22-БОБ
«Майли, Яҳова хоҳлаганидай бўлсин»
Павлус Худонинг иродасини бажаришга қарор қилиб, Қуддусга йўл олади
Ҳаворийлар 21:1–17 га асосланган
1–4. Павлус нега Қуддусга йўл олди ва у ерда уни нима кутарди?
МИЛЕТ ШАҲРИДАГИ хайрлашув жуда таъсирли. Павлус билан Луқо эфеслик оқсоқолларга боғланиб қолгани учун, улардан айрилиш осон эмасди. Бу иккита ваъзгўй кемада турибди. Улар саёҳат учун керак бўлган барча нарсага эга. Шунингдек, улар Яҳудиядаги муҳтожликда бўлган масиҳийлар учун йиғилган хайр-эҳсонларни олиб кетишяпти. Улар бу ҳадяни эсон-омон етказиб беришмоқчи.
2 Енгил шабада елканларини тўлдирган кема ғала-ғовур соҳилдан узоқлашяпти. Бу икки киши ва еттита ҳамроҳи соҳилда турган биродарларнинг маъюс чеҳраларига қараб турибди. (Ҳавор. 20:4, 14, 15) Улар соҳилда турган дўстлари кўздан ғойиб бўлмагунча қўл силкитиб хайрлашяпти.
3 Деярли уч йил мобайнида Павлус Эфесдаги оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилган. Аммо у муқаддас руҳнинг бошқарувида Қуддусга кетди. У ерда уни нималар кутаётганини оз-моз билади. Бундан олдин у ўша оқсоқолларга шундай деганди: «Муқаддас руҳнинг бошқарувига итоат қилиб Қуддусга кетяпман. У ерда бошимга нималар тушишини билмайман. Лекин шуни биламанки, шаҳарма-шаҳар юрганим сайин мени қамоқ ва қайғу-аламлар кутяпти. Бу ҳақда муқаддас руҳ мени қайта-қайта огоҳлантиряпти». (Ҳавор. 20:22, 23) Хавф-хатарга қарамай, Павлус «муқаддас руҳнинг бошқарувига» итоат қилиб, Қуддусга бориш ҳақидаги йўл-йўриққа амал қилиши муҳим эканини тушунган ва жон деб у ерга борган. Албатта, у ўз ҳаётини қадрлаган, бироқ Аллоҳнинг иродасини бажариш у учун ҳамма нарсадан устун бўлган.
4 Павлуснинг туйғулари сизга танишми? Ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда, Унинг иродасини бажариш биз учун ҳамма нарсадан устун бўлишига ваъда берамиз. Садоқатли ҳаворий Павлуснинг мисолини кўриб чиқиш жуда фойдалидир.
«Кипр оролини» ёнлаб ўтишди (Ҳаворийлар 21:1–3)
5. Павлус ва унинг ҳамроҳлари Тирга қайси йўл билан кетишди?
5 Павлус ва унинг ҳамроҳлари ўтирган кема «тўғри» Кос оролига сузиб кетди, шамол ёрдамида улар ўша куннинг ўзида у ерга етиб боришди. (Ҳавор. 21:1) Ҳойнаҳой, кема лангар ташлаб, кейинги куни Родос ҳамда Патарага йўл олди. Кичик Осиёнинг жанубий қирғоғидаги Патара шаҳрида биродарлар тўғридан-тўғри Финикиянинг Тир шаҳрига олиб борадиган юк кемасига ўтиришди. Улар «Кипр оролини» чап томондан ёнлаб ўтишди. (Ҳавор. 21:3) Қизиқ, Ҳаворийлар китобини ёзган Луқо нега бу ҳақда батафсил ёзган?
6. а) Павлус Кипр оролини кўрганда нега кўнгли кўтарилган бўлиши мумкин? б) Яҳова сизга барака бериб, кўмаклашгани борасида ўйлаш сизни нима қилишга ундаяпти?
6 Павлус бу оролга ишора қилиб, у ерда нималарни бошдан кечирганини айтиб бергандир. Бундан тахминан тўққиз йил олдин, биринчи ваъзгўйлик сафарида Павлус ҳамроҳлари Барнабо ва Марк деб аталган Юҳанно билан ваъзгўйлик ишига қаршилик кўрсатган сеҳргар Элимони учратишган. (Ҳавор. 13:4–12) Эҳтимол, бу оролни кўрганида ва у ерда нима бўлганини эслаганида, Павлуснинг кўнгли кўтарилиб, бўлажак синовларни қарши олиш учун кучга тўлгандир. Биз ҳам синовлар пайтида Худо бизга қандай барака бергани ва бардошли бўлишимизга кўмаклашгани тўғрисида фикр юритсак яхши бўларди. Бу ўзимизни қуйидагиларни ёзган Довуд каби ҳис қилишимизга кўмаклашади: «Одил киши кўп қийинчиликларга дуч келади, аммо Яҳова уларнинг баридан уни халос қилади». (Заб. 34:19)
«Биз шогирдларни излаб» топдик (Ҳаворийлар 21:4–9)
7. Биродарлар Тирга етиб келгач, нима қилишди?
7 Павлус имондошлари билан мулоқот қилишни жуда қадрлаган ва хурсанд бўлиб бирга вақт ўтказган. Луқо баён этишича, у ва бошқалар Тирга етиб келишгач, «шогирдларни излаб» топишди. (Ҳавор. 21:4) Улар Тирда масиҳийлар борлигини билгани учун уларни излаб топиб, уйларида меҳмон бўлиб қолгандир. Ҳақиқатни билганимизнинг улкан баракаларидан бири — имондошларимиз. Қаерга боришимиздан қатъи назар, бизни қучоқ очиб қарши оладиган биродару опа-сингилларни топа оламиз. Ҳа, Худони яхши кўрадиган ва Унга топинадиган инсонларнинг бутун дунё бўйлаб дўстлари бор.
8. Ҳаворийлар 21:4 ни қандай тушунса бўлади?
8 Тирда ўтказган етти куни борасида Луқо бир қарашда ғалати бўлиб туюладиган воқеани баён этди: «Улар [Тирдаги биродарлар] муқаддас руҳ таъсирида Павлусга қайта-қайта Қуддусга бормасликни айтишди». (Ҳавор. 21:4) Қизиқ, Яҳова фикридан қайтдими? Бу Яҳова Павлус Қуддусга боришини хоҳламаётганини англатармиди? Йўқ. Муқаддас руҳ Павлуснинг Қуддусга бормаслигини эмас, аксинча, у Қуддусда азоб чекишига ишора қилган. Тирдаги биродарлар, ҳойнаҳой, муқаддас руҳ ёрдамида тўғри хулосага келишган, яъни Павлус Қуддусда азоб чекишини тушунишган. Шунинг учун ҳам улар Павлус ҳақида қайғуриб, у ерга бормасликни илтимос қилишди. Уларнинг уни хавф-хатардан ҳимоя қилиш истагини тушунса бўлади. Аммо Павлус Яҳованинг иродасини бажаришга қатъий қарор қилиб, Қуддусга кетди. (Ҳавор. 21:12)
9, 10. а) Павлус Тирдаги биродарларнинг сўзларини эшитганда, нимани эслаган бўлиши мумкин? б) Ҳозир одамлар қандай яшашни хоҳлайди ва уларнинг ҳаёти Исо айтганидан нимаси билан фарқ қилади?
9 Павлус биродарларнинг сўзларини эшитганда, Исо ҳам Қуддусга бориши, у ерда кўп азоб чекиши ва ўлдирилиши ҳақида шогирдларига айтганида, худди шундай вазиятда бўлганини эслагандир. Ўшанда Бутрус ҳис-туйғуларга берилиб Исога шундай деган: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин». Исо эса унга: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен менга тўсқинлик қилиб, Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»,— деб жавоб берган. (Мат. 16:21–23) Исо Худонинг иродасини бажаришга қатъий қарор қилган ва ҳаётини бунга бағишлаган. Павлус ҳам шундай нуқтаи назарда эди. Тирдаги биродарлар Бутрус каби унга фақат яхшилик тилашгани шубҳасиз, лекин Худонинг иродаси нимадан иборат эканини тушунишмаган.
10 Ўзига раҳм қилиш ва энг осон йўлдан юриш ҳозир кенг тарқалган. Умуман олганда, одамлар ўзига қулай бўлган ва улардан кўп нарсани талаб қилмайдиган динни қидиришга мойил. Исо эса умуман бошқача тарзда фикрлашга ундаган. У шогирдларига қуйидагича деган: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, менга эргашиб юрсин». (Мат. 16:24) Исога эргашиш оқилона ва тўғри, аммо бу осон эмас.
11. Тирдаги биродарлар севгисию ғамхўрлигини Павлусга қай йўсин намоён этишди?
11 Кўп ўтмай, Павлус, Луқо ва уларнинг ҳамроҳлари йўлга чиқиши керак. Биродарларнинг хайрлашгани жуда таъсирли тарзда баён этилган. Кўриниб турганидай, Тирдаги биродарлар Павлусни яхши кўриб, уни хизматда қўллаб-қувватлаш учун жон куйдиришган. Эркаклар, аёллар ва болалар Павлусни ҳамда унинг ҳамроҳларини соҳилгача кузатиб қўйишди. Ҳаммаси тиз чўкиб ибодат қилгач, хайрлашиб кетишди. Кейин Павлус, Луқо ва уларнинг ҳамроҳлари бошқа кемага ўтириб, Птолемей шаҳрига келишди ва биродарлар билан учрашиб, уларникида бир кун қолишди. (Ҳавор. 21:5–7)
12, 13. а) Филип хизмат қилишда қандай ўрнак қолдирган? б) Художўй оталар Филипга қай йўсин тақлид қила олишади?
12 Сўнг Луқо хабар беришича, Павлус ва унинг ҳамроҳлари Кесарияга кетишдиa. У ерда улар «хушхабар воизи Филипнинг уйига бориб, уникида» қолишди. (Ҳавор. 21:8) Улар Филип билан кўришганидан хурсанд бўлгани шубҳасиз. Тахминан 20 йил аввал Қуддусда ҳаворийлар уни янги ташкил этилган жамоатда кундалик ризқ-рўзни тақсимлашга тайинлаганди. Филип анча йиллардан бери хушхабарни ғайрат ила ваъз қиларди. Эсингизда бўлса, Қуддусда шиддатли қувғунлар дастидан шогирдлар тарқаб кетишганида, Филип Самарияга бориб, хушхабарни ваъз қила бошлади. Кейинчалик, у ҳабашистонлик амалдорга ваъз қилиб, уни сувга чўмдирганди. (Ҳавор. 6:2–6; 8:4–13, 26–38) Ҳа, у садоқатли бўлиб хизмат қилган!
13 Филип хизматда ғайратини сўндирмаган. У Кесарияда ўрнашиб, ваъзгўйликда фаол қатнашгани учун Луқо уни «хушхабар воизи» деб атаган. Бундан ташқари, унинг тўртта қизи бўлганини ва улар башорат қилишганини билиб оляпмиз. Демак, улар отасидан ўрнак олишган. (Ҳавор. 21:9)b Филип уйидагиларининг маънавийлигини мустаҳкамлаш учун анчагина тер тўккан бўлса керак. Бугун ҳам художўй оталар Филип каби фарзандларига хизматда яхши ўрнак кўрсатиб, ваъзгўйлик ишига меҳр боғлашга кўмаклашишса, оқилона йўл тутган бўлишади.
14. Павлус имондошларникига борганда нималар бўлган ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?
14 Павлус қаерга бормасин, имондошларни излаб топиб, улар билан вақт ўтказарди. Шубҳасизки, маҳаллий биродарлар бу ғайратли ваъзгўйга ва унинг ҳамроҳларига қувонч ила меҳмондўстлик кўрсатишарди. Бундай учрашувлар уларга ўзаро далда бергани турган гап. (Рим. 1:11, 12) Ҳозир ҳам бу каби меҳмондўстликни кўрсатиш имкониятлари бор. Қанчалик оддий шароитларда яшашимиздан қатъи назар, уйимизда туман нозирларини ва уларнинг хотинларини қабул қилсак, кўпгина фойда оламиз. (Рим. 12:13)
«Ўлишга ҳам тайёрман» (Ҳаворийлар 21:10–14)
15, 16. Агав қандай хабар билан келди ва бу тингловчиларга қандай таъсир қилди?
15 Павлус Филипнинг уйида бўлганида, Агав исмли обрўли бир меҳмон келди. Уникида йиғилганлар Агав пайғамбар эканини билишган. У Клавдий бошқарган даврда юз берган очарчиликни башорат қилганди. (Ҳавор. 11:27, 28) Эҳтимол, улар: «Агав нега келди? У қандай хабар олиб келди?» — деб бош қотиргандир. Уларнинг бутун диққати бу пайғамбарда. У эса Павлуснинг белбоғини олди. У узун матога ўхшарди ва белга тақилиб, ичига пул ҳамда бошқа нарсалар солиш мумкин эди. Агав бу белбоғ билан ўзининг оёқ-қўлларини боғлаб, муҳим фикрни айтди: «Муқаддас руҳ менга шундай демоқда: “Яҳудийлар Қуддусда бу белбоғнинг эгасини худди шундай боғлаб, ўзга халқларнинг қўлига топширишади”». (Ҳавор. 21:11)
16 Бу башорат Павлус Қуддусга боришини тасдиқларди. Бундан ташқари, ушбу башорат у яҳудийлар дастидан «ўзга халқларнинг қўлига» топширилишига ишора қиларди. Бу башорат ўша ердагиларнинг барини ҳайратда қолдирди. Луқо шундай ёзган: «Буни эшитиб, биз ва маҳаллий биродарлар Павлусдан Қуддусга бормасликни ўтиниб сўрадик. Павлус бунга жавобан: “Бу нима қилганингиз? Ахир йиғлаб юрагимни эзиб юбордингизлар-ку. Мен Ҳазратимиз Исонинг исми учун нафақат занжирбанд бўлишга, балки ўлишга ҳам тайёрман”,— деб айтди». (Ҳавор. 21:12, 13)
17, 18. Павлус қатъийликни қандай намоён этди ва биродарлар бунга қандай муносабат билдиришди?
17 Тасаввур қилинг, барча биродарлар, жумладан, Луқо Павлусдан Қуддусга бормасликни ўтиниб сўрашяпти. Баъзилари йиғлаяпти. Уларнинг бундай меҳрибонлигидан таъсирланган Павлус мулойим оҳангда улар юрагини эзиб юборишганини айтди. Бироқ у қарорида қатъий бўлиб, Тирдаги биродарлар билан бўлганидай, кўз ёш ва ўтинчлар уни йўлдан қайтаришига йўл қўймади. Аксинча, у биродарларга нега кетиши кераклигини тушунтирди. Ҳа, Павлус жасорат ва қатъийлик намоён этди! Исога ўхшаб у ҳам Қуддусга бориш қароридан қайтмоқчи эмас. (Иброн. 12:2) Павлус ўлишни истамаган, аммо керак бўлса, Исо Масиҳнинг издоши сифатида ўлишни шараф деб билган.
18 Биродарлар бунга қандай муносабат билдирди? Улар Павлуснинг қарорини ҳурмат қилишди. Ҳаворийлар 21:14 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Уни кўндира олмагач, биз тинчланиб: “Майли, Яҳова хоҳлаганидай бўлсин”,— дедик». Павлусни Қуддусга бормасликка кўндиришга уринганлар ўзиникида туриб олишмади. Улар унга қулоқ солиб, айтганларига қўшилишди. Буни қабул қилиш қийин кечган бўлса ҳам, Яҳованинг иродасини қабул қилишди. Павлус охир-оқибат ўлимга етаклайдиган йўлни танлади. Уни яхши кўрган одамлар йўлдан қайтаришга уринмаганида у учун енгилроқ бўларди.
19. Павлус билан юз берган воқеадан қандай муҳим сабоқ олишимиз мумкин?
19 Павлус билан юз берган воқеадан муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Имондошларимизни Худога хизмат қилиш йўлида фидойиликлар қилишдан тўхтатмаслигимиз керак. Бу сабоқни нафақат ҳаёт-мамот масаласида, балки кўп вазиятларда қўллашимиз мумкин. Масалан, кўп ота-оналарга фарзандлари Яҳовага хизмат қилиш учун уйини қолдириб, узоқ жойларга кетишса қийин бўлар. Аммо улар фарзандларини йўлдан қайтармасликка ҳаракат қилишади. Англияда яшайдиган Филлис яккаю ягона қизи Африкага тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилиш учун кетганда нималарни ҳис қилганини эслайди. У шундай деди: «Бу мен учун оғир пайт бўлган. Қизим мендан йироқда бўлишини билиш қийин эди. Бир томондан сиқилардим, бошқа томондан эса фахрланардим. Бу ҳақда кўп ибодат қилардим. Аммо бу унинг қарори эди ва мен уни ҳеч қачон орқага қайтаришга уринмаганман. Ахир, Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишни унга ўзим ўргатгандим-ку! 30 йилдан бери қизим чет элда хизмат қиляпти. Яҳовага ҳар куни ибодат қилиб, унинг садоқати учун миннатдорчилик билдираман». Фидойи биродару опа-сингилларимизни қўллаб-қувватласак яхши иш қилган бўламиз!
«Биродарлар бизни қувонч билан қабул қилишди» (Ҳаворийлар 21:15–17)
20, 21. Павлус биродарлар билан мулоқот қилишга интилганини қаердан биламиз ва нега у имондошлар билан вақт ўтказишни ёқтирган?
20 Ҳозирлик кўриб Павлус йўлга тушди ва Кесариядаги биродарлар у билан бирга кетди. Шу йўсин, улар садоқатли ва ғамхўр эканини намоён этишди. Қуддусга кетаётиб Павлус ва унинг ҳамроҳлари имондошлар билан мулоқот қилиш имкониятларини излашди. Тирда улар шогирдларни излаб топиб, у ерда етти кун қолишди. Птолемей шаҳрида эса улар биродару опа-сингиллар билан кўришиб, бир кун улар билан бўлишди. Кесарияда улар Филипнинг уйида бир неча кун яшашди. Кейин Кесариядан бўлган бир нечта шогирдлар Павлус ва унинг ҳамроҳларини Қуддусгача кузатиб қўйишди. У ерда илк масиҳий шогирдлардан бири Минасон уларни меҳмон қилди. Охири, улар Қуддусга етиб келишди. Луқо: «Биродарлар бизни қувонч билан қабул қилишди»,— деб ёзган. (Ҳавор. 21:17)
21 Кўриниб турибдики, Павлус имондошлари билан вақт ўтказишни ёқтирган. Ҳаворий Павлус ҳам биз каби биродару опа-сингиллардан далда олган. Шубҳасизки, бундай далдали учрашувлар Павлусга куч бахш этган ва бу туфайли у уни ўлдирмоқчи бўлган ёвуз одамларга қарши тура олган.
a «Кесария — Рим империясининг Яҳудиядаги пойтахти» номли 174-саҳифадаги рамкага қаранг.
b «Аёллар жамоатда таълим бера олармиди?» номли 177-саҳифадаги рамкага қаранг.