28-БОБ
«Ҳатто ернинг четларига қадар»
Яҳованинг Шоҳидлари Исо Масиҳнинг издошлари биринчи асрда бошлаган ишни давом эттиришяпти
1. Илк масиҳийлар ва Яҳованинг Шоҳидлари ўртасида қандай ўхшашлик бор?
ИЛК масиҳийлар ғайрат ила шоҳидлик беришарди. Улар ёрдамни ва муқаддас руҳнинг бошқарувини чин юракдан қабул қилишга тайёр эди. Қувғунлар уларни тўхтатмади. Тангри уларга кўп баракалар ёғдирди. Ҳозирги кунда Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида ҳам шундай деса бўлади.
2, 3. Ҳаворийлар китоби нимаси билан диққатга сазовор?
2 Шубҳасизки, Ҳаворийларнинг фаолияти китобидаги кўпгина ажойиб баёнотлар сизга далда бериб, имонингизни мустаҳкамлади. Бу китоб ўзгача, чунки фақат унда Исонинг осмонга кўтарилганидан кейин илк масиҳийлар нима қилгани ҳақида ёзилган.
3 Ҳаворийлар китобида 95 та киши, 32 та мамлакат ва ҳудуд, 54 та шаҳар ва 9 та орол тилга олинган. Қолаверса, ундан турли одамлар — оддий халқ, мағрур дин пешволари, манман сиёсатчилар ва ашаддий таъқибчилар тўғрисида билиб оляпмиз. Энг муҳими эса у ерда биринчи асрдаги ва сиз каби қийинчиликларни бошдан кечириб, хушхабарни ғайрат ила ваъз қилган имондошлар ҳақида айтилган.
4. Нега бизни илк масиҳийлар билан ўзгача ришталар боғлаб турибди деса бўлади?
4 Ғайратли ҳаворийлар Бутрус ва Павлус, севикли табиб Луқо, сахий Барнабо, жасоратли Стефан, меҳрибон Тавита, меҳмондўст Лидия ва бошқа кўп садоқатли масиҳийлар яшаган пайтдан бери деярли 2 000 йил ўтди. Улар анча йиллар олдин яшаган бўлса-да, бизни ўзгача ришталар боғлаб турибди. Нега деганда, бизга ҳам шогирд тайёрлаш иши топширилган. (Мат. 28:19, 20) Бундай фаолиятда иштирок этиш катта шараф!
5. Исонинг илк издошлари у берган топшириқни қаерда бажаришни бошлаган?
5 Исо издошларига топширган вазифа тўғрисида бир ўйлаб кўринг. У шундай деган: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб, Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Аввал, муқаддас руҳ шогирдларга «Қуддусда» шоҳидлик қилиш учун куч берган. (Ҳавор. 1:1–8:3) Кейин, муқаддас руҳнинг бошқаруви билан улар «бутун Яҳудия ҳамда Самарияда» шоҳидлик қилишган. (Ҳавор. 8:4–13:3) Сўнг эса улар «ҳатто ернинг четларига қадар» хушхабарни тарқата бошлашган. (Ҳавор. 13:4–28:31)
6, 7. Хизматимизни адо этиш учун биринчи асрдаги имондошларимиздан фарқли равишда нималарга эгамиз?
6 Биринчи асрдаги имондошларингиз ваъзгўйликда фойдаланиш учун тўлиқ Муқаддас Китобга эга бўлмаган. Масалан, Матто баён этган хушхабар тахминан мил. 41 йили ёзилган. Павлуснинг баъзи мактублари эса Ҳаворийлар китоби тахминан мил. 61 йили битказилишидан олдин ёзилган. Илк масиҳийларда Муқаддас Ёзувларнинг шахсий нусхаси ва қизиқувчилар учун турли адабиётлар бўлмаган. Яҳудий масиҳийлар Исонинг шогирди бўлишидан олдин ибодатхонада Ибронийча ёзувлар ўқилганини тинглашган. (2 Кор. 3:14–16) Лекин ҳатто улар ҳам Каломни астойдил ўрганиши керак эди. Боиси, ҳойнаҳой, улардан оятларни ёддан айтиш кутилган.
7 Бугун аксариятимизда Муқаддас Китоб ҳамда унга асосланган кўпгина адабиётлар бор. Биз хушхабарни 240 дан зиёд мамлакату ҳудудларда кўп тилларда ваъз қилиб, шогирд тайёрлаяпмиз.
Муқаддас руҳ орқали кучга тўламиз
8, 9. а) Исонинг шогирдлари муқаддас руҳнинг ёрдамида нима қила олишарди? б) Ишончли хизматкор муқаддас руҳ ёрдамида нималарни тақдим этяпти?
8 Исо шогирдларига шоҳидлари бўлишни тайинлаганда уларга: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўл[асизлар]»,— деб айтган. Исонинг издошлари Худонинг руҳи, яъни фаол кучи бошқаруви остида бутун ер юзи бўйлаб шоҳидлик қилиши керак эди. Айнан муқаддас руҳнинг ёрдами билан Бутрус ва Павлус касалларга шифо беришарди, жинларни қувиб чиқаришарди ва ҳатто ўлганларни тирилтиришарди! Бироқ муқаддас руҳ орқали берилган куч уларга янада муҳим иш учун зарур эди. Унинг ёрдамида ҳаворийлару бошқа шогирдлар одамларга абадий ҳаётга етаклайдиган аниқ билимни етказишган. (Юҳан. 17:3)
9 Мил. 33 йили Ҳосил байрамида Исонинг шогирдлари «ҳар хил тилларда гапира бошлади. Улар руҳ ато этган қобилиятга кўра гапиришарди». Шу йўсин, улар «Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида» шоҳидлик беришарди. (Ҳавор. 2:1–4, 11) Ҳозир мўъжизавий тарзда турли тилларда гаплаша олмаймиз. Аммо Худонинг кучи ёрдамида ишончли хизматкор Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни кўп тилларда нашр этяпти. Мисол учун, ҳар ой «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналлари миллионлаб нусхада чоп этилади. Шунингдек, jw.org сайтимизда 1 000 дан зиёд тилларда Муқаддас Китобга асосланган адабиётлару видеолар чиқади. Буларнинг ёрдамида барча халқдаги, қабиладаги ва тилдаги одамларга «Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида» эълон қиляпмиз. (Ваҳ. 7:9)
10. Муқаддас Китобнинг таржимасига келсак, 1989 йилдан бери нима қилиняпти?
10 Ишончли хизматкор 1989 йилдан бери «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» кўп тилларда нашр этилишига ғамхўрлик қиляпти. Муқаддас Китоб 200 дан зиёд тилларга ўгирилган ва ўн миллионлаб нусхада чоп этилган ва бу ҳали хамир учидан патир. Бундай ютуқларга фақат Аллоҳнинг ва Унинг руҳи ёрдамида эришиляпти.
11. Яҳованинг Шоҳидлари таржима ишида қандай ютуқларга эришди?
11 Таржима иши минглаб ихтиёрий хизматчилар томонидан 150 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларда амалга ошириляпти. Бундан ҳайрон эмасмиз, чунки ер юзидаги фақат бизнинг ташкилотимизни муқаддас руҳ бошқаряпти. Усиз Тангри Яҳова, Масиҳий Шоҳ ва осмонда бошқараётган Шоҳлик тўғрисида кенг шоҳидлик бера олмасдик! (Ҳавор. 28:23)
12. Павлус ва бошқа масиҳийлар нима туфайли шоҳидлик қила олишарди?
12 Павлус яҳудийларга ва бошқа халқ вакилларига Писидиядаги Антиохияда шоҳидлик берганида, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган барча Исонинг издоши бўлди». (Ҳавор. 13:48) Луқо Ҳаворийлар китобини Павлус «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилиб... ҳеч қандай тўсқинликсиз бемалол таълим берарди» деган сўзлар билан тугатди. (Ҳавор. 28:31) Қизиқ, у ўша пайтда қаерда эди? Жаҳон империясининг пойтахти — Римда. Дарҳақиқат, Исонинг илк издошлари ҳар хил усулларни қўллаб, муқаддас руҳнинг ёрдами ва бошқаруви билан шоҳидлик қилишарди.
Таъқибларга қарамай бардошли бўламиз
13. Қувғунларга дучор бўлганимизда нега ибодат қилишимиз зарур?
13 Исонинг илк шогирдлари қувғунларга дуч келишганда, Яҳовадан жасоратли бўлишни сўрашган. Натижада нима бўлган? Улар муқаддас руҳга тўлиб, Аллоҳнинг каломи ҳақида жасорат ила гапиришган. (Ҳавор. 4:18–31) Биз ҳам ибодатда донолик ва куч сўраб, таъқибларга қарамай шоҳидлик беришда давом этамиз. (Ёқб. 1:2–8) Худо бизга баракалар ёғдириб, муқаддас руҳи орқали ёрдам бераётгани учун ваъз қила оляпмиз. Шоҳидлик бериш ишини ҳеч нарса, на қаршиликлар, на шиддатли қувғунлар тўхта олмайди. Бизни таъқиб қилишганда, хушхабарни эълон қила олишимиз учун Худодан муқаддас руҳ, донолик ва жасорат сўрашимиз зарур. (Луқо 11:13)
14, 15. а) «Стефаннинг ўлдирилишидан бошланган қувғунлар дастидан» нима юз берди? б) Сибирдаги кўплар ҳақиқатни қай йўсин билиб олди?
14 Стефан душманлар томонидан ўлдирилишидан олдин жасорат ила шоҳидлик берган. (Ҳавор. 6:5; 7:54–60) Бундан сўнг «ашаддий қувғунлар бошланди» ва ҳаворийлардан ташқари барча шогирдлар Яҳудия ҳамда Самария бўйлаб тарқаб кетди. Бироқ бу шоҳидлик бериш ишини тўхтатмади. Филип Самарияга бориб, «у ердагиларга Масиҳ ҳақида» ваъз қилди ва бу ажойиб самара келтирди. (Ҳавор. 8:1–8, 14, 15, 25) Бундан ташқари, қуйидагиларни ўқиймиз: «Стефаннинг ўлдирилишидан бошланган қувғунлар дастидан тарқаб кетганлар Финикия, Кипр ва Антиохиягача бориб, Тангрининг каломини фақат яҳудийларга гапиришарди. Уларнинг орасида Кипр ва Киринеядан бўлган одамлар бор эди. Улар Антиохияга етиб келиб, у ердаги юнонзабон кишиларга Ҳазратимиз Исо тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишарди». (Ҳавор. 11:19, 20) Ўша пайтда қувғунлар туфайли Шоҳлик тўғрисидаги хабар тарқалиб кетган эди.
15 Бунга ўхшаш воқеалар собиқ Совет Иттифоқида юз берган. Айниқса 1950 йилларда минглаб имондошимиз Сибирга сургун қилинган. Уларни ҳар хил жойларга тарқатишгани учун ўша улкан ҳудудда хушхабар аста-секин ёйилиб борган. Шунча кўп Яҳованинг Шоҳиди ўз ҳисобидан пул сарфлаб, деярли 10 000 километр йўл юриши ва хушхабарни ваъз қилиши амримаҳол эди! Бироқ ҳукуматнинг ўзи уларни у ерга юборди. Битта биродар шундай деган эди: «Ҳукуматнинг ўзи Сибирдаги минглаб самимий одамлар ҳақиқатни билиб олишига ҳисса қўшди».
Яҳова баракалар ёғдиряпти
16, 17. Ҳаворийлар китобига кўра, Яҳова ваъзгўйлик фаолиятига барака бергани нимадан кўриняпти?
16 Яҳова илк масиҳийларга барака бергани шубҳасиз. Павлус ва бошқалар экиб, суғоришган, «аммо ўстирган Худодир». (1 Кор. 3:5, 6) Ҳаворийлар китобидан билиб олганимиздек, бундай ўсиш Яҳова ваъзгўйлик фаолиятига баракалар ёғдиргани учун бўлган. Масалан, «Аллоҳнинг каломи кенг ёйила бошлади ва Қуддусда Исо шогирдларининг сони ғоят ошиб бораверди». (Ҳавор. 6:7) Ваъзгўйлик фаолияти кенг қулоч ёзгани сайин «Яҳудия, Жалила ва Самариядаги бутун жамоатда тинчлик ҳукм сура бошлади. Жамоат Яҳовадан қўрқиб, мустаҳкамланиб борар ва муқаддас руҳдан тасалли топиб, шогирдларнинг сони тобора ортарди». (Ҳавор. 9:31)
17 Суриядаги Антиохияда яҳудийлар ва юнонзабон одамлар ҳақиқатни жасоратли кишилардан эшитишган. Баёнотда шундай ёзилган: «Яҳова уларни қўллаб-қувватлагани учун ниҳоятда кўп киши имонга кириб, Ҳазратимизнинг издоши бўлди». (Ҳавор. 11:21) Ўша шаҳарда қандай ўсиш бўлгани тўғрисида шундай дейилган: «Яҳованинг каломи эса тобора ёйилиб, самара келтирарди». (Ҳавор. 12:24) Павлус ва бошқалар фаол бўлиб, ўзга халқ вакилларига ваъз қилишгани учун «Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин кучаярди». (Ҳавор. 19:20)
18, 19. а) Яҳова бизни қўллаб-қувватлаётганини қаердан биламиз? б) Яҳова халқини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатадиган мисол келтиринг.
18 Яҳова бизни ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Айнан шунинг учун кўплар Яҳовага ишониб, ҳаётини Унга бағишлаяпти ва бунинг рамзи сифатида сувга чўмяпти. Бундан ташқари, фақат Аллоҳнинг ёрдами ва баракалари туфайли Павлус ҳамда бошқа илк масиҳийлар каби биз ҳам жиддий қаршиликни — баъзан даҳшатли таъқибларни енгиб, хизматимизни муваффақият ила бажара оламиз. (Ҳавор. 14:19–21) Тангри Яҳова ҳамиша бизга кўмаклашади. Унинг «абадий қўллари» барча синовларимизда бизни қўллаб келаётгани шубҳасиз. (Қонун. 33:27) Келинг, Яҳова улуғ исми ҳаққи халқини ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини ҳам ёдда тутайлик. (1 Шоҳ. 12:22; Заб. 94:14)
19 Ҳаральд Абта исмли биродаримизнинг мисолини олайлик. Иккинчи жаҳон уруши пайтида нацистлар уни ваъзгўйлик қилгани учун Заксенхаузен концлагерига жўнатишди. 1942 йили майда гестапо ходимлари унинг уйига келиб, хотини Эльзани ҳибсга олишди, қизалоғини эса олиб кетишди. Эльза турли лагерларда бўлди. У қуйидагиларни айтиб берди: «Германиядаги концлагерларда яшаб, жуда муҳим сабоқ олдим. Даҳшатли синов пайтида Яҳованинг руҳи бизни роса қўллаб-қувватлаши мумкин! Ҳибсга олинишдан олдин мен бир опамизнинг хатида оғир қийинчиликда Яҳованинг руҳи хотиржам бўлишимизга ёрдам беришини ўқигандим. У сал бўрттириб юборган, деб ўйлардим. Лекин синовларни бошдан ўтказгач, у ҳақ эканига амин бўлдим. Бу ростданам шундай. Бунга дуч келмасангиз, буни тасаввур қилиш осон эмас. Аммо бу мен билан юз берди».
Кенг шоҳидлик беришда давом этинг!
20. Павлус уй қамоғида бўлганида нима қилди ва бу баъзи имондошларимизга қай йўсин далда бериши мумкин?
20 Ҳаворийлар китоби Павлус «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида» ғайрат ила ваъз қилгани билан тугаяпти. (Ҳавор. 28:31) Уй қамоғида бўлгани учун у Римда уйма-уй ваъз қила олмасди. Бунга қарамай, уни йўқлаб келганларнинг барчасига у шоҳидлик берарди. Бугун ҳам баъзи қадрдон биродару опаларимиз, эҳтимол, ёши ўтгани ё касал бўлгани учун тўшакка михлангандир ёки қариялар уйида яшаётгандир. Бироқ Худога бўлган севгиси ва кенг шоҳидлик бериш истаги сўнмаяпти. Биз улар ҳақда ибодат қилиб, самовий Отажонимиз уларнинг олдига самимий кишиларни келтиришини сўрашимиз мумкин. Улар Худо ва Унинг ажойиб ниятлари ҳақида билим олишни хоҳлаётгандир.
21. Нега ваъзгўйлик фаолиятини шошилинч деб билишимиз лозим?
21 Кўпчилигимиз уйма-уй ҳамда хизматнинг бошқа турларида иштирок этишимиз мумкин. Келинг, «ҳатто ернинг четларига қадар» шоҳидлик бериб, қўлимиздан келганича Шоҳлик тўғрисидаги хабарни эълон қилайлик. Бу иш шошилинч, чунки биз охирзамонда яшаётганимизнинг белгисини яққол кўриб турибмиз. (Мат. 24:3–14) Ҳар бир фурсат ғанимат. Шундай экан, «Раббимизнинг иши билан банд бўлинглар». (1 Кор. 15:58)
22. Яҳованинг улуғ кунини кутаётиб, нима қилишга қатъий қарор қилишимиз керак?
22 «Яҳованинг улуғ ва мудҳиш куни келиши»ни кутаётиб, жасорат ва садоқат ила шоҳидлик бериш қароримиз қатъий бўлсин. (Йўэл 2:31) «Худонинг каломини катта иштиёқ билан» қабул қилган верияликларга ўхшаган кўп одамларни яна топа оламиз. (Ҳавор. 17:10, 11) Келинг, ҳар биримиз рамзий маънода «Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан» деган сўзларни эшитмагунимизча кенг шоҳидлик беришда давом этайлик. (Мат. 25:23) Ҳозир шогирд тайёрлаш ишида ғайрат ила қатнашиб, Яҳовага доим садоқатли бўлсак, Унинг Шоҳлиги тўғрисида «кенг шоҳидлик» бериш шарафига муяссар бўлганимиздан тоабад қувонамиз.