17- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳова учун азизсиз!
Яҳова Ўз халқини яхши кўради. 2 СОЛ. 2:11
108- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг меҳр-садоқати
БУ МАҚОЛАДАa
1. Яҳова хизматчиларида нималарни кўради?
ХУДОВАНД ЯҲОВА «Ўз халқини яхши кўради». (2 Сол. 2:11) Нақадар далдали сўзлар, шундай эмасми? Яҳова фазилатларимизга эътибор беради. Қандай яхши инсон бўлишимиз мумкинлигини кўради ва бизни Ўзига жалб қилади. Агар Худога содиқ бўлиб қолсак, У биз билан абадий дўст тутинади. (Юҳан. 6:44)
2. Нега баъзилар учун Яҳова уларни севишига ишониш қийин?
2 Баъзилар шундай айтиши мумкин: «Яҳова халқини гуруҳ сифатида яхши кўришини биламан, лекин қай йўсин У шахсан мени қадрлашига амин бўла оламан?» Қизиқ, нега баъзиларда бундай савол туғилади? Болалигида азоб чеккан Оксанаb шундай деб бўлишди: «Сувга чўмганимда ва кашшоф сифатида хизмат қила бошлаганимда жуда бахтиёр эдим. Бироқ 15 йил ўтгач, оғриқли хотиралар мени қийнай бошлади. Яҳова мендан мамнун эмас ва Унинг севгисига лойиқ эмасман, деб ўйлай бошладим». Болалиги оғир ўтган Юа исмли кашшоф қуйидагича деди: «Мен ҳаётимни Яҳовага бағишладим, чунки Уни хурсанд қилмоқчи эдим. Бироқ У мени ҳеч қачон севмаслигига амин эдим».
3. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
3 Бу иккита имондошимиз сингари сиз ҳам Яҳовани яхши кўрасиз. Лекин У сизни севишига шубҳаланаётгандирсиз. Нега Унинг диққат-эътиборида эканингизга амин бўлишингиз керак? Салбий фикрлар билан курашганда сизга нима ёрдам бера олади? Келинг, бу саволларни кўриб чиқайлик.
ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИДАН ШУБҲАЛАНИШ ХАВФЛИ
4. Нега Яҳова бизни севармикин, деб шубҳаланиш хавфли?
4 Севги қудратли ундовчи кучдир. Агар Яҳованинг севгисига ва қўллаб-қувватлашига амин бўлсак, қийинчиликларга қарамай сидқидилдан хизмат қилишга жон куйдирамиз. Лекин Худо бизни яхши кўришига шубҳалансак, кучимиз «заифлашади». (Ҳик. 24:10) Тушкунликка тушиб, Яҳова бизни севишига ишонмай қўйсак, Шайтон бизга бемалол ҳужум қила олади. (Эфес. 6:16)
5. Худонинг севгисидан шубҳаланиш баъзиларга қандай таъсир қилган?
5 Айрим садоқатли биродару опа-сингилларимиз шубҳалар дастидан маънан заифлашган. Жеймс исмли оқсоқол қуйидагича деди: «Байтилда хизмат қилардим ва ўзга тилда гапирадиган жамоатдаги ҳамкорлигимдан қувонч топардим. Аммо шунда ҳам Яҳова қурбонликларимни қабул қиляптими, деб ўйлаб қолардим. Бир сафар ҳатто У ибодатларимни эшитяптимикин, деган савол туғилди». Тўла вақтли хизматда иштирок этаётган Ева исмли имондошимиз шундай деди: «Шуни билдимки, Яҳованинг севгисидан шубҳаланиш хавфли, чунки бу сизни тушкунлик домига тортиб кетади. Бу маънавий иштаҳангизни бўғади ва Яҳовага қувонч ила хизмат қилишингизга халақит беради». Доимий кашшоф ва оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Майкл қуйидагича бўлишди: «Агар Худо менга бефарқ, деб ўйласангиз, Ундан узоқлашиб кетасиз».
6. Худонинг севгиси ҳақида шубҳалар хаёлимизни чулғаб олса, нима қилишимиз керак?
6 Мазкур мисоллардан салбий фикрлаш қанчалик маънан зарар етказиши мумкинлигини кўряпмиз. Лекин Худонинг севгиси ҳақидаги шубҳалар хаёлимизни чулғаб олаётган бўлса, нима қилишимиз керак? Уларга дарҳол чек қўйишимиз лозим. Яҳовага ибодат қилиб, «ташвишли ўй-фикрлардан» қутулишга ҳамда қалбингизу онгингизни ҳимоя қиладиган «Худонинг тинчлиги»га эга бўлишингизга ёрдам беришини сўранг. (Заб. 139:23; Филип. 4:6, 7) Унутмангки, бундай ҳис-туйғуларни бошқалар ҳам бошдан ўтказмоқда. Бошқа имондошларимиз ҳам салбий туйғулар билан курашяпти. Яҳованинг ҳатто ўтмишдаги хизматчилари шу каби қийинчиликларни бошдан кечирган. Келинг, ҳаворий Павлуснинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.
ПАВЛУСНИНГ МИСОЛИДАН САБОҚЛАР
7. Павлус қандай муаммоларга дуч келган?
7 Гоҳида вазифаларингиз кўп ва барчасини қилиш қийин кечаётгандай бўладими? Агар шундай бўлса, ҳаворий Павлусни тушунсангиз керак. У нафақат битта, балки «барча жамоатлар» учун ташвишланган. (2 Кор. 11:23–28) Сурункали соғлик муаммолари қувончингизни тез-тез ўғирлайдими? Ҳаворий Павлус баданини «гўё тикандек» азоблайдиган бир дарддан қийналарди. Бу соғлик муаммоси бўлиши мумкин ва у бу муаммодан халос бўлмоқчи эди. (2 Кор. 12:7–10) Номукаммаллик дастидан баъзида тушкунликка тушганингизни ҳис қиласизми? Павлусдан ҳам шундай ички кечинмалар ўтиб турган. У номукаммаллиги билан тинимсиз курашгани туфайли ўзини «бахтсиз одам» деб атаган. (Рим. 7:21–24)
8. Павлусга дуч келган муаммолари билан курашишга нима ёрдам берган?
8 Турли синовларни ва тушкунликка олиб келадиган қийинчиликларни бошдан кечирганига қарамай, Павлус Яҳовага хизмат қилишда давом этди. Хўш, бундай қилишга унга нима куч бериб турган? Гарчи номукаммал эканини яхши билса-да, тўловга бўлган ишончи кучли эди. У Исонинг қуйидаги ваъдасини биларди: «[Исога] ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:16; Рим. 6:23) Ҳа, Павлус тўловга ишонган. У шунга амин эдики, ҳатто жиддий гуноҳ қилган киши тавба қилса, Яҳова бундай кишини кечиришга тайёр. (Заб. 86:5)
9. Павлуснинг Галатияликларга 2:20 даги сўзларидан қандай сабоқ оляпмиз?
9 Павлус Яҳова уни қаттиқ севишига ишонган. Сабаби, Худо Исони у учун ўлишга юборганини билган. (Галатияликларга 2:20 ни ўқинг.) Бу оятнинг охирида келтирилган далдали сўзларга эътибор беринг. Павлус: «Масиҳ мени севган ва мен учун ўзини фидо қилган»,— деб айтган. У ўзини Худонинг севгисига нолойиқ ҳис этмаган ва қуйидагича ўйламаган: «Яҳова нима учун имондошларимни севишини кўряпман, аммо у мени севиши эҳтимолдан йироқ». Павлус Римликларга: «Биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этган»,— деб эслатган. (Рим. 5:8) Ҳа, Худонинг севгиси чегара билмайди.
10. Римликларга 8:38, 39 дан нималарни ўрганишимиз мумкин?
10 Римликларга 8:38, 39 ни ўқинг. Павлус Яҳова бизни қаттиқ севишига ишончи комил эди. У ҳеч нарса «бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир эмас», деб ёзган. Павлус Яҳова Исроил халқи билан қай йўсин сабр ила муомала қилганини билган. Қолаверса, Яҳова унга раҳм-шафқат кўрсатганини тушунган. Бошқача қилиб айтганда, Павлус қуйидагича демоқчи бўлган: «Агар Яҳова мен учун Ўғлини юборган бўлса, Унинг севгисидан шубҳаланишга сабабим борми?» (Рим. 8:32)
11. Павлус 1 Тимўтийга 1:12–15 да айтилган гуноҳларга қўл урган бўлса ҳам нега Яҳова уни севишига амин эди?
11 Тимўтийга биринчи мактуб 1:12–15 ни ўқинг. Павлус ўтмишини эслаб сиқилган пайтлари бўлгандир. У ўзини «гуноҳкорларнинг биринчиси» деб атаган ва бунинг ажабланарли жойи йўқ. Павлус ҳақиқатни билишидан олдин масиҳийларни бир шаҳардан бошқасига таъқиб қилиб юрган. Баъзиларни қамоққа ташлаган, айримлар ўлимга маҳкум этилаётганда эса уларга қарши овоз берган. (Ҳавор. 26:10, 11) Павлус ўтмишда ота-онасини ўлимга маҳкум этган ёш масиҳийни учратганда ўзини қандай ҳис қилганини бир ўйлаб кўринг. У қилмишларидан пушаймон бўлган. Аммо у ўтмишини ўзгартира олмаслигини билган. Павлус Масиҳ у учун ўлганига ишонган ва аминлик ила қуйидагича ёзган: «Худонинг инояти билан шу мавқега эга бўлдим». (1 Кор. 15:3, 10) Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Масиҳ сиз учун ўлганига ҳамда Яҳова билан илиқ ва шахсий муносабатларга эга бўлишингиз учун йўл очганига ишонинг. (Ҳавор. 3:19) Аллоҳ учун биз ўтмишда — ўшанда Яҳованинг Шоҳидлари бўлганмизми ёки йўқми — қилган хатоларимиз эмас, балки ҳозир ҳамда келажакда қиладиган ишларимиз муҳим аҳамиятга эга. (Ишаё 1:18)
12. Юҳаннонинг биринчи мактуби 3:19, 20 даги сўзлар ўзимизни арзимас ва севгига нолойиқ ҳис қилганимизда, қай йўсин ёрдам бериши мумкин?
12 Масиҳ гуноҳингизни поклаш учун ўлаётганини тасаввур қилганингизда: «Мен бундай шарафга арзимайман»,— деб айтишингиз мумкин. Нега бундай туйғулар пайдо бўлади? Номукаммал қалбимиз бизни алдаб, ўзимизни арзимас ва севгига нолойиқ ҳис қилишимизга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. (1 Юҳанно 3:19, 20 ни ўқинг.) Бундай пайтларда «Худо қалбимиздан улуғ» эканини ёдда тутишимиз керак. Самовий Отамизнинг севгиси ва кечиримли экани, эҳтимол, қалбимиз тубида яширинган ҳар қандай салбий фикрдан анча кучлидир. Биз ўзимизни Яҳованинг севгисига ишонтиришимиз керак. Бунинг учун тез-тез Унинг Каломини ўрганишимиз, тинмай ибодат қилишимиз ва садоқатли хизматчилари билан доимо мулоқотда бўлишимиз лозим. Нега бу ишларни қилиш шунчалик муҳим?
МУҚАДДАС КИТОБ ТАДҚИҚИ, ИБОДАТ ВА САДОҚАТЛИ ДЎСТЛАРНИНГ ЁРДАМИ
13. Қай йўсин Худонинг Каломини тадқиқ қилиш бизга ёрдам бериши мумкин? («Худонинг Каломи уларга қай йўсин ёрдам берди?» номли рамкага ҳам қаранг.)
13 Худонинг Каломини ҳар куни тадқиқ қилинг. Шунда Яҳованинг гўзал шахсиятини аниқроқ кўра оласиз. Шунингдек, У сизни қанчалик қаттиқ севишини билиб оласиз. Худонинг Каломидаги бир парча устида мулоҳаза қилиш аниқроқ фикр юритишингизга ёрдам беради, чунки у фикрларингизни ва хоҳиш-истакларингизни тузатади. (2 Тим. 3:16) Ўзига паст нуқтаи назарда бўлиш каби ҳис-туйғу билан курашган Кевин исмли оқсоқол қуйидагича деди: «Забурнинг 103- саносини ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш ўзимга келишимга ҳамда Яҳова аслида менга қандай нуқтаи назарда эканини кўришимга ёрдам берди». Юқорида тилга олинган Ева шундай деб бўлишди: «Мен куннинг охирида, тинч муҳитда Яҳованинг фикрлари устида мулоҳаза юритаман. Бу менга ички хотиржамликка эга бўлишга ва имонимни мустаҳкамлашга кўмаклашади».
14. Ибодат бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
14 Тинмай ибодат қилинг. (1 Салон. 5:17) Кимдир билан дўст тутинишни хоҳласангиз у билан тез-тез ва чин юракдан мулоқот қилиб туриш керак. Яҳова билан дўстлик ҳақида гап кетганда ҳам худди шундай. Ибодатда ҳис-туйғуларимиз, фикрларимизу ташвишларимиз билан бўлишганда Унга ишонаётганимизни ва У бизни севишини билишимизни кўрсатамиз. (Заб. 94:17–19; 1 Юҳан. 5:14, 15) Юқорида тилга олинган Юа шундай деди: «Ибодат қилганимда кун мобайнида нималар қилганимни айтиш билан кифояланиб қолмайман. Унга нималар ҳақида ўйлаётганиму аслида нималарни ҳис қилаётганимни айтаман. Шу йўсин, Яҳовани улкан бир компаниянинг бошлиғи эмас, балки фарзандларини чинакамига севадиган Ота сифатида кўраман». («Уни ўқидингизми?» номли рамкага қаранг.)
15. Қай йўсин Яҳова бизга шахсий қизиқиш кўрсатмоқда?
15 Садоқатли дўстлар билан мулоқот қилинг. Улар Яҳовадан ҳадядир. (Ёқб. 1:17) Бизни «ҳамма вақт севадиган» биродару опа-сингиллардан иборат маънавий оилани тақдим этиб, самовий Отамиз ҳар биримизга шахсий қизиқиш кўрсатмоқда. (Ҳик. 17:17) Павлус Колосаликларга йўлланган мактубда уни қўллаб-қувватлаган муайян масиҳийларни тилга олган ва улар ҳақида «менга яхшигина тасалли беришган», деб айтган. (Колос. 4:10, 11) Ҳатто Исо Масиҳ ҳам ўзгаларнинг, яъни фаришталару одамларнинг ёрдамига муҳтож эди ва уларнинг кўмаги учун миннатдор бўлган. (Луқо 22:28, 43)
16. Содиқ дўстлар Яҳовага яқинлашишимизга қандай ёрдам бериши мумкин?
16 Яҳованинг содиқ дўстлари билан дўстлашиб уларнинг ёрдамини қабул қиляпсизми? Маънан етук дўстимиз билан ташвишларни бўлишиш заифликнинг белгиси эмас, аксинча, бу ҳимоя бўлиши мумкин. Юқорида тилга олинган Жеймс нима деганига эътибор беринг: «Етук масиҳийлар билан дўстлашиш менга анчагина фойда келтирди. Салбий туйғулар гирдобида қолганимда, бундай қимматбаҳо дўстлар мени диққат ила тинглайди ва яхши кўришларини эслатади. Улар орқали Яҳова мени шахсан севишини ва менга ғамхўрлик қилаётганини ҳис этаман». Маънавий биродару опа-сингилларимиз билан қалин дўстлик ришталарини ривожлантириш ва уларни сақлаб қолиш жуда муҳим.
ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИДАН АЙРИЛМАНГ
17, 18. Кимга қулоқ солишимиз керак ва нега?
17 Тўғри йўл тутиш учун олиб бораётган курашимизда Шайтон таслим бўлишимизни истайди. У Яҳова бизни севмайди ва биз нажот топишга арзимаймиз, деган фикрга боришимизни хоҳлайди. Лекин кўриб чиққанимиздек, бу ғирт ёлғон.
18 Яҳова сизни севади. Сиз Унинг назарида бебаҳо хазинасиз. Агар Худога итоатли бўлсангиз, Исо Масиҳ каби Унинг севгисидан ҳеч қачон «айрилмайсиз». (Юҳан. 15:10) Шу боис, Шайтонга ёки алдамчи қалбингизга қулоқ солманг. Бунинг ўрнига ҳар биримизда яхши нарсани кўрадиган Яҳовага қулоқ солинг. У «Ўз халқини», жумладан, сизни «яхши кўришига» ишонинг!
141- ҚЎШИҚ Ҳаёт — мўъжизадир
a Баъзи имондошларимиз Яҳова уларни яхши кўришига шубҳаланади. Мазкур мақолада нима учун Яҳова шахсан ҳар биримизни севишига ишончимиз комил бўлиши мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, қай йўсин У бизни севиши борасидаги ҳар қандай шубҳани енгишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.
c РАСМГА ШАРҲ. Қадимда Павлус кўп масиҳийларни қамоққа ташлаган. Аммо Павлус Исо у учун нималар қилганини тушунганида ўзгарган ва имондошларига далда берган. Эҳтимол, ўтмишда у ўша масиҳийларнинг қариндошларини таъқиб қилгандир.