Уларнинг мўл-кўлчилиги етишмовчиликни тўлдиради
МИЛОДИЙ 49- йил эди. «Устун деб ҳисобланган» Бутрус, Ёқуб ҳамда Юҳанно Павлусга ва унинг ҳамкори Барнабога бир вазифа топширишди. Бошқа халқларга ваъз қилаётиб, улар камбағал биродарларни эсдан чиқармасликлари керак эди (Галат. 2:9, 10). Бу вазифа қандай бажарилди?
Павлуснинг мактубидан, бу вазифага у қандай муносабатда бўлгани яққол кўринади. Мисол учун, Коринфдаги масиҳийларга у қуйидагиларни айтган: «Муқаддас кишилар учун йиғиладиган ёрдам пулига келсак, Галатиядаги жамоатларга кўрсатма берганимдай, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар. Мен борганимда йиғмасликларинг учун, ҳар бир киши ҳафтанинг биринчи кунида қурби етганча пул ажратиб қўйсин. Олдингизга борганимда эса, ҳадянгизни сизлар мактубларингизда тавсия этадиган кишилар орқали Қуддусга бериб юбораман» (1 Кор. 16:1–3).
Коринфликларга йўллаган иккинчи мактубида, Павлус ёрдам пулини йиғиш мақсади борлигини яна бир бор айтиб ўтди. Бу тўғрисида у шундай деган: «Сизларда мўл-кўл бўлган нарса уларнинг етишмовчилигини... тўлдиришини истардим» (2 Кор. 8:12–15).
Тахминан милодий 56- йил Павлус Римдаги масиҳийларга мактуб ёзганда, хайр-эҳсон йиғиш иши деярли ўз ниҳоясига етган эди. У шундай деган: «Мен муқаддас кишиларга хизмат қилиш учун Қуддусга жўнаяпман. Зеро Македония ва Ахаяда яшовчилар Қуддусдаги муҳтожликда бўлган муқаддас кишиларга чин кўнглидан хайр-эҳсон бериб юборишди» (Рим. 15:25, 26). Бундан кўп ўтмай, Павлус ишониб топширилган вазифани охирига етказиш учун Қуддусга қайтди ва ҳибсга олинди. Шунда у римлик ҳоким Феликсга мана бу сўзларни айтди: «Халқим учун хайр-садақа ва қурбонликлар келтириш ниятида Қуддусга келдим» (Ҳавор. 24:17).
Биринчи асрда яшаган масиҳийлар хайр-эҳсонларга қандай муносабатда бўлганини, Павлуснинг македонияликларга айтган сўзларидан аниқ кўришимиз мумкин. У македонияликлар ҳақида қуйидагиларни ёзган: «Моддий ёрдам кўрсатиш... шарафига уларни ҳам муносиб кўришимизни кўп илтимос қилишди». Ҳаворий коринфликларни уларга тақлид қилишга ундаб, шундай деди: «Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади». Бундай сахийликни намоён этишга жамоатларни нима ундаган экан? Сахийлик кўрсатишдан мақсад «фақат муқаддас кишиларнинг эҳтиёжларини ошиғи билан қондириш» эмас, «балки Аллоҳга кўпдан-кўп миннатдорчиликлар келтириш» эди (2 Кор. 8:4; 9:7, 12). Бугунги кундаги масиҳийлар ҳам худди шундай мақсадни кўзлаб сахийлик кўрсатишади. Шубҳасиз, Тангри Яҳова бундай яхши ва беғараз ниятда эҳсон қилганларга барака беради. Унинг баракаси эса инсонни маънан бойитади (Ҳик. 10:22).
ХАЙР-ЭҲСОН ҚИЛИШ УСУЛЛАРИ
УМУМЖАҲОН ВОИЗЛИК ФАОЛИЯТИГА АТАЛГАН ИОНА
Аксарият кишилар муайян миқдордаги пулини мунтазам ажратиб, эҳсон тариқасида «Умумжаҳон воизлик фаолиятига (Мат. 24:14)», деб ёзилган қутичага солишади.
Жамоатлар эса ўз навбатида, ушбу хайр-эҳсонларни ҳар ой маҳаллий филиалга юборишади. Эҳсонингизни филиалга шахсан юборишингиз ҳам мумкин. Бу ҳолда юборилаётган пул, хайр-эҳсон эканини тасдиқловчи қисқача хат ҳам ёзишингизни сўраймиз. Сабаби, айрим давлатларда бунақа хайр-эҳсонлардан солиқ олинади.
ЭҲСОН ҚИЛИШНИНГ БОШҚА УСУЛЛАРИ
Баъзи мамлакатларда умумжаҳон воизлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда пул эҳсон қилишдан ташқари иона этишнинг бошқа усуллари ҳам бор.
Кўчмас мулк. Сотувга яроқли кўчмас мулкни филиалга совға сифатида тўғридан-тўғри эҳсон қилиш ёки ҳадя этилган мулкдан киши фойдаланиб, ўлимидан сўнг эса уни филиалга ўтадиган қилиши мумкин. Кўчмас мулкни филиалга ҳадя этишдан аввал, илтимос филиал билан олдиндан боғланинг.
Васиятнома. Қонунда талаб қилингани бўйича ҳужжатларни тўлдириб, пул ёки мулкни филиалга васиятнома орқали эҳсон қилса бўлади. Шунда, илтимос васиятноманинг нусхасини филиалга юборинг.