Нигоҳингиз қаерга қаратилган?
Эй, самоларда тахтда ўтирган Худо, кўзларимни Сенга тикаман. ЗАБ. 123:1
1, 2. Нигоҳимизни Яҳовага қаратиш ўз ичига нимани олади?
БИЗ «ниҳоятда оғир вақтлар»да, яъни «охирзамонда» яшаяпмиз. (2 Тим. 3:1) Яҳова бу ёвуз дунёни йўқ қилиб, ер юзида чинакам тинчлик ўрнатгунига қадар, ҳаётимиз кундан-кунга оғирлашиб боради. Шундай экан, ўзимизга қуйидагича савол бериб кўрсак яхши бўларди: «Ёрдам ва йўл-йўриқни қаердан излаяпман?» Шу заҳотиёқ: «Яҳовадан»,— деб жавоб берармиз. Бу жуда яхши.
2 Нигоҳимизни Яҳовага қаратиш ўз ичига нимани олади? Мураккаб қийинчиликларга дуч келганимизда, нигоҳимиз Яҳовага қаратилганига қандай қилиб амин бўла оламиз? Асрлар олдин сано бастакори, ёрдамга муҳтож бўлганимизда Яҳовага кўзларимизни тикишимиз кераклигини айтган. (Забур 123:1–4 ни ўқинг.) У кўзларимизни Яҳовага қаратишимизни хизматкор хўжайинига қараб туриши билан солиштирган. Сано бастакори нима демоқчи эди? Хизматкор нафақат егулик ва ҳимоя олиш илинжида, балки хўжайинининг хоҳиши ва нима қилиши кераклигини тушуниш учун ҳам нигоҳини ундан узмайди. Шу сингари, биз ҳам Худонинг Каломини кунда тадқиқ қилиб, шахсан ҳар биримиз учун Унинг иродаси нимадан иборат эканини аниқлашимиз ва бунга мувофиқ йўл тутишимиз лозим. Фақат шундай қилибгина, Яҳова бизга керакли ёрдамни тақдим этаётганига амин бўла оламиз. (Эфес. 5:17)
3. Нима туфайли чалғиб қолишимиз мумкин?
3 Гарчи нигоҳимизни Яҳовага қаратиш керак эканини билсак ҳам, гоҳида чалғиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Исонинг қалин дўсти Марта билан шундай бўлган. Бир сафар у «тайёргарчилик билан жуда овора» бўлиб қолган эди. (Луқо 10:40–42) Ҳатто художўй бўлган Марта Исони кўра туриб овора бўлиб чалғиган бўлса, биз билан ҳам шундай юз бериши ҳеч гап эмас. Қизиқ, нималар туфайли чалғиб қолишимиз мумкин? Ушбу мақолада, қандай қилиб бошқаларнинг хатти-ҳаракати бизни чалғитиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилади. Қолаверса, қай йўсин нигоҳимизни Яҳовадан узмаслигимиз мумкинлигини билиб оламиз.
САДОҚАТЛИ КИШИ ШАРАФИДАН МАҲРУМ БЎЛДИ
4. Нега Мусо ваъда қилинган юртга кириш шарафидан маҳрум бўлганидан ҳайрон бўлишимиз мумкин?
4 Мусо пайғамбар Яҳованинг йўл-йўриғига эга бўлиш учун Унга кўз тикарди. Ҳа, «у кўринмас Зотни кўргандай саботли эди». (Ибронийларга 11:24–27 ни ўқинг.) Муқаддас Китобга кўра, «Исроилда Мусо каби Яҳова яқиндан таниган пайғамбар бошқа бўлмади». (Қонун. 34:10) Лекин Мусо Яҳова билан шу қадар яқин муносабатларга эга бўлган бўлса-да, ваъда қилинган юртга кириш шарафидан маҳрум бўлди. (Саҳ. 20:12) Хўш, нима сабабли?
5–7. Исроил халқи Мисрдан чиққанидан кўп ўтмай нима юз берди ва Мусо қандай йўл тутди?
5 Исроил халқи Мисрдан чиққанидан икки ой ўтар-ўтмас, Синай тоғига етиб келишдан аввал жиддий муаммо юз берди. Улар сув йўқлигидан шикоят қилиб, Мусога қарши нолишни бошлашди. Вазият шунчалик оғир бўлиб кетдики, у Яҳовага: «Бу халқни нима қилай? Бир оз туриб улар мени тошбўрон қилишади-ку!» — деб ёлворди. (Чиқ. 17:4) Шунда Яҳова унга аниқ йўл-йўриқлар берди. Мусо таёғини олиб, Хорев қоясига уриши керак эди. Шу йўсин сув оқиб чиқарди. Муқаддас Китобда: «Мусо, Исроил оқсоқолларининг кўз олдида айтилганидек қилди»,— деб ёзилган. Сув отилиб чиққанда, одамлар чанқоғини қондиришди ва муаммо ҳал бўлди. (Чиқ. 17:5, 6)
6 Шунингдек, қуйидагиларни ўқиймиз: «Мусо у ерга Массах ва Марива деб ном берди, чунки ўша ерда Исроил ўғиллари Мусо билан жанжаллашиб: “Яҳова биз биланми ёки йўқми?” — дея Яҳовани синашган эди». (Чиқ. 17:7) Бундай номлар ўринли эди, чунки «синов» ва «жанжал» деган маъноларга эга.
7 Хўш, Маривада бўлган вазият туфайли Яҳова нимани ҳис қилган? Яҳова буни Исроил халқи Мусога эмас, Унга ва Унинг ҳокимиятига қарши исён кўтаргандай қабул қилган. (Забур 95:8, 9 ни ўқинг.) Улар нотўғри йўл тутишган. Мусо эса тўғри йўл тутиб, нигоҳини Яҳовага қаратган ва Унинг йўл-йўриғига астойдил амал қилган.
8. Исроил халқининг саҳрода кезиб юриши ниҳоясига етиб қолганда нима содир бўлди?
8 Лекин бундан тахминан 40 йил ўтгач, шунга ўхшаш вазиятда нима содир бўлди? Ўшанда Исроил халқининг саҳрода кезиб юриши ниҳоясига етиб қолган эди. Улар яна Марива деган жойда эди. Аммо бу бошқа Марива бўлиб, Кадеш олдида, яъни ваъда қилинган юртнинг чегарасига яқин эдиa. Исроил халқи яна сув йўқлигидан нолиди. (Саҳ. 20:1–5) Бу сафар Мусо жиддий хатога йўл қўйди.
9. Яҳова Мусога қандай йўл-йўриқ берди, лекин у нима қилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
9 Одамлар исён кўтарганда Мусо нима қилди? Бу сафар ҳам у Яҳовадан йўл-йўриқ олиш учун Унга кўз тикди. Бироқ Яҳова унга қояга ур деб айтмаган. Мусо таёғини олиб, халқни қоя олдига йиғиши ва қояга қараб гапириши керак эди. (Саҳ. 20:6–8) Аммо Мусо қояга қараб гапирмади. Аксинча, бақираётган халқ дастидан унинг аччиғи чиқиб: «Тингланглар, эй исёнчилар! Мана шу қоядан сизлар учун сув чиқариб берайликми?!» — деди. Кейин таёғи билан у бир марта эмас, икки марта қояга урди. (Саҳ. 20:10, 11)
10. Мусонинг қилмишига Яҳова қандай қараган?
10 Яҳованинг Мусодан жаҳли чиқди. (Қонун. 1:37; 3:26) Нима учун? Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин. Юқорида айтилганидай, Мусо олган янги йўл-йўриқларига риоя қилмаганидан Яҳованинг жаҳли чиққандир.
11. Нега Мусо қояга ургани туфайли одамлар Яҳова мўъжиза яратмади деган фикрга бориши мумкин эди?
11 Бунинг яна бир сабаби бўлиши мумкин. Гап шундаки, биринчи вазиятдаги қоя қаттиқ гранитдан эди. Бундай гранитга қанчалик кучли зарба берилмасин, ундан сув оқиб чиқмайди. Лекин Марива яқинида иккинчи марта юз берган вазиятдаги қоянинг таркиби умуман бошқача эди. Бу қоя одатда юмшоқроқ оҳактошдан иборат бўлиб, ички ғоваклар туфайли бундай ҳудудларда ерости сувлари учрарди ва одамлар уни ичишга яроқли қилиш учун захираларга тўплашарди. Хўш, Мусо шу каби ғоваклардан иборат қояга икки марта урганда, одамлар сув чиққанини Яҳованинг мўъжизаси эмас, балки оддий ҳол деб қабул қилишганми? Мусо ўша қояга қараб гапиришнинг ўрнига, унга уриб буни худди мўъжиза эмасдай кўрсатмоқчимиди?b Буни аниқ айта олмаймиз.
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МУСО ИСЁНЧИГА АЙЛАНДИ?
12. Яҳованинг Мусо ва Ҳорундан жаҳли чиққанига яна нима сабаб бўлиши мумкин?
12 Бундан ташқари, Яҳованинг Мусо билан Ҳорундан жаҳли чиққанига яна бир сабаб бор. Мусо халққа: «Мана шу қоядан сизлар учун сув чиқариб берайликми?!» — деган сўзларига эътибор беринг. «Берайликми» деб айтганда Мусо ўзини ва Ҳорунни назарда тутган бўлиши мумкин. Мусо сўзлари билан бу мўъжизанинг асл Манбаи Яҳовага ҳурматсизлик қилди. Забур 106:32, 33 даги сўзлар ушбу тахминга сабаб бўлиши мумкин: «Улар Марива сувлари ёнида Худонинг жаҳлини чиқарди. Уларнинг дастидан Мусо жафо чекди. Улар Мусонинг ғазабини қўзғатди, у ўйламасдан гапириб қўйди»c. (Саҳ. 27:14) Хуллас, Мусо Яҳова лойиқ бўлган шарафни Унга кўрсатмади. Мусо билан Ҳорунга Яҳова: «Икковингиз... буйруғимга қарши бош кўтардингиз»,— деди. (Саҳ. 20:24) Ҳа, бу оғир гуноҳ эди!
13. Нега Яҳова Мусога нисбатан тўғри ва адолатли йўл тутган деса бўлади?
13 Яҳова халқининг бошқарувчилари сифатида Мусо билан Ҳорун жиддий масъулиятга эга эди. (Луқо 12:48) Бошида, Яҳова бутун Исроил халқи Канъон юртига киришига ижозат бермаган эди, чунки улар исён кўтаришган. (Саҳ. 14:26–30, 34) Мусо ҳам исёнкорга айланганида, Яҳова худди шундай ҳукм чиқариб тўғри ва адолатли йўл тутган. Бошқа исёнкорлар билан бўлганидай, Яҳова Мусога ҳам ваъда қилинган юртга киришига ижозат бермаган.
МУАММОНИНГ САБАБИ
14, 15. Мусо Яҳовага қарши чиқишига нима сабаб бўлган?
14 Мусо Яҳовага қарши чиқишига нима сабаб бўлган? Келинг, яна бир бор Забур 106:32, 33 даги сўзларга эътибор қаратайлик: «Улар Марива сувлари ёнида Худонинг жаҳлини чиқарди. Уларнинг дастидан Мусо жафо чекди. Улар Мусонинг ғазабини қўзғатди, у ўйламасдан гапириб қўйди». Гарчи Исроил халқи Яҳованинг жаҳлини чиқарган бўлса-да, Мусонинг ғазаби қўзғади. У ўзини назорат қилмади ва оқибатларини ўйламай гапириб қўйди.
15 Мусонинг нигоҳи Яҳовадан узилди, сабаби у бошқаларнинг ишлари уни чалғитишига йўл қўйди. Мусо биринчи вазиятда тўғри йўл тутган эди. (Чиқ. 7:6) Эҳтимол, кўп йиллар давомида Исроил халқи исён кўтаравергани боис Мусо чарчаб, жаҳли чиққандир. Мусо Яҳовага шараф келтира олиши ҳақида эмас, асосан ўз туйғулари борасида ўйлагани учун шундай бўлгандир.
16. Нима учун Мусонинг қилган иши борасида ўйлаб кўриш арзийди?
16 Агар Мусодек садоқатли пайғамбар чалғиб, гуноҳга қўл урган бўлса, биз билан ҳам бу осонликча юз бериши мумкин. Мусо каби биз ҳам ваъда қилинган рамзий юрт, яъни янги дунёга киришимизга оз қолди. (2 Бутр. 3:13) Ҳеч биримиз бундай ўзгача шарафдан маҳрум бўлишни истамаймиз. Бу мақсадимизга эришиш учун нигоҳимизни доим Яҳовага, Унинг иродасини бажаришга қаратишимиз лозим. (1 Юҳан. 2:17) Мусонинг хатосидан қандай сабоқ олсак бўлади?
БОШҚАЛАР ДАСТИДАН ЧАЛҒИМАНГ
17. Жаҳлимизни тийишга нима ёрдам беради?
17 Жаҳлингиз чиққанда, ўзингизни тута билинг. Келинг, мабодо ўша-ўша муаммога қайта-қайта дуч келсак ҳам: «Яхшилик қилишдан безмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида ҳосилини ўриб оламиз»,— деган маслаҳатга амал қилайлик. (Галат. 6:9; 2 Салон. 3:13) Нимадир ёки кимдир туфайли жаҳлимиз чиқаверса, ўйлаб гапирамизми? Жаҳлимизни тиямизми? (Ҳик. 10:19; 17:27; Мат. 5:22) Кимдир жаҳлимизни чиқарса, «Аллоҳнинг қаҳрига йўл қўйиб беришга» ўрганишимиз даркор. (Римликларга 12:17–21 ни ўқинг.) Бу нимани англатади? Ғазабланишнинг ўрнига, Яҳова бу муаммони Ўзи муносиб деб билган вақтда ҳал қилишини сабр ила кутсак яхши бўларди. Агар нигоҳимизни Яҳовага қаратмай, ўзимиз қасос олишга интилсак, Унга ҳурматсизлик кўрсатган бўламиз.
18. Йўл-йўриқлар борасида нимани унутмаслигимиз керак?
18 Сўнгги йўл-йўриқларга астойдил амал қилинг. Яҳова бизга тақдим этаётган сўнгги йўл-йўриқларга садоқат ила риоя қиляпмизми? Амал қилаётган бўлсак, муайян нарсаларни биз ўрганиб қолгандай бажармаймиз. Аксинча, Яҳова ташкилоти орқали бераётган ҳар қандай янги йўл-йўриққа дарров риоя қиламиз. (Иброн. 13:17) Шу билан бирга: «Ёзилганлардан ташқарига чиқманглар»,— деган маслаҳатни ҳам унутмаймиз. (1 Кор. 4:6) Шундай қилиб, нигоҳимизни доим Яҳовага қарата оламиз.
19. Қандай қилиб бошқаларнинг хатолари Яҳова билан бўлган муносабатларимизга путур етказишига йўл қўймаслигимиз мумкин?
19 Бошқаларнинг хатолари Яҳова билан бўлган муносабатларингизга путур етказишига йўл қўйманг. Кўзимизни Яҳовага тиксак, бошқаларнинг ҳаракатлари дастидан ғазабга берилмаймиз ёки У билан бўлган муносабатларимиз барбод бўлишига йўл қўймаймиз. Агар биз ҳам Мусо каби Худонинг ташкилотида шарафли вазифаларга эга бўлсак, буни ёдда тутиш айни муддао. Шубҳасизки, барчамиз «бундан буён ҳам қўрқув ва титроқ билан» ўз нажотимизга эришишга уринар эканмиз, Яҳова бизни қаттиққўллик ила шафқатсизларча ҳукм қилади деб сира ҳам ўйламайлик. (Филип. 2:12) Бироқ қанча кўп масъулиятли вазифаларга эга бўлсак, Яҳова биздан шунча кўп кутади. (Луқо 12:48) Яҳовани чин дилдан яхши кўрсак, бизни ҳеч нарса қоқинтирмайди ёки Унинг севгисидан жудо қилмайди. (Заб. 119:165; Рим. 8:37–39)
20. Нима қилишга қатъий қарор қилишимиз керак?
20 Ушбу мушкул дамларда кўзимизни «самоларда тахтда ўтирган Худо»га тикишимиз зарур, ўшанда Унинг иродасини фаҳмлай оламиз. Келинг, бошқаларнинг ҳаракатлари Яҳова билан бўлган муносабатларимизга салбий таъсир қилишига йўл қўймайлик. Мусо билан юз берган воқеа биз учун сабоқ бўлсин. Атрофимиздагиларнинг камчиликларига ҳаддан ортиқ диққат қаратишнинг ўрнига: «Кўзларимизни Тангримиз Яҳовага қаратамиз, У бизга марҳамат кўрсатишини кутамиз»,— деган сўзларга риоя этишга қатъий қарор қилайлик. (Заб. 123:1, 2)
a Бу Марива деган жой Рафидим яқинида бўлиб, Массах деб ҳам номланган. Бироқ иккала жой ҳам Марива деб аталарди, чунки Исроил халқи у ерда жанжал қилган ёки нолиган. («Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»даги илованинг Б3 мавзусига қаранг.)
b Жон Бек исмли профессор шундай деган: «Яҳудийларнинг ривоятларига кўра, исёнчилар Мусони қуйидагича танқид қилишган: “Мусо ўша қояда сув борлигини аниқ билади! У мўъжиза кўрсатиш қобилиятига эга эканини исботламоқчи бўлса, бошқа қояга ҳам урсин”». Албатта, бу ривоят, холос.
c «Қўриқчи минораси»нинг 1989 йил 1 январь сонидаги (рус) «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.