Еттинчи боб
Азоб-уқубатларнинг сабаби нимада
1, 2. а) Яҳова исёнчиларни ўша заҳотиёқ йўқ қилганида, инсон зоти билан нима бўлар эди? б) Яҳова севги ила нима ҳақида ғамхўрлик қилди?
«ҲАЁТИМ тез ва машаққатли ўтди»,— деган эди бобокалонимиз Ёқуб (Ибтидо 47:9). Шу каби фикрни Аюб алайҳиссалом ҳам айтган: «Инсоннинг умри қисқа ва ғам-қайғуга тўладир» (Аюб 14:1, ЯДТ). Улар сингари кўпчилик инсонлар ҳам қийинчиликларга, адолатсизликка, ҳатто фожиаларга дуч келмоқда. Аммо бизни дунёга келтириб, Худо адолатсиз иш тутган деб айтиб бўлмайди. Албатта, Одам Ато билан Момо Ҳаво сингари ҳам ақлан, ҳам жисмонан мукаммал бўлиб, жаннатда яшаётганимиз йўқ. Аммо Яҳова уларни исён кўтарган заҳотиёқ ўлдирганида нима бўлар эди? Унда касаллик, қайғу ва ўлим бўлмас эди, бироқ биз инсонлар ҳам ҳеч қачон туғилмаган бўлар эдик. Аммо меҳрибонлиги туфайли Худо, Одам Ато билан Момо Ҳавога номукаммал фарзандларни бўлса-да дунёга келтиришларига йўл қўйди. Яҳова, Одам Ато йўқотган жаннат еридаги абадий ҳаётни Исо Масиҳ орқали қайтариб олишимизга ғамхўрлик қилди (Юҳанно 10:10; Римликларга 5:12).
2 Касаллик, қайғу-алам, ўлим ва ёвуз инсонлардан ҳоли жаннат шароитларидаги абадий ҳаётга бўлган умид, бизга нақадар далда бермоқда! (Ҳикматлар 2:21, 22; Ваҳий 21:4, 5). Бироқ Муқаддас Китобдан билишимизча, Яҳова учун инсонларнинг нажот топиши жуда муҳим бўлса-да, айни пайтда бундан ҳам муҳимроқ нарса ҳақида гап кетмоқда.
Ўзининг улуғ исми ҳақи
3. Ер ва инсониятга нисбатан Яҳованинг иродаси нима билан чамбарчас боғлиқ?
3 Ер ва инсониятга нисбатан Худонинг иродаси Унинг исми билан чамбарчас боғлиқ. Худонинг исми, Яҳова «У бўлдиради» деган маънони англатиб, Уни Сарвари Олам, буюк ниятлар эгаси ҳамда Ҳақ Худо сифатида тасвирлайди. Яҳова шу қадар баланд ўринни эгаллар экан, бутун Оламнинг тинчлиги ва манфаати учун Унга бўйсуниб, исмига алоқадор бўлган барча нарсага ўринли ҳурмат кўрсатишимиз зарурдир.
4. Ерга нисбатан Яҳованинг нияти нимадан иборат эди?
4 Яҳова Одам Ато билан Момо Ҳавони яратганида, уларга вазифа берди. Худонинг иродаси, улар жаннатни кенгайтириб, бутун ер юзини тобе қилибгина қолмай, балки ер юзини авлодлари билан тўлғазишларидан иборат эди (Ибтидо 1:28). Аммо уларнинг гуноҳи оқибатида Худонинг нияти пучга чиқдими? Агар Яҳова ер ва инсониятга тегишли ниятини бажармаганида, Унинг исмига доғ тушган бўларди!
5. а) Агар илк инсонлар яхши ва ёмонни билиш дарахтидан есалар, қачон ўлишлари керак эди? б) Қандай қилиб Яҳова Ибтидо 2:17-оятдаги сўзларини бажариб, шу билан бир вақтда ерга тегишли ниятини ҳам эътиборга олди?
5 Яҳова Одам Ато билан Момо Ҳавони огоҳлантириб, агар улар итоатсизлик қилиб яхши ва ёмонни билиш дарахтидан есалар, «еган куниёқ» ўлишларини айтган эди (Ибтидо 2:17). Айтган сўзида туриб Яҳова, уларни гуноҳ қилган куниёқ жавобгарликка тортди ва ўлимга ҳукм қилди. Худонинг нуқтаи назари бўйича Одам Ато билан Момо Ҳаво ўша куниёқ ўлишди. Бироқ ерга нисбатан Ўз ниятини бажариш мақсадида Яҳова, уларнинг том маънода ўлишларидан аввал фарзанд кўришларига йўл қўйди. Бинобарин, Худо учун 1 000 йил, бир кун каби бўлгани сабабли, Одам Ато 930 ёш умр кўриб, ўша «куниёқ» ўлди (2-Бутрус 3:8; Ибтидо 5:3-5). Шундай экан, ўша кунга нисбатан Яҳова ҳақ бўлиб чиқди. Одам Ато билан Момо Ҳаво жазоланди, аммо уларнинг ўлими Худонинг иродаси бажарилишига тўсқинлик қилмади. Хуллас номукаммал инсонларга, жумладан ёвузларга ҳам бир мунча вақт яшашларига йўл қўйилди.
6, 7. а) Чиқиш 9:15, 16-оятларига биноан, нима сабабдан Яҳова ёвузларнинг бир мунча вақт яшашларига йўл қўймоқда? б) Яҳова Фиръавнга Ўз қудратини қандай кўрсатди ва қандай қилиб Унинг исми барчага маълум бўлди? в) Ҳозирги нопок дунё йўқ қилингач, нима бўлади?
6 Мусо пайғамбар даврида Яҳованинг Миср ҳукмронига айтган сўзлари, Худо ёвузларнинг яшашига йўл қўйганининг сабабини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. Фиръавн исроилликларни Мисрдан қўйиб юборишни рад этганида, Яҳова дарҳол уни йўқ қилиб юбормади. У Мисрга ўнта жазо юбориб, ҳайратли тарзда Ўз қудратини кўрсатди. Еттинчи жазо тўғрисида огоҳлантирганида, Яҳова Фиръавн билан мисрликларни осонликча йўқ қилиб юбора олишини айтди. Ва давом этиб Яҳова шундай деди: «Бироқ, қудратимни сенга кўрсатиш учун, исмимни бутун оламга танитиш учун сени омон қолдирдим» (Чиқиш 9:15, 16, ЯДТ).
7 Яҳова исроилликларни асирликдан озод этганида, Унинг исми чиндан ҳам барчага маълум бўлди (Ёшуа 2:1, 9-11). Унинг қарийб 3 500 йил аввал қилган иши ҳануз унутилмаган. Нафақат Яҳованинг исми, балки Ўзи ҳақидаги ҳақиқат ҳам овоза бўлди. Бу шундан далолатки, ваъдаларининг ижрочиси бўлмиш Яҳова Худо, Ўз хизматчиларини ҳимоялашга тайёр (Ёшуа 23:14). Бу шунингдек, Қодир Тангри Ўз иродасини бажаришига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслигининг исботидир (Ишаё 14:24, 27). Шу сабабдан, яқинда У содиқ хизматчиларини Ўз ҳимоясига олиб, Шайтоннинг нопок дунёсини бутунлай йўқ қилади. Қудратининг бу қадар намоён этилиши ва натижада Яҳова исмига ёғиладиган шараф ҳеч қачон эсдан чиқарилмайди. Келтирадиган қут-баракалари эса абадийдир (Ҳизқиё 38:23; Ваҳий 19:1, 2).
‘Оҳ, Худонинг ҳикматининг чуқурлигини қаранг!’
8. Павлус нима ҳақида мулоҳаза юритишимизга даъват этмоқда?
8 Римликларга ёзган мактубида ҳаворий Павлус: «Худо ноҳақми?» — деган савол бермоқда. Ва аминлик билан: «Асло!» — деб жавоб бермоқда. Сўнг у Худо марҳаматли эканини таъкидлаб, нима сабабдан Фиръавнни дарҳол йўқ қилмаганини тушунтирувчи Яҳованинг сўзларини келтирмоқда. Павлус шунингдек, биз инсонлар кулолнинг қўлидаги гил қоришмаси каби эканимизни айтиб, сўзида давом этди: «Агар Худо ғазабу қудратини зоҳир этмоқчи бўлиб, Ўз ғазабига йўлиқтириб ҳалок қиладиган одамларга кўп сабр билан чидаган бўлса, нима бўпти? Агар Худо азалдан марҳаматига сазовор билган ва улуғлаш учун белгилаган одамларга Ўзининг чексиз улуғворлигини зоҳир этмоқ мақсадида бундай қилган бўлса, нима бўпти? Нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа барча халқлар орасидан ҳам Худо даъват этган бу кишилар — мана бизлармиз» (Римликларга 9:14-24).
9. а) Худо «Ўз ғазабига йўлиқтириб ҳалок қиладиган одамлар» кимлар? б) Нима сабабдан Яҳова сабр-тоқат кўрсатиб, душманларига бир мунча вақт яшашларига йўл қўйди ва қандай қилиб Уни севувчилар учун ҳаммаси муваффақият билан якунланади?
9 Жаннатда исён содир бўлгандан буён, Яҳовага ва қонунларига қарши чиқаётганлар, Худо «Ўз ғазабига йўлиқтириб ҳалок қиладиган одамлар» қаторига киради. Шунча вақт давомида Яҳова сабр қилиб келди. Ёвуз инсонлар Худонинг йўлларини масхара қилишган, хизматчиларини таъқиб қилишган ва ҳатто Унинг Ўғлини ўлдиришган. Яҳова етарлича вақт ажратиб, Худога қарши исён ва Ундан мустақил инсоний бошқарув қандай ҳалокатли оқибатларга олиб келишини бутун мавжудотга кўрсатди. Бундан ташқари, Исонинг ўлими итоаткор инсонларнинг озод этилишига ҳамда «иблиснинг ишлари барбод қилинишига» хизмат қилди (1-Юҳанно 3:8; Ибронийларга 2:14, 15).
10. Яҳова 1 900 йил давомида ёвузларга сабр-тоқат қилиб келаётганининг боиси нимада?
10 Исо тирилганидан бери 1 900 йилдан кўпроқ вақт ўтди, Яҳова эса ҳалигача «ғазабига йўлиққанларга» сабр қилиб, уларни йўқ қилмаяпти. Боиси нимада? Сабабларидан бири — осмон Шоҳлигида Исо Масиҳ билан бирга бошқарувчиларни тайёрлаётганидадир. Уларнинг сони 144 000 дан иборат бўлиб, ҳаворий Павлус ёзишича, улар Худо Ўз «марҳаматига сазовор билганлардандир». Аввалига самовий гуруҳга қўшилиш имконияти яҳудийларга ҳавола этилган эди. Кейинчалик Худо бошқа халқлардаги инсонларга ҳам бундай имкониятни берди. Яҳова Ўзига хизмат қилишга ҳеч кимни мажбурламаган. Бироқ Яҳованинг меҳр-муҳаббатини қадрлаб, миннатдорчилик кўрсатганларга, У осмон Шоҳлигида Исо билан бирга бошқаришдек ажойиб имкониятни ҳадя этди. Самовий гуруҳни тайёрлаш яқинда ўз ниҳоясига етади (Луқо 22:29; Ваҳий 14:1-4).
11. а) Яҳованинг сабр-тоқати қайси гуруҳнинг манфаатига хизмат қилмоқда? б) Ўлганларни нима кутмоқда?
11 Аммо ерда ҳам бирор ким яшайдими? Яҳованинг сабр-тоқати туфайли, барча халқлардан бўлган «улкан бир оломон» йиғилишига йўл очилди. Ҳозир миллионлаб инсонлар шу ҳисобни ташкил этмоқда. Яҳованинг ваъдасига кўра, ерда яшашга умидвор бу гуруҳ шу дунёнинг охирида омон қолиб, ердаги жаннатда абадий яшаш истиқболига эга (Ваҳий 7:9, 10; Забур 36:29; Юҳанно 10:16). Худо белгилаган вақтда ўлганлар тирилтирилиб, уларга осмон Шоҳлигининг ердаги фуқаролари бўлиш имконияти ҳавола қилинади. Худонинг Каломида: «Солиҳ билан фосиқлар тирилтирилади»,— деган сўзлар ёзилган (Ҳаворийлар 24:15; Юҳанно 5:28, 29).
12. а) Яҳова вақтинча азоб-уқубатларга йўл қўяётганидан, У ҳақда нимани билишимиз мумкин? б) Яҳова мунозарали масалани қандай ҳал қилгани ҳақида қандай фикрдасиз?
12 Кўриб чиққанларимиз ичида бирор-бир адолатсизликни кўряпсизми? Йўқ, чунки Худо ёвузларни йўқ қилишга шошмаётгани, бошқаларга нисбатан ҳамдардлигини кўрсатиб, ниятининг амалга ошишига ҳисса қўшмоқда. Бундан Худо нақадар раҳмдил ва меҳрибон эканлиги кўринмоқда. Боз устига Худонинг нияти аста-секин бажарилаётганини кузатиб, Яҳова ҳақида янада кўпроқ биламиз. Унинг адолати, раҳмдиллиги, сабр-тоқати, кўп қиррали ҳикмати бизни завқлантирмай қўймайди. Олам ҳукмдорлигига тегишли мунозарали масалани ҳал қилишда Яҳованинг кўрсатган ҳикмати — энг афзали Унинг бошқаруви эканлигидан далолатдир. Биз ҳаворий Павлуснинг сўзларига қўшиламиз: «Оҳ, Худонинг саховату ҳикмати ҳамда билимининг чуқурлигини қаранг! Унинг ҳукмларига кимнинг ақли етар, йўлларини ким текшириб чиқар экан?» (Римликларга 11:33).
Садоқатимизни кўрсатиш учун қулай фурсат
13. Синовларга дуч келганимизда қандай қулай фурсат пайдо бўлади ва оқилона йўл тутишимизга нима ёрдам беради?
13 Худонинг кўп хизматчилари азоб чекиб яшашмоқда. Бунинг сабаби, ҳали Худо ёвузларни йўқ қилмагани ҳамда башорат қилинганидай, инсониятни мукаммалликка келтирмагани учундир. Бу бизни ғазаблантирадими? Ёки бундай шароитларни Иблиснинг ёлғончилигини исботлаш учун қулай фурсатдек қабул қиламизми? Агар қуйидаги даъватни доим ёдимизда тутсак, шундай йўл тутишга қароримиз қатъий бўлади: «Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан» (Ҳикматлар 27:11). Яҳовага туҳмат қилувчи Шайтон, агар инсонлар жисмонан азоб чексалар ёки мол-мулкидан маҳрум бўлсалар, Худони айблаб, ҳатто Унга лаънат айтишади, деб таъкидлаган (Аюб 1:9-11; 2:4, 5). Синовларда Яҳовага содиқ қолиб, Шайтоннинг айбловлари ёлғон эканлигини кўрсатсак, Яҳованинг қалбини қувонтирган бўламиз.
14. Агар синовларда Яҳовага таянсак, бизни қандай қут-баракалар кутади?
14 Агар синовларда Яҳовага таянсак, қимматли хислатларни ривожлантира оламиз. Мисол учун, Исо азоб-уқубат чекиб, илгари билмаган тарзда «итоат қилишни ўрганди». Биз ҳам синовларда сабр-тоқатга, бардошликка ва Яҳованинг одил йўлларига янада чуқурроқ миннатдор бўлишни ўрганишимиз мумкин (Ибронийларга 5:8, 9; 12:11; Ёқуб 1:2-4).
15. Қийинчиликларга дош беришимиз, бошқаларга қандай фойда келтириши мумкин?
15 Бизнинг хатти-ҳаракатимиз албатта бошқаларнинг эътиборидан четда қолмайди. Адолатпарварлигимиз туфайли нималарни бошдан кечиришимизга тўғри келаётганини кўриб, одамлар Худонинг хизматчилари асли кимлар эканини тушунишлари мумкин. Натижада улар ҳам Худога топинишда бизга қўшилиб, абадий ҳаёт каби қут-баракаларга эга бўлишади (Матто 25:34-36, 40, 46). Яҳова билан Исо Масиҳ, инсонлар бундай имкониятга эга бўлишларини исташади.
16. Қийинчиликларга бўлган муносабатимиз бирлик масаласи билан қандай боғланган?
16 Агар қийин шароитларни Яҳовага садоқатимизни исботлаш ва Унинг иродасининг амалга ошишида ҳисса қўшиш имконияти деб билсак, мақтовга лойиқ бўлади! Шундай йўл тутаётган бўлсак, Худо ва Исо Масиҳ билан бир бўлишга интилаётганимизни кўрсатамиз. Исо барча масиҳчилар ҳақида Яҳовага ибодат қилиб сўради: «Мен фақат улар [яқин шогирдлари] учунгина сўрамайман, балки уларнинг гапи бўйича Менга имон келтирганлар учун ҳам сўрайман: Ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда ҳозир бўлганимизга ўхшаб, улар ҳам Бизда ҳозир бўлиб, бир бўлишсин» (Юҳанно 17:20, 21).
17. Агар Яҳовага содиқ бўлсак, нимадан шубҳаланмаслигимиз мумкин?
17 Агар Яҳовага содиқ бўлсак, у бизни саховат ила мукофотлайди. Унинг Каломида: «Қаттиқ ва маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз хизматида бўлиб, янада ғайратли бўлинглар. Шуни билингларки, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз фойдасиз бўлмайди»,— дейилган (1-Коринфликларга 15:58). Унда шунингдек: «Худо адолатсиз эмас. У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди»,— деб айтилган (Ибронийларга 6:10). Яна бир оятида эса: «Сабр қилганлари учун уларни бахтиёр ҳисоблаймиз. Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар, умрининг охирги кунларида Худованд у учун нималар қилганини биласизлар. Худованд кўп шафқатли ва марҳаматлидир»,— деб ёзилган (Ёқуб 5:11). Аюбнинг умрининг охирги кунлари қандай бўлган? «Яҳова Аюбнинг охирги кунларини аввалгидан ҳам баракалироқ қилди» (Аюб 42:10-16, ЯДТ). Дарҳақиқат, Яҳова «Уни изловчиларга мукофот беради» (Ибронийларга 11:6). Бизни олдинда кутиб турган мукофот эса — жаннат еридаги абадий ҳаётдир!
18. Охир оқибатда аламли хотираларимиз билан нима юз беради?
18 Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида, ўтган минг йилликлар давомида инсонларга етказилган зарар бутунлай бартараф қилинади. Ҳаёт шу қадар қувончли бўладики, ҳозирги барча қийинчиликларимиздан асар ҳам қолмайди. Чеккан азоб-уқубатларимиз ҳақидаги аянчли хотиралар бошқа бизни безовта қилмайди. Янги дунёда ҳар бир кунимиз ижобий фикрлар ва ишлар билан тўлиши туфайли, аламли хотиралар унутилиб кетади. Яҳова шундай демоқда: «Мен янги осмон [инсоният устидан бошқарадиган янги самовий Шоҳлик] ва янги ер [адолатли инсоният жамияти] яратяпман; аввалгилари эса ортиқ эсга тушмайди ва кўнгилга келмайди. Сизлар эса, яратаётганимдан хурсанд бўлиб, абадий севининглар». Ҳа, Яҳованинг янги дунёсида солиҳлар: «Бутун ер юзи роҳатланиб, дам олмоқда. Одамлар хурсандчиликдан тараннум этмоқда»,— деб айта олишади (Ишаё 14:7; 65:17, 18, ЯДТ).
Такрорлаш учун саволлар
• Гарчи Яҳова азоб-уқубатларга йўл қўйган бўлса-да, қандай қилиб Ўз исмига нисбатан ўринли ҳурмат кўрсатди?
• Яҳова «Ўз ғазабига йўлиққанларга» нисбатан сабр-тоқат қилиш билан, қандай қилиб бизга меҳрибонлик кўрсатмоқда?
• Азоб чекишимизга тўғри келаётган шароитларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
[67- саҳифадаги расмлар]
Яҳова «Аюбнинг охирги кунларини аввалгидан ҳам баракалироқ қилди».