси, унинг шогирдларидан бири қиличини қинидан суғуриб, олий руҳонийнинг қаролига уриб, унинг қулоғини узиб юборгани тўғрисида баён этишган. Фақатгина Юҳанно: «қаролнинг исми Малик эди»,— деган унчалик арзимас бир тафсилот қўшиб қўйган (Юҳанно 18:10, 26). Нима сабабдан бу одамнинг исмини Юҳаннодан бошқа ҳеч ким ёзмаган? Бир неча оят кейинроқ, бошқа ҳеч бир жойда учрамайдиган, унчалик арзимас бир тафсилот бор: Юҳанно «олий руҳонийга таниш эди». У шунингдек, олий руҳонийнинг уйида яшаган одамларга таниш эди, ҳатто қароллар ҳам уни яхши билишган (Юҳанно 18:15, 16). Юҳанно учун, жароҳатланган одамнинг исмини ёзиш табиий бўлган, бўлак ёзувчилар эса нотаниш одамнинг исмини ёзишмаган.
Гоҳида, битта баёнотда тушириб қолдирилган тафсилот бўлак бир баёнотда гап орасида айтиб ўтилган бўлади. Масалан Матто, Яҳудий Олий Кенгашида Исонинг масаласини муҳокама қилишаётган пайтда, баъзи бир одамлар: «Эй Масиҳ! Қани пайғамбарлигингни кўрсатиб, айтиб бер-чи, Сени кимлар уряпти экан?» — деб уни шапалоқлашгани тўғрисида баён этган (Матто 26:67, 68). Агар ўша шапалоқлаган одам унинг рўпарасида турган бўлса, унда нега «пайғамбарлигингни кўрсат», дейишган экан? Матто буни изоҳлаб бермаган. Лекин бу ерда тушириб қолдирилган маълумотни Инжилнинг бўлак иккита ёзувчиси ҳикоя қилиб берган: Исони қийнаган одамлар, аввал унинг кўзларини боғлаб, сўнг уришган (Марк 14:65; Луқо 22:64). Матто ўз ҳикоясини икир-чикирларигача баён этмоқчи бўлмаган.
Юҳанно баён этган Хушхабарда, Исонинг таълимотини тинглаш учун улкан бир халойиқ тўпланиб келгани тўғрисида ҳикоя қилинади. У ерда ҳикоя қилинишича, Исо халойиқни кўриб, «Филипдан: — Буларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз? — деб сўради» (Юҳанно 6:5). Ҳамма шогирдлар ўша ерда экан, нимага Исо айнан Филипдан, «қаердан нон сотиб оламиз», деб сўради? Юҳанно буни шарҳлаб бермаган. Аммо Луқо баён этишича, бу воқеа, Жалила денгизининг шимолий соҳилида жойлашган, Байтсайда шаҳрининг яқинида содир бўлган; бундан сал илгарироқ эса, Юҳанно баён этган Хушхабарда: «Филип Байтсайда шаҳридан» эди, дейилган (Юҳанно 1:44; Луқо 9:10). Шу сабаб, Исо ўша ерда истиқомат қиладиган одамдан сўраши мантиқан тўғридир. Тафсилотларнинг уйғунлиги, атайлаб қилинмаган бўлса-да, ғоят ажойибдир.
Баъзи пайт, тафсилотларнинг тушириб қолдирилиши, Муқаддас Китоб ёзувчиларига ишончимизни орттириши мумкин. Мисол учун, 3 Шоҳлар китобида, Исроил юртида шиддатли қурғоқчилик юз бергани ҳақида баён этилган. Қурғоқчилик шу қадар шиддатли бўлганки, шоҳ ўзининг отларию хачирлари учун етарли сув ва ўт-ўлан тополмаган (3 Шоҳлар 17:7; 18:5). Лекин айни ҳикояда, Илёс пайғамбар, тахминан 1 000 квадрат метрлик хандақни тўлғазиш учун (қурбонлик қилаётганда ишлатиш мақсадида), Кармил тоғига сув келтиришларини буюргани тўғрисида ҳикоя қилинади (3 Шоҳлар 18:33-35). Қурғоқчиликнинг айни долзарб пайтида сувни қаердан олишган? 3 Шоҳлар китобини ёзган одам буни изоҳлаб беришни афзал кўрмаган. Бироқ Исроилда яшаган ҳар ким, Кармил тоғи Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашганини яхши биларди; бу ҳақда кейинроқ мазкур ҳикояда гап орасида айтиб ўтилган эди (3 Шоҳлар 18:43). Шу боис, денгиз суви жуда яқин бўлган. Агар бўлак тафсилотларга бой бўлган мазкур китоб, ҳақиқат қилиб кўрсатилган уйдирма бўлса, уни ёзган одам моҳир ёлғончи экан-да; ундай бўлса бу ёзувчи ўз ҳикоясида бу каби изчилсизликка қандай қилиб йўл қўйди экан?
Хуллас, Муқаддас Китоб эътиборга лойиқ эканми? Қадимшунослар етарли даражада қадимги маданият ёдгорликларини қазиб олишган, улар орқали Муқаддас Китобда баён этилган шахслар, жойлар ҳамда воқеалар ҳаққоний эканини тасдиқлаш мумкин. Бироқ, Муқаддас Китобнинг ўзидаги далиллар янада ишончлироқдир. Ахир, уни ёзган одамлар ҳамма нарсани, ҳатто ўзлари ҳақида очиқдан-очиқ, заррача ҳам муболағасиз баён этишган. Бу асарларнинг ички уйғунлиги, шу жумладан атайлаб қилинмаган ўхшашликлар, уларни ёзган одамларнинг «шаҳодатлари» ҳаққоний эканлигидан далолат беради. Дарҳақиқат, бу каби «аниқлик ишораларига» бой бўлган Муқаддас Китоб, эътиборингизга лойиқ бир китобдир.
[Изоҳлар]
a Мазкур кашфиётдан сўнг профессор Андрэ Лемэр, 1868 йили топилган Месса ёдгорлик тоши (Мўаб ёдгорлик тоши деб ҳам юритилади) зарар еган сатрнинг тикланиши натижасида, бу ёдгорлик тошида ҳам «Довуд хонадони» эслаб ўтилганлиги ҳақида хабар берди4.
b «Кифа», «Бутрус» деган исмнинг сомий тилдаги маънодошидир (Юҳанно 1:42).
[15- саҳифадаги расм]
Тел Дан деган жойдан топилган лавҳа.
[16- ва 17- саҳифадаги расм]
4 Шоҳлар 18:13, 14да ҳикоя қилинган Лахиш шаҳрининг забт этилиши тасвирланган, Оссуриядаги деворий бўртма тасвир.