Муқаддас руҳга муносиб равишда яшаш, ҳаёт ва тинчлик келтиради
Тана истакларига биноан эмас, балки муқаддас руҳга муносиб равишда [яшайлик]. РИМ. 8:4
1, 2. а) Киши транспорт воситасини бошқараётганда чалғиса, қандай хавфга йўлиқиши мумкин? б) Маънан чалғиш натижасида қандай хавф туғилади?
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИНИНГ бир давлат ходими, одамлар машина ҳайдаётган пайтда тез-тез чалғиб туриши ва бу аҳвол йилдан-йилга ёмонлашиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. Мисол учун, ҳайдовчилар машина ҳайдаётганда уяли телефондан фойдаланишса чалғишлари мумкин. Кўпларнинг айтишича, бошқа машинадаги ҳайдовчи телефондан фойдалангани дастидан улар автоҳалокатга тушишган ёки тушишларига сал қолган экан. Одамлар, машина ҳайдаётган пайтда уяли телефондан фойдалансам вақтни тежайман, деб ўйлаши мумкин, бироқ бу фожиага олиб келиш эҳтимоли бор.
2 Транспорт воситасини бошқараётган киши чалғиганида, йўлдаги хавф-хатарни кўрмай қолиши мумкин. Яҳова билан бўлган муносабатимизда ҳам худди шундай вазият юз бериши ҳеч гап эмас. Бирор нарса бизни чалғитишига йўл қўйсак, оқибати хавфли бўлади. Агар Худо йўлидан ҳамда маънавий фаолиятдан узоқлашиб кетишимизга йўл қўйсак, натижада имонимиз кема сингари ҳалокатга учрайди (1 Тим. 1:18, 19). Ҳаворий Павлус, Римдаги масиҳийларни ушбу хавф ҳақида огоҳлантириб шундай деган: «Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлим, маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш эса ҳаёт ва тинчлик келтиради» (Рим. 8:6). Қизиқ, Павлус бу билан нима демоқчи бўлган? Қандай қилиб биз «танага оид нарсаларни ўйлашдан» қочиб, «маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритишимиз» мумкин?
Улар «ҳукм қилинмайдилар»
3, 4. а) Павлус бошидан кечирган қандай кураш ҳақида ёзган? б) Нима учун Павлуснинг вазияти бизни қизиқтириши керак?
3 Павлус Римликларга йўллаган мактубида бошидан кечирган кураш, яъни танаси ва ақли орасидаги низо ҳақида ёзган эди (Римликларга 7:21–23 ни ўқинг). Бу сўзлари билан Павлус хатоларини оқламоқчи бўлмаган ёки унга раҳм қилишларини кутмаган. Бундан ташқари у учун тўғри йўл тутиш имконсиз деб айтмоқчи ҳам бўлмаган. Чунки Павлус маънан етук мойланган масиҳий ҳамда «ўзга халқларга юборилган ҳаворий» бўлган (Рим. 1:1; 11:13). Нега Павлус ички кураш ҳақида ёзган?
4 Павлус Худонинг иродасини кўнглида ният қилганидай бажара олмаслигини очиқ тан олган. Нима учун? «Сабаби, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган» (Рим. 3:23). Одаматонинг барча фарзандлари қатори Павлус ҳам, номукаммал ва нотўғри истакларга эга инсон бўлган. Ҳаммамиз номукаммал бўлиб, ҳар куни у каби кураш олиб борганимиз учун унинг ҳис-туйғуларини тушунамиз. Устига-устак, диққатимизни чалғитадиган ва бизни ҳаётга олиб борувчи тор йўлдан оғдирадиган кўп нарсалар бор (Мат. 7:14). Бироқ Павлус чорасиз бўлмаганидек, биз ҳам иложсиз эмасмиз.
5. Павлус кимдан тасалли ва ёрдам топган?
5 Павлус шундай ёзган: «Мени ким қутқаради? Аллоҳга шукрлар бўлсин, чунки У Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали мени қутқаради!» (Рим. 7:24, 25). Сўнг Павлус, «Исо Масиҳ билан бирликда бўлган» мойланган масиҳийларга мурожаат қилади (Римликларга 8:1, 2 ни ўқинг). Муқаддас руҳ орқали Яҳова уларни ўғилликка қабул қилиб, «Масиҳнинг ворисдошлари» бўлишга даъват этди (Рим. 8:14–17). Аллоҳнинг муқаддас руҳи ва Исонинг тўлов қурбонлигига бўлган ишонч мойланганларга, Павлус айтган ўша курашда ғалаба қозонишга ёрдам беради. Шундай қилиб Худо бундан буён уларни номукаммаллиги учун ҳукм қилмайди. Улар «гуноҳ ва ўлим қонунидан» озод этилишган.
6. Нима учун Худонинг барча хизматчилари Павлуснинг сўзларига диққатли бўлишлари даркор?
6 Гарчи Павлус Худонинг муқаддас руҳи ва Масиҳнинг тўлов қурбонлиги тўғрисидаги сўзларини мойланган масиҳийларга қаратиб айтган бўлса-да, бу сўзлар ҳам ер юзида, ҳам осмонда умиди бўлган Яҳованинг барча хизматчиларига фойда келтиради. Ушбу маслаҳатни Павлус илоҳий илҳом остида берган экан, демак Аллоҳнинг ҳамма хизматчилари уларни тушуниб, ёзилганларга риоя қилишлари даркор.
Қандай қилиб Худо «танадаги гуноҳни жазога маҳкум этди»?
7, 8. а) Таврот қонуни нимадан «тўлиқ қутқара олмаган»? б) Худо муқаддас руҳи ҳамда тўлов қурбонлиги орқали нимани амалга оширди?
7 Павлус Римликларга йўллаган мактубининг 7- бобида, номукаммал инсон гуноҳнинг кучли таъсири остида эканини тан олган. Шу мактубнинг 8- бобида эса у муқаддас руҳнинг кучи ҳақида гапирган. Павлус, гуноҳнинг кучли таъсири билан курашишда муқаддас руҳ масиҳийларга қандай ёрдам бера олишини батафсил тушунтириб берган. Бу руҳ, уларга Яҳованинг иродасига мувофиқ яшашга ҳамда Уни мамнун қилишга кўмаклашади. Шунингдек Павлус, Худо қандай қилиб муқаддас руҳи ҳамда Ўғлининг тўлов қурбонлиги орқали Таврот қонуни қилолмаган бир нарсани амалга оширишини таъкидлаб ўтган.
8 Тавротдаги кўпгина амрлар гуноҳкорларни ҳукм этарди. Боз устига, Исроилдаги олий руҳонийлар хизматини Тавротда айтилганидек бажарган тақдирда ҳам номукаммал бўлиб, гуноҳни қоплайдиган тўлов қурбонлигини бера олишмасди. Бироқ Худо «гуноҳга чек қўйиш мақсадида, Ўз Ўғлини гуноҳкор инсон қиёфасида ер юзига юбориб, танадаги гуноҳни жазога маҳкум этди». Қонун гуноҳдан «тўлиқ қутқара олмагани» учун, Исонинг тўлов қурбонлиги буни амалга оширди. Мойланган масиҳийлар Исонинг тўловига ишонишгани сабабли Яҳова уларни одил деб ҳисоблайди. Павлуснинг маслаҳати мойланган масиҳийларни «тана истакларига биноан эмас, балки муқаддас руҳга муносиб равишда» яшашга ундади (Римликларга 8:3, 4 ни ўқинг). Дарҳақиқат, улар ер юзидаги умрининг охиригача садоқат ила шундай йўл тутишса, «ҳаёт тожига» эга бўлишади (Ваҳ. 2:10).
9. Римликларга 8:2 да қўлланилган «қонун» сўзи нимани англатади?
9 Таврот қонунидан ташқари, Павлус шунингдек «ҳаёт ато этувчи руҳ қонуни» ҳамда «гуноҳ ва ўлим қонуни» ҳақида сўз юритган (Рим. 8:2). Қизиқ, Павлус бу ерда қандай қонунлар ҳақида гапирган? Бу оятдаги «қонун» сўзи остида Таврот қонунига ўхшаган муайян амрлар тушунилмайди. Бир китобда бу ҳақда шундай фикр билдирилган: «Юнон тилидаги қонун сўзи, инсоннинг яхши ва ёмон хатти-ҳаракатларини бошқариб турадиган муайян тушунчани ўз ичига олади. Бу шунингдек, инсон қандай яшашини кўрсатувчи йўл-йўриқни назарда тутади».
10. Қанақасига биз гуноҳ ва ўлим қонунининг қулимиз?
10 Ҳаворий Павлус қуйидаги сўзларни ёзган: «Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган» (Рим. 5:12). Одаматонинг авлодлари бўлганимиз учун ҳаммамиз гуноҳ ва ўлим қонунининг қулимиз. Гуноҳли истакларимиз Худони ранжитадиган ишларни қилишга ундайди. Бироқ бу истаклар ўлимга олиб келади. Галатияликларга йўллаган мактубида, Павлус бундай одат ва хатти-ҳаракатларни «тана ишлари» деб атаган. Кейин у қўшимча қилиб шундай деган: «Бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигида мерос олишмайди» (Галат. 5:19–21). Бу тоифадаги инсонлар, тана истакларига биноан яшайдиган инсонларга ўхшайди (Рим. 8:4). Улар номукаммал тана бошқаруви остида бўлиб, нафсини қондириш пайига тушишади. Бироқ зино, бутпарастлик ва сеҳр-жоду каби гуноҳли ишларни қилувчиларгина тана истакларига берилган кишилар ҳисобланадими? Йўқ. Галатияликларга йўлланган мактубдаги «тана ишлари» ибораси остида, шунингдек кўплар шахсий камчиликлар деб ҳисоблайдиган рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш ва ҳасад каби иллатлар тушунилади. Биз ҳеч қачон номукаммал танамизга қарши курашишнинг кераги йўқ, деб ўйламаслигимиз даркор.
11, 12. Гуноҳ ва ўлим қонунини енгишимиз учун Яҳова нимани тақдим этди ва Унинг розилигига эришиш учун нима қилишимиз керак?
11 Яҳова гуноҳ ва ўлим қонунини енгиш имконини очиб бергани учун биз жуда бахтиёрмиз! Ҳазрати Исо шундай деган: «Аллоҳ одамзодни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». Ҳаёт тарзимиз билан Тангрини севишимизни кўрсатсак ҳамда Исонинг тўлов қурбонлигига ишонсак, мерос қилиб олинган гуноҳнинг натижаси бўлмиш жазодан озод бўламиз (Юҳан. 3:16–18). Шунда биз ҳам мана бу сўзларни айтган Павлуснинг туйғуларини ҳис этамиз: «Аллоҳга шукрлар бўлсин, чунки У Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали мени қутқаради!»
12 Бизнинг вазиятимизни оғир касалликдан фориғ бўлиш билан таққослаш мумкин. Бутунлай соғайиб кетиш учун шифокорнинг маслаҳатларига риоя қилишимиз лозим. Тўлов қурбонлигига ишонганимиз туфайли гуноҳ ва ўлим қонунидан озод бўлиш имкониятига эга бўлсак-да, биз ҳали-ҳануз номукаммал ва гуноҳкормиз. Яҳова билан яқин муносабатларни сақлашни ҳамда Унинг розилигига эга бўлишни истасак, яна бир нарса қилишимиз керак. «Номукаммаллик» деган касалликдан фориғ бўлиш учун, Павлус айтганидай муқаддас руҳга муносиб равишда яшашимиз даркор.
Қандай қилиб муқаддас руҳга муносиб яшашимиз мумкин?
13. Муқаддас руҳга муносиб яшаш нима дегани?
13 Муқаддас руҳга муносиб яшаш учун маънан улғайишимиз лозим (1 Тим. 4:15). Буни мукаммал даражада бажара олмасак-да, ҳар куни қўлимиздан келгунича муқаддас руҳнинг йўл-йўриғига риоя қиляпмиз. Агар «муқаддас руҳга мувофиқ» йўл тутсак, шунда Худони мамнун эта оламиз (Галат. 5:16).
14. «Тана истакларига мувофиқ яшайдиганлар» нима қилишга мойил?
14 Римликларга йўллаган мактубида Павлус, шунингдек фикрлаш тарзи бир-бириникига зид бўлган икки тоифадаги инсонлар ҳақида гапирган (Римликларга 8:5 ни ўқинг). Ушбу оятда келтирилган «тана» сўзи, нафақат том маънодаги жисмоний танани англатади. Муқаддас Китобда баъзан «тана» сўзи остида номукаммаллигимиз назарда тутилади. Ушбу номукаммаллик Павлус айтган тана ва ақлимиз орасидаги курашга сабаб бўлади. Павлус ўзининг танаси ёки бошқача қилиб айтганда, номукаммаллиги билан курашган. Аммо бугунги кунда, кўпгина инсонлар ўзларининг нотўғри истакларига қарши курашишга ҳатто ҳаракат ҳам қилмайдилар. Натижада улар «тана истакларига биноан» умр кечиришмоқда. Улар Худонинг иродаси ҳақида ўйламайдилар ва бу курашда ғалаба қозониш учун Ундан ёрдам ҳам сўрамайдилар. Бундай одамлар, тез-тез «танага оид нарсалар тўғрисида... фикрлашади». Шунингдек тана, яъни гуноҳли истаклари уларни бошқаришига йўл қўйишади. «Муқаддас руҳга мувофиқ яшайдиганлар эса», Яҳова уларни бошқаришига йўл қўйишади.
15, 16. а) Инсон эътиборини муайян нарсага қаратса, бу унинг фикрлаш тарзига қандай таъсир қилади? б) Бугунги кунда аксарият одамларнинг фикр-зикри нималар билан банд?
15 Римликларга 8:6 ни ўқинг. Одам қандай иш қилишидан қатъи назар, бу яхши иш бўладими ёки ёмонми, у эътиборини фақат қилмоқчи бўлган ишига қаратади. Агар одамнинг эътибори ҳамиша тана ишларига қаратилган бўлса, унинг бутун фикр-зикри фақат тана ишлари билан банд бўлади. Тез орада у шундай фикрлаш тарзини ёки мойилликни ўзида ривожлантиради. Натижада унинг фикри, қизиқишлари ҳамда ҳис-туйғулари бу нарсалар билан банд бўлади.
16 Бугунги кунда аксарият одамларнинг фикри нималар билан банд? Ҳаворий Юҳанно қуйидаги сўзларни ёзган: «Дунёдаги бор нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш — Отадан эмас, бу дунёдандир» (1 Юҳан. 2:16). Бундай истаклар бетартиб жинсий алоқа, шуҳратпарастлик ва кўп мол-мулкка эга бўлиш кабиларни ўз ичига олади. Китоблар, журналлар, газеталар, фильмлар, теледастурлар ва Интернет, бу турдаги маълумотлар билан тўлиб-тошгани, кўпчиликнинг фикр-зикри нима билан банд эканини ва уларнинг асл хоҳишини аён қиляпти. Бироқ «танага оид нарсаларни ўйлаш» ҳозирги пайтда маънавий, яқин келажакда эса жисмоний ўлимга олиб келади. Нима учун? «Боиси, танага оид нарсаларни ўйлаш — Аллоҳ билан душман бўлишни англатади. Чунки тана Худонинг қонунига бўйсунмайди, аслида бўйсуна олмайди ҳам. Хуллас, тана истакларига мувофиқ умр кечираётганлар Аллоҳга маъқул кела олмайдилар» (Рим. 8:7, 8).
17, 18. Қандай қилиб «маънавий нарсалар» пайидан бўлиш мумкин ва бундай йўл тутсак натижаси қанақа бўлади?
17 «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш эса ҳаёт ва тинчлик келтиради». Бу дегани, биз келажакда абадий ҳаётга, ҳозирги пайтда эса қалбимизда хотиржамликка ҳамда Худо билан тинчликка эришамиз. Қандай қилиб «маънавий нарсалар» пайидан бўлиш мумкин? Ҳар доим диққатимизни маънавий нарсаларга қаратиш, маънавий нарсаларга мойил бўлиш ва маънавий фикрлаш тарзини ривожлантириш орқали, бу мақсадга эриша оламиз. Шундай йўл тутсак, фикрлаш тарзимизни «Худонинг қонунига бўйсундира» оламиз ва бу, Унинг фикрларига «мувофиқ» бўлади. Васвасага тушиб қолсак ҳам, ҳеч иккиланмай Худонинг руҳига муносиб бўлган тўғри йўлни танлаймиз.
18 Диққатимизни маънавий нарсаларга қаратиш жуда муҳим. «Зеҳнимизни ишга солиш» ва ҳаётимизни маънавий ишлар билан банд қилиш орқали биз бунга эриша оламиз. Маънавий ишлар эса ўз навбатида доимий ибодатлар, Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш, йиғилишларга қатнаш ҳамда хизматда иштирок этишни назарда тутади (1 Бутр. 1:13). Тана ишлари бизни чалғитишига йўл қўймай, диққатимизни маънавий нарсаларга қаратайлик. Шу йўсин, муқаддас руҳга мувофиқ яшаган бўламиз. Бундай йўл тутсак, улкан баракалар, абадий ҳаёт ва тинчликка эга бўламиз (Галат. 6:7, 8).
Марҳамат, тушунтиринг
• «Таврот қонуни» нимани қилолмади ва Худо буни қандай амалга оширди?
• «Гуноҳ ва ўлим қонуни» нима ва ундан қандай озод бўлишимиз мумкин?
• «Маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш» учун нима қилишимиз керак?
[12- саҳифадаги расмлар]
Сиз тана истакларига биноан яшаяпсизми ёки муқаддас руҳга муносибми?