4- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Чин кўнгилдан севишда давом этинг
Имондошларингизни биродарларча, чин кўнгилдан севинглар. РИМ. 12:10
109- ҚЎШИҚ Самимий севги
БУ МАҚОЛАДАa
1. Бугунги кунда одамлар меҳрсиз бўлаётганини қаердан биламиз?
МУҚАДДАС КИТОБДА охирзамонда одамлар «меҳрсиз» бўлиши каромат қилинган. (2 Тим. 3:1, 3) Бугунги кунда ушбу башорат амалга ошаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Мисол учун, кўп оилалар ажралиб, бир-биридан аччиқланиб юрибди. Уларнинг фарзандлари эса меҳр кўрмай ўсмоқда. Ҳатто бир уйда яшаётган оила аъзолар ҳам, ўзаро бегоналардай яшаши ҳеч гап эмас. Масалан, оилавий масалалар бўйича бир маслаҳатчи қуйидагича деди: «Ота, она ва болалар бир-биридан умуман узоқлашиб кетган. Улар компьютер, планшет, телефон ёки видеоўйинларга боғланиб қолган. Гарчи бу оила бир уйда яшаса-да, бир-бирини яқиндан билмайди».
2, 3. а) Римликларга 12:10 га кўра, кимларни чин кўнгилдан севишимиз керак? б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Меҳрсиз дунёга уйғунлашиб кетишни хоҳламаймиз. (Рим. 12:2) Аксинча, нафақат оила аъзоларимизни, балки имондошларимизни ҳам чин кўнгилдан севишимиз керак. (Римликларга 12:10 ни ўқинг.) Хўш, бу нима дегани? «Чин кўнгилдан севиш» деб ўгирилган юнонча ибора асосан аҳил оила аъзолари ўртасидаги илиқ муносабатни билдиради. Айнан ушбу турдаги севгини маънавий оиламиз бўлмиш имондошларимизга намоён этишимиз лозим. Чин кўнгилдан севгини кўрсатганимизда, ҳақ топинишнинг муҳим қисми ҳисобланадиган бирликни сақлашга кўмаклашган бўламиз. (Михо 2:12)
3 Чин кўнгилдан севиш ва буни амалда кўрсатиш учун, келинг, Яҳова ҳамда Унинг баъзи хизматчиларидан нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ЯҲОВА ХИЗМАТЧИЛАРИНИ СЕВАДИ
4. Қай йўсин Ишаё 63:9 Яҳова бизни қаттиқ севишини қадрлашимизга кўмаклашади?
4 Муқаддас Китоб Яҳованинг гўзал фазилатларини очиб бермоқда. Масалан, унда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзилган. (1 Юҳан. 4:8) Биргина бу тавсифнинг ўзи бизни Унга яқинлаштиради. Қолаверса, Муқаддас Китобда Яҳова хизматчиларини севиши ҳақида айтилган. (Ишаё 63:9 ни ўқинг.) Яҳова бизни қаттиқ севишини ифодаловчи таъсирли сўзлар, шундай эмасми?
5. Яҳова раҳмдилликни қандай кўрсатади ва Унга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкин?
5 Ишаё 63:9 да Яҳованинг севгиси бизни Унга яқинлаштирадиган бошқа бир фазилати — Унинг раҳмдиллиги ҳақида ёзилганига эътибор беринг. (Чиқ. 34:6) Яҳова раҳмдиллигини кўрсатишининг йўлларидан бири хатоларимизни кечиришидир. (Заб. 51:1) Муқаддас Китобга кўра, раҳмдиллик кечиримли бўлишдан кўпроғини ўз ичига олади. Раҳмдиллик одамнинг ичидан чиқадиган кучли туйғудир. У кишини муҳтожликдаги инсонга кўмаклашишга ундайди. Яҳова бизга ёрдам беришни жуда исташини ва бу хоҳиш ҳатто онанинг боласига бўлган туйғуларидан ҳам кучлироқ эканини айтмоқда. (Ишаё 49:15) Бошимизга ташвиш тушганда, Яҳованинг раҳмдиллиги Уни бизга кўмаклашишга ундайди. (Заб. 37:39; 1 Кор. 10:13) Биродару опа-сингилларимиз бизни ранжитишганда уларни кечириб, кўнглимизда гина сақламай раҳмдилликни кўрсата оламиз. (Эфес. 4:32) Лекин раҳмдилликни кўрсатишнинг муҳимроқ йўли имондошларимиз қийинчиликка дуч келганда уларни қўллаб-қувватлашдир. Севги бизни бошқаларга нисбатан раҳмдилликка ундаса, чин кўнгилдан севишда энг аъло ўрнак кўрсатган Яҳовага тақлид қилган бўламиз. (Эфес. 5:1)
«ЙЎНАТАН БИЛАН ДОВУД ЯҚИН ДЎСТ БЎЛИБ ҚОЛДИЛАР»
6. Қай йўсин Йўнатан ва Довуд ўзаро чин кўнгилдан севгини кўрсатишди?
6 Муқаддас Китобда чин кўнгилдан севгини кўрсатган номукаммал одамларнинг мисоллари келтирилган. Келинг, Йўнатан ва Довуднинг мисолини кўриб чиқайлик. Худонинг Каломида шундай дейилган: «Йўнатан билан Довуд яқин дўст бўлиб қолдилар. Йўнатан уни ўз жонидай яхши кўриб қолди». (1 Шоҳ. 18:1) Яҳова Шоулнинг ўрнига Довудни шоҳ сифатида танлади. Муайян вақт ўтгач, Шоул Довудга ҳасад қилиб, уни ўлдиришга уринди. Лекин Йўнатан отаси Шоулнинг Довудга қарши уюштирган қинғир ишига қўшилмади. Йўнатан ва Довуд дўст бўлиб қолишга ва доим бир-бирини қўллаб-қувватлашга қасам ичишди. (1 Шоҳ. 20:42)
7. Йўнатан ва Довуд дўстлик ришталарини ўрнатишига нима тўсқинлик қилиши мумкин эди?
7 Йўнатан ва Довуд дўстлик ришталарини ўрнатишига баъзи нарсалар тўсқинлик қилганига қарамай, улар чин кўнгилдан севгини кўрсатишгани бизни ҳайрон қолдиради. Мисол учун, Йўнатан Довуддан тахминан 30 ёшга катта эди. Йўнатан қуйидагича ўйлаши мумкин эди: «У мендан анча ёш ва тажрибасиз бўлса, бизни боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқ». Бироқ у бундай фикрга бормаган ёки Довуд билан муомала қилганда, ўзини катта тутмаган.
8. Нега Йўнатан Довудга яхши дўст бўла олган, деб ўйлайсиз?
8 Йўнатан Довудга ҳасад қилиши мумкин эди. У шоҳ Шоулнинг ўғли сифатида тахтга ўтириш ҳуқуқига эга эканлигини айтиб, даъво қила оларди. (1 Шоҳ. 20:31) Бироқ Йўнатан камтарин ва Яҳовага садоқатли эди. Шу боис, у Яҳова бўлғуси шоҳ сифатида танлаган Довудни тўлақонли қўллаб-қувватлади. Ҳатто бу Шоулнинг ғазабини келтирса ҳам, Йўнатан Довудга садоқатли бўлган. (1 Шоҳ. 20:32–34)
9. Йўнатан Довудга ҳасад кўзи билан қараганми? Тушунтиринг.
9 Йўнатан Довудни чин кўнгилдан севгани учун унга ҳасад кўзи билан қарамаган. Йўнатан моҳир камончи ва довюрак жангчи бўлган. У ва отаси Шоул «бургутдан ҳам чаққонроқ, шерлардан ҳам қудратлироқ» одамлар сифатида ном қозонган. (2 Шоҳ. 1:22, 23) Шу сабабдан, Йўнатан қаҳрамонликлари билан мақтаниши мумкин эди. Бироқ у рақобатчи ва ҳасадчи бўлмаган. Аксинча, Йўнатан Довуднинг жасорати ва Яҳовага таянгани учун уни яхши кўрган. Масалан, Довуд Гўлиётни ўлдирганидан кейин Йўнатан уни ўз жонидай яхши кўра бошлаган. Қай йўсин имондошларимизга бу каби чин кўнгилдан чиққан севгини кўрсатишимиз мумкин?
ҚАЙ ЙЎСИН БИЗ ЧИН КЎНГИЛДАН СЕВА ОЛАМИЗ?
10. «Бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар» деганда, нима назарда тутилган?
10 Муқаддас Китобда: «Бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар»,— дейилган. (1 Бутр. 1:22) Яҳова бу борада бизга ўрнак кўрсатяпти. Унинг севгиси шунчалик кучлики, Унга садоқатли бўлсак, бу муносабатларга ҳеч нарса путур етказа олмайди. (Рим. 8:38, 39) «Ихлос билан» деб ўгирилган юнонча ибора севгини кўрсатиш учун жон-жаҳд ила ҳаракат қилишга ишора қилади. Баъзида имондошимизни чин кўнгилдан севиш учун жон куйдиришимизга тўғри келар. Кимдир бизни ранжитса, ушбу маслаҳатга амал қилишимиз керак: «Севги билан бир-бирингизга бардошли бўлиб, тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга жон куйдиринглар». (Эфес. 4:1–3) «Тинчлик ришталарини» сақлаш учун жон куйдирсак, имондошларимизнинг хатоларига диққат қаратмаймиз. Уларга Яҳова каби нуқтаи назарга эга бўлиш учун сидқидилдан ҳаракат қиламиз. (1 Шоҳ. 16:7; Заб. 130:3)
11. Нега имондошларимизни чин кўнгилдан севиш доим ҳам осон бўлмаслиги мумкин?
11 Биродару опа-сингилларимизни чин кўнгилдан севиш доим ҳам осон эмас. Айниқса, уларнинг хатоларидан хабардор бўлсак. Ҳойнаҳой, баъзи илк масиҳийларга ҳам бу қийин бўлган. Масалан, Эводия билан Синтихага Павлус билан «хушхабар учун... елкама-елка» ҳамкорлик қилиш муаммо туғдирмагандир. Бироқ муайян сабабга кўра, улар ўзаро келиша олмаган. Шу боис, Павлус уларга «Раббимиз билан бирликда бўлиб, ҳамфикрликни сақлашни» насиҳат қилган. (Филип. 4:2, 3)
12. Қай йўсин биродару опа-сингилларимизни чин кўнгилдан севишга ўргана оламиз?
12 Қай йўсин биродару опа-сингилларимизни чин кўнгилдан севишга ўргана оламиз? Имондошларимизни яқиндан таниб-билсак, уларни яхшироқ тушунаётганимизни ҳамда чин кўнгилдан севаётганимизни пайқармиз. Одамнинг ёши ва келиб чиқиши тўсиқ бўлмаслиги керак. Шуни ёдда тутингки, Йўнатан Довуддан тахминан 30 ёшга катта бўлса-да, улар қалин дўст бўлган. Сиз-чи, ўзингиздан катта ёки кичик ёшда бўлганларга қизиқиш кўрсата оляпсизми? Бундай қилиб барча имондошларни севаётганингизни кўрсатасиз. (1 Бутр. 2:17)
13. Нега жамоатдаги барча билан бирдай яқин бўлмаслигимиз мумкин?
13 Имондошларимизга чин кўнгилдан севгини кўрсатиш жамоатдаги барча билан бирдай яқин бўлишимиз кераклигини англатадими? Йўқ, бу имконсиздир. Қизиқишларимиз бир хил бўлган кишиларни бошқаларга қараганда ўзимизга яқинроқ олишимиз табиий. Исо барча ҳаворийларини «дўстларим» деб атаган бўлса-да, Юҳаннога нисбатан севгиси бўлакча эди. (Юҳан. 13:23; 15:15; 20:2) Бироқ Исо уни бошқалардан устун қўймаган. Мисол учун, Юҳанно ва унинг акаси Ёқуб Худонинг Шоҳлигида юқори мавқени беришини сўраганда, Исо уларга қуйидагича деган: «Ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман». (Марк 10:35–40) Биз ҳам Исога тақлид қилган ҳолда яқин дўстларимизга ўзгача илтифот кўрсатмаслигимиз даркор. (Ёқб. 2:3, 4) Акс ҳолда, имондошларимиз орасида бўлинишлар юз беришига сабаб бўлишимиз ҳеч гап эмас. Масиҳийлар жамоатида эса бундай руҳиятга ўрин йўқ. (Яҳд. 17–19)
14. Филиппиликларга 2:3 га кўра, рақобат руҳидан қочишимизга нима ёрдам беради?
14 Ўзаро чин кўнгилдан севгини намоён этсак, жамоатни рақобат руҳидан ҳимоя қилган бўламиз. Эсингизда бўлса, Йўнатан Довудга тахтга ўтирадиган рақиби сифатида қарамаган ва у билан рақобатлашмаган. Барчамиз Йўнатаннинг ўрнагига тақлид қилишимиз мумкин. Имондошингизнинг қобилиятлари туфайли унга рақиб сифатида қараманг. «Аксинча, камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинг». (Филиппиликларга 2:3 ни ўқинг.) Шуни ёдда тутингки, ҳар бир имондошимиз жамоат учун нимадир қила олади. Ўзимизга камтарона нуқтаи назарда бўлсак, биродару опа-сингилларимизнинг яхши томонларини кўриб, ўрнакларига тақлид қила оламиз. (1 Кор. 12:21–25)
15. Таня ва унинг оиласи билан юз берган воқеадан нимани ўргандингиз?
15 Кутилмаган қийинчиликларга дуч келганимизда, Яҳова чин кўнгилдан севадиган ва амалий ёрдам берадиган имондошларимиз орқали бизга тасалли беради. Келинг, Қўшма Штатларда бўлиб ўтган 2019 йилги «Севги ҳеч қачон тугамайди!» номли халқаро анжуманларнинг бирида шанба кунги дастурдан кейин бир оила билан нима бўлганини кўриб чиқайлик. Уч боланинг онаси Таня шундай деди: «Меҳмонхонага қайтаётганимизда, бир машина бошқарувни йўқотиб қарама-қарши ҳаракатланди ва бизга келиб урилди. Ҳеч ким тан жароҳати олмаган бўлса-да, машинадан тушиб, қатнов йўлида гангираган ҳолда тургандик. Кўчанинг нариги томонидан бир киши қўлини силкитганча хавфсиз жойга, ўзининг машинасига чақирди. У анжумандан эндигина чиққан биродарларимиздан бири эди. Биродардан ташқари бошқалар ҳам тўхтади. Швециялик бешта имондошимиз тўхтаб, опаларимиз қизим ва мени иссиқ бағрларига олиб қучоқлашди. Бу айни керакли ёрдам эди! Биз билан ҳаммаси яхши эканлигига ишонтиришимизга қарамай, улар бизни ташлаб кетмади. Тез ёрдам келиб керакли ёрдамни тақдим этганидан сўнг ҳам улар биз билан қолди. Бундай мушкул пайтда Яҳованинг севгисини ҳис этдик. Бу воқеа имондошларга бўлган севгимизни кучайтирди. Қолаверса, Яҳовага бўлган севгимизу миннатдорчилигимизни янада оширди». Сиз-чи, ёрдамга муҳтож бўлганингизда, имондошингиз чин кўнгилдан севгини намоён қилганини эслай оласизми?
16. Ўзаро чин кўнгилдан севгини намоён этиш учун қандай сабабларимиз бор?
16 Ўзаро чин кўнгилдан севгини намоён этсак, бу қандай натижалар келтириши ҳақида ўйлаб кўринг. Имондошларимиз муаммоларга дуч келганда тасалли берамиз. Худонинг халқи орасидаги бирликни мустаҳкамлаймиз. Исонинг шогирдлари эканимизни исботлаймиз ва бу самимий кишиларни ҳақ топинишга жалб қилади. Энг асосийси, биз «раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» Яҳовани улуғлаймиз. (2 Кор. 1:3) Келинг, барчамиз чин кўнгилдан севиш фазилатини ривожлантиришдан ва уни намоён этишдан тўхтамайлик!
130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
a Исо шогирдлари орасида севги бўлсагина, бошқалардан ажралиб туришларини айтган. Барчамиз бу амр бўйича яшашга жон куйдирамиз. Имондошларимизга бўлган севгини уларни чин кўнгилдан севиб — ўзаро яқин оила аъзолар намоён этадиган севги турини кўрсатиб, мустаҳкамлай оламиз. Мазкур мақола имондошларимизни чин кўнгилдан севиш фазилатини ривожлантиришга ва уни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
b РАСМГА ШАРҲ. Ёшроқ оқсоқол кекса оқсоқолнинг тажрибасидан ўрганганлари бўйича гапиряпти. Бошқа расмда ўша оқсоқол ёшроқ оқсоқол ҳамда унинг рафиқасини қарши оляпти. Оқсоқоллар ва уларнинг хотинлари ўзаро севги ва сахийликни намоён этишяпти.