«Сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин»
Ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишингиз учун эса, сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин. ЁҚБ. 1:4
1, 2. а) Гидўн ва унинг 300 та одами кўрсатган сабр-бардошидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Луқо 21:19 га кўра, нима учун сабр-бардош шунчалик муҳим?
ЎША жанг шиддатли эди. Гидўн томонидан бошқарилган Исроил қўшини душманлари, яъни мидиёнликлар ва уларнинг тарафдорлари кетидан тун бўйи қувиб, тахминан 32 км масофани босиб ўтишди! Кейин нима бўлгани тўғрисида Муқаддас Китобда қуйидагича айтилган: «Гидўн уч юзта одами билан Иордан дарёсига келиб нариги қирғоғига ўтиб олди. Улар ҳолдан тойгандилар». Аммо Гидўн ва унинг одамлари ҳали урушда ғалаба қозонишмаган эди, сабаби, рақиб томонда 15 000 га яқин сипоҳлар қолганди. Йиллар мобайнида мидиёнликларнинг босимидан азоб чеккандан кейин, Исроил халқи ҳозир таслим бўлишнинг вақти эмаслигини яхши тушунганди. Шу боис, улар душманни йўқ қилиш учун унинг «кетидан қувиб кетаётган эдилар» ва натижада мидиёнликларни ўзларига бўйсундиришди. (Ҳак. 7:22; 8:4, 10, 28)
2 Бугунги кунда биз Шайтон, унинг дунёси ва номукаммаллигимиз каби душманлар билан шиддатли кураш олиб боряпмиз. Айримларимиз ўнлаб йиллар давомида жанг қилиб, Яҳованинг ёрдами билан зафар қозондик. Лекин баъзида ёвларга қарши жанг қилишдан ва замонанинг охири келишини кутишдан чарчашимиз ҳам мумкин. Бироқ биз ҳали ғалабани бутунлайин қўлга киритганимиз йўқ. Исо, охирги кунларда яшаётганимиз учун оғир синовлар ва ёмон муносабатга дуч келишимиз ҳақида огоҳлантирганди, аммо ғалабани қозониш қанчалик сабр-бардошли бўлишимизга боғлиқ эканини ҳам айтганди. (Луқо 21:19 ни ўқинг.) Хўш, сабр-бардош ўзи нима? Сабр-бардошли бўлишимизга нима кўмаклашади? Қандай қилиб бизда «сабр-бардош тўла самарасини кўрсата» олади? (Ёқб. 1:4)
САБР-БАРДОШ БУ НИМА?
3. Сабр-бардош бу нима?
3 Аллоҳнинг Каломида сабр-бардошли бўлиш, синовларга ёки қаршиликларга шунчаки чидашдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олиши ҳақида ёзилган. Сабр-бардошлилик онгимизу қалбимиз билан боғлиқ бўлиб, қийинчиликларга кўрсатган муносабатимизни ўз ичига олади. Сабр-бардошли инсон жасорат, сабот ва чидамни намоён этади. Бир манбага кўра, сабр-бардош бу, «қийинчиликларни шунчаки итоаткорлик билан эмас, балки ёниб турган умид ила қарши олиш», демакдир. «Бу, инсон шамолга юзланиб турган пайтда унга оёқда туришга ёрдам берадиган фазилатдир. Қолаверса у, энг оғир синовни шарафга айлантира оладиган кучдир, чунки сабр-бардошли инсон оғриқ ортида мақсадни кўради».
4. Нега севги сабр-бардошли бўлишга ундайди, деб айта оламиз?
4 Севги масиҳийларни сабр-бардошли бўлишга ундайди. (1 Коринфликларга 13:4, 7 ни ўқинг.) Яҳовага бўлган севги Унинг иродасига мувофиқ бўлган ҳар қандай вазиятга чидашга туртки беради. (Луқо 22:41, 42) Имондошларга бўлган севги бизга уларнинг номукаммаллигига чидашга ёрдам беради. (1 Бутр. 4:8) Умр йўлдошга бўлган севги туфайли эса биз, ҳатто бахтли турмушда учраб турадиган «қийинчиликлар»га чидаб, никоҳ ришталарини мустаҳкамлай оламиз. (1 Кор. 7:28)
САБР-БАРДОШЛИ БЎЛИШИНГИЗГА НИМА КЎМАКЛАШАДИ?
5. Нима учун фақатгина Яҳова бизга чидашга ёрдам бера олади?
5 Яҳовадан куч сўранг. Яҳова «сабр-бардош ва тасалли бахш этадиган Аллоҳ»дир. (Рим. 15:5) Худо шароитларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва ҳатто келиб чиқишимиз бизга қандай таъсир қилишини ҳамда муаммоларимизни ёлғиз Ўзи билади. Шу сабабли, чидаш учун биз нимага муҳтож эканимизни яхши тушунади. Зеро, Муқаддас Китобда У ҳақда: «Ўзидан қўрққанларнинг тилагини Эгамиз қондирар, уларнинг ноласини эшитиб, уларга нажот берар»,— дея ёзилган. (Заб. 144:19) Лекин чидаш учун куч сўраб мурожаат қилганимизда, Аллоҳ ибодатларимизга қандай жавоб беради?
6. Муқаддас Китобга кўра, қандай қилиб Яҳова синовлар пайтида бизга иложини бериши мумкин?
6 1 Коринфликларга 10:13 ни ўқинг. Яҳовадан синовларни енгишга ёрдам беришини сўраганимизда, У иложини беради. Ундай бўлса, Яҳова бизни синовдан халос этиш учун вазиятни ўзгартирадими? Эҳтимол. Аммо кўп ҳолларда У чидай олишимиз учун иложини беради. Ҳа, синовларни қувонч ва сабр билан енгишимиз учун Яҳова бизни мустаҳкамлайди. (Колос. 1:11) Боз устига, Яҳова жисмоний, ақлий ва ҳиссий тарафлама имкониятларимиз чегараланганини билади. Шунинг учун У, содиқлигимизни сақлаш имконсиз бўладиган даражагача синалишимизга асло йўл қўймайди.
7. Сабр-бардошли бўлиш учун маънан озиқланишга муҳтож эканимизни мисол ёрдамида кўрсатиб беринг.
7 Имонингизни озиқлантиринг. Ер юзидаги энг баланд тоғ чўққиси бўлмиш Эверестга чиқаётган пайтда альпинист одатда 3 ёки 4 кунда ейиладиган овқатни бир кун ичида истеъмол қилиши керак бўлади. Йўқса, альпинист тоққа кўтарила олмайди ва мақсадига эришмайди. Шу тариқа, масиҳий йўлида сабр-бардошли бўлишимиз ва мақсадга эришишимиз учун мунтазам равишда ҳамда имкон борича кўпроқ маънан озиқланишимиз талаб қилинади. Шунингдек, мутолаа қилишга, изланиш олиб боришга ва жамоат учрашувларига қатнашга вақт ажратиш учун бизга тартиб-интизом керак. Буларнинг ҳаммаси имонимизни «абадий ҳаётга элтадиган егулик» билан озиқлантиради. (Юҳан. 6:27)
8, 9. а) Аюб 2:4, 5 га кўра, синовга дуч келганимизда қандай масала кўтарилади? б) Синовларга дуч келганингизда, қандай саҳнани кўз олдингизга келтирсангиз бўлади?
8 Бенуқсонлик масаласини ёдда тутинг. Тўғри, синовларга дуч келганда, биз азоб чекамиз. Лекин синовнинг ортида яна бошқа бир муҳим масала, яъни Аллоҳга бўлган садоқатимиз туради. Синовни қандай қарши олганимиздан Яҳовани бутун оламнинг Султони деб тан олиш-олмаслигимиз кўринади. Яҳова ҳукмдорлигининг душмани бўлмиш Шайтон Унга шундай деб даъво қилган: «Инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади. Ҳозир унинг [Аюбнинг] танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди». (Аюб 2:4, 5) Бу билан Иблис, ҳар бир инсон Яҳовага ғаразли ният ила хизмат қилади, деб айтмоқчи бўлган. Шундан кейин Шайтон ўз даъвосидан воз кечдими? Ҳечам-да! Кўплаб асрлар ўтгач, осмондан отилганида ҳам, у «Аллоҳнинг олдида биродарларимизни кечаю кундуз айблаётган туҳматчи» сифатида танилган эди. (Ваҳ. 12:10) Бугунги кунда ҳам Шайтон ушбу масалани ҳали эсдан чиқаргани йўқ. У таслим бўлишимизни ва Худонинг ҳукмдорлигини рад этишимизни жудаям хоҳлайди.
9 Қийинчиликлар билан курашаётганингизда, қуйидаги саҳнани кўз олдингизга келтиринг. Бир томонда қийинчиликларингизга ишора қилиб, уларнинг гирдобида таслим бўласиз, деб даъво қилаётган Шайтон ва унинг жинлари туришибди. Бошқа томонда эса Яҳова, Шоҳимиз бўлмиш Исо, тирилган мойланганлар ва лак-лак фаришталар туришибди. Улар, сабр-бардошни кундан-кунга намоён этиб келаётганингиз ва Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганингиз учун қувониб, сизга далда беришяпти. Шу пайт сиз Яҳованинг: «Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан»,— деган ундовига яраша йўл тутишингиз мумкин. (Ҳик. 27:11)
10. Сабр-бардошли бўлишда Исога қандай тақлид қилишингиз мумкин?
10 Диққатингизни сабр-бардошли бўлишнинг мукофотларига қаратинг. Узоқ сафар давомида узун туннелнинг ўртасида тўхтаганингизни тасаввур қилинг. Атрофингиз зим-зиё бўлишига қарамай, туннелнинг охиригача боришда давом этсангиз, яна ёруғликка чиқишингизни биласиз. Шунга ўхшаб, баъзида муаммоларингиз дастидан ўзингизни ғам-ғуссага ботгандай ҳис қиларсиз. Исо ҳам шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирган. У гуноҳкорлар томонидан ҳақоратланган, камситилган ва ҳатто «азоб устунидаги ўлимга» маҳкум этилган. Бу, Исонинг ҳаётидаги тим қоронғи дамлар бўлгани шубҳасиз! Лекин Исо уни «олдинда кутаётган шодлик учун» барчасига чидаб келди. (Иброн. 12:2, 3) У диққатини сабр-бардошли бўлишнинг мукофотларига, чунончи, Аллоҳнинг исми муқаддас бўлиши ва Унинг ҳукмдорлиги оқланиши учун ўз ҳиссасини қўшишга қаратган. Исонинг ҳаётидаги қоронғи дамлар вақтинчалик эди, аммо осмондаги мукофотининг нури абадий порлаб туради. Бугунги кунда сиз оғриқ келтирувчи ва ҳатто кўнгилни чилпарчин қилиб ташлайдиган синовларга дуч келаётгандирсиз. Бироқ эсингизда тутинг: абадий ҳаёт сари элтадиган йўлда учраётган барча қийинчиликлар вақтинчаликдир!
«САБР-БАРДОШ ҚИЛГАНЛАР»
11. Нега «сабр-бардош қилганлар»нинг мисолини кўриб чиқиш лозим?
11 Биз қатори бошқа имондошларимиз ҳам сабр-бардош қилиб келишяпти. Ҳаворий Бутрус масиҳийларни Шайтон уларга ёғдирган қийинчиликларга сабр-бардош қилишга ундаш мақсадида шундай ёзган: «Имонда мустаҳкам бўлиб, унга қарши туринглар. Билингларки, дунёдаги барча имондошларингиз худди шундай қийинчиликларга дучор бўлишяпти». (1 Бутр. 5:9) «Сабр-бардош қилганлар»нинг мисоли бизни собит қолишга ўргатади, муваффақият қозонишимизга ишонтиради ва садоқатимиз албатта мукофотланишини эслатиб туради. (Ёқб. 5:11) Келинг, бир нечта мисолларни кўриб чиқайлик.a
12. Адан боғида ўрнатилган карублардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
12 Карублар. Одамларга кўринган баъзи илк руҳий шахсларнинг ўрнаги бизга қийин топшириқни бажаришда сабр-бардошли бўлишни ўргатяпти. Аллоҳ Яҳова «Адан боғининг шарқ томонига қанотли мавжудотлар — карубларни ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди».b (Ибт. 3:24) Албатта, ўша карублар аслида бу топшириқни бажариш учун яратилмаганди! Устига-устак, гуноҳ ва исён ҳам Яҳованинг одамзодга нисбатан ниятига кирмаган эди. Қолаверса, карублар, яъни юқори мавқега эга бўлган руҳий мавжудотлар, бу топшириқни ўзларига эп билмай, нолишгани ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган. Улар на зерикишган, на таслим бўлишган. Аксинча, улар топшириқни итоаткорлик ила бажаришган ва уларнинг вазифаси ўз якунига етгунига қадар, эҳтимол Тўфонгача, яъни 1 600 йилдан зиёд вақт мобайнида сабр-бардош қилишган.
13. Аюбга синовларда сабр-бардошли бўлишга нима ёрдам берган?
13 Аюб пайғамбар. Агар дўстингиз ё оила аъзоингиз дилингизни оғритган бўлса, жиддий касалликка чалинганингиз ёки яқин кишингиз ҳаётдан кўз юмгани туфайли қайғу чекаётган бўлсангиз, Аюбнинг мисоли сизга тасалли бахш этиши мумкин. (Аюб 1:18, 19; 2:7, 9; 19:1–3) Гарчанд Аюб азоб-уқубатларининг сабабчиси ким эканини билмаса ҳам, у тушкунликдан таслим бўлмади. Нима учун? Чунки у «Худодан қўрқарди». (Аюб 1:1) Аюб яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам Яҳовани мамнун қилишга қатъий қарор қилганди. Шунингдек, Аюб Яҳованинг ёрдами билан У бунёд этган баъзи ижодлар ҳақида мулоҳаза юритиб, Унинг кучини кўрган. Шунда Аюб, Яҳова унинг синовларига керакли пайтда чек қўйишига янада кўпроқ ишонч ҳосил қилган. (Аюб 42:1, 2) Ҳақиқатдан ҳам бу шундай бўлди! Яҳова Аюбнинг бошига тушган мусибатларни бартараф этиб, «унинг бойлигини қайта тиклади. Унга олдингидан икки баравар кўп барака берди». Аюб ҳаётдан мамнун бўлиб, «узоқ умр кўриб, оламдан ўтди». (Аюб 42:10, 17)
14. Павлуснинг сабр-бардош қилгани бошқаларга қандай ёрдам берган?
14 Ҳаворий Павлус. Сиз ҳақ топинишнинг душманлари томонидан кучли қаршиликлар, ҳатто таъқибларга дуч келяпсизми? Агар жамоат оқсоқоли ёки туман нозири бўлсангиз, сизга юкланган кўпгина вазифалар туфайли ўзингизни ҳолдан тойгандек ҳис қиляпсизми? Борди-ю, шундай бўлса, Павлуснинг мисоли устида мулоҳаза юритинг. Павлус дарғазаб таъқибчилардан озор чекиши баробарида ҳар доим жамоатлар учун ҳам қайғурарди. (2 Кор. 11:23–29) Лекин шунга қарамай, у барибир таслим бўлмаган ва унинг мисоли бошқа масиҳийларни мустаҳкамлаган. (2 Коринфликларга 1:6 ни ўқинг.) Қийинчиликларга сабр-бардош қилганингизда, сизнинг ўрнагингиз бошқаларни ҳам худди шундай йўл тутишга ундаши мумкинлигини ёдингиздан чиқарманг!
САБР-БАРДОШ СИЗДА «ТЎЛА САМАРАСИНИ КЎРСАТАДИМИ»?
15, 16. а) Сабр-бардош қандай «самара» кўрсатиши керак? б) Қандай қилиб сабр-бардош бизда «тўла самарасини кўрсатиши» мумкинлиги ҳақида мисоллар келтиринг.
15 Илоҳий илҳом остида Ёқуб: «Сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин»,— деган сўзларни ёзганди. Сабр-бардош қандай «самара» кўрсатиши керак? У бизга «ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишга» ёрдам беради. (Ёқб. 1:4) Одатда синовлар камчиликларимизни ва яхшиланишимиз керак бўлган томонларимизни очиб беради. Аммо агар синовларга сабр-бардош қилсак, биз янада етук ёки бекаму кўст бўла оламиз. Масалан, биз сабрлироқ бўлишни, миннатдорлик ва ҳамдардлик каби фазилатларни кўпроқ намоён этишни ўрганамиз.
16 Сабр-бардош бизни масиҳий сифатида шакллантирар экан, келинг, синовдан қутулиш мақсадида Яҳованинг қонунини бузмайлик. Мисол учун, агар нопок фикрлар билан курашаётган бўлсангиз, васвасага берилманг! Бунинг ўрнига Яҳовага ибодат қилиб, бундай истаклардан халос бўлишингизга ёрдам беришини сўранг. Шундай қилиб, ўзингизни тута билишни ўрганасиз. Борди-ю, имондошингиз бўлмаган оила аъзоингиз томонидан қаршиликларга дуч келаётган бўлсангиз, унда ҳечам таслим бўлманг! Яҳовага хизмат қилишда давом этиш қарорида қатъий туринг. Натижада, Аллоҳга бўлган ишончингиз мустаҳкамланади. Ҳа, Яҳованинг розилигини олиш учун сабр-бардошли бўлишингиз зарур эканини доимо эсингизда сақланг. (Рим. 5:3–5; Ёқб. 1:12)
17, 18. а) Охиригача сабр-бардош қилиш муҳимлигини мисол билан кўрсатиб беринг. б) Янги дунё остонасида турган эканмиз, нимага амин бўлишимиз мумкин?
17 Биз муайян вақт ичида эмас, балки охиригача сабр-бардош қилишимиз даркор. Масалан, ағдарилган кемани кўз олдингизга келтиринг. Кемадаги одамлар жонини сақлаб қолиш учун соҳилгача етиб боришлари лозим. Соҳилдан узоқда бўлган сузувчи таслим бўлса, чўкиб кетади. Соҳилгача кам қолганда таслим бўлган сузувчи ҳам худди шундай аҳволга тушади. Шу сингари, биз ҳам янги дунёгача етиб бориш учун доим сабр-бардошли бўлишимиз керак. Чунки бу ҳаёт-мамот масаласидир. Биз ҳаворий Павлус каби нуқтаи назарга эга бўлишимиз лозим. Зеро, у икки марта: «Таслим бўлмаймиз»,— деб таъкидлаган эди. (2 Кор. 4:1, 16)
18 Яҳова бизга охиригача чидашга ёрдам беришига ишончимиз комил. Биз Римликларга 8:37–39 да ёзилган Павлуснинг ушбу сўзларига қўшиламиз: «Бизни севганнинг ёрдами билан, биз барча нарса устидан ғалаба қозоняпмиз. Мен аминманки, на ўлим, на ҳаёт, на фаришталар, на ҳукуматлар, на ҳозирги, на келажакдаги нарсалар, на кучлар, на баландлик, на чуқурлик, на бошқа бирон-бир махлуқот бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир эмас. У севгисини Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали кўрсатган». Тўғри, вақти-вақти билан чарчоқни ҳис қиламиз. Бироқ келинг, охиригача сабр-бардош қилайлик. Шунда чарчаган бўлишса-да, «душманнинг кетидан қувиб кетишда» давом этган Гидўн ва унинг одамларига тақлид қилган бўламиз! (Ҳак. 8:4)
a (11- хатбоши) Бугунги кунда Худонинг халқи қандай сабр-бардош қилаётганини кўриб чиқишдан далда олишингиз мумкин. Масалан, 1992 (ингл.), 1999 ва 2008 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»даги (рус) Эфиопия, Малави ҳамда Россиядаги имондошларимизнинг ўрнаги имонингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
b (12- хатбоши) Бу топшириқни бажариш учун нечта каруб тайинлангани ҳақида Муқаддас Китобда қаламга олинмаган.