20-БОБ
Яҳованинг каломи қаршиликларга қарамай, «ёйилиб, борган сайин кучаярди»
Аполлос ва Павлус хушхабар ёйилишига қандай ҳисса қўшишди?
Ҳаворийлар 18:23–19:41 га асосланган
1, 2. а) Павлус ва унинг ҳамроҳлари Эфесда қандай хавфли вазиятга йўлиқишди? б) Бу бобда нимани муҳокама қиламиз?
ЭФЕС кўчалари одамларнинг бақир-чақири, қий-чуви ва югураётганининг дупур-дупуридан титраб кетяпти. Каттагина тўда йиғилиб, ғалаён кўтаряпти! Ҳаворий Павлуснинг иккита ҳамроҳини ушлаб, судраб кетишяпти. Савдо-сотиқ дўконлари жойлашган устунли кенг кўча бир зумда бўм-бўш бўлиб қолди, ғазаб ўтидаги халойиқ эса борган сайин кўпайиб, шаҳарнинг улкан амфитеатрига бостириб келди. У ерга 25 000 томошабин сиғарди. Кўпчилик бу ғалаённинг ҳатто сабабини ҳам билмайди, лекин улар маъбад ва севимли маъбудаси Артемида хавф остида деб ўйлашяпти. Шунинг учун улар такрор ва такрор: «Эфесликларнинг маъбудаси Артемида буюкдир!» — дея қичқира бошлашди. (Ҳавор. 19:34)
2 Шайтон Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарнинг ёйилишини тўхтатиш ниятида ғазабга минган тўдадан яна фойдаланяпти. Лекин зўравонлик Шайтоннинг ягона қуроли эмас. Бу бобда Шайтон ваъзгўйлик фаолиятини тўхтатиш ва илк масиҳийларнинг якдиллигига путур етказиш учун қандай ҳийлаларни қўллаганини кўриб чиқамиз. Энг асосийси, бу барча ҳийлалар иш бермаганини билиб оламиз, чунки «Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин кучаярди». (Ҳавор. 19:20) Қизиқ, нега улар ғолиб чиққан? Улар ҳозир биз муваффақиятли бўла олаётганимизнинг ўша-ўша сабабларига кўра ғалаба қозонган. Албатта, бу бизнинг эмас, Яҳованинг ғалабаси. Аммо биринчи асрдаги масиҳийлар каби биз ҳам ўз томонимиздан ҳаракат қилишимиз даркор. Яҳованинг руҳи ёрдамида хизматимизда асқатадиган фазилатларни ривожлантиришимиз мумкин. Аввалига, келинг, Аполлоснинг мисолини кўриб чиқайлик.
«Муқаддас Ёзувларни яхши биладиган Аполлос» (Ҳаворийлар 18:24–28)
3, 4. Акила ва Прискилла Аполлос борасида нимани пайқашди ва унга қандай ёрдам беришди?
3 Павлус учинчи ваъзгўйлик сафарида Эфесга кетаётганида, у ерга Аполлос исмли яҳудий аллақачон келганди. У Мисрнинг машҳур Искандария шаҳридан бўлиб, ажойиб фазилатларга эга эди. Аполлос гапга чечан бўлиб, «Муқаддас Ёзувларни яхши биладиган» эди. Бундан ташқари, у «кўтаринки руҳда» бўлиб, ибодатхонада яҳудийларга ғайрат ила гапирарди. (Ҳавор. 18:24, 25)
4 Аполлоснинг нутқини Акила билан Прискилла ҳам эшитишган. Шубҳасизки, улар у «Исо ҳақида тўғри гапириб, таълим» берганини эшитиб хурсанд бўлишган. Ҳа, у Исо тўғрисида гапирганлари рост эди. Лекин бироз вақт ўтгач, бу жуфтлик Аполлос муҳим бир нарсани билмаслигини пайқади. «У фақат Яҳё пайғамбарнинг сувга чўмдириши борасида билимга эга эди». Чодир тиккан бу камтарин жуфтликни Аполлос гапга чечан ёки маълумотли экани тўхтатмади. Аксинча, улар «уни ўзларига қўшиб олиб, Аллоҳнинг йўлини аниқроқ тушунтириб беришди». (Ҳавор. 18:25, 26) Хўш, Аполлос қандай муносабат билдирди? Ҳойнаҳой, у масиҳийлар ривожлантирадиган муҳим фазилатлардан бири бўлмиш камтаринликни намоён этди.
5, 6. Нима туфайли Аполлос хизматда кўпроқ самара келтира олди ва ундан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
5 Аполлос Акила ва Прискилланинг ёрдамини қабул қилгани учун хизматда кўпроқ самара келтирадиган бўлди. У Ахаяга бориб, имондошларга «катта ёрдам кўрсатди». Аполлос Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига ишонмаган у ердаги яҳудийларга жуда яхши шоҳидлик ҳам берди. Луқо қуйидагича баён этган: «У Исонинг Масиҳ эканини Муқаддас Ёзувлардан кўрсатиб, яҳудийларнинг ноҳақлигини ҳамманинг кўзи олдида ғайрат билан исботлар эди». (Ҳавор. 18:27, 28) Аполлос жамоат учун катта барака эди! Ҳа, у туфайли кўпчилик «Яҳованинг каломи» тўғрисида эшитди. Унинг мисолидан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
6 Барча масиҳийлар камтарлик фазилатини ривожлантириши ўта муҳим. Ҳар биримиз турли инъомларга — қобилият, тажриба ёки билимга эгамиз. Лекин камтарлик бу инъомлардан устун туриши даркор. Акс ҳолда, улар заиф томонларимизга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунда ичимизда ёввойи ўт, яъни мағрурлик гуркираб кетиши мумкин. (1 Кор. 4:7; Ёқб. 4:6) Чинакамига камтарин бўлсак, бошқаларни ўзимиздан устун қўямиз. (Филип. 2:3) Бошқалар бизни тузатганда ёки таълим берганда жаҳлимиз чиқмайди. Муқаддас руҳ ташкилотимизни бошқача тарзда йўналтирса, мағрурликдан қочамиз ва бизнинг фикримиз тўғри деб туриб олмаймиз. Камтарин бўлсаккина, Яҳова ҳамда Унинг Ўғли биздан фойдаланишда давом этишади. (Луқо 1:51, 52)
7. Павлус ва Аполлос камтарлик борасида қандай ўрнак кўрсатишди?
7 Камтарлик бизни бошқалар билан рақобат қилишдан ҳам асрайди. Шайтон илк масиҳийлар орасида бўлинишларни юзага келтириш учун қанчалик ҳаракат қилганини бир тасаввур қилинг. Қобилиятли ва таълим беришда уста бўлган Аполлос ва ҳаворий Павлус жамоатда улардан қай бири муҳимроқ аҳамиятга эга эканини кўрсатишга интилиб, бир-бири билан рақобатлашганида, Шайтон роса хурсанд бўларди! Бунга йўл қўйиш улар учун қийин эмасди. Коринфда баъзи масиҳийлар: «Мен Павлуснинг шогирдиман», бошқалари: «Мен эса Аполлоснинг шогирдиман»,— дейишарди. Павлус билан Аполлос биродарлар тарафкашлик қилишларини хоҳлашганми? Асло! Павлус Аполлоснинг ваъзгўйлик фаолиятига қўшган ҳиссасини камтарлик ила тан олиб, унга шарафли вазифаларни топширди. Аполлос эса унинг кўрсатмасига амал қилганди. (1 Кор. 1:10–12; 3:6, 9; Титус. 3:12, 13) Камтарлик ила ҳамкорлик қилишда улар биз учун зўр ўрнак!
«Худонинг Шоҳлигига тегишли ишонтирарли далиллар келтирарди» (Ҳаворийлар 18:23; 19:1–10)
8. Павлус Эфесга қайси йўл билан қайтди ва нега?
8 Павлус Эфесга қайтиш ваъдасининг устидан чиқди. (Ҳавор. 18:20, 21)a Бироқ у қандай қайтганига эътибор беринг. У ҳақда охирги марта гап кетганида, у Суриядаги Антиохияда эди. Павлус Эфесга қайтиш учун ундан узоқ бўлмаган Салавкияга бориб, кейин кема орқали у ерга тўғридан-тўғри етиб бориши мумкин эди. Бунинг ўрнига у «денгиз соҳилидан олис жойлашган ерлардан» ўтиб борди. Бир изланиш натижаларига кўра, Ҳаворийлар 18:23 ва 19:1 да айтилганидай, у тахминан 1 600 километр йўл юрган. Нега Павлус бундай узоқ йўлни танлади? Чунки у ўша ерда яшаган барча шогирдларга далда бермоқчи эди. (Ҳавор. 18:23) Олдинги иккита ваъзгўйлик сафарида бўлганидек учинчисида ҳам Павлус жуда чарчаганди, аммо бундан ҳечам афсусланмасди. Бугун ҳам туман нозирлари ва уларнинг хотинлари худди шундай йўл тутишади. Уларнинг фидойи севгиси учун миннатдормиз.
9. Нега Яҳёнинг шогирдлари қайтадан сувга чўмиши керак эди ва улардан нимани ўрганяпмиз?
9 Эфесга келгач, Павлус Яҳё пайғамбарнинг тахминан ўн иккита шогирдини топди. Уларни Яҳё сувга чўмдирганди, лекин бу ўз кучини йўқотганди. Бунинг устига, улар муқаддас руҳ ҳақида кам билимга эга бўлган ёки умуман билмаган. Павлус уларга нега Исо номи билан сувга чўмиш муҳимлигини тушунтирди ва улар Аполлос каби камтарлик кўрсатиб, ўрганишга тайёр эди. Исонинг номи билан сувга чўмгач, улар муқаддас руҳга ва баъзи мўъжизавий инъомларга эга бўлишди. Ҳа, Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам бўлсак, кўп баракалар оламиз. (Ҳавор. 19:1–7)
10. Нега Павлус ибодатхонадан Тираннинг мактабига ўтди ва биз унга қандай тақлид қилсак бўлади?
10 Кўп вақт ўтмай, яна бир воқеа юз берди. Павлус ибодатхонада уч ой давомида ғайрат ила ваъз қилди. Гарчи у «Худонинг Шоҳлигига тегишли ишонтирарли далиллар» келтирган бўлса-да, баъзилар бағритош бўлиб, хушхабарга қарши чиқа бошлади. «Ҳазратимизнинг йўлини» ҳақоратлаган кишиларга вақт сарфлашнинг ўрнига, Павлус Тираннинг мактабида ҳар куни таълим берарди. (Ҳавор. 19:8, 9) Маънан ўсишни хоҳлаганлар ибодатхонага эмас, у ерга бориши даркор эди. Павлус сингари биз ҳам, одамлар бизни тинглашни истамаётганини ёки биз билан баҳслашмоқчи эканини кўрсак, суҳбатимизга якун ясашимиз мумкин. Далда бахш этувчи хабарни эшитиши керак бўлган ҳали кўп камтарин кишилар бор!
11, 12. а) Павлус жонкуяр ва мослашувчан бўлишда қандай ўрнак кўрсатди? б) Яҳованинг Шоҳидлари қай йўсин ваъзгўйликда жонкуяр бўлиб, мослашишга интилишади?
11 Ҳойнаҳой, Павлус ҳар куни эрталаб тахминан 11:00 дан кундузи 16:00 гача Тираннинг мактабида нутқ сўзларди. (Ҳавор. 19:9) Бу куннинг энг тинч пайти бўлганга ўхшайди, ҳаво ҳам айни қизиган бўлиб, одамлар бу пайтда ишни тўхтатиб, овқатланишарди ҳамда дам олишарди. Бир тасаввур қилинг, Павлус икки йил мобайнида бу тиғиз жадвалга риоя қилган бўлса, таълим бериш учун 3 000 дан зиёд соат сарфлаган бўлиши мумкинb. Шунинг учун ҳам Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин кучаярди. Павлус жонкуяр ва мослашувчан эди. У ўша ердаги одамларнинг эҳтиёжларига қараб жадвалини мослаштирарди. Хўш, бунинг натижаси қандай бўлди? «Осиё вилоятининг бутун аҳолиси — яҳудийлару юнонлар Раббимизнинг каломини эшитди». (Ҳавор. 19:10) Ҳа, Павлус чиндан ҳам кенг шоҳидлик берди!
12 Бугун ҳам биз, Яҳованинг Шоҳидлари, жонкуяр бўлиб, мослашишга интиляпмиз. Одамлар билан турли жойларда ва уларга қулай пайтда суҳбатлашамиз. Биз кўчаларда, бозорларда ва автотураргоҳларда шоҳидлик берамиз. Одамлар билан телефон орқали мулоқот қиламиз ва хатлар ёзамиз. Уйма-уй ваъз қилганда эса инсонлар уйда бўлишининг эҳтимоли кўпроқ бўлган пайтда уларникига борамиз.
Жинлар Яҳованинг каломи «ёйилиб, борган сайин» кучайишига тўсқинлик қила олмаган (Ҳаворийлар 19:11–22)
13, 14. а) Яҳова Павлусга нима қилишга ёрдам берди? б) Скеванинг ўғиллари қандай хато қилишди ва ҳозир христиан оламидаги кўплар шунга ўхшаш қандай хатога қўл уряпти?
13 Луқо баён этганидай, кейин ажойиб пайт бошланди, яъни Яҳова Павлусга «қудратли ишларни» содир этишга кўмаклашди. Ҳатто унинг кийими ва пешбандлариниc касал одамларнинг ёнига олиб келишганда, улар дардидан фориғ бўлишарди. Унинг кийимлари ёрдамида ёвуз руҳларни ҳам қувиб чиқаришарди. (Ҳавор. 19:11, 12) Шайтоннинг малайлари устидан қозонилган бундай ғаройиб ғалабалар кўпларнинг эътиборидан четда қолмаганди, лекин ҳамма ҳам бундан хурсанд бўлмаганди.
14 «Ўша ерда юриб жинларни қувиб чиқараётган айрим яҳудийлар» Павлуснинг мўъжизаларини такрорламоқчи бўлди. Айримлари Ҳазратимиз Исонинг ва Павлуснинг номини тилга олиб, жинларни қувиб чиқармоқчи эди. Масалан, Луқо яҳудийларнинг Скева исмли бош руҳонийнинг еттита ўғлини тилга олган. Жин уларга шундай деди: «Исони биламан, Павлусни ҳам танийман. Сизлар ким бўласизлар?» Шунда жинга чалинган киши ўша ёлғончиларга ёввойи ҳайвондек ташланди. Улар эса ярадор ва ярим яланғоч ҳолда қочиб кетишди. (Ҳавор. 19:13–16) Бу «Яҳованинг каломи» эришган ғалаба эди, чунки Павлусга берилган қудрат ва сохта дин тарафдорларининг кучсизлиги ўртасидаги фарқ аён бўлди. Ҳозир миллионлаб одамлар Исонинг номини тилга олиш ёки ўзини масиҳий деб аташ етарли деган фикрда. Лекин Исонинг ўзи айтганидек, фақат Отасининг хоҳишини бажарган кишиларгина келажакка нисбатан ҳақиқий умидга эга бўлади. (Мат. 7:21–23)
15. Сеҳр-жоду ва у билан боғлиқ нарсалар ҳақида гап кетганда, эфесликлардан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
15 Скева ўғилларининг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги фош бўлганда, кўплар масиҳий бўлиб, сеҳр-жоду билан шуғулланишни бас қилди. Эфесликларнинг кўпчилиги сеҳр-жодуга берилиб кетганди. Куф-суфлар, туморлар ва сеҳр-жоду билан боғлиқ китоблар кенг тарқалганди. Худога энди ишонган ўша эфесликлар сеҳр-жоду билан боғлиқ китобларини, ҳатто улар қимматбаҳо бўлса ҳам йиғиб, ҳамманинг олдида ёқиб юборишди. Бу китобларнинг нархи ҳозирги вақтда ўн минглаб долларни (АҚШ) ташкил этган бўлардиd. Луқо шундай ёзган: «Шу тариқа Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин кучаярди». (Ҳавор. 19:17–20) Бу ёлғон ва жинлар устидан эришилган ажойиб ғалабадир! Ҳа, ўша содиқ кишилар бизга зўр ўрнак кўрсатишди. Биз ҳам сеҳр-жодуга тўлиб-тошган дунёда яшаяпмиз. Агар сеҳр-жоду билан боғлиқ нарса бизда борлигини аниқласак, эфесликлар каби ундан дарров қутулишимиз шарт! Келинг, бу осон бўлмаса ҳам, бундай жирканч нарсалардан узоқроқ юрайлик.
«Катта ғалаён кўтарилди» (Ҳаворийлар 19:23–41)
16, 17. а) Димитрий Эфесда ғалаён кўтарилишига қай йўсин сабабчи бўлганини тасвирлаб беринг. б) Эфесликлар диний фанатик бўлгани нимадан кўринган?
16 Кейин Шайтон қўллаган яна бир усул ҳақида билиб оляпмиз. Луқо: «Ҳазратимизнинг йўли туфайли катта ғалаён кўтарилди»,— деб ёзган. Шуни айтиш жоизки, у бўрттириб ёзмаган. (Ҳавор. 19:23)e Бу ғалаённи Димитрий исмли заргар кўтарди. Бошида у ҳунармандларга фаровонлиги бутларни сотиш билан боғлиқ эканини эслатди. Кейин у Павлус ваъз қилаётган хабар дастидан улар даромадсиз қолишини айтди, чунки масиҳийлар бутларга сиғинишмасди. Сўнг эса у тингловчилари шаҳри ва миллати билан фахрланишини билгани учун агар улар Павлусга қулоқ солишса, маъбудаси Артемида ва донғи бутун дунёга таралган ибодатхонаси «эъзозланмай қолиши» борасида огоҳлантирди. (Ҳавор. 19:24–27)
17 Димитрий охири мақсадига етди. Заргарлар: «Эфесликларнинг маъбудаси Артемида буюкдир!» — деб қичқира бошлади ва шаҳарда ғала-ғовур кўтарилди. Бу эса юқорида тилга олинган тартибсизликлар юз беришига олиб келдиf. Павлус жуда жасоратли эди ва халққа мурожаат қилиш учун амфитеатрга бормоқчи бўлганди, аммо шогирдлар у ўзини хавф остига солмаслигини илтимос қилишди. Омма ичидан Искандар исмли киши сўзга чиқди ва гапиришни бошлади. У яҳудий бўлгани учун, ҳойнаҳой, яҳудийлар масиҳийлардан қандай фарқ қилишини тушунтирмоқчи бўлди. Лекин халойиққа бунинг кераги йўқ эди. Улар унинг яҳудий эканини билиб қолишгач, ҳаммаси бир овозда: «Эфесликларнинг маъбудаси Артемида буюкдир!» — дея икки соатча қичқириб туришди. Диний фанатизм бугун ҳам авжига чиққан. Бунинг дастидан одамлар эс-ҳушини йўқотяпти. (Ҳавор. 19:28–34)
18, 19. а) Шаҳар котиби Эфесдаги халойиқни қандай тинчлантирди? б) Яҳованинг хизматчилари баъзида ҳукмрон ҳокимият томонидан қандай ҳимоя қилинади ва биз бунга қандай ҳисса қўша оламиз?
18 Ниҳоят шаҳар котиби халойиқни тинчлантирди. Бу мулоҳазакор киши уларни ишонтириб, ушбу масиҳийлар маъбадга ҳам, маъбудаларига ҳам ҳеч қандай зиён етказмаслигини, Павлус ҳамда унинг ҳамроҳлари Артемида ибодатхонасига қарши ҳеч қандай жиноят қилмаганини ва бундай масалалар қай йўсин ҳал қилинишини айтди. Ҳойнаҳой, халойиқ учун энг асосли исбот — шу каби ноқонуний ва бетартиб йиғин Римнинг ғазабини келтириши мумкинлигида эди. Шу йўсин, у халойиқни тарқатиб юборди. Унинг мулоҳазали сўзлари туфайли одамлар қанчалик тез ғазабга минган бўлса, шунчалик тез тинчланди. (Ҳавор. 19:35–41)
19 Бу ҳокимиятга эга, мулоҳазакор киши Исо издошларининг тарафини олган биринчи ва охирги вазият эмас. Ҳаворий Юҳанно кейинчалик кўрган ваҳийда ер дарёни ютиб юборади. Бу дарё Исонинг издошларига қарши Шайтоннинг таъқибларини, ер эса бу дунёнинг барқарор тизимлари англатади. (Ваҳ. 12:15, 16) Бу чиндан ҳам юз беряпти. Кўп ҳолларда мулоҳазакор судьялар Яҳованинг Шоҳидлари йиғилишларни ўтказиш ҳамда хушхабарни бошқалар билан бўлишиш ҳуқуқларини ҳимоялайди. Албатта, бундай ғалабаларда хулқ-атворимиз муҳим аҳамият касб этади. Ҳойнаҳой, Павлус Эфесдаги баъзи амалдорларнинг ҳурматини қозонган ва улар унга бирон-бир зарар етказилишини хоҳламаган. (Ҳавор. 19:31) Илойим, бизнинг ҳам ростгўйлик ва ҳурмат ила қилган муомаламиз учратаётган одамларда ўчмас из қолдирсин. Бу қандай самаралар келтиришини билмаймиз.
20. а) Бу бобда сизга айниқса нима ёқди? б) Яҳованинг ғалабаларига қай йўсин ўз ҳиссангизни қўша оласиз?
20 Биринчи асрда қай йўсин «Яҳованинг каломи қудрат билан ёйилиб, борган сайин» кучайгани ҳақида фикр юритиш жуда далдали. Яҳова бизга шу каби ғалабаларни бераётганини кўриш ҳам бизни тўлқинлантиради. Бундай ғалабаларда оз бўлса ҳам, ўз ҳиссангизни қўшишни хоҳлармидингиз? Унда, кўриб чиққан мисоллардан ўрганинг. Камтарин бўлинг, Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган кўрсатмага дарров амал қилинг, қунт ила хизмат қилинг, сеҳр-жодудан узоқлашинг ва ростгўй бўлиш ҳамда ҳурмат кўрсатиш орқали яхши шоҳидлик бериш учун жон куйдиринг.
a «Эфес — Осиёнинг пойтахти» номли 161-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Павлус Эфесда бўлганида Коринфликларга йўлланган биринчи мактубни ҳам ёзган.
c Кийимлар остида, ҳойнаҳой, Павлуснинг тери кўзига оқиб тушмаслиги учун у бошига ўраган рўмоллар назарда тутилган. Павлус пешбандлардан фойдалангани эса у бўш вақтида, эҳтимол, саҳар эрталаб чодир тикиш билан шуғулланганини англатади. (Ҳавор. 20:34, 35)
d Луқо ўша китобларнинг нархи 50 000 кумуш танга бўлганини айтган. Агар у динорни назарда тутган бўлса, унда ўша пайтларда ишчи бундай пулни топиш учун 50 000 кун, яъни тахминан 137 йил мобайнида ҳафтасига етти кун ишлаши керак эди.
e Баъзиларнинг фикрича, Павлус коринфликларга: «Ҳатто тирик қолишга умидимизни йўқотган эдик»,— деб ёзганида айнан бу воқеани назарда тутган. (2 Кор. 1:8) Бироқ у бундан ҳам хавфлироқ вазиятни назарда тутган бўлиши мумкин. «Эфесда йиртқич ҳайвонлар билан курашганимда»,— деб айтганда, эҳтимол, у аренада ҳайвонлар билан курашганини ёки инсонлар томонидан кўрсатилган қаршиликларни назарда тутгандир. (1 Кор. 15:32) Бу иборани ҳам сўзма-сўз, ҳам мажозий маънода тушунса бўлади.
f Ҳунармандларнинг бундай гуруҳлари кучли таъсирга эга эди. Масалан, тахминан 100 йил ўтгач, бир гуруҳ новвойлар Эфесда шу каби ғалаён кўтарганди.