«Хоҳишингни қилмоққа мени ўргат»
Хоҳишингни қилмоққа мени ўргат, Сен Худойимсан. ЗАБ. 142:10
1, 2. Нега Худонинг нуқтаи назарини эътиборга олиш биз учун фойдали бўлади ва бу борада шоҳ Довуддан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
ТАСАВВУР қилинг, сиз тоғли ҳудуддан ўтиб кетяпсиз. Қаршингиздан иккита йўл чиқди. Қайси йўлдан юрасиз? Эҳтимол сиз яқинроқдаги қояга чиқиб, иккала йўл қаерга олиб боришини кўриб оларсиз. Шунда сиз энг яхши йўлни танлай оласиз. Бундай йўл тутиш, ҳаётимизда муҳим қарорлар чиқарганда ҳам жуда қўл келиши мумкин. Агар биз нарсаларга Яратувчимиз Яҳованинг юқори нуқтаи назари билан қарасак, Унга маъқул бўлган йўлдан юра оламиз (Ишаё 30:21).
2 Қадимги Исроил шоҳи Довуд деярли бутун умри давомида турли вазиятларга Худонинг нуқтаи назари билан қарашга ҳаракат қилган. Бу билан Довуд Худонинг иродасини бажарганини исботлаган. У Яҳовага чин юракдан боғланган киши бўлган. Мазкур мақоладан Довуд қийин вазиятларда қандай йўл тутганини билиб олиб, хулосалар чиқарамиз (3 Шоҳ. 11:4).
ДОВУД ЯҲОВАННИНГ ИСМИГА ҲУРМАТ КЎРСАТГАН
3, 4. а) Гўлиётга қарши чиқишга Довудни нима ундади? б) Довуд Худонинг исмига қандай муносабатда бўлган?
3 Келинг, Довуд филистларнинг энг зўр жангчиси Гўлиётга қарши чиққанда нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Бўйи тахминан 2,9 метр бўлган, яхши қуролланган паҳлавонга қарши чиқишга ёш Довудни нима ундади? (1 Шоҳ. 17:4, изоҳ). Довуд жасоратли бўлгани учун курашга чиққанми ёки Худога ишонгани учунми? У қаҳрамонлик кўрсатганида, бу иккала фазилат муҳим аҳамиятга эга бўлган. Аммо энг асосийси — у Яҳовани ҳамда Унинг исмини ҳурмат қилгани учун баҳайбат паҳлавонга қарши чиққан. Қони қайнаб Довуд шундай деган: «Бу суннатсиз Филист ким бўлибдики, Барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилади?!» (1 Шоҳ. 17:26).
4 Гўлиётга қарши чиқиб, ёш Довуд шундай деди: «Сен қилич, найзаю ханжарлар билан устимга бостириб келяпсан. Мен эса сен ҳақоратлаган Исроил лашкарининг Худоси, Сарвари Оламнинг номи билан қуролланиб устингга бостириб боряпман» (1 Шоҳ. 17:45). Ҳақ Худога тўлиқ таяниб, Довуд филистни палахмон ва битта тош билан ерга чўзилтириб ташлади. У нафақат мана шу вазиятда, балки бутун умри давомида Яҳовага таянган ва Унинг исмига ҳурмат кўрсатган. Шубҳасизки, Довуд ҳамюртларини Яҳованинг муқаддас номи билан фахрланишга ундаган (1 Солномалар 16:8–10 ни ўқинг)a.
5. Бугун одамлар Гўлиёт каби Яҳовага ҳурматсизликни қандай намоён этишмоқда?
5 Яҳова сизнинг Худойингиз эканлигидан фахрланасизми? (Ерм. 9:24). Агар қўни-қўшнилар, ҳамкорлар, синфдошлар ёки қариндошлар Яҳова ҳақида ёмон гапириб, Унинг Шоҳидларини масхара қилса, ўзингизни қандай тутасиз? Яҳованинг исмини таҳқирлашганда, Уни ҳимоя қилиб гапирасизми ва У сизни қўллаб-қувватлашига ишонасизми? Тўғри, «сукут сақлашнинг» ҳам вақти бор, лекин биз Яҳованинг Шоҳидлари ҳамда Исонинг издошлари бўлганимиздан уялмаслигимиз керак (Воиз 3:1, 7; Марк 8:38). Гарчи бизни ёқтирмайдиган инсонлар билан хушмуомала бўлиб, уларни ҳурмат қилиш керак бўлса-да, Гўлиётнинг сўзларини эшитгач «қаттиқ қўрқиб, ваҳимага тушиб» қолган исроилликларга ўхшамайлик (1 Шоҳ. 17:11). Аксинча, Яҳованинг исмини улуғлашга қатъий қарор қилайлик. Зеро бизнинг мақсадимиз — одамларга Яҳова қандай Худо эканлигини тушунтиришдир. Айнан шу сабабли биз Унинг Каломидан фойдаланиб, одамларга Тангрига яқинлашиш қанчалик муҳимлигини тушунишга кўмаклашяпмиз (Ёқб. 4:8).
6. Довуд қайси мақсадда Гўлиётга қарши чиқди ва биз учун нима катта аҳамиятга эга бўлиши керак?
6 Довуд Гўлиётга қарши чиққани биз учун яхши ўрнак бўла олади. Довуд жанг майдонига етиб келганида, у ердаги сипоҳлардан сўради: «Бу Филистни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилганга шоҳ нима беради?» Улар бир-бирларига айтган сўзларни Довудга такроран айтиб беришди: «Ким уни ўлдирса, шоҳ унга катта бойлик ҳадя қилар экан, қизини ҳам берар экан» (1 Шоҳ. 17:25–27). Аммо бойликка эришиш Довуд учун катта аҳамиятга эга бўлмаган. Унинг бундан-да муҳимроқ мақсади бўлган. Ҳа, Довуд Барҳаёт Худони улуғлашни истаган (1 Шоҳлар 17:46, 47 ни ўқинг). Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Кўп бойлик орттириб ном чиқариш ёки бу дунёда машҳур инсон бўлиш, биз учун катта аҳамиятга эгами? Албатта биз Довуд каби бўлишни истаймиз. У шундай дея куйлаган: «Мен билан бирга улуғланг Эгамни, биргаликда шарафлайлик Уни» (Заб. 33:4). Шунинг учун биз Аллоҳга таяниб, ўзимизнинг эмас, балки Унинг исми улуғланишини биринчи ўринга қўямиз (Мат. 6:9).
7. Хушхабарни эшитишни хоҳламаган инсонларни учратганда, зарурий ҳисобланган мустаҳкам имонни қандай ривожлантира оламиз?
7 Гўлиётга қарши чиқиши учун, Довуд жасоратли бўлиб Яҳовага тўлиқ ишониши керак эди. Довуд ёш бўлса-да имони кучли эди. У чўпонлик қилиб юрган пайтларида Худога таяниб, имонини мустаҳкамлаган (1 Шоҳ. 17:34–37). Хизматимизни давом эттира олишимиз учун, биз ҳам имонни мустаҳкамлашимиз лозим. Бу, айниқса хушхабарни эшитишни хоҳламаган инсонларни учратганимизда асқатади. Бундай имонни, ҳар кунги ишларимизда Аллоҳга таяниш орқали ривожлантира оламиз. Мисол учун, жамоат транспортида кетаётганимизда ёнимизда ўтирган киши билан Муқаддас Китобдаги ҳақиқат тўғрисида суҳбат бошлашимиз мумкин. Шунингдек, уйма-уй хизмат қилиб юрганимизда кўчада учратиб қолган инсонлар билан ҳам суҳбатлашиб кўрсак бўлади (Ҳавор. 20:20, 21).
ДОВУД ЯҲОВАГА ҚЎЙИБ БЕРГАН
8, 9. Шоҳ Шоулга қилган муносабатидан, Довуд Яҳованинг иродасини ёдда тутганини қандай кўрсатди?
8 Довуд Исроилнинг биринчи шоҳи Шоулга Яҳованинг назари билан қарагани, у Яҳовага таянишга тайёр эканини яна бир бор кўрсатди. Ҳасадга тўлган Шоул найза билан Довудни ўлдиришга уч маротаба уринди, аммо Довуд ҳар сафар чап бериб, Шоулдан қасд олмади. Ниҳоят, у Шоулдан қочиб кетди (1 Шоҳ. 18:7–11; 19:10). Ўшанда Шоул Исроилнинг энг сара уч мингта сипоҳини олиб, Довудни тутиш учун чўлга йўл олди (1 Шоҳ. 24:2). Охир-оқибат, Шоул ўзи билмаган ҳолда, Довуд ва унинг одамлари яширинган ғорга кирди. Довуд фурсатдан фойдаланиб, ҳаётига хавф туғдираётган шоҳни йўқ қилиши мумкин эди. Ахир Яҳованинг иродасига кўра, Шоулдан сўнг Исроилнинг шоҳи Довуд бўлиши керак эди-ку! (1 Шоҳ. 16:1, 13). Агар Довуд ўз одамининг гапига кирганида, шоҳ ҳаётдан кўз юмган бўлар эди. Аммо Довуд шундай деган: «Худо сақласин! Мен Эгамиз ёғ қуйиб танлаган шоҳга — жаноби олийларига бундай қилолмайман» (1 Шоҳлар 24:4–7 ни ўқинг). Ҳа, Шоул чиндан ҳам Яҳова томонидан мойланган шоҳ эди. Довуд Шоулдан шоҳлик ҳуқуқини тортиб олмоқчи эмасди. У буни Яҳовага қўйиб берди. Довуд Шоулга ҳеч қандай зарар келтирмоқчи эмаслигини билдириш мақсадидагина унинг ридоси этагидан бир парча кесиб олди (1 Шоҳ. 24:11).
9 Довуд охирги марта Шоулни кўрганида ҳам, Аллоҳ томонидан мойланган шоҳга лойиқ бўлган ҳурматни намоён этди. Ўша пайтда Довуд Абушай билан бирга Шоулнинг қароргоҳига келади. Шоул ухлаб ётган бўлади. Гарчи Абушай Довудга: «Худо ғанимингизни сизнинг қўлингизга берди»,— деб шоҳни найза билан уриб ерга михлаб қўйишни таклиф қилган бўлса-да, Довуд бунга йўл қўймади (1 Шоҳ. 26:8–11). Довуд Яҳовага таяниб, Ундан йўл-йўриқ сўрарди. Шунинг учун, у Абушайнинг гапига кирмади ва Яҳова томонидан мойланган шоҳга зарар етказмади.
10. Шахсан биз қандай қийин вазиятга тушиб қолишимиз мумкин ва бошқаларнинг таъсирига қарши туришимизга нима ёрдам беради?
10 Биз ҳам қийин вазиятларга тушишимиз мумкин. Масалан, атрофимиздаги инсонлар бизни Яҳованинг иродасини бажаришга ундашнинг ўрнига, ўзларининг инсоний нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашга мажбурлаши мумкин. Абушай сингари баъзилар бизни муайян масалаларда Худонинг ниятини эътиборга олмасдан иш тутишга ундаши мумкин. Уларнинг таъсирига қарши туришни истасак, нарсаларга Яҳова қандай қарашини унутмаслигимиз керак ва Унинг йўлларини маҳкам ушлашга қатъий қарор қилишимиз даркор.
11. Довуд Худонинг иродасини ҳамма нарсадан устун қўйганидан қандай сабоқ олдингиз?
11 Довуд Тангри Яҳовага шундай деб ибодат қилган: «Сенинг хоҳишингни қилмоққа мени ўргат» (Забур 142:5, 8, 10 ни ўқинг). Довуд ўзининг нуқтаи назари ёки бировнинг гапи билан эмас, балки Худованд унга ўргатгани бўйича иш тутишга интилган. У Худонинг ҳамма ишлари ҳақида ўйлаган ва Унинг қўллари ижодини хаёлига келтирган. Агар Худонинг Каломини чуқур тадқиқ қилиб, Яҳова одамлар билан қандай муомала қилгани ҳақидаги воқеаларни ўқисак, Худонинг иродаси нимадан иборатлигини тушуна оламиз.
ДОВУД ҚОНУН ОСТИДАГИ ПРИНЦИПЛАРНИ ҚАДРЛАГАН
12, 13. Нега Довуд унинг учта одами келтирган сувни ерга тўкди?
12 Довуд Таврот қонунида акс этган принципларни қадрлагани ва уларга риоя қилиб яшашга интилгани билан бизга ибрат бўла олади. У Байтлаҳмдаги қудуқдан сув ичишни қаттиқ хоҳлагани ҳақида айтганида нима содир бўлганини кўриб чиқайлик. Довуднинг учта одами ўша шаҳарга йўл олди. Улар филистлар қароргоҳини ёриб ўтиб, сув олиб келишди. Лекин «Довуд сувни ичишни истамади». Нима учун? Довуд бу ҳаракатини қуйидагича тушунтирди: «Бундай қилишдан мени Худойимнинг Ўзи асрасин! Шу йигитларнинг қонини ичайми? Ахир, улар жонини хавф–хатарга қўйиб сув олиб келишди–ку!» (1 Сол. 11:15–19).
13 Довуд Таврот қонуни бўйича қонни истеъмол қилиш тақиқланганини ва уни ерга тўкиш кераклигини яхши биларди. У нега айнан шундай йўл тутиш муҳимлигини тушунарди. Довуд «жонзотнинг жони унинг қонидир», деганини биларди. Аммо бу қон эмас, сув эди. Унда нимага Довуд сувни ичишни хоҳламади? Чунки у қонун остидаги принципни ҳурмат қиларди. Довуднинг назарида бу сув ўша учта кишининг қони сингари эди. Шу сабабли бу сувни ичишни у хаёлига ҳам келтира олмасди. У сувни ичмасдан, уни ерга тўкиш тўғри бўлади, деган хулосага келди (Лев. 17:11; Қонун. 12:23, 24).
14. Нарсаларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга Довудга нима ёрдам берган?
14 Довуднинг бутун фикри-зикри Худонинг қонунлари билан банд бўлган. У шундай деб куйлаган: «Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан, эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир» (Заб. 39:9). Довуд Аллоҳнинг қонунларини тадқиқ қилиб, улар устидан чуқур мулоҳаза юритган. У Яҳованинг амрлари оқилона эканига ишонган. Натижада, Довуд нафақат Таврот қонунининг ҳарфини, балки бу қонуннинг руҳини кўра олган. Биз ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганимизда, ўқиётган нарсаларимиз устидан мулоҳаза юритишимиз мумкин. Шундагина ўша меъёрлар ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб, чиқарган қароримиз Яҳовани хушнуд этади.
15. Қайси соҳада Сулаймон Худонинг қонунларига ҳурматни намоён этмади?
15 Худованд Яҳова Довуднинг ўғли Сулаймонга кўпдан-кўп баракалар берган. Аммо Сулаймон Аллоҳнинг қонунларига ҳурматни намоён этмаган. У, Исроилда шоҳ бўлганлар «хотинларни кўпайтирмаслиги» керак, деган Яҳованинг амрига қулоқ солмади (Қонун. 17:17). Шу тариқа, Сулаймон ўзга халқлардан бўлган кўпгина аёлларни хотинликка олди. Қарилик чоғида эса «шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди». У Худонинг қонунларига бўйсунмаганига қандай важ келтирмасин, «Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд бутун вужуди билан Эгамиз йўлидан юрган бўлса, Сулаймон ундай қилмади» (3 Шоҳ. 11:1–6). Шундай экан, Худонинг қонунлари ва принципларига мувофиқ йўл тутиш нақадар муҳим! Айниқса турмуш ўртоқ танлаганда бунга амал қилиш жуда зарур.
16. «Ҳазратимизга тегишли» бўлган киши билан турмуш қуриш амрининг руҳини тушуниш, оила қурмоқчи бўлганларга қандай таъсир қилади?
16 Мабодо имондошимиз бўлмаган киши бизга нисбатан ноз-қарашма қилса, биз қандай йўл тутамиз? Довудга ўхшаб вазиятга Худонинг кўзи билан қараймизми ёки Сулаймон сингари Унинг амрларини эътибордан четда қолдирамизми? Ҳақ Тангрига сиғинаётган кишиларга «Ҳазратимизга тегишли» инсон билан турмуш қуриш амр этилган (1 Кор. 7:39). Масиҳий турмуш қурмоқчи бўлса, умр йўлдошини ўзини Яҳовага бағишлаган ва сувга чўмган имондошлари орасидан қидиради. Агар Муқаддас Китобдаги никоҳ қуришга тегишли талабнинг руҳини тушунсак, имондошимиз бўлмаган киши билан турмуш қуриш у ёқда турсин, у билан ноз-карашма қилишдан ҳам ўзимизни тиямиз.
17. Порнографиянинг тузоғига тушиб қолмасликка нима кўмаклашади?
17 Довуд вазиятга Яҳованинг кўзи билан қарашга интилиб ўрнак кўрсатган. Унинг ўрнаги порнография томоша қилиш васвасаси билан курашганда ёрдам беради. Қуйидаги оятларни ўқиб, уларнинг негизида ётган принциплар устидан ўйлаб кўринг ва бу масалада Яҳованинг иродасини тушунишга ҳаракат қилинг (Забур 118:37; Матто 5:28, 29; Колосаликларга 3:5 ни ўқинг). Аллоҳнинг юксак меъёрлари устидан мулоҳаза юритиш, порнографиянинг тузоғига тушмасликка кўмаклашади.
ҲАМИША ВАЗИЯТГА ЯҲОВА КАБИ ҚАРАШГА ИНТИЛИНГ
18, 19. а) Довуд номукаммал бўлган бўлса-да, Худонинг марҳаматини йўқотмасликка унга нима ёрдам берган? б) Сиз қандай йўл тутмоқчисиз?
18 Довуд ҳаётнинг турли соҳаларида ўрнак кўрсатган бўлса-да, лекин жиддий гуноҳлар қилган (2 Шоҳ. 11:2–4, 14, 15, 22–27; 1 Сол. 21:1, 7). Аммо ҳаёти давомида қандай гуноҳ содир этмасин, у тавба қилган. Довуд Аллоҳнинг олдида «софдил» бўлиб юрган (3 Шоҳ. 9:4). Нега бундай дея оламиз? Чунки у Яҳованинг иродасига мувофиқ йўл тутишга ҳаракат қилган.
19 Номукаммал бўлишимизга қарамай, Яҳованинг марҳаматини сақлаб қолишимиз мумкин. Шу мақсадни эсда сақлаган ҳолда келинг, Худонинг Каломини пухта ўрганайлик, билиб олганларимиз устидан чуқур мулоҳаза юритайлик ва уларга қатъий риоя қилайлик. Агар шундай йўл тутсак, камтаринлик ила «Сенинг хоҳишингни қилмоққа мени ўргат», дея ибодат қилган сано бастакорига ўхшаб қоламиз.
[5- саҳифадаги расм]
[6- саҳифадаги расм]