6- БОБ
Ўйин-кулгини тўғри танланг
Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар. 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 10:31
1, 2. Нега ўйин-кулгини танлаётиб синчков бўлишимиз керак?
ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, мевани емоқчи бўлганингизда чириган жойи борлигини кўриб қолдингиз. Энди нима қиласиз? Ҳеч қиси йўқ деб мевани чириган жойи билан бирга еб қўясизми? Ёки уни ташлаб юборасизми? Ё бўлмаса чириган жойини кесиб ташлаб, яхши жойини ейсизми?
2 Қайсидир маънода ўйин-кулгилар ҳам мана шундай мевага ўхшайди. Уларнинг айримлари одамга завқ келтиради, аммо аксарияти ахлоқсизлик, зўравонлик ва сеҳр-жоду каби жирканч нарсаларга тўла. Шундай экан, ўйин-кулгини танлаётиб: «Бу менинг шахсий ишим. Истаганимни танлашим мумкин»,— деб айтасизми? Ёки «Барча ўйин-кулгилар ёмон»,— деб улардан бутунлай воз кечасизми? Ё бўлмаса танловга синчковлик ила ёндашган ҳолда ёмонидан воз кечиб, яхшисидан завқланасизми?
3. Ўйин-кулги турини танлаётиб нима ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим?
3 Барчамиз бироз дам олиб, ўйин-кулги қилишга эҳтиёж сезамиз ва бу борада тўғри танлов қилишни истаймиз. Аммо ўзимиздан: «Мен танлаган ўйин-кулги Яҳовага топинишимга қандай таъсир қилади?» — деб сўраб кўришимиз керак.
«ҲАММА НАРСАНИ ХУДОНИ ШАРАФЛАШ УЧУН ҚИЛИНГЛАР»
4. Ўйин-кулгини тўғри танлашимизга ёрдам берадиган Муқаддас Китоб принципларидан бири қандай?
4 Ўзимизни Яҳовага бағишлаганимизда, бутун ҳаётимизни Унга хизмат қилиш учун сарфлаймиз деб, ваъда берганмиз. (Воиз 5:4 ни ўқинг.) «Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун» қилишга ҳам сўз берганмиз. (1 Коринфликларга 10:31) Демак, фақат йиғилишда ва хизматда эмас, балки ҳордиқ чиқараётган пайтимизда ҳам Худонинг бағишланган хизматчиларимиз.
5. Топинишимиз Яҳовага маъқул келиши учун у қандай бўлиши керак?
5 Нимаики қилмайлик, бу Яҳовага топинишимизга таъсир қилади. Павлус буни қуйидаги сўзлар билан тушунтирган: «Таналарингизни тирик, муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар». (Римликларга 12:1) Исо эса: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севинг»,— деб айтган. (Марк 12:30) Яҳовага доим ўзимизда бор энг яхши нарсаларни беришни истаймиз. Қадимги Исроилда кимдир Яҳовага ҳайвонни қурбонликка келтирмоқчи бўлса, ундан соғлом ҳайвонни олиб келиш кутиларди. Агар қурбонликнинг нуқсони бўлса, Худо уни қабул қилмасди. (Левилар 22:18–20) Шу сингари бизнинг топинишимиз ҳам Яҳовага номаъқул бўлиб қолиши мумкин. Қандай қилиб?
6, 7. Танлаган ўйин-кулгимиз топинишимизга қандай таъсир қилади?
6 Яҳова бизга: «Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман»,— деб айтмоқда. (1 Бутрус 1:14–16; 2 Бутрус 3:11) Топинишимиз муқаддас ёки пок бўлсагина, Яҳова уни қабул қилади. (Қонунлар 15:21) Агар ахлоқсизлик, зўравонлик ёки сеҳр-жоду билан боғлиқ бўлган ва Яҳова нафратланадиган ишларни қилсак, топинишимиз пок бўла олмайди. (Римликларга 6:12–14; 8:13) Яҳовага маъқул келишни истасак, бундай ишларга алоқадор ўйин-кулгиларни ҳам танламаслигимиз керак. Акс ҳолда, топинишимиз нопок ва Яҳовага номаъқул бўлиб қолади ҳамда У билан бўлган муносабатларимизга путур етади.
7 Хўш, унда қай йўсин ўйин-кулгини тўғри танлай оламиз? Қайси принциплар Худога маъқул ва номаъқул ўйин-кулгиларни ажратишга ёрдам беради?
ЁМОНЛИКДАН НАФРАТЛАНИНГ
8, 9. Ўйин-кулгининг қандай турларидан қочишимиз керак ва нега?
8 Бугунги кунда ўйин-кулгининг кўплаб турлари мавжуд. Улардан айримлари масиҳийларга тўғри келади, аксарияти эса йўқ. Авваламбор, келинг, қайси турдаги ўйин-кулгилардан қочишимиз кераклигини билиб олайлик.
9 Кўп фильмлар, веб-сайтлар, телекўрсатувлар, видео ўйинлару қўшиқларда ахлоқсизлик, зўравонлик ва сеҳр-жоду акс эттирилади. Уларда кўпинча ёмон нарсалар безарар ва ҳатто кулгили қилиб тақдим этилади. Лекин масиҳийлар Яҳованинг пок меъёрларига мос келмайдиган ўйин-кулги турларини қатъиян рад этишади. (Ҳаворийлар 15:28, 29; 1 Коринфликларга 6:9, 10) Шундай йўл тутганимизда, Яҳовага ёмонликдан нафратланишимизни кўрсатамиз. (Забур 34:14; Римликларга 12:9)
10. Ўйин-кулгини нотўғри танласак, оқибати қандай бўлади?
10 Айрим одамлар зўравонлик, ахлоқсизлик ёки сеҳр-жоду билан боғлиқ ўйин-кулгиларнинг ёмон жойи йўқ деб ҳисоблашади. Улар «Бунинг нимаси зарарли? Барибир ўша ишларни ўзим ҳеч қачон қилмайман-ку!» деб ўйлашади. Бундай деб ўйласак, ўзимизни алдаган бўламиз. Зеро Муқаддас Китобда: «Қалб ўта алдамчи ва бетайиндир»,— деб айтилган. (Еремиё 17:9) Агар Яҳовага номаъқул нарсалар билан кўнгил ёзсак, қанақасига улардан нафратланаман дея оламиз? Бундай ўйин-кулги турлари билан банд бўлганимиз сайин улар бизга оддий ҳолдек туюла бошлайди. Вақт ўтиб виждонимиз заифлашади ва нотўғри танлов қилаётганимизда бизни огоҳлантирмай қўяди. (Забур 119:70; 1 Тимўтийга 4:1, 2)
11. Қай йўсин Галатияликларга 6:7 ўйин-кулгини тўғри танлашимизга ёрдам беради?
11 Худонинг Каломида: «Инсон нима экса, шуни ўради»,— деган сўзларни ўқиймиз. (Галатияликларга 6:7) Агар ёмон нарсалар билан кўнгил ёзсак, вақти келиб ўша ишларни қила бошлашимиз ҳеч гап эмас. Масалан, айрим масиҳийлар ахлоқсиз ўйин-кулги турларини танлагани туфайли, ўзлари ҳам ахлоқсизликка қўл уришди. Аммо Яҳова ўйин-кулгини донолик ила танлашимизни истагани учун ёрдам тақдим этмоқда.
ҚАРОР ЧИҚАРАЁТИБ ПРИНЦИПЛАРГА АМАЛ ҚИЛИНГ
12. Ўйин-кулги борасида тўғри қарор чиқаришга нима ёрдам беради?
12 Ўйин-кулгининг айрим турлари Яҳовага номаъқул экани аниқ ва биз улардан қочишимиз кераклигини биламиз. Бироқ ўйин-кулгининг муайян тури яхши ёки ёмон эканлиги аниқ кўринмаса-чи? Нимани кўриш, тинглаш ёки ўқишимиз мумкинлиги борасида Яҳова аниқ қонун-қоидалар рўйхатини бермаган. Аксинча, У Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимизни ишга солишимизни истайди. (Галатияликларга 6:5 ни ўқинг.) Яҳова бизга принципларни, яъни асосий ҳақиқатларни берган. Улар муайян нарсаларга Яҳова қандай нуқтаи назарда эканини билиб олишга ва виждонимизни тарбиялашга ёрдам беради. Бу принциплар «Яҳованинг иродаси қандай эканини англаб», Унга маъқул келадиган қарорлар чиқаришга кўмаклашади. (Эфесликларга 5:17)
13. Нега масиҳийлар танлайдиган ўйин-кулги турлари бир-биридан фарқ қилади? Бироқ барча масиҳийлар учун нима муҳим?
13 Кўпинча масиҳийлар танлаган ўйин-кулги тури бир-биридан фарқ қилади. Нега? Сабаби барчамизга турли нарсалар ёқади. Қолаверса, бир киши маъқул кўрган нарса бошқасига тўғри келмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, тўғри танлов қилиш учун масиҳийлар Муқаддас Китоб принципларига амал қилишлари муҳим. (Филиппиликларга 1:9) Бу Аллоҳга маъқул ўйин-кулги турини танлашимизга ёрдам беради. (Забур 119:11, 129; 1 Бутрус 2:16)
14. а) Вақтимизни нималарга сарфлаётганимиз ҳақида ўйлаб кўриш нега фойдали? б) Павлус масиҳийларга қандай маслаҳат берган?
14 Инобатга олишимиз керак бўлган яна бир нарса ўйин-кулгига қанча вақт сарфлаётганимиздир. Бундан ўйин-кулги ҳаётимизда қандай ўрин эгаллаётгани кўринади. Масиҳий эканмиз, ҳаётимиздаги энг муҳим нарса Яҳовага хизмат қилиш бўлиши лозим. (Матто 6:33 ни ўқинг.) Бунга аҳамият бермасак, борган сари ўйин-кулгига кўп вақт ажрата бошлашимиз мумкин. Павлус масиҳийларга шундай маслаҳат берган: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар». (Эфесликларга 5:15, 16) Шунинг учун ўйин-кулгига сарфлаётган вақтимизни чегаралаб, Худога хизмат қилиш ҳаётимизда биринчи ўринда эканига доим амин бўлиб туришимиз керак. (Филиппиликларга 1:10)
15. Муайян ўйин-кулги ҳақида шубҳаларимиз бўлса, нима қилишимиз керак?
15 Шуниси аниқки, Яҳовага номаъқул ўйин-кулги турларини рад этамиз. Аммо муайян ўйин-кулги ҳақида шубҳаларимиз бўлса-чи? Бу вазиятда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз керакми? Мана бу мисол ҳақида ўйлаб кўринг. Айтайлик, тоғда йўл юриб кетяпсиз. Йўлнинг нариги томонида тик жарлик бор. Сиз ўша томонга яқинроқ юрган бўлармидингиз? Йўқ, албатта. Агар ҳаётингизни қадрласангиз, хавф-хатардан узоқроқ юрасиз. Ўйин-кулги танловини ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Аллоҳнинг Каломида: «Ёмон йўлга қадам босма»,— дейилган. (Ҳикматлар 4:25–27) Шу боис биз нафақат ёмон эканлигини аниқ биладиган ўйин-кулгилардан қочамиз, балки бизга ҳамда Яҳова билан муносабатларимизга зарар келтириши мумкин бўлган ўйин-кулгилардан ҳам узоқ юрамиз.
ЯҲОВАНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИНИ БИЛИБ ОЛИНГ
16. а) Яҳова нафратланадиган айрим нарсалар нима? б) Яҳова нафратланадиган нарсалардан биз ҳам нафратланишимизни қандай кўрсата оламиз?
16 Сано бастакори: «Эй, Яҳовани севадиганлар, ёмонликдан нафратланинг»,— деб ёзган. (Забур 97:10) Муқаддас Китобдан Яҳованинг фикрлаш тарзи ва ҳис-туйғулари ҳақида билиб оляпмиз. Ўзингиздан: «Билиб олганларим барча нарсага Яҳованинг назари билан қарашга қандай ёрдам беради?» — деб сўраб кўринг. Масалан, Яҳова «ёлғончи тил, бегуноҳ қон тўкувчи қўллардан, ёвузликни ният қиладиган юрак, ёмонликка ошиқадиган оёқлардан» нафратланишини билиб олдик. (Ҳикматлар 6:16–19) Бизга «зино,.. бутпарастлик, сеҳр-жоду,.. рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш,.. ҳасад, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлардан» қочишимиз кераклиги маълум. (Галатияликларга 5:19–21) Муқаддас Китобдаги ушбу принциплар ўйин-кулги турини тўғри танлашингизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушуняпсизми? Ёнимизда бошқа инсонлар бор ёки йўқлигидан қатъи назар, Яҳованинг меъёрларига ҳаётимизнинг барча соҳасида амал қилишни истаймиз. (2 Коринфликларга 3:18) Чиндан ҳам ёлғиз қолганимизда қилган танловимиз аслида қандай инсон эканимизни ошкор этади. (Забур 11:4; 16:8)
17. Ўйин-кулги турини танлашдан олдин, ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
17 Шунинг учун ўйин-кулги турини танлашдан олдин, ўзингиздан: «Бу танловим Яҳова билан муносабатларимга қандай таъсир қилади? Виждонимга-чи?» — деб сўраб кўринг. Келинг, ўйин-кулги турини тўғри танлашга ёрдам берадиган бошқа принципларни ҳам кўриб чиқайлик.
18, 19. а) Павлус масиҳийларга қандай маслаҳат берган? б) Қайси принциплар ўйин-кулгини тўғри танлашимизга ёрдам беради?
18 Муайян ўйин-кулгини танлаганимизда, онгимизни нима билан тўлдиришни ҳам танлаган бўламиз. Павлус шундай сўзларни ёзган: «Нима ҳақиқат ва нима жиддий эътиборга лойиқ бўлса, нима одиллик, нима ҳалоллик, нима ёқимли бўлса, нима ҳақда ижобий гапирилса, нима ҳиммат ва нима мақтовга сазовор бўлса булар ҳақида фикр юритинглар». (Филиппиликларга 4:8) Қачонки, онгимизни яхши нарсалар билан тўлдирсак: «Оғзимдан чиққан сўзларим, қалбимдаги ўй-фикрларим Сенга манзур бўлсин, эй Яҳова»,— дея бемалол айта оламиз. (Забур 19:14)
19 Ўзингиздан сўранг: «Онгимни нималар билан тўлдиряпман? Муайян фильм ёки телекўрсатувни томоша қилганимдан сўнг, ҳаёлимга ёқимли, тетиклик бахш этадиган фикрлар келадими? Ўзимни хотиржам, виждоним эса тоза эканини ҳис қиламанми? (Эфесликларга 5:5; 1 Тимўтийга 1:5, 19) Яҳовага бемалол ибодат қила оламанми? Ёки ўзимни ёмон ҳис қиламанми? Хаёлимга нотўғри ва ахлоқсиз фикрлар келадими? (Матто 12:33; Марк 7:20–23) Танлаган ўйин-кулгим “ушбу замонга уйғунлашишимга” сабабчи бўлмаяптими?» (Римликларга 12:2) Бу саволларга ростгўйлик ила жавоб берсак, Яҳова билан муносабатимизни мустаҳкам сақлаш учун нима қилишимиз зарурлигини кўрамиз. Биз сано бастакори каби: «Ярамас нарсадан кўзимни олиб қочишимга ёрдам бер»,— деб ибодат қилишни истаймиз.a (Забур 119:37)
ҚАРОРЛАРИМИЗ БОШҚАЛАРГА ТАЪСИР ҚИЛАДИ
20, 21. Нега ўйин-кулги турини танлаётиб бошқаларнинг виждонини инобатга олишимиз керак?
20 Қуйидаги принципни ҳам ёдда тутишимиз ўта муҳим: «Ҳар нарса менга рухсат этилган бўлса-да, ҳаммаси ҳам далда бермайди. Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин». (1 Коринфликларга 10:23, 24) Ниманидир қилишга ҳақли бўлсак-да, бу ўша ишни қилишимиз шарт дегани эмас. Қарорларимиз биродару опа-сингилларимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб кўришимиз лозим.
21 Ҳамманинг виждони бир хил эмас. Дейлик, сизнинг виждонингиз муайян телекўрсатувни томоша қилишга йўл қўяди. Лекин кейин бу танловингиз қайсидир имондошингизнинг виждонига зид эканини билиб қолдингиз. Энди нима қиласиз? Уни томоша қилишга ҳақли бўлсангиз ҳам, бундан воз кечишга қарор қилишингиз мумкин. Нега? Чунки сиз «биродарларингизга қарши», айниқса, «Масиҳга қарши гуноҳ қилишни» истамайсиз. (1 Коринфликларга 8:12) Имондошларимизни қоқинтирадиган ҳеч бир ишни қилишни хоҳламаймиз. (Римликларга 14:1; 15:1; 1 Коринфликларга 10:32)
22. Бошқаларнинг танловига мувозанат ила ёндашаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
22 Агар бошқалар кўрадиган, ўқийдиган ёки қиладиган бирор нарса сизнинг виждонингизга зид бўлса-чи? Имондошингизни севганингиз ва ҳурмат қилганингиз учун, уни сиз каби қарор чиқаришга мажбурламайсиз. Автомобиль ҳайдайдиган киши бошқалар ундан тезроқ ёки секинроқ ҳайдаса ҳам яхши ҳайдовчи бўлиши мумкинлигини билади. Шу сингари, сиз ва бошқа имондошингиз Муқаддас Китоб принципларига амал қилсангиз-да, қайси ўйин-кулгини маъқул кўриш борасида фикрларингиз озгина фарқ қилиши мумкин. (Воиз 7:16; Филиппиликларга 4:5)
23. Ўйин-кулгини тўғри танлашимизга нима ёрдам беради?
23 Демак, ўйин-кулгини тўғри танлашимизга нима ёрдам беради? Муқаддас Китоб принциплари асосида тарбияланган виждонимизни ишга солсак ва имондошларимиз учун чин дилдан қайғурсак, тўғри танлов қила оламиз. Шунда «ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун» қилаётганимиздан бахтиёрликни ҳис этамиз.
a Ўйин-кулгини тўғри танлашимизга ёрдам берадиган бошқа принципларни Ҳикматлар 3:31; 13:20; Эфесликларга 5:3, 4; Колосаликларга 3:5, 8, 20 да топишимиз мумкин.