Мангу яшаш учун нималарга тайёрсиз?
Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топаркан? МАТ. 16:26
1. Нега Исо Бутруснинг эътирозига қўшилмади?
ИСО азоб чекиб ўлишини «очиқдан-очиқ» айтганда, ҳаворий Бутрус эшитганларига ишонмади. Шу йўсин у самимий ниятлар билан Устозига: «Худо хайрингни берсин, Раббим! Бу нарсалар Сенинг бошингга тушмас»,— деб эътироз билдирди. Бошқа шогирдлар Бутруснинг фикрига қўшилганини кўрган Исо жавоб бериб: «Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. Сен Мени йўлдан уряпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан» (Марк 8:32, 33; Мат. 16:21–23).
2. Исонинг сўзларига кўра, унинг издошлари қандай талабларга мос келишлари лозим?
2 Исо нима учун шунақа дангал гапирганини, Бутрус унинг кейинги сўзларидан тушуниб олганди. Исо халқ билан шогирдларини олдига чақириб деди: «Кимда-ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин. Ким жонини аямоқчи бўлса, жонини йўқотади. Ким Мен ва Инжил учун жонини берса, жонини қутқаради» (Марк 8:34, 35). «Жон» сўзи остида Исо «ҳаётни» назарда тутган. У нафақат ўз жонини беришга тайёр эди, балки издошлари ҳам Аллоҳга хизмат қилиш йўлида ўлишга шай туришларини кутган. Бундай фидокорлик учун улар буюк мукофот билан тақдирланишарди (Матто 16:27 ўқиб беринг).
3. а) Исо қандай саволлар берган? б) Иккинчи савол тингловчиларга нимани эслатар?
3 Ўшанда Исо фикрлашга чорлайдиган иккита савол берди: «Инсон бутун дунёни эгаллаб олса-ю, ўз жонига зарар келтирса, бундан унга нима фойда? Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топиб бераркан?» (Марк 8:36, 37). Мундоқ қараганда биринчи саволнинг жавоби аниқ. Агар киши ўз ҳаётини ёки жонини йўқотса, тўплаган бутун бойлиги мутлақо бефойда бўлиб қолади. Ахир мол-мулкдан фақат тирик одамлар фойдалана олишади-ку. «Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топиб бераркан?» — деган Исонинг иккинчи саволи эса тингловчиларга Аюб даврида Шайтон айтган сўзларни эслатар. Унинг айтишича одам ўз жони эвазига бор нарсасини аямас эмиш (Аюб 2:4). Яҳовага топинмаганлар учун Шайтоннинг гаплари тўғри кўриниши мумкин. Кўплар омон қолсам бўлди, дея барча нарсадан воз кечишади. Бироқ масиҳчилар бунга умуман бошқача қарайдилар.
4. Нима учун Исонинг саволлари масиҳчилар учун муҳим аҳамиятга эга?
4 Исо ер юзига келишининг мақсади бу дунёда бизга соғлик, бойлик ва узоқ умр бериш бўлмаган. Аксинча, унинг нияти янги дунёда мангу яшашимизга имкон тақдим этиш эди, ва буни биз жуда қадрлаймиз (Юҳан. 3:16). Исонинг биринчи саволини масиҳчи қуйидагича тушунади: «Инсон абадий ҳаётга бўлган умидни йўқотар экан, бутун дунёни эгаллашнинг унга нима кераги бор?» Жавоби аниқ: бунинг ҳеч қандай фойдаси йўқ (1 Юҳан. 2:15–17). Иккинчи саволга жавоб олишни истасак, ўзимиздан бундай сўрашимиз керак: «Янги дунёга умидим мустаҳкам бўлиши учун бугун мен қандай фидокорликка тайёрман?» Юрагимиздаги умид қанчалик кучли эканини кўрсатаётган турмуш тарзимиз, ушбу саволнинг жавобидир (Юҳанно 12:25 солиштиринг).
5. Мангу ҳаёт инъомига қандай сазовор бўлишимиз мумкин?
5 Албатта Исо мангу ҳаётга эришиш мумкин, демоқчи эмасди. Зотан бу дунёдаги қисқа ҳаёт ҳам инъомдир. Уни сотиб олишнинг имкони йўқ. «Уни изловчиларга мукофот берадиган» Яҳова ҳамда Исо «Масиҳга ишониш билангина» абадий ҳаётга сазовор бўлиш мумкин (Галат. 2:16; Иброн. 11:6). Бироқ имон ҳаракатларда кўриниши керак, зеро «хайрли ишларсиз имон ҳам ўликдир» (Ёқб. 2:26). Модомики Исонинг саволи устидан мулоҳаза юритаётиб, қуйидагилар ҳақида жиддий ўйлаш керак: имонимиз тирик эканини исботлаш ва Яҳовага хизмат қилиш учун бу дунёда нимадан воз кечишга тайёрмиз?
«Масиҳ ҳам Ўз-ўзини мамнун қилмади»
6. Исо учун нима муҳим бўлган?
6 Исо, ушбу дунё таклиф этаётган имкониятлар тўғрисида ўйлашнинг ўрнига эътиборини муҳим нарсаларга қаратиб, бойлик орттириш васвасасини рад этган. У фидойи ҳаёт кечириб Аллоҳга бўйсунарди. Ўзини мамнун қилмагани сабабли: «Мен ҳар доим Унга [Худога] маъқул бўлган ишларни қиламан»,— дея гапира олган (Юҳан. 8:29). Аллоҳнинг иродасини бажариш учун Исо нималардан воз кечишга тайёр эди?
7, 8. а) Исо нимани фидо қилди ва қандай мукофотланган? б) Ўзимизга қанақа савол беришимиз лозим?
7 Кунлардан бир кун Исо ўз шогирдларига қарата шундай деган: «Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган» (Мат. 20:28). Илгари у «Ўз жонини фидо қилиш» тўғрисида шогирдларини огоҳлантирганида, Бутрус уни раҳмдил бўлишга ундаганди. Аммо Исо қароридан қайтмади. У барча одамлар учун мукаммал ҳаётини фидо қилган. Бундай беғаразликни намоён этиб, Исо келажакка аминлик билан қарай олган. Кейин тирилтирилгач, у «Худонинг қудрати билан юксалтирилди» (Ҳавор. 2:32, 33). Шу йўсин у бизга зўр ибрат кўрсатган!
8 Ҳаворий Павлус Римдаги имондошларини ўзларини мамнун қилмасликка чорлаб, «Масиҳ ҳам Ўз-ўзини мамнун қилмаганини» эслатган (Рим. 15:1–3). Хўш, қай даражада Павлуснинг маслаҳатига амал қилиб, фидокорликни намоён этишда Исога эргашамиз?
Боримизнинг энг яхшисини Яҳовага тақдим этамиз
9. Ўзимизни Аллоҳга бағишлаганимизда қандай қарор қабул қилган бўламиз?
9 Қадимда Тавротга биноан, қуллар етти йил хизмат қилганларидан сўнг ёки қутлов йили келганида, уларни озод қилиш керак эди. Бироқ қулларда танлов бўлган. Масалан, қул хўжайинини яхши кўриб қолгудек бўлса, у ўша ерда умрининг охиригача қолиши мумкин эди (Амрлар 15:12, 16, 17 ўқиб беринг)a. Ўзимизни Аллоҳга бағишлаганимизда, шу каби қарор қилган бўламиз. Қолаверса, ўз мойилликларимиз орқасидан қувмай, Худованднинг иродасини ихтиёрий равишда бажарамиз. Бунда эса Яҳовага бўлган севгимиз ва Унга абадий хизмат қилиш истагимиз кўринади.
10. Қайси маънода Яҳовага тегишлимиз ва бу фикрларимизу ҳаракатларимизга қандай таъсир ўтказиши керак?
10 Агар Муқаддас Китобни ўрганаётиб, хушхабарни ваъз қилаётиб, жамоат учрашувларига қатнашаётган бўлсангиз таҳсинларга сазоворсиз. Филипга мурожаат қилган ҳабашистонлик амалдор сингари: «Менинг чўмиб имон келтиришимга нима тўсқинлик қилади?» — деб ҳаётингизни яқин орада Яҳовага бағишлашингизга умид қиламиз (Ҳавор. 8:35, 36). Ўшанда Аллоҳ билан муносабатингиз, ўтмишдаги масиҳчиларникидек бўлади. Зотан Павлус уларга қарата шундай ёзган: «Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. Қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар» (1 Кор. 6:19, 20). Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаган эканмиз, осмонда ёки ер юзида яшашга умидвор бўлишимиздан қатъий назар Эгамизга тегишлимиз. Модомики худбин истакларимизни енгиб: «Инсоннинг қули бўлманглар»,— деган шиорга риоя этиш қанчалик муҳим (1 Кор. 7:23). Яҳованинг содиқ хизматчилари қаторида бўлиш катта шарафдир!
11. Масиҳчилар нималар тақдим этишга чорланишяпти ва Тавротга кўра уларнинг сифати қандай бўлиши керак?
11 Павлус имондошларига насиҳат бериб шундай деган: «Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар» (Рим. 12:1). Эҳтимол бу сўзлар яҳудий масиҳчиларга Исонинг шогирди бўлишларидан олдин келтирган қурбонликларини эслатгандир. Тавротга кўра энг яхши ҳайвонларни Яҳовага атаб қурбонлик келтириш кераклигини улар билишарди. Ўшанда ҳар қандай нуқсони бор қурбонлик яроқсиз ҳисобланган (Мал. 1:8, 13). Худди шундай биз ҳам Яҳовага бирон нарса атаганимизда, истакларимизни қондиргандан кейин қолганларини эмас, энг аълосини Унга берамиз. Шу йўсин ўзимизни Аллоҳга бағишлаганимизда, бутун «жонимизни» ёки ҳаётимизни жумладан куч-қувват, маблағ ва қобилиятларимизни тақдим этамиз (Колос. 3:23). Амалда бу нимани англатади?
Доно кишилар каби кун кечиринг
12, 13. Яҳовага бор нарсаларимиздан энг яхшисини беришнинг яна бир усули қандай?
12 Яҳовага бор нарсаларимиздан энг яхшисини беришнинг яна бир усули, доно кишилар каби кун кечиришдир (Эфесликларга 5:15, 16 ўқиб беринг). Бу учун эса одам ўз нафсини тийиши зарур. Дунёнинг руҳи ҳамда гуноҳга бўлган мойиллигимиз манфаатимизни кўзлашга ва кўнглимизни мамнун қилишга ундайди. Бу эса кўп вақтимизни олади. Тўғри, «бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор», аммо хизматимиздаги вазифаларни бажариш учун, ҳам дам олишимиз, ҳам меҳнат қилишимиз даркор (Воиз 3:1). Аллоҳга бағишланган киши мувозанатли бўлиб, вақтини оқилона сарфлаши муҳим.
13 Павлус Афинада бўлганда, «барча афиналиклар ва бу шаҳарда яшовчи бегоналар ҳамма вақтларини янгиликларни сўзлаш ёки тинглаш билангина ўтказишганига» эътибор қаратган (Ҳавор. 17:21). Бугунги кундаги аксарият одамлар шунга ўхшаб йўл тутишмоқда. Мисол учун улар телевизор, видео ўйинлар, Интернет ва ҳоказолар олдида соатлаб ўтиришади. Чалғитадиган ўйин-кулгилар кундан-кунга кўпайиб боряпти. Уларга берилиб кетсак, маънавий эҳтиёжларимизни писанд қилмай қўямиз. Балки Яҳовага хизмат қилишга боғлиқ муҳим нарсаларга вақтим йўқ деган қарорга келармиз (Филип. 1:9, 10).
14. Қайси саволлар диққатимизга сазовор?
14 Шундай экан, ҳаётини Яҳовага бағишлаган киши ўзидан бундай сўраши мумкин: «Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиб, мулоҳаза юритиб ва ибодат қиляпманми? (Заб. 76:13; 118:97; 1 Салон. 5:17). Йиғилишларга тайёргарлик кўришга вақт ажратиб, шарҳларим билан бошқаларга далда беряпманми?» (Заб. 121:1; Иброн. 2:12). Аллоҳнинг Каломи бўйича, Павлус ва Барнабо Яҳовага хизмат қилишда «анча вақт» жасорат билан фаолият кўрсатар эдилар (Ҳавор. 14:3). Сиз ҳам ваъзгўйликка кўпроқ вақт бағишлашга, мисол учун кашшоф бўлиш учун шароитларингизни ўзгартиришга тайёрмисиз? (Ибронийларга 13:15 ўқиб беринг).
15. Қандай қилиб оқсоқоллар вақтларини донолик ила сарфлашяпти?
15 Ҳаворий Павлус ва Худонинг бошқа содиқ хизматчилари Антиохия жамоатига ташриф буюришганда, «шогирдлари билан бирга анча вақт туриб» уларга далда бахш этдилар (Ҳавор. 14:28). Бугунги кунда ҳам ғамхўр оқсоқоллар ўзгаларга далда беришга кўп вақт ажратишяпти. Ваъзгўйликда иштирок этишдан ташқари сурувни боқиш, йўқолган қўйларни топиш, беморларни йўқлаб бориш ва жамоатда яна анчагина масъулиятли вазифаларни бажариш учун оқсоқоллар жон куйдиришяпти. Агар сувга чўмган биродар бўлсангиз, жамоатда қўшимча вазифаларни ўз зиммангизга олиш учун интиляпсизми?
16. «Ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қилиш» усуллари қандай?
16 Кўплар, табиий офатдан шунингдек одамнинг фаолиятидан зарар кўрганларга ёрдам беришга қувонч ила ёндашишмоқда. Масалан ёши 60 дан ошган битта байтилчи опамиз, қутқариш ишларида иштирок этиш учун бир неча марта узоқ жойларга борган. Қизиқ, таътилни бундай ўтказишга уни нима ундаган экан-а? У қуйидагича бўлишди: «Гарчи бу йўналишда ҳеч қандай маҳоратим бўлмаса-да, қўлимдан келганча ёрдам беришга интилардим. У ердаги биродару опа-сингилларимнинг мустаҳкам имони руҳимни кўтарарди». Боз устига минглаб кўнгилли хизматчилар ҳам Йиғилиш ва Анжуман Залларини қуришдек халқаро лойиҳаларида қатнашиш шарафига эгалар. Бундай йўл тутиб, «ўзимизнинг аҳли мўминга яхшилик қиламиз» (Галат. 6:10).
«Мен ҳар куни... сизлар билан бирга бўламан»
17. Ҳақиқий ҳаётга сазовор бўлиш учун шахсан сиз нималарга тайёрсиз?
17 Худодан юз ўгирган одамлар яқинда йўқ бўлиб кетишади. Тўғри, бу қачон содир бўлишини билмаймиз. Лекин «вақт энди қисқа» экани ва «бу дунёнинг қиёфаси сўлиб бораётгани» бизга маълум (1 Коринфликларга 7:29–31 ўқиб беринг). Буни эътиборга олсак, Масиҳнинг: «Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов топиб бераркан?» — деган саволи ҳалигача аҳамиятга эга. Шубҳасизки, «ҳақиқий ҳаётга» сазовор бўлиш учун Яҳова биздан кутаётган ҳар қандай фидойи ишларга тайёрмиз (1 Тим. 6:19). Дарҳақиқат, Исонинг орқасидан эргашиб, «аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлишнинг» ҳозир айни пайтидир (Мат. 6:31–33; 24:13).
18. Нимада ишончимиз комил ва нега?
18 Албатта, Исонинг изидан юриш ҳамиша ҳам осон эмас. Чунки у огоҳлантирганидек, баъзиларга ҳатто ҳаётдан жудо бўлишга тўғри келган. Масиҳнинг ўрнагига тақлид қилиб, ўзимизни ҳаддан ортиқ авайлашдан қочамиз. Мойланган биродарларига қарата Исо: «Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан»,— деган экан, ўз ваъдасига содиқ қолишига ишончимиз комил (Мат. 28:20). Келинг, бутун вақт ва кучимизни муқаддас хизматга бағишлайлик! Шул боис, Яҳова буюк мусибат пайтида бизни омон сақлашига ёки янги дунёда ҳаётга қайтаришига аминлик билдириб қоламиз (Иброн. 6:10). Ушбу ҳаракатлар орқали ҳаёт инъомини қадрлаётганимизни кўрсатамиз.
[Изоҳ]
a Амрлар 15:12, 16, 17, ЯДТ: «Агар сиз биродар бўлган иброний эркак ёки аёлни сотиб олсангиз, ва у сизга олти йил хизмат қилса, еттинчи йил уни озод қилишингиз керак. Бордию у сизни ҳамда оила аъзоларингизни яхши кўргани ва унга сизникида ёққани учун: “Мен сиздан кетмайман!” — деб айтса, у ҳолда бигиз олиб, унинг қулоғини эшикка михлаб қўйинг, шунда у бир умрга сизнинг қулингиз бўлади. Чўрингиз билан ҳам шундай қилинглар».
Қандай жавоб берардингиз?
• Худо ва одамларга хизмат қилишга тайёр эканини Исо қандай кўрсатган?
• Нега ўзимизни ҳаддан ортиқ авайламаслигимиз лозим ва бу нимада намоён бўлади?
• Қадимги Исроилда Яҳовага қанақа қурбонликлар маъқул эди ва бу биз учун нимани англатади?
• Вақтимизни оқилона сарфлашнинг усуллари қандай?
[26- саҳифадаги расм]
Исо ҳар доим Худога маъқул бўлган ишларни қилган
[28- саҳифадаги расм]
Исроилликлар ҳақ топинишни қўллаб-қувватлаш учун қурбонликлардан энг яхшисини келтиришарди
[29- саҳифадаги расм]
Вақтни оқилона сарфлаб, Аллоҳни мамнун этамиз