Яҳованинг Каломи жонли
Коринфликларга йўлланган иккала мактубнинг диққатга сазовор оятлари
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС Коринфдаги жамоатнинг маънавий аҳволидан жуда хавотирланган. Чунки унинг эшитишича, биродарлар орасида ҳар хил келишмовчиликлар бор бўлиб, ахлоқсизликка бепарво қаралган эди. Шунингдек, айрим нарсаларни аниқлаш ниятида у ердаги биродарлар Павлусга хат юборишган. Мана нега тахминан милодий 55- йилда Павлус Эфесда бўла туриб, учинчи тарғибот саёҳати давомида Коринф жамоатига биринчи мактубини йўллади.
Бир неча ойдан сўнггина, Павлус иккинчи мактубини ҳам ёзди. Гарчи биринчи асрда коринфликлар жамоатининг ичида ҳам, ташқарисида ҳам содир бўлган воқеалар бизнинг давримизга ўхшар экан, ушбу мактублардан биз ҳам муҳим сабоқ олишимиз мумкин (Иброн. 4:12).
‘ҲУШЁР БЎЛИНГЛАР, СОБИТ ТУРИНГЛАР, КУЧЛИ БЎЛИНГЛАР’
Ҳаворий Павлус: «Ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар»,— дея биродарларидан ёлворган (1 Кор. 1:10). Аллоҳга маъқул бўлган фазилатларни биргина пойдеворда, яъни Исо Масиҳда ривожлантирса бўлади (1 Кор. 3:11–13). Жамоатдаги зинокор тўғрисида, Павлус мана шундай деди: «Фосиқ одамни ўз орангиздан чиқариб ташланглар» (1 Кор. 5:12, 13). Ва сабабини тушунтириб, ҳаворий: «Бадан эса зино учун эмас, балки Раббимиз учундир»,— деб ёзди (1 Кор. 6:13).
Биродарлар сўраган «нарсаларга» жавобан Павлус, никоҳ ҳамда никоҳсизлик борасида амалий панд-насиҳатлар берди (1 Кор. 7:1). Оиладаги бошчилик тартибини, жамоат учрашувларининг олиб борилишини ва тирилиш ҳақдаги далилларни муҳокама қилиб бўлгач Павлус: «Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар»,— деб ундади (1 Кор. 16:13).
Саволларга жавоблар:
1:21 — Чиндан ҳам Яҳова, имонлиларни қутқариш учун «тентакликдай туюлган пайғомни» қўллаяптими? Асло. «Дунё ўз ақл-заковати билан Худонинг муродию ҳикматини англаб етмаган» экан, Аллоҳ қутқариш учун қўллаган барча нарсани дунёдаги кўп одамлар тентаклик деб ҳисоблашади (Юҳан. 17:25).
5:5, ЯДТ — «Гуноҳ таъсирини ўлдириш учун, бу одамни Шайтонга топширинглар, токи Ҳазратимизнинг кунида жамоатнинг яхши руҳи сақланиб қолсин», деган гаплар нимани англатади? Кимки жиддий гуноҳга қўл уриб, тавба қилмаса жамоатдан четлантирилади ва қайтадан Шайтоннинг ёвуз дунёсига қўшилиб қолади (1 Юҳан. 5:19). Шу сабабли уни Шайтонга топширилди, дейиш жоиз. Қачонки бундай одам жамоатдан четлантирилса, гуноҳ таъсири ўлдирилади ва жамоатнинг яхши руҳи сақланиб қолинади (2 Тим. 4:22).
7:33, 34 — Турмуш қурганлар қандай «дунёвий ишлар» ҳақида қайғурар экан? Ҳаворий Павлус, масиҳчи эру хотинлар доимий тортадиган ташвишларни назарда тутган. Бунга, Худонинг барча хизматчилари қочадиган бу дунёнинг ёвуз ишлари эмас, балки озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой каби ташвишлар киради (1 Юҳан. 2:15–17).
11:26 — Исонинг ўлимини «ҳар дафъа» хотирлаш тўғрисида гапирганида Павлус неча мартани назарда тутган ва бу қачонгача давом этилиши керак? Павлус, мойланган масиҳчилар йилда бир марта, яъни 14- Нисон куни Қутлуғ Кечлик тимсолларидан тановул қилишаётганда, Исонинг «ўлимини эълон этган бўлишади», дея таъкидлаган. Бу маросим Масиҳнинг «келгунига қадар», яъни у мойланганларни самовий ҳаёт учун тирилтирмагунига қадар ўтказилади (1 Салон. 4:14–17).
13:13 — Қайси маънода севги, ишонч ва умиддан аълороқ? Қачонки «умидвор бўлган нарсалар» юз берганда, илгаригидек имон ва умидга унча аҳамият берилмайди (Иброн. 11:1). Севги абадий бўлгани туфайли, имон ва умиддан аълороқдир.
15:29 — «Ўликлар номидан сувга чўмиб имон келтириш» нимага ишора қилмоқда? Бу сўзлар билан Павлус, сувда имон келтирмай ўлганларнинг ўрнига сувга чўмиш керак, деб ишора қилмаган. Аксинча у, мойланган масиҳчилар ҳатто ўлимига ва самовий ҳаёт учун тирилишига довур Аллоҳга содиқ қолишлари кераклигига диққат қаратди.
Хулосалар:
1:26–31; 3:3–9; 4:7. Агар камтаринлик ила ўзимизни эмас, Яҳовани мақтасак, жамоатда тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшамиз.
2:3–5. Юнонча фалсафа ва илм-фаннинг маркази бўлмиш Коринфда ваъз қилиб, ҳаворий Павлус унинг гаплари инсонларга ишончли бўлармикин, дея балки ғам чеккандир. Бироқ у, эҳтимол билимининг камчилиги ҳамда қўрқув, хизмати учун тўсиқ бўлишига йўл қўймаган. Шу сингари, бугун ҳам янги ва нотаниш шароитлар, хушхабарни эълон этишимизга халақит бермаслиги керак. Яҳова Павлусга кўмаклашганидек, бизга ҳам мадад беришида амин бўлишимиз мумкин.
2:16. «Масиҳнинг фикри»га эга бўлиш: унинг нуқтаи назарига эргашиш, у каби фикр юритиш, унинг шахсини чуқур тушуниш ва изидан юришни англатади (1 Бутр. 2:21; 4:1). Бу учун эса Исонинг ҳаёти ва хизмати ҳақида кўпроқ билиш муҳим!
3:10–15; 4:17. Шогирд орттириш фаолиятимизни бажариб, доимо қобилиятларимизни ривожлантиришимиз зарур (Мат. 28:19, 20). Агарда таълимни яхши бера олмасак, Муқаддас Китобни ўрганаётган киши имон синовидан ўтиши амри маҳол. Ўзимиз эса талафот кўриб, «оловдан қутулиб чиққандек» бўламиз.
6:18. «Зинодан қочиш» нафақат порни́ага кирадиган ишларга қўшилмаслик, балки бунга олиб борадиган порнография, ахлоқсизлик, шаҳвоний истаклар ва ноз-карашма қилиш каби ишлардан четланишни билдиради (Мат. 5:28; Ёқб. 3:17).
7:29. Эру хотинлар бир-бири билан шунчалик овора бўлиб, ҳатто Шоҳлик пайидан бўлиш улар учун иккинчи даражага ўтиб қолмаслиги лозим.
10:8–11. Исроилликлар Мусо ва Ҳорунга шикоятбозлик қилиб, нолишганларидан Яҳова ғазабланган. Биз эса бундай фазилатлардан йироқда турсак, оқилона йўл тутган бўламиз.
16:2. Умумжаҳон ваъзгўйлик ишимизни тўлиқ равишда қўллаб туриш учун, қайси миқдордаги хайр-эҳсонни беришни олдиндан режалаштириб, буни мунтазам қилиб туришимиз даркор.
«КОМИЛ БЎЛИШГА ҒАЙРАТ ҚИЛИНГЛАР»
Олдин гуноҳга йўл қўйиб, кейин эса тавба қилган кишини энди «кечириб тасалли бериш» керак, дея Павлус коринфликларни ундаяпти. Гарчи ҳаворийнинг биринчи мактуби жамоатдагиларни қайғуга солган бўлса-да, у: «Хафагарчилик сизларни тавбага келтиргани учун севиняпман»,— деди (2 Кор. 2:6, 7; 7:8, 9).
Павлус Коринфдаги имонлиларни Македониядаги биродарлардан ўрнак олиб: «Сизлар ҳамма нарсада мўлсиз... Бу хайрли ишда ҳам мўл бўлинглар»,— дея чорлади. Унга қарши чиққанларга жавоб бериб, ҳаворий сўнги насиҳатларини қолдирмоқда: «Комил бўлишга ғайрат қилинглар. Панд-насиҳатга қулоқ солинглар. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар, тинчликни сақланглар» (2 Кор. 8:1, 2, 4, 7; 13:11).
Саволларга жавоблар:
2:15, 16 — Қанақасига биз «Масиҳнинг хуш ҳидимиз» экан? Муқаддас Китобга мувофиқ ҳаёт кечириб, хушхабарни одамлар билан баҳам кўраётганимиз боис, бундай атама қўлланилган. Гарчанд, бу «ҳид» ёвуз кишиларга жирканчли туюлса-да, Тангри Яҳова ҳамда самимий инсонлар учун у жудаям ёқимлидир.
5:16 — Мойланганлар «ҳеч кимни инсоний фикр билан қадрламайди» дегани нима? Улар одамларнинг бойлиги, ирқи ёки миллатига қараб инсоний нуқтаи назар билан муносабат қилишмайди. Мойланганлар учун энг муҳими, имондошлари билан бўлган маънавий ришталаридир.
11:1, 16; 12:11 — Нима учун Павлус коринфликларга ақлсиз каби кўринган? Сабаби шундаки, Павлус ҳаворийлигини тасдиқлашига мажбур эди. Баъзиларга эса у, мақтанаётгандай ва ақлсиз каби кўринарди.
12:1– 4 — Ким «жаннатга кўтарилди»? Павлусдан ташқари яна кимдир худди шундай ваҳий кўрган, деб Муқаддас Китобда ёзилмаган экан ва ушбу сўзлар, Павлус ҳаворийлигини тасдиқлаган оятлардан кейин ишлатиляпти экан, Павлус ўзи ҳақида айтган шекилли деган хулосага келяпмиз. Эҳтимол ҳаворий, «охирзамонда» яшаётган масиҳчиларнинг маънавий жаннатини кўрган (Дон. 12:4).
Хулосалар:
3:5. Яҳова Таоло бизни Ўз Каломи, муқаддас руҳи ва ердаги ташкилоти орқали хизматимиз учун яроқли қилмоқда (Юҳан. 16:7; 2 Тим. 3:16, 17). Шу тариқа Муқаддас Китобни ҳамда унга асосланган адабиётларни қунт билан ўрганиш, муқаддас руҳ беришини доимо илтижо қилиш ва жамоат учрашувларга мунтазам қатнашиш керак (Заб. 1:1–3; Луқо 11:10–13; Иброн. 10:24, 25).
4:16. «Ботиний вужудимиз кундан-кунга янгилан»ишини хоҳласак, Тангри Яҳова тақдим этаётган барча маънавий нарсалардан ҳамиша, ҳар куни фойдаланишимиз зарур.
4:17, 18. Қайғуларимиз «ўткинчи ва арзимас» эканини ёдда тутиш, синовларда Эгамиз Яҳовага содиқ қолишга кўмаклашади.
5:1–5. Мойланган масиҳчиларнинг самовий ҳаётга бўлган умиди ҳақида ҳаворий нақадар ажойиб тарзда гапирмоқда!
10:13. Бинобарин, ваъзгўйларга катта эҳтиёж бор жойга тайинланмаган эканмиз, фақатгина жамоатимизга тайинланган ҳудудида ваъз қилишимиз керак.
13:5. Имонда турибманми дея ўзимизни текшириш, Муқаддас Китоб йўл-йўриқлари бўйича яшаётганимизга ишонч ҳосил қилишни англатади. Ўзимизни синаб кўриш эса, маънавиятимизга баҳо бериш, Яҳова билан муносабатимизнинг мустаҳкамлигига эътибор бериш, яхши ва ёмонни фарқ эта олишимизга диққат қилиш ҳамда имонимизни тасдиқлайдиган ишларимизга урғу қўйишни билдиради (Иброн. 5:14; Ёқб. 1:22–25). Чиндан ҳам, Павлуснинг ушбу маслаҳатини дилимизга тугиб, ҳақиқат йўлида тура оламиз.
[26- саҳифадаги расм]
«Бу нонни ҳар дафъа еганингизда, бу косадан ичганингизда», деган сўзлар нимани англатади? (1 Кор. 11:26)