27- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар
Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Лекин ақли расо бўлиб юриш учун... ўйланглар. РИМ. 12:3
130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
БУ МАҚОЛАДАa
1. Филиппиликларга 2:3 га кўра, камтарликни намоён этиш бошқалар билан яхши муносабатларга эга бўлишга қай йўсин ёрдам беради?
КАМТАРЛИК ила Яҳованинг меъёрларига бўйсунамиз, чунки У биз учун нима энг яхши эканини билишига аминмиз. (Эфес. 4:22–24) Камтарлик Яҳованинг иродасини ўз истакларимиздан юқори қўйишга ва бошқаларни ўзимиздан устун, деб билишга ундайди. Натижада Яҳова ҳамда имондошларимиз билан яхши муносабатлардан завқ оламиз. (Филиппиликларга 2:3 ни ўқинг.)
2. Ҳаворий Павлус нимани тан олган ва бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Агар эҳтиёт бўлмасак, Шайтоннинг дунёсидаги мағрур ва худбин одамлар бизга таъсир қилиши мумкинb. Афтидан, милодий биринчи асрда яшаган айримлар бундай таъсир остида қолгани туфайли ҳаворий Павлус Римдаги масиҳийларга қуйидагича ёзган: «Ҳар бирингизга шундай деяпман: ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар. Лекин ақли расо бўлиб юриш учун... ўйланглар». (Рим. 12:3) Павлус ўзимизни муайян даражада ҳурмат қилишимиз кераклигини тан олган. Бироқ камтарлик бу борада мувозанатли бўлишимизга кўмаклашади. Ушбу мақолада учта соҳани кўриб чиқамиз. Мазкур соҳаларда камтарлик ўз ҳақимизда керагидан ортиқ ўйламасликка ёрдам беради. Бу қуйидаги соҳалар: 1) никоҳ; 2) шарафли вазифалар; 3) ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш.
НИКОҲДА КАМТАРЛИКНИ НАМОЁН ЭТИНГ
3. Нима сабабли никоҳда муаммолар юзага келиши мумкин ва айримлар уларни қандай ҳал қилмоқчи бўлади?
3 Яҳова никоҳни эр-хотин бирга бахтли бўлиши учун яратган. Ҳамма номукаммал бўлгани учун келишмовчиликлар бўлиб туриши эҳтимолдан йироқ эмас. Дарҳақиқат, Павлус турмуш қурганлар муайян қийинчиликларга учраши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. (1 Кор. 7:28) Айримлар турмуш ўртоғи билан доим жанжаллашгани туфайли «Турмуш қурмасак бўларкан» деб ўйлайди. Борди-ю, улар бу дунёнинг таъсирига берилса, ажралишни ягона ечим деб ўйлай бошлашлари мумкин. Улар энг муҳими ўзига яхши бўлишини исташади.
4. Нимадан қочишимиз керак?
4 Никоҳимиз барбод бўлди, деган фикрдан қочишимиз керак. Муқаддас Китобга кўра, фақат жинсий ахлоқсизлик ажралиш учун асос бўлиши мумкинлигини биламиз. (Мат. 5:32) Шундай экан, Павлус ёзганидай қийинчиликларга дуч келсак, мағрурликка берилиб қуйидагича ўйламаслигимиз керак: «Турмуш ўртоғим менга ғамхўрлик қилмаяпти. Менга ўзим лойиқ бўлган севги кўрсатилмаяпти. Балки бошқа одам билан турмуш қурганимда бахтлироқ бўлардим». Бундай фикрларга борсак, турмуш ўртоғимиз эмас, фақат ўз ҳақимизда ўйлаётган бўламиз. Бу дунёнинг донолиги қалбингизга қулоқ солишга ва бу никоҳингизга чек қўйишни англатса ҳам фақат ўз бахтингизни ўйлашга ундайди. Аллоҳ эса: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар»,— деб айтган. (Филип. 2:4) Яҳова никоҳингизга чек қўйишингизни эмас, уни сақлаб қолишингизни истайди. (Мат. 19:6) Худо энг аввало ўз ҳақингизда эмас, У ҳақда ўйлашингизни хоҳлайди.
5. Эфесликларга 5:33 га кўра, эр-хотинлар бир-бирига қандай муносабатда бўлиши керак?
5 Эр-хотин бир-бирига севги ва ҳурматни намоён этиши лозим. (Эфесликларга 5:33 ни ўқинг.) Муқаддас Китоб диққатимизни олишдан кўра беришга қаратишимиз кераклигига ўргатяпти. (Ҳавор. 20:35) Турмуш ўртоқлар севги ва ҳурматни намоён этишига қайси фазилат ёрдам беради? Бу камтарликдир. Камтар эру хотинлар фақат «ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини» кўзлашади. (1 Кор. 10:24)
6. Стивен билан Стефани айтган сўзлардан нимани ўргандингиз?
6 Кўплаб масиҳий жуфтликларга камтарлик никоҳда бахтлироқ бўлишга ёрдам берди. Масалан, Стивен исмли оила боши шундай деди: «Агар бир жамоа бўлсангиз, айниқса, муаммолар пайдо бўлганида уларга қарши биргаликда курашасиз. Шунда “Мен учун энг яхшиси нима?” деб ўйлаш ўрнига, “Биз учун энг яхшиси нима?” деб ўйлайсиз». Унинг рафиқаси Стефани ҳам шундай фикрда. «Ҳеч ким рақиби билан бирга яшашни истамайди,— дейди у. — Келишмовчилик юзага келса, биз унинг сабабини топишга ҳаракат қиламиз. Ибодат қиламиз, изланиш олиб борамиз ва муаммони қандай ечиш ҳақида гаплашамиз. Биз бир-биримизга эмас, муаммога ҳужум қиламиз». Эр-хотинларга ўзи ҳақида керагидан ортиқ ўйламаслик кўп фойда келтиради.
«ҲАМИША КАМТАР» БЎЛИБ ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИНГ
7. Масъулиятли вазифага тайинланганида, биродар қандай нуқтаи назарни намоён этиши керак?
7 Яҳовага қўлимиздан келганча хизмат қилишни шараф, деб биламиз. (Заб. 27:4; 84:10) Агар биродар Яҳованинг ташкилотида кўпроқ иш қилишга тайёр бўлса, бу мақтовга сазовор. Муқаддас Китобда ҳам: «Кимки нозир бўлишга интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади»,— деб айтилган. (1 Тим. 3:1) Аммо масъулиятли вазифага тайинланганида, у ўзи ҳақида керагидан ортиқ ўйламаслиги лозим. (Луқо 17:7–10) Унинг мақсади камтарлик ила бошқаларга хизмат қилиш бўлиши даркор. (2 Кор. 12:15)
8. Диотреф, Уззиё ва Абсаломнинг мисолларидан нимани ўрганяпмиз?
8 Муқаддас Китобда ўзи ҳақида керагидан ортиқ ўйлаган одамларнинг огоҳлантирувчи мисоллари бор. Диотреф камтар бўлмаганлиги туфайли жамоатда ўзини катта олган. (3 Юҳан. 9) Уззиё мағрурлик ила Яҳова унга топширмаган вазифани бажармоқчи бўлган. (2 Сол. 26:16–21) Абсалом эса шоҳ бўлишни истагани учун айёрлик ила одамларни ўз томонига оғдиришга уринган. (2 Шоҳ. 15:2–6) Муқаддас Китобдаги ушбу мисоллардан аниқ кўриняптики, ўзига шараф излайдиган одамлар Яҳовага маъқул келмайди. (Ҳик. 25:27) Мағрурлик ва иззатталаблик охир-оқибат ҳалокатга олиб келади. (Ҳик. 16:18)
9. Исо қандай ўрнак қолдирган?
9 Исо бу мағрур одамлардан бутунлай фарқ қилган. Муқаддас Китобда у ҳақида: «Илоҳий қиёфада бўлса-да, Худога тенгликни қўлга киритишни, аниқроғи, Унга тенг бўлишни хаёлига келтирмаган»,— дейилган. (Филип. 2:6) Исо Яҳовадан кейинги энг қудратли шахс бўлса-да, ўзи ҳақида керагидан ортиқ ўйламаган. У шогирдларига: «Орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади»,— деб айтган. (Луқо 9:48) Камтарликни намоён этишда Исога тақлид қилаётган кашшофлар, жамоат хизматкорлари, оқсоқоллар ва туман нозирлари билан биргаликда Худога хизмат қилиш катта барака! Яҳованинг камтар хизматчилари Унинг ташкилоти севги фазилатини намоён этиш билан ажралиб туришига ҳисса қўшади. (Юҳан. 13:35)
10. Борди-ю, жамоатингиздаги муаммолар ўринли тарзда ҳал қилинмаётгандай туюлса, нима қилишингиз керак?
10 Борди-ю, сизга жамоатингизда ўринли тарзда ҳал қилинмаётган муаммолар бордай туюлса, нима қилишингиз керак? Нолиш ўрнига, раҳбарликни ўз зиммасига олганларни қўллаб-қувватлаб, камтарликни намоён этишингиз мумкин. (Иброн. 13:17) Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўрсангиз фойдали бўлади: «Бу муаммолар ҳал қилиниши керак бўлган даражада жиддийми? Ҳозир уларни ҳал қилишнинг айни пайтими? Уларни ҳал қилиш менинг масъулиятимга кирадими? Холисона айтадиган бўлсам, чиндан ҳам бирликни мустаҳкамламоқчиманми ёки ўзимни кўз-кўз қилмоқчиманми?»
11. Эфесликларга 4:2, 3 га биноан, Яҳовага камтарлик ила хизмат қилсак, натижаси қандай бўлади?
11 Яҳова камтарликни қобилиятдан, бирликни эса самарадорликдан кўра кўпроқ қадрлайди. Шунинг учун, бор кучингизни ишга солиб Яҳовага камтарлик ила хизмат қилишга интилинг. Бундай йўл тутиб жамоатингиздаги бирликни мустаҳкамлайсиз. (Эфесликларга 4:2, 3 ни ўқинг.) Хизматда ғайратли бўлинг. Яхшилик қилиш орқали бошқаларга хизмат қилиш йўлларини изланг. Ҳаммага, жумладан, жамоатда масъулиятли вазифаларга эга бўлмаганларга ҳам меҳмондўстлик кўрсатинг. (Мат. 6:1–4; Луқо 14:12–14) Жамоат билан камтарлик ила ҳамкорлик қилар экансиз, бошқалар нафақат қобилиятингиз, балки камтарлигингизни ҳам кўришади.
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНАЁТИБ КАМТАРЛИКНИ НАМОЁН ЭТИНГ
12. Муқаддас Китобда дўстларга эга бўлиш ҳақида нима дейилган? Тушунтиринг.
12 Яҳова бизни дўстларимиз ва оила аъзоларимиз билан мулоқотдан завқ оладиган қилиб яратган. (Заб. 133:1) Исонинг ҳам яқин дўстлари бўлган. (Юҳан. 15:15) Муқаддас Китобда чин дўстларга эга бўлишнинг фойдаси ҳақида айтиб ўтилган. (Ҳик. 17:17; 18:24) Шунингдек, унда бошқалардан ўзини олиб қочиш яхши эмаслиги таъкидланган. (Ҳик. 18:1) Аксарият одамлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўплаб дўстларга эга бўлишга ва ёлғизлик ҳиссидан қочишга ёрдам беради, деб ўйлайди. Бироқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётиб эҳтиёт бўлишимиз лозим.
13. Нега ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш айрим одамлар ўзини ёлғиз ҳис қилиши ва тушкунликка тушишига сабаб бўлади?
13 Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда бошқаларнинг шарҳларию расмларини томоша қилишга сарфлайдиган кишилар аксар ҳолларда ўзини ёлғиз ҳис қилиши ва тушкунликка тушиши мумкин. Нега? Эҳтимол, сабабларидан бири одатда одамлар ижтимоий тармоқларга ҳаётидаги муҳим воқеалар акс эттирилган суратларни, ўзлари, дўстлари ва борган жойлари туширилган сара расмларни жойлаштирганидадир. Бу расмларни томоша қилган инсонга, уларники билан солиштирганда ўзининг ҳаёти оддий, ҳатто зерикарли туюлиши мумкин. 19 яшар бир имондошимиз шундай деб тан олди: «Дам олиш кунлари мен уйда зерикиб ўтирганимда, бошқалар маза қилиб вақт ўтказганини кўрсам, хафа бўламан».
14. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганимизда 1 Бутрус 3:8 даги маслаҳат қандай ёрдам беради?
14 Албатта, ижтимоий тармоқлардан тўғри мақсадда, масалан, оила аъзоларимиз ва дўстларимиз билан алоқада бўлиш учун фойдалансак бўлади. Аммо айрим одамлар ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шарҳлар, расмлар ва видеолар ўзини кўз-кўз қилиш учун қўйилганига эътибор берганмисиз? Буларнинг замирида «Кимлигимни кўриб қўй» деган маъно ётгандай туюлади. Баъзилар эса ўзлари ёки бошқалар қўйган расмларга қўпол ва беадаб шарҳлар ёзади. Масиҳийлар камтарлик ва ҳамдардликни ривожлантиришга ундалади. Шунинг учун, улар ижтимоий тармоқлардан бу тарзда фойдаланишмайди. (1 Бутрус 3:8 ни ўқинг.)
15. Қай йўсин Муқаддас Китоб ўзимизни кўз-кўз қилишдан қочишга ёрдам беради?
15 Ижтимоий тармоқлардан фойдалансангиз ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Жойлаштираётган шарҳларим, расмларим ёки видеоларим бошқаларда худди мен мақтанаётгандай таассурот қолдирмайдими? Бошқаларда ҳасад туйғусини уйғотмаяпманми?» Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Дунёдаги бор нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш Отадан эмас, бу дунёдандир». (1 Юҳан. 2:16) «Ўз мол-мулки билан мақтаниш» деган ибора Муқаддас Китобнинг бир таржимасида «муҳим бўлиб кўриниш истаги» деб етказилган. Масиҳийлар ўзларини кўз-кўз қилишни исташмайди. Улар Муқаддас Китобдаги: «Манманлик қилмайлик, бир-биримизни рақобатга ундамайлик ва ҳасад қилмайлик»,— деган маслаҳатга амал қилишади. (Галат. 5:26) Агар камтар бўлсак, бу дунёдаги одамлар каби мағрурликка берилишни ва бошқалар бизни муҳим инсон, деб билишини истамаймиз.
«АҚЛИ РАСО» БЎЛИНГ
16. Нега мағрурликдан қочишимиз керак?
16 Биз камтарликни ривожлантиришимиз даркор, чунки мағрур кишилар «ақли расо»ликни намоён этишмайди. (Рим. 12:3) Мағрур одамлар баҳслашишга мойил ва ўзига бино қўйган бўлишади. Уларнинг фикрлаш тарзи ва ишлари ўзларию бошқаларга зиён келтиради. Бундай одамлар фикрлаш тарзини ўзгартирмаса, Шайтон уларнинг зеҳнини кўр қилиб, фикр-хаёлини бузади. (2 Кор. 4:4; 11:3) Камтар инсон эса, аксинча, ақли расо бўлади. У ўзига нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлиб, бошқалар кўп жиҳатдан ундан устун эканини тан олади. (Филип. 2:3) Камтар одам шуни биладики, «Аллоҳ мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноятини намоён этади». (1 Бутр. 5:5) Ақли расо инсонлар Яҳованинг душмани бўлиб қолишни исташмайди.
17. Камтарликни сақлаб қолиш учун нима қилишимиз керак?
17 Камтарликни сақлаб қолиш учун Муқаддас Китобдаги: «Эски ўзлигингизни ишлари билан ечиб ташлаб,.. янги ўзликни кийиб олинглар»,— деган маслаҳатга амал қилишимиз керак. Бунинг учун тер тўкишга тўғри келади. Биз Исонинг мисолини тадқиқ қилиб, иложи борича унинг изидан оғмай юришимиз лозим. (Колос. 3:9, 10; 1 Бутр. 2:21) Бу ҳаракатларимизга арзийди. Камтарликни ривожлантиришга интилсак, оиламиз бахтли бўлади, жамоатнинг бирлигини мустаҳкамлаймиз ва ижтимоий тармоқлардан ноўрин фойдаланишдан қочишни ўрганамиз. Энг муҳими эса Яҳованинг баракаси ва марҳаматига сазовор бўламиз.
117- ҚЎШИҚ Ҳимматли бўлайлик
a Ҳозир мағрур ва худбин одамларга тўла дунёда яшаяпмиз. Уларнинг нуқтаи назари бизга таъсир қилмаслиги учун эҳтиёт бўлишимиз даркор. Ушбу мақолада ўзимиз ҳақимизда керагидан ортиқ ўйламаслигимиз лозим бўлган учта соҳани кўриб чиқамиз.
b ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Мағрур инсон бошқалардан кўра кўпроқ ўзи ҳақида ўйлайди. Шу боис, мағрур инсон худбин бўлади. Камтарлик эса аксинча, инсонга фидойи бўлишга кўмаклашади. Камтар инсонга мағрурлик ва такаббурликдан холи, ўзини бошқалардан паст оладиган, деб таъриф бериш мумкин.
c РАСМГА ШАРҲ. Анжуманда нутқ айтадиган ва бошқа биродарларга нозирлик қиладиган оқсоқол ваъзгўйлик хизматида ва Йиғилиш залини тозалашда ташаббус кўрсатиш имконини ҳам қадрлайди.