Ёш биродарлар, сизлар интиляпсизларми?
1. Ёш биродар 1 Тимўтийга 3:1 даги маслаҳатни қачондан бошлаб қўллаши керак?
1 «Кимки... интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади» (1 Тим. 3:1). Илоҳий илҳом билан ёзилган ушбу сўзлар биродарларни жамоатда шарафли вазифаларга эга бўлишни интилишга чорлаяпти. Бундай вазифаларни бажариш учун етук инсон бўлишингиз шартми? Аслида, ёшлигингиздан бунга интилганингиз маъқул. Шу йўсинда сиз таълим оласиз ва катта бўлганингизда жамоат хизматкори бўлишга яроқли эканингизни кўрсата оласиз (1 Тим. 3:10). Агар сиз сувга чўмган ёш биродар бўлсангиз, бунга қандай интилишингиз мумкин?
2. Фидойилик руҳини қандай ривожлантириш ва намоён этиш мумкин?
2 Фидойилик. Ном ёки обрў орттириш учун эмас, яхши иш учун интилаётганингиз ёдингизда бўлсин. Шундай экан, биродару опа-сингилларингизга ёрдам бериш истагини ривожлантиринг. Бундай қилишнинг бир усули, Исонинг ажойиб ўрнаги борасида мулоҳаза юритишдир (Мат. 20:28; Юҳан. 4:6, 7; 13:4, 5). Бошқаларга қизиқиш кўрсатиш учун Яҳовадан ёрдам сўранг (1 Кор. 10:24). Жамоатдаги қария ва заифларга қандайдир амалий ёрдам бера оласизми? Йиғилиш Залини тозалашда, қор курашда ёки бошқа ишларда ўз хизматингизни таклиф қила оласизми? Воизлик мактаби учрашувида кимнингдир ўрнига топшириғи билан чиқишга тайёрмисиз? Бировга ёрдам бериш ниятида ўзингизни тақдим этсангиз қувонч оласиз (Ҳавор. 20:35).
3. Маънавийлик қанчалик муҳим ва уни қандай ривожлантирса бўлади?
3 Маънавийлик. Жамоат хизматкорлари ўзгача иқтидор ёки туғма қобилиятларга эга бўлишдан кўра, маънавий бўлишлари афзалроқдир. Маънавий инсон нарсаларга Яҳова ҳамда Исо каби қарайди (1 Кор. 2:15, 16). У «муқаддас руҳнинг самараси»ни намоён этади (Галат. 5:22, 23). Шунингдек, у Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўядиган ғайратли ваъзгўйдир (Мат. 6:33). Шахсий тадқиқни одат тусига киритиб, маънавий фазилатларни ривожлантира оласиз. Бунга Муқаддас Китобни ҳар куни, «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг» журналларининг ҳар бир сонини ўқиш ва жамоат учрашувларига тайёргарлик кўриш киради (Заб. 1:1, 2; Иброн. 10:24, 25). Павлус ёш Тимўтийни маънан ўсишга чорлаётиб, шундай сўзларни айтганди: «Қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл» (1 Тим. 4:15, 16). Воизлик мактаби учрашувидаги топшириқларингизни астойдил бажаринг. Хизматга тайёргарлик кўринг ва унда мунтазам иштирок этинг. Олдингизга кашшофлик ва Байтил хизмати ёки бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабида ўқиш каби мақсадлар қўйиб, уларга эришишга интилинг. Маънавийлик, «ёшлик эҳтиросларидан қочишга» кўмаклашади (2 Тим. 2:22).
4. Ишончли ва садоқатли бўлишнинг қандай фойдаси бор?
4 Ишончли ва садоқатли. Биринчи асрда масиҳийлар орасида ризқ-рўзни тақсимлашга тайинланган биродарлар «яхши ном орттирган». Улар ишончли ва садоқатли бўлишгани учун ҳаворийлар бу иш борасида ташвишланишмаган. Ўз навбатда бу уларга муҳимроқ нарсаларга эътибор қаратишга имкон яратган (Ҳавор. 6:1–4). Шунинг учун сизга жамоатда вазифа берилса, уни бор қобилиятларингизни ишга солиб бажаринг. Кема қуриш учун берилган йўл-йўриқларга қунт ила амал қилган Нуҳ пайғамбарга тақлид қилинг (Ибт. 6:22). Садоқатли бўлиш Яҳованинг назарида қадр-қимматга эга ва бу, маънавий етукликдан далолат беради (1 Кор. 4:2; «Таълимнинг фойдали томонлари» номли рамкага қ.).
5. Нега ёш биродарлар интилишлари керак?
5 Башорат қилинганидек, Яҳова Ўз халқини йиғишни тезлаштиряпти (Ишаё 60:22). Ҳар йили камида чорак миллион одамлар сувга чўмишяпти. Ҳақиқатга келаётган одамлар шунчалик кўп экан, жамоат эҳтиёжлари учун ғамхўрлик қилишга тажрибали маънавий кишилар керак. Ҳозир ҳар қачонгидан кўра Яҳованинг хизматида иш кўп (1 Кор. 15:58). Ёш биродарлар, сизлар бунга интиляпсизларми? Агар шундай бўлса, демак жудаям яхши иш қиляпсиз!
[3- саҳифадаги матн парчаси]
Ҳақиқатга келаётган одамлар шунчалик кўп экан, жамоат эҳтиёжлари учун ғамхўрлик қилишга тажрибали маънавий кишилар керак
[3- саҳифадаги рамка]
Таълимнинг фойдали томонлари
Тажрибали ёш биродарлар оқсоқоллардан топшириқ ва таълим олишганда кўп фойда олишади. Йиғилишдан кейин бир туман нозири ваъзгўйга саҳнада ўтириб, далда бераётган эди. Ўшанда у яқин атрофда турган ёш бир болани кўриб қолиб, суҳбатлашишни кутяпсизми, деб сўради. Ёш биродар эса, ҳар бир йиғилишдан кейин саҳнани чангюткич билан тозалаб чиқишга тайинланганини айтди. Унинг ота-онаси кетишга тайёр эди, лекин у ушбу вазифасини бажармагунча кетмоқчи эмас эди. Туман нозири секингина чиқиб кетди. У бу борада шундай изоҳ берди: «Ўша жамоатдаги оқсоқоллар ёш биродарларга вазифалар бериб, тажрибали кишиларни тайёрлашган. Натижада, мен уларнинг жамоатига ташриф буюрганимда, улар ёш биродарни жамоат хизматкори сифатида тавсия қилишган ва бу улар учун оддий ҳол бўлиб қолган».