«Ғайратингизни сусайтирманглар»
Ғайратингизни сусайтирманглар. Оташин руҳ билан Раббингизга хизмат қилинглар. РИМ. 12:11
1. Исроилликлар қадимда нега қурбонликлар келтиришган?
ТАНГРИ ЯҲОВА Ўз халқининг севги ила бажарган хизматини ва Унга итоатли бўлишганини жуда ҳам қадрлайди. Масалан, қадимда исроилликлар ҳайвон ва бошқа нарсаларни қурбонликка келтириб, Худони мамнун этишган. Ҳа, улар гуноҳлари кечирилиши учун, Тавротга биноан шундай йўл тутишарди. Шу тариқа, улар Аллоҳдан миннатдор эканларини ҳам кўрсатишарди. Масиҳчилар жамоати ташкил этилганида эса, Яҳова бунақа қурбонликларнинг ҳожати йўқлигини кўрсатган. Аммо, ҳаворий Павлус Римликларга йўллаган мактубининг 12- бобида, Худо ўзгача қурбонликларни маъқул кўриши тўғрисида ёзган. Келинг, бу қандай қурбонликлар эканига диққат қилайлик.
Тирик қурбонлик
2. Масиҳчилар қандай ҳаёт кечиришлари лозим ва бу учун нима талаб этилади?
2 Римликларга 12:1, 2 ўқиб беринг. Павлуснинг айтишича, турли халқлардан имон келтирган мойланган масиҳчилар ҳам, ишлари учун эмас, имони туфайли Худо назарида ўзини оқлай олишлари мумкин эди (Рим. 1:16; 3:20–24). Шунингдек, фидокорона хизмати билан ўз миннатдорлигини кўрсата олишарди. Демак, биз ҳам улар каби фикрлаш тарзимизни ўзгартирсак яхши бўлади. Номукаммаллик бизга мерос бўлиб ўтган экан, «гуноҳ ва ўлимга» гирифтормиз (Рим. 8:2). Ҳа, одатларимизни ўзгартириш учун «янги фикрга, руҳга эга бўлиш» ўта муҳим (Эфес. 4:23). Шуни айтиш жоизки, бунга фақатгина Аллоҳнинг қудрати билан эриша оламиз. Аммо, биздан ҳам муайян уринишлар талаб этилади. Модомики, бу дунё борган сари разиллашиб кетаётган экан, унга ҳечам уйғунлашмаслигимиз зарур (Эфес. 2:1–3).
3. Нима сабабдан ҳақ топинишда фаол қатнашамиз?
3 «Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун» доно бўлишимиз кераклигини ҳам Павлус айтиб ўтган. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, нега ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, билганингиз борасида мулоҳаза юритасиз, ибодат қиласиз, йиғилишларга қатнайсиз ҳамда ваъзгўйликда иштирок этасиз? Оқсоқоллар доим эслатиб туришгани учунми? Тўғри, биз уларнинг ғамхўрлигини қадрлаймиз, бироқ ҳақ топиниш билан боғлиқ ишларда, Худога бўлган севги ва Унинг руҳи ундаётгани туфайли қатнашамиз. Боз устига, шахсан ўзимиз ҳам бу айнан Аллоҳнинг иродаси эканига амин бўлишимиз керак (Закр. 4:6; Эфес. 5:10). Дарвоқе, турмуш тарзимиз Худога маъқул келаётганини билиш, бизга катта қувонч бағишламоқда.
Турли инъомлар
4, 5. Оқсоқоллар ўз инъомларидан қандай фойдаланишади?
4 Римликларга 12:6–8, 11 ўқиб беринг. Павлуснинг сўзларига кўра: «Худонинг иноят қилгани бўйича, биз Ундан ҳар хил инъомлар олганмиз». Ушбу инъомларга — панд-насиҳат бериш ва бошчилик қилиш киради. Булар айниқса, ғайрат ила хизмат қилаётган оқсоқолларга ато этилган.
5 Дарҳақиқат, бундай ғайрат яққол кўриниб туради. Павлус айтганидай, нозирлар таълим ва маслаҳат бериб хизмат қилишлари мумкин. Улар буни, «бадан» билан таққосланган жамоатда бажара олишади (Рим. 12:4, 5). Бу борада Ҳаворийлар 6:4 да қуйидагилар ёзилган: «Доимо ибодатга берилиб, Худо каломини ёйиш хизматида машғул бўлайлик». Қизиғи шундаки, оқсоқоллар имондошларига далда бериши ҳам уларнинг инъомларидан биридир. Улар, Аллоҳнинг Каломи асосида керакли йўл-йўриқ тақдим этиш, ибодат қилиш, тадқиқ ўтказиш, таълим бериш ва маънан қувватлаш орқали хизмат қилишади. Ҳа, жамоатдагиларга ғамхўрлик қилиш учун оқсоқоллар ушбу инъомларни «хурсандлик билан» ишга солишлари муҳим (Рим. 12:7, 8; 1 Бутр. 5:1–3).
6. Римликларга 12:11 даги маслаҳатга қандай амал қилишимиз мумкин?
6 Ҳаворий Павлус имондошларини: «Ғайратингизни сусайтирманглар. Оташин руҳ билан Раббингизга хизмат қилинглар»,— дея чорлаган. Мабодо, хизмат қилишдан кўнглимиз совиганини пайқасак, унда шахсий тадқиқ борасида ўйлаб, Яҳованинг муқаддас руҳини сўраб туришимиз лозим. Шундагина, хизматда қайтадан ғайрат ила қатнаша оламиз (Луқо 11:9, 13; Ваҳ. 2:4; 3:14, 15, 19). Дарвоқе, муқаддас руҳ «Худонинг улуғ ишлари ҳақида» гапиришга ундайди (Ҳавор. 2:4, 11). Хуллас, бу туфайли ғайрат ила хизмат қила олишимиз турган гап.
Камтарлик фазилати
7. Нима учун камтарлик ила хизмат қилишимиз керак?
7 Римликларга 12:3, 16 ўқиб беринг. Бизга ато этилган инъомлар, Эгамиз Яҳованинг инояти туфайлидир. Павлус ҳам: «Қобилиятимиз фақат Худодандир»,— деб бежиз айтмаган (2 Кор. 3:5). Шунинг учун, ўзимизга шараф излашнинг ўрнига, камтарин бўлишимиз керак. Зеро, бунга ўз қобилиятларимиз билан эмас, Аллоҳнинг марҳамати туфайли эришганмиз (1 Кор. 3:6, 7). Павлус яна шундай деган: «Ҳар бирингизга шуни айтяпман: ҳаддингиздан ошиб, ўзингизга бино қурманглар». Бошқа томондан, киши ўз ҳурматини йўқотмай, Яҳовага хизмат қилишдан шоду хуррам бўлиши лозим. Бунинг устига, қобилиятларимиз чегараланганини ёдда тутсак, ўзимизни манманликдан асраган бўламиз. Бу, шунингдек тўғри фикр юритаётганимизни ҳам намоён этади.
8. Ўзбилармонлик қилмасликка нима кўмаклашади?
8 Билиб олганимиздек, бажараётган вазифалар билан мақтаниш нодонликдир. Негаки, «ҳамма гап ўстирган Худодадир» (1 Кор. 3:7). Қолаверса Павлус, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра йўл тутиши кераклигини айтганди. Бу дегани, масъулиятли вазифалар топширилган киши бошқаларнинг олдида ўзини катта олмаслиги даркор. Павлус бу ҳақда: «Ўзаро ҳамфикр бўлинглар»,— деб маслаҳат берган. Боз устига, у қуйидагиларни ҳам айтган: «Рақобат руҳи ва шуҳратпарастлик билан ҳеч нарса қилманглар. Аксинча, камтарлик билан бир-бирингизни ўзингиздан юқорироқ ҳурматга сазовор ҳисобланглар» (Филип. 2:3). Демак, камтарин бўлиб, биродару опа-сингилларимиз у ёки бу жиҳатдан биздан тажрибалироқ эканини тан олишимиз лозим. Ҳа, ўзбилармонлик қилишдан кўра, ўзимизни паст олиб юриш афзалроқ. Тўғри, жамоатда муайян топшириқларни бажариб ҳамманинг эътиборида бўлишингиз табиий, лекин майда-чуйда ишларни қилиб ҳам бошқаларнинг ҳурматини қозонасиз (1 Бутр. 5:5).
Жамоатдаги бирлик
9. Павлус нега мойланганларни баданнинг аъзолари билан солиштирган?
9 Римликларга 12:4, 5, 9, 10 ўқиб беринг. Павлус, мойланган масиҳчиларни баданнинг аъзолари билан солиштирган. Унинг боши эса Исо Масиҳдир (Колос. 1:18). Ўша аъзолар турли вазифаларни бажарса-да, Масиҳ вужудида бирлашиб, бир баданни ташкил этади. Павлус, Эфесдаги мойланган масиҳчиларни шундай деб чорлаган: «Ҳақиқат ва муҳаббатга содиқ қолиб, ҳар жиҳатдан баданнинг боши — Масиҳ томон ўсиб борайлик. Унинг бошчилигида бутун бадан алоҳида-алоҳида ҳаётий паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир бўлакнинг алоҳида ўз ҳолича, муҳаббат билан ҳаракат қилиши натижасида бадан ўсиб-улғаяди» (Эфес. 4:15, 16).
10. «Бошқа қўйлар» қандай ҳокимиятни тан олишади?
10 «Бошқа қўйлар» қаторига кирган солиҳ кишилар, Масиҳ баданининг аъзолари бўлишмаса-да, Павлус келтирган мисолдан сабоқ олишлари мумкин (Юҳан. 10:16). Маълумки, Тангри Яҳова «бутун борлиқни Унинг [Масиҳнинг] оёқлари остига тобе қилди. Уни бутун борлиқдан юқори қўйиб, имонлилар жамоатига бош қилиб қўйди» (Эфес. 1:22). Бугунги кунда «бутун борлиққа» ўша солиҳ кишилар ҳам киради. Эгамиз Яҳова эса, Исо Масиҳни уларнинг устидан Бош қилиб тайинлаган. Ушбу одамлар шунингдек, «ишончли ва ақлли хизматкорга» ишониб топширилган «мол-мулкнинг» бир қисмидир (Мат. 24:45–47). Ер юзида яшашга умид қилган кишилар Ҳазрати Исонинг бошчилигини тан олиб, ишончли ва ақлли хизматкор ҳамда унинг Етакчи кенгашига бўйсуниб, жамоатдаги нозирларга итоатли бўлишлари даркор (Иброн. 13:7, 17). Бу ўз навбатида, имонлиларнинг аҳил бўлиб яшашига ҳисса қўшади.
11. Жамоатдаги бирлик нимага асосланган ва бу борада Павлус қанақа маслаҳат берган?
11 Шуни айтиш лозимки, жамоатдаги бирлик «камолот чўққиси бўлган муҳаббатга» асосланган (Колос. 3:14). Римликларга китобининг 12- бобида бундай севги риёсиз, биродарларча ва самимий бўлиши кераклиги тўғрисида баён этилган. Бу эса, масиҳчиларни ўзаро ҳурмат кўрсатишга рағбатлантиради. Шунинг учун ҳам Павлус шунақа маслаҳат берган: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар». Бошқа томондан эса, бундай севгини кўнгилчанлик билан адаштириб қўймаслик лозим. Қолаверса, жамоат пок бўлиб қолиши учун жон куйдиришимиз яхшидир. Павлус яна қуйидагича айтган: «Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар».
Меҳмондўст бўлинг
12. Македонияликларнинг сахийлигидан қандай сабоқ олиш мумкин?
12 Римликларга 12:13 ўқиб беринг. Имондошларимизга бўлган севги, қўлимиздан келганича уларнинг «эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этишга» ундайди. Ҳатто камбағал бўла туриб ҳам, бундай йўл тутиш мумкин. Буни Македониядаги имонлиларнинг мисолидан кўрса бўлади. Улар ҳақда Павлус шундай ёзган: «Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синовдан ўтган бўлсалар-да, жўшқин бир севинч намоён қилдилар, ўта камбағаллигига қарамай, самимий бир сахийлик кўрсатдилар. Улар қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ҳам ортиқ хайр-эҳсон берганларига мен шоҳидман. Улар Худо азизлари [Яҳудиядагилар] учун қилинадиган ёрдамда иштирок этишни биздан кўп ўтиниб сўрадилар» (2 Кор. 8:2–4). Қаранг, македонияликлар камбағал бўлишса-да, ниҳоятда сахийлик кўрсатишган экан. Зеро, Яҳудиядаги имондошларига ёрдам қўлини чўзишни улар катта шараф деб билишган.
13. «Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар» дегани нима?
13 «Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар» деган ибора, ташаббус кўрсатишни назарда тутади. Ҳа, ўзгаларни меҳмонга таклиф қилиш мақтовга сазовордир. Шуниси қизиқки, меҳмондўст бўлишнинг бошқа кўп усуллари ҳам бор. Гарчи, бировни овқат билан меҳмон қила олмасак-да, ҳеч бўлмаса чой-пой дамлаб бериш мумкин.
14. а) Юнончадан «меҳмондўст» деб таржима қилинган ибора қанақа сўзлардан таркиб топган? б) Мусофирлар учун қайғураётганимиз нимадан аён бўлади?
14 Меҳмондўстлик кузатувчанликни ўз ичига олади. Шунингдек, «меҳмондўст» деб таржима қилинган юнонча ибора, «мусофир» ва «севги» сўзларидан таркиб топган. Сиз-чи, ўзга юртлардан келган мусофирларга қандай муносабатдасиз? Масалан, Худонинг хизматчилари бошқа миллат вакилларига хушхабарни ваъз қилиш учун уларнинг тилини ўрганиб, меҳмондўст эканини намоён этишади. Дарвоқе, ҳамманинг ҳам шароити бунга йўл қўймас. Аммо, ўзга тилда гапирадиганларга ҳақиқатни етказиш учун, «Барча халқлардаги инсонлар учун хушхабар» номли рисоладан фойдаланиш мумкин. Бу рисолада, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабар кўп тилларда тақдим этилган. Сиз ҳам, уни ваъзгўйлик хизматида қўллаяпсизми?
Бошқаларнинг ҳиссиётларига шерик бўлинг
15. Исонинг намунаси, Римликларга 12:15 даги маслаҳатни тушунишга қандай ёрдам беряпти?
15 Римликларга 12:15 ўқиб беринг. Павлуснинг маслаҳатига биноан, бошқаларнинг қувончи ёки қайғусига шерик бўлишга ўрганишимиз лозим. Бундай йўл тутиш, оташин руҳ билан хизмат қилаётганимиздан далолат беради. Бир куни, Исонинг 70 та шогирди ваъзгўйликдан севиниб қайтиб келиб, бўлиб ўтганларни унга айтиб беришганди. Шунда, Исо «илоҳий Руҳдан илҳомланиб, жуда хуррам бўлган» (Луқо 10:17–21). Ҳа, Устозимиз улар билан бирга севинган. Бошқа сафар эса, дўсти Лазар ўлганида, Исо йиғлаётганлар билан бирга йиғлаган (Юҳан. 11:32–35).
16. Бошқаларнинг ҳиссиётларига шерик эканимизни қандай кўрсата оламиз ва айниқса ким буни қилиши керак?
16 Ҳазрати Исо каби, биз ҳам ўзгаларнинг ҳиссиётларини эътиборга олишни истаймиз. Имондошларимиз хурсанд бўлишганда, уларга қўшилиб қувонамиз. Ё бўлмаса, азиз биродару опа-сингилларимиз изтироб чекса, улар билан бирга қайғурамиз. Шубҳасизки, бундайларни раҳмдиллик ила тингласак, катта ёрдам берган бўламиз. Баъзида, уларга қўшилиб ҳатто йиғлашга ҳам тайёр бўлишимиз зарур (1 Бутр. 1:22). Бошқаларнинг ҳиссиётларига шерик бўлиш борасидаги Павлуснинг маслаҳатига, айниқса оқсоқоллар амал қилишлари керак.
17. Ушбу мақолада нимани муҳокама қилдик ва кейингисида нимага эътибор берамиз?
17 Римликларга китобининг 12- бобидан имондошларимиз билан бўлган муносабатларга тегишли бир қанча маслаҳатларни кўриб чиқдик. Кейинги мақолада эса, шу бобнинг қолган оятларини муҳокама қиламиз. Унда, имонимизга шерик бўлмаганларга ва хусусан бизни таъқиб қилаётганларга қанақа муносабатда бўлиш кераклиги тўғрисида гап кетади.
Тушунтириб беринг:
• Ғайрат ила хизмат қилаётганимиз нимадан аён бўлади?
• Худонинг хизматчилари нега камтарин бўлишлари керак?
• Қандай қилиб имондошларимизнинг ҳиссиётларини тушуна оламиз?
[4- саҳифадаги расмлар]
Нима сабабдан ҳақ топинишда фаол қатнашамиз?
[6- саҳифадаги расм]
Хушхабарни бошқа миллат вакилларига етказишда бизга нима кўмаклашади?