Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин
Шунга кўра улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин. МАТТО 19:6
1, 2. Нега умр йўлдошлар муаммоларга дуч келиши табиий ва бу ҳақда Инжилда нима дейилган?
МАШИНАДА узоқ саёҳатга отланаётганингизни тасаввур қилинг. Йўлда қандайдир муаммолар пайдо бўлиши мумкинми? Буни инкор этиб бўлмайди! Мисол учун, об-ҳаво айниганда тезликни секинлаштириб, эҳтиёткорлик билан ҳайдашга тўғри келади. Ёки машина бузилиб қолса йўлни чеккасига тўхтаб, ҳатто ёрдам сўрашга тўғри келади. Бундай муаммоларга дуч келиб, саёҳатга бекор чиқибман ёки машинани ташлаб кетиш керак, деб ўйлармидингиз? Асло! Узоқ йўлга чиқаётганингизда муаммолар пайдо бўлишини тушуниб, уларни енгишга тайёрланасиз.
2 Худди шуни никоҳ ҳақида ҳам айтиш мумкин. Қийинчиликлар албатта бўлади ва турмуш қурмоқчи бўлганлар, уларнинг оилавий ҳаёти муаммосиз ўтади, деб ўйлаши оқилона бўлмайди. Зеро Инжилда эру хотинларнинг «боши қайғуда бўлади», деб айтилган (1 Коринфликларга 7:28). Нега бундай дейилган? Чунки эру хотинлар номукаммал ва биз «оғир вақтлар»да яшамоқдамиз (2 Тимўтийга 3:1; Римликларга 3:23). Ҳатто умр йўлдошлар бир-бирига мос келган тақдирда ҳам, баъзида муаммоларга дуч келишади.
3. а) Бу дунёда кўпчиликнинг никоҳга бўлган муносабати қандай? б) Нега Худонинг хизматчилари никоҳни сақлаб қолишга интилишади?
3 Бизнинг замонамизда айрим эру хотинлар қийинчиликларга дуч келганда, хаёлларига биринчи навбатда ажралиш келади. Кўп мамлакатларда ажралишларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Бироқ Яҳованинг Шоҳидлари қийинчиликлардан қочишга эмас, балки уларни ҳал қилишга интилишади. Нега? Зеро улар никоҳни Яҳова Таолонинг муқаддас ҳадяси деб билишади. Ҳазрати Исо эру хотинлар ҳақида: «Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин»,— деган (Матто 19:6). Албатта бунга амал қилиш ҳар доим ҳам осон эмас. Масалан, қариндош-уруғлар ва бошқалар, шу қаторда никоҳ масаласи бўйича маслаҳатчилар, Муқаддас Китобга зид равишда эр-хотинларни алоҳида яшашга ёки ажралишга ундашадиa. Бироқ Худонинг хизматчилари дарров ажралишнинг ўрнига, муаммоларни ҳал қилиш ва оила ришталарини мустаҳкамлашга интилишади. Бошиданоқ, бошқалар айтганидай эмас, балки Яҳованинг хоҳиши бўйича йўл тутиш муҳим (Ҳикматлар 14:12).
Қийинчиликларни енгиш
4, 5. а) Никоҳда қандай муаммоларни ечиш керак? б) Нега ҳатто оилада муаммолар пайдо бўлганда, Худонинг Каломидаги қоидалар амалийдир?
4 Ҳар бир оилада турмуш ўртоқлар ўз муносабатларига алоҳида эътибор қаратишни талаб этадиган вазиятлар бўлиб туради. Кўпинча бу арзимайдиган низолардир. Аммо баъзи оилаларда никоҳга хавф туғдирувчи жиддий муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда турмуш қурган тажрибали оқсоқолдан ёрдам сўраб, мурожаат қилишга тўғри келади. Бироқ бу никоҳингиз муваффақиятсиз эканини англатмайди, балки муаммонинг ечимини излаб, Муқаддас Китобга мурожаат қилиш муҳимлигини кўрсатади.
5 Инсониятнинг Парвардигори ва никоҳнинг Асосчиси бўлмиш Яҳова Таоло, никоҳ бахтли бўлиши учун нима зарурлигини ҳаммадан яхши билади. Аммо Худонинг Каломидаги раҳбарликка амал қилсаккина бундай бахтга эриша оламиз. Қадимда Тангри Яҳова Ўз халқига:«Қанийди, Менинг амрларимга диққат этсанг! Шунда тинчлигинг дарёдай, адолатинг денгиз тўлқинларидай бўларди»,— деб айтган эди (Ишаё 48:18, ЯДТ). Демак, оиладаги бахт Муқаддас Китоб йўл-йўриғига амал қилишга боғлиқ. Келинг, эрларга қандай кўрсатмалар берилганини кўриб чиқайлик.
Хотинларингизни севинглар
6. Инжилда эрларга қандай кўрсатмалар берилган?
6 Ҳаворий Павлус Эфесликларга йўллаган мактубида эрларга аниқ кўрсатмалар берган: «Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар. Шундай қилиб, эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз умматини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади. Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин» (Эфесликларга 5:25, 28, 29, 33).
7. а) Оиланинг асоси нима бўлмоғи лозим? б) Эрлар хотинларига севгини қандай намоён этишлари даркор?
7 Ҳаворий Павлус, эр ва хотин орасида юз берадиган ҳар бир вазиятни кўриб чиқмаган. У ҳар бир оиланинг асоси севги бўлиши кераклигини кўрсатди. Қизиғи шундаки, юқорида келтирилган оятларда севги сўзи бир неча марта учратиляпти. Эътибор берсак, Павлус эрларга: «Хотинларингизни... севинглар»,— деб айтган. Бу сўзлар асл нусхада уларни ҳамиша севиш керак деган маънога эга. Шубҳасизки Павлус шунчаки севиб қолишдан чин муҳаббатнинг фарқини яхши тушунган. Унинг сўзлари «одамлар нафс бандаси... муросасиз» бўлган ушбу «охирги кунларга» ҳам тегишли (2 Тимўтийга 3:1–3). Бугун бундай салбий фазилатлар кўп оилалардаги муносабатларга путур етказяпти. Бироқ севувчи эр бу дунёга хос худбинлик, унинг фикрлаш тарзига ва хатти-ҳаракатига таъсир қилишига йўл қўймайди (Римликларга 12:2).
Хотинингизга қандай ғамхўрлик қилишингиз мумкин?
8, 9. Эр хотинининг қандай эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилиши лозим?
8 Қандай қилиб эр худбинликка қарши туриб, хотинига чин муҳаббатни изҳор қилиши мумкин? Юқорида келтирилган оятларда Павлус, эрнинг иккита вазифасини, яъни хотинининг эҳтиёжларини қондириб, уни ўз танасидай парвариш қилиш кераклигини кўрсатди. Қандай қилиб хотинингизнинг эҳтиёжларини қондиришингиз мумкин? Биринчи усули — уни моддий жиҳатдан таъминлаш. Павлус имондоши Тимўтийга: «Ким ўз қавм-қариндошлари, хусусан оила аъзолари ҳақида ғамхўрлик қилмаса, у имонни инкор этган, имонсиздан ҳам баттар ҳисобланади»,— деб айтган (1 Тимўтийга 5:8).
9 Бироқ эр хотинини нафақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой билан таъминлаши керак. Нима учун? Чунки у хотинини моддий томондан яхши таъминлаши ҳам мумкин, лекин унинг ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларини қондирмаслик эҳтимоли бор. Аммо хотиннинг бундай эҳтиёжларини қондириш ўта муҳим. Дарҳақиқат, кўп биродарлар жамоат ишлари билан банд. Бироқ бу, Худо эрнинг зиммасига юклаган оиладаги мажбуриятлардан озод этмайди (1 Тимўтийга 3:5, 12). Ушбу журналнинг бир сонида бу ҳақда қуйидагича айтилган эди: «Муқаддас Китоб талабларига мувофиқ, оқсоқоллик вазифалари уйдан бошланади. Агарда оқсоқол оиласининг эҳтиёжларига эътиборсиз бўлса, у нозирлик вазифасидан маҳрум этилиши мумкин»b. Чиндан ҳам, хотинингизнинг моддий, ҳиссий ва айниқса маънавий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилишингиз даркор.
Хотинни парвариш қилиш нимани англатади?
10. Эр хотинини қандай қилиб парваришлаши мумкин?
10 Хотинни парваришлаш, меҳр ила ғамхўрлик қилишни англатади. Сиз буни турли усуллар билан амалга оширишингиз мумкин. Аввало, у билан етарлича вақт ўтказинг. Агарда буни қилмасангиз, унинг сизга бўлган севгиси совиб қолади. Ёдда тутинг, хотинингизга қанча вақт ва эътибор ажратиш кераклиги ҳақидаги сизнинг тасаввурингиз уникидан фарқ қилиши мумкин. Сиз хотинингизни парвариш ва ғамхўрлик қилаётганингиз ҳақида айтиш етарли эмас, у буни ҳис этиши даркор. Павлус: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин»,— деб айтган (1 Коринфликларга 10:24). Севувчи эр сифатида хотинингизнинг эҳтиёжларини тушунаётганингизга амин бўлинг (Филиппиликларга 2:4).
11. Қандай қилиб эрнинг хотинига бўлган муомаласи Худо билан муносабатига ва жамоатдаги вазифаларига таъсир қилади?
11 Шунингдек, хотинни парваришлаш, ҳам нутқда, ҳам амалда унга мулойим муносабатда бўлишни англатади (Ҳикматлар 12:18). Ҳаворий Павлус Колосадаги имондошларига шундай деган эди: «Эй эркаклар, хотинларингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар» (Колосаликларга 3:19). Бир китобга биноан, ушбу оятнинг иккинчи қисмини «унга чўридек муносабатда бўлманг» ёки «уни қулга айлантирманг», деб ифодалаш мумкин. Агар эр хотини билан хоҳ одамлар олдида, хоҳ ёлғиз қолганда қўпол муомалада бўлса, у хотинини парвариш қиляпти деб бўлмайди. Хотинига қўпол муомалада бўлиш, эрнинг Худо билан муносабатига таъсир қилади. Ҳаворий Бутрус эрларга: «Сиз, эрлар ҳам хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлгани учун, уларни ҳурматга сазовор ҳисобланг ва ибодатларингизга халал берманглар»,— деб ёзганc (1 Бутрус 3:7).
12. Ҳазрати Исодан эрлар қандай ўрнак олишлари мумкин?
12 Ҳеч қачон хотинингизнинг муҳаббатини оддий ҳолдай қабул қилманг. Уни севишингизга доимо ишонтиринг. Ҳазрати Исо имонлиларга қилган муомаласи билан эрларга ўрнак кўрсатган. У мулойим, меҳрибон ва ҳатто шогирдлари бир неча бор салбий хислатларини намоён этишган бўлишса-да, кечиришга тайёр бўлган. Шу сабабли Исо бошқаларга бундай дея олган: «Менинг ҳузуримга келинг [...] Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар» (Матто 11:28, 29). Эр хотини билан яхши муносабатда бўлса, Исо Масиҳга тақлид қилаётганини кўрсатади. Хотинини ҳам сўзда, ҳам амалда парвариш қилувчи эр, у учун чинакам таскин бўла олади.
Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилувчи хотинлар
13. Муқаддас Китобдаги қандай қоидалар хотинларга ёрдам бериши мумкин?
13 Муқаддас Китобда шунингдек хотинларга ёрдам берадиган қоидалар мавжуд. Масалан, Эфесликларга 5:22–24, 33- оятларида бундай дейилган: «Эй хотинлар, сиз Раббингизга қандай бўйсунсаларингиз, эрларингизга шундай бўйсунинглар. Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эркак ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз баданининг, яъни умматининг Халоскоридир. Масиҳнинг уммати Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар нарсада ўз эрларига шундай тобе бўладилар [...] Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин».
14. Нега Худонинг Каломидаги меъёрлар аёлларни камситмайди?
14 Павлус бўйсуниш ва ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратяпти. У, хотинлар эрларига бўйсуниш кераклигини эслатмоқда. Ва бу Худонинг тартибига мувофиқдир. Ҳам ердаги, ҳам осмондаги барча тирик мавжудотлар кимгадир бўйсунади. Ҳатто ҳазрати Исо ҳам, Тангри Яҳовага бўйсунади (1 Коринфликларга 11:3). Албатта эр ўз бошчилигини тўғри амалга оширса, хотинининг унга бўйсуниши осон бўлади.
15. Муқаддас Китоб хотинларга қандай маслаҳат беряпти?
15 Шунингдек ҳаворий Павлус, хотин «эрини ҳурмат қилиши» кераклигини айтиб ўтган. Хотин эрининг бошчилигига қарши чиқмасдан ёки ўзбилармонлик қилмасдан, «ювош ва сокин руҳ»ни намоён этиши лозим (1 Бутрус 3:4). Худотарс хотин оиласининг манфаати учун меҳнат қилиб, эрига шараф келтиради (Титусга 2:4, 5). У эр ҳақида ижобий гапиришга интилиб, бошқалар унга ҳурматсизлик кўрсатишига йўл бермайди. Шунингдек, хотин бор кучи билан эрининг қарорлари рўёбга чиқишига кўмаклашади (Ҳикматлар 14:1).
16. Худотарс хотинлар Соро биби ва Ривқодан қандай ўрнак олишлари мумкин?
16 Хотин ювош ва сокин руҳга эга бўлгани, унинг шахсий нуқтаи назари бўлмаслигини ёки фикри унча муҳим эмаслигини англатмайди. Соро биби ва Ривқо каби қадимдаги художўй аёллар, эрларига ўз ташвишлари ҳақида айтишганди. Ва Муқаддас Китобга биноан бундай хатти-ҳаракатларни Яҳова маъқуллаган (Ибтидо 21:8–12; 27:46–28:4). Улар каби, хотинлар ўз ташвишларини изҳор этишлари мумкин. Бироқ улар буни, эрини камситмасдан, ҳурмат ила қилишлари лозим. Шу йўсин, хотинлар бундай суҳбат ёқимли эканини кўришади ва эрлари уларни диққат билан тинглашади.
Садоқатнинг муҳимлиги
17, 18. Эру хотинлар Шайтоннинг оила ришталарини бузиш учун қилаётган ҳаракатига қандай қилиб қарши чиқишлари мумкин?
17 Никоҳ бир умрлик аҳддир. Шу сабабли, эр ҳам, хотин ҳам никоҳ муваффақиятли бўлишига интилишлари лозим. Очиқ суҳбат етмаганидан, муаммолар янада мураккаблашади. Қийинчиликлар пайдо бўлганда кўп ҳолларда эр-хотин бир-бири билан гаплашмай қўйишади ва бу хафагарчиликка олиб келади. Айримлари ҳатто ўз умр йўлдошларидан узоқлашиб, эҳтимол бошқа киши билан ишқий муносабатларни ривожлантира бошлашади. Ҳазрати Исо бундай деб огоҳлантирган: «Ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади» (Матто 5:28).
18 Ҳаворий Павлус имонлиларга ва шу қаторда турмуш қурганларга: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар. Иблисга фурсат берманглар»,— деб маслаҳат берган эди (Эфесликларга 4:26, 27). Бизнинг асосий душманимиз Шайтон имонлилар орасида юз берадиган низолардан фойдаланишга интилади. У ғолиб чиқишига йўл қўйманг! Муаммолар пайдо бўлганида, Муқадда Китоб ва унга асосланган адабиётлардан бу борада Худонинг фикри қандайлигини билиб олинг. Келишмовчиликларни тинч ва очиқчасига муҳокама қилинг. Муқаддас Китобдан олган билимларингизни амалда қўлланг (Ёқуб 1:22–25). Никоҳингизга нисбатан эса, биргаликда Аллоҳ билан юришга аҳд қилиб, ҳеч нима ва ҳеч ким Худо бирга қўшганини ажратишига йўл қўйманг (Михо 6:8).
[Изоҳлар]
a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган 2002- йил, 8- феврал сонидаги «Уйғонинг!» журналининг 10- саҳифасидаги «Ажралиш ва алоҳида яшаш» рамкасига қаранг.
b «Қўриқчи минораси»нинг 1989- йил, 15- май, 12- саҳифасига қаранг.
c Эркак киши жамоатда шарафли вазифаларга эга бўлишни истаса, «урушқоқ» бўлмаслиги керак. 1990- йил, 1- сентябр сонидаги«Қўриқчи минораси»нинг 25- саҳифасида бундай дейилган: «Бордию киши ҳамма ерда Худога маъқул йўл тутса-ю, уйида эса золимлик қилса, у масъулиятли вазифаларга нолойиқдир» (1 Тимўтийга 3:2–5, 12).
Ёдингиздами?
• Нега муаммолар ҳатто Худонинг хизматчилари оилаларида пайдо бўлади?
• Эр хотинининг эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилаётганини ва парвариш этаётганини қандай кўрсатиши мумкин?
• Хотин эрини ҳурмат қилаётганини қандай намоён этиши мумкин?
• Эр-хотин бир-бирига садоқатини қандай мустаҳкамлашлари мумкин?
[24- саҳифадаги расм]
Эр нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ғамхўрлик қилиши керак
[25- саҳифадаги расм]
Парвариш қилувчи эр, хотини учун чинакам таскин бўла олади
[27- саҳифадаги расм]
Худотарс хотинлар ўз ташвишларини ҳурмат ила изҳор этишади