Худонинг муқаддас руҳини хафа қилманглар
Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар... ўша Руҳ билан муҳрлангансизлар. ЭФЕС. 4:30
1. Яҳова миллионлаб инсонлар учун қандай имконият очиб берди ва бу биздан нимани талаб қилади?
ЯҲОВА ТАОЛО, бу ёвуз дунёда яшаётган миллионлаб одамлар учун ажойиб бир имкон яратди. Ҳа, Худованд ягона Ўғли Исо Масиҳ орқали У билан дўстлашишга йўл очиб берди (Юҳан. 6:44). Сиз ҳам ҳаётингизни Яҳовага бағишлаб, муқаддас руҳ амри билан яшаётган бўлсангиз, демак ўша инсонлар қаторидасиз. Дарҳақиқат, муқаддас руҳ номи билан сувга чўмган бўлсангиз, шунга мувофиқ ҳаёт кечиришингиз керак (Мат. 28:19).
2. Мазкур мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?
2 Барчамиз «руҳ даласига уруғ экиб», янги табиатни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз (Галат. 6:8; Эфес. 4:17–24). Бироқ шунга қарамасдан ҳаворий Павлус, муқаддас руҳни хафа қилиш хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда (Эфесликларга 4:25–32 ўқинг). Ушбу мақолада бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўламиз. Хўш, Павлус муқаддас руҳни ранжитмаслик ҳақида гапирганида нимани назарда тутган эди? Қандай қилиб Худонинг хизматчиси бунга йўл қўйиши мумкин? Муқаддас руҳни хафа қилмаслик учун қандай уринишлар талаб этилади?
Павлус нима демоқчи эди?
3. Эфесликларга 4:30 даги Павлуснинг сўзлари нимани англатади?
3 Аввал Эфесликларга 4:30 даги Павлуснинг сўзларига эътиборни қаратайлик. У шундай деган: «Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар; сизлар нажот кунигача ўша Руҳ билан муҳрлангансизлар». Бу сўзлар билан Павлус, имондошларининг маънавийлигини шубҳа остига қўймоқчи эмасди. Балки у, Яҳованинг «руҳи билан муҳрланиш» катта масъулият юклашини таъкидлаб ўтмоқчи эди. Зеро Худованд, бенуқсонликни сақловчи мойланган масиҳчилар устидан Ўз муҳрини босиб, «буларнинг гарови қилиб Муқаддас руҳни юракларига жойлаштирди» (2 Кор. 1:22). Муҳрланиш эса, мойланганлар Худонинг мол-мулки бўлиб, самовий ҳаётга эга эканини кўрсатади. Уларнинг сони 144 000 кишидир (Ваҳ. 7:2–4).
4. Нима учун муқаддас руҳни хафа қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим?
4 Муқаддас руҳни хафа қилиш охир-оқибатда Худо хизматчисининг ҳаётига умуман таъсир қилмай қўйиши мумкин? Масалан, шоҳ Довуд Ботшева билан зино қилганида Яҳованинг муқаддас руҳини ранжитган эди. Бироқ у тавба-тазарру қилиб: «Мени Ўзингдан узоқлаштириб ташлама, Ўз Муқаддас Руҳингни мендан олма»,— дея ибодат қилган (Заб. 50:13). Мойланганлар фақат «ўлимгача содиқ» қолиб «тожни» олишга, яъни самода боқий яшашга муяссар бўлишади (Ваҳ. 2:10; 1 Кор. 15:53). Ер юзида яшашга умидвор бўлганлар ҳам, фақатгина муқаддас руҳнинг мадади билан Худога охиригача садоқатли қолишлари мумкин. Боз устига, улар Масиҳнинг қурбонлигига эътиқод қилишлари ҳам даркор (Юҳан. 3:36; Рим. 5:8; 6:23). Шундай экан, барчамиз муқаддас руҳни ранжитмасликка ҳаракат қилишимиз муҳимдир.
Аллоҳнинг руҳини қандай хафа қилиб қўйиш мумкин?
5, 6. Худонинг хизматчиси қандай қилиб муқаддас руҳни ранжитиши мумкин?
5 Худонинг хизматчилари эканмиз, муқаддас руҳни ранжитмасликка жон куйдирамиз. Фақатгина «илоҳий Руҳ амри билан яшаб», нафс балосига қарши тура оламиз. Шунингдек, бу дунёга хос фикрлаш тарзидан йироқлашамиз (Галат. 5:16, 25, 26). Бордию Аллоҳнинг Каломида қораланган хатти-ҳаракатга бефарқ бўлсак, оқибатда муқаддас руҳни хафа қилишимиз ҳеч гап эмас.
6 Унутмангки, муқаддас руҳ раҳбарлигига қарши йўл тутиш билан биз Яҳованинг кўнглини оғритган бўламиз. Эфесликларга 4:25–32 даги фикрлар эса, ўзимизни қандай тутишимиз ва муқаддас руҳни хафа қилмаслик учун нима қилишимиз кераклигини билиб олишга ёрдам беради.
Муқаддас руҳни хафа қилмасликка нима ёрдам беради?
7, 8. Нима учун бир-биримизга ҳақиқатни гапиришимиз керак?
7 Ростгўй бўлайлик. Эфесликларга 4:25 да Павлус шундай деб айтган: «Ёлғонни рад этиб, ҳар бирингиз ўз биродарингиз билан ҳақиқатни гаплашинглар. Чунки биз бир-биримизга тананинг аъзоларидаймиз». Дарҳақиқат, бошқалардан ажралиб юриш ёки ёлғонни ишлатиб имондошларимизни йўлдан оздириш жудаям хавфлидир. Охир-оқибат, бундай хатти-ҳаракатлар дастидан Яҳова билан бўлган муносабатларга чек қўйилади (Ҳикматлар 3:32 ўқинг).
8 Ёлғон гапириш ёки иккиюзламачилик қилиш, жамоатдаги бирликка путур етказиши ҳеч гап эмас. Келинг, бу борада ҳамма ишларини астойдил бажарган Дониёрдан ўрнак олайлик (Дон. 6:4). Дарҳақиқат, Павлуснинг маслаҳати самовий ҳаётга умидвор бўлган масиҳчиларга тааллуқли бўлса-да, ер юзида яшашга умидвор бўлганларга ҳам тегишли эканлигини унутмаслигимиз керак. Зеро улар ҳам Масиҳнинг тана аъзолари бўлгани учун мойланганлар билан ҳамкорлик қилиши жуда муҳим (Эфес. 4:11, 12). Агар биз жаннатда абадий яшашни хоҳласак, бир-биримизга ҳақиқатни гапириб, умумжаҳон биродарлигимиз якдиллигига катта ҳисса қўшган бўламиз.
9. Нега Эфесликларга 4:26, 27 даги маслаҳатга риоя қилиш муҳим?
9 Барчамиз «Иблисга қарши туриб», маънавий соғлигимизни ҳимоя қила оламиз (Ёқб. 4:7). Муқаддас руҳ Шайтонга қарши туришга қуч-қувват беради. Мисол учун, қаҳру ғазабга берилиш қанчалик зарарли эканлигини яхши биламиз. Шу сабабли Павлус: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар. Иблисга фурсат берманглар»,— деб огоҳлантирган эди (Эфес. 4:26, 27). Ҳатто ғазабланишга асос бўлса ҳам, муқаддас руҳни хафа қилмаслик учун тезда кўнглингизда ибодат қилиб, вазмин бўлишга ҳаракат қилинг (Ҳик. 17:27). Шайтон бизга бирон бир зарар етказишига йўл қўймаслик учун ўзимизни ғазабдан тутишимиз жуда оқилона (Заб. 36:8, 9). Қайтанга, ўртада ўтган хафагарчиликни тезда ҳал қилишни истасак, Исонинг маслаҳатига қулоқ солайлик (Мат. 5:23, 24; 18:15–17).
10, 11. Нима учун ўғирлик қилмасдан ҳалол меҳнат қилишимиз керак?
10 Васвасага тушганда ҳам ўғирлик қилмасдан ҳалоллик билан йўл тутишимиз шарт. Бу ҳақида Павлус: «Ўғрилик қилган киши бошқа ўғрилик қилмасин. Балки яхши ишлаб, ўз қўллари билан меҳнат қилиб, муҳтож бўлганларга ҳам бирор нарса берсин»,— деб айтган (Эфес. 4:28). Аллоҳнинг хизматчилари бўла туриб ўғирлик қилсак, Худонинг номига иснод келтирган бўламиз (Ҳик. 30:7–9). Ҳатто камбағаллик дастидан қилинган ўғирлик оқланмайди. Худони ҳамда яқинини севганлар ҳеч қачон ўғирлик қилмайдилар (Марк 12:28–31).
11 Кўриб турганимиздек, Павлус Худонинг хизматчиларидан нима талаб қилинаётгани ҳақида айтиб ўтмоқда. Чунончи муқаддас руҳ амри билан яшаган инсон ҳалол меҳнат қилади ва шу йўсин оила аъзоларини таъминлайди. Шунингдек, у «муҳтож бўлганларга ҳам бирор нарса бера олади» (1 Тим. 5:8). Мисол учун, Исо Масиҳ ва унинг шогирдларида камбағалларга ёрдам бериш учун пул қутиси бўлган. Бироқ, Яҳудо Ишқариёт бу пулдан шилиб кетар эди (Юҳан. 12:4–6). Бу билан у, муқаддас руҳга қарши иш тутган. Худонинг хизматчилари эканмиз, Павлус айтганидек, «ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз» (Иброн. 13:18). Шундай қилиб, Яҳованинг муқаддас руҳини хафа қилишдан эҳтиёт бўламиз.
Муқаддас руҳни яна қандай хафа қилмаслигимиз мумкин?
12, 13. а) Эфесликларга 4:29 га биноан қандай нутқдан йироқлашишимиз зарур? б) Нутқимиз қанақа бўлиши керак?
12 Нутқимизга эътиборли бўлайлик. Павлус мана шундай деб огоҳлантирмоқда: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар» (Эфес. 4:29). Ҳаворий қайта-қайта Худонинг хизматчиларидан нима талаб қилинаётганини аниқ кўрсатиб бермоқда. Муқаддас руҳ ёрдами билан далда ва тасалли бахш этадиган сўзларни топиб, ҳамманинг кўнглини кўтарамиз. Шундай қилсаккина, оғзимиздан «ярамас» сўзлар чиқмайди. Юнонча «ярамас» сўзи, кўпроқ ачиб қолган мева ёки бижиган балиқ ва гўштга нисбатан ишлатилади. Албатта бундай озиқ-овқатларни оғзимизга олиш у ёқда турсин, ҳатто уларга назар солгимиз келмайди. Демак, Яҳова ҳазар қилган нутқдан қочишимиз керак.
13 Сўзимиз «ҳамиша файзли ва мазали бўлсин»! (Колос. 3:8–10; 4:6). Атрофдаги одамлар нутқимизни эшитганда бошқалардан фарқ қилиб турганимизни яққол кўришлари лозим. Бу эса, ён-атрофимиздаги инсонларни ҳам «жонига оро кирадиган сўзларни» гапиришга ундайди. Биз ҳам сано бастакорига қўшилиб шундай деймиз: «Эй Худованд, оғзимдан чиқадиган сўзлар, қалбимдан кечадиган андишалар Сенинг олдингда мақбул бўлсин, Эй, менинг суянчим ва Халоскорим!» (Заб. 18:15).
14. Нега гина-кудурат ва жаҳлни ўзимиздан соқит қилишимиз лозим?
14 Ҳар қандай ёмон ният, гина-кудурат, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар. Павлус имондошларини муқаддас руҳни хафа қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берибгина қолмай, яна шундай деган: «Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар» (Эфес. 4:30, 31). Номукаммал инсонлар эканмиз, барчамиз ўй-фикр ва юриш-туришимизни назорат қилишимиз лозим. Агар хафагарчиликни унутиб жаҳлдан тушмасак, муқаддас руҳга қарши гуноҳ қилишимиз ҳеч гап эмас. Дарҳақиқат кўнглимизда хафаликни сақлаб юриш, ҳаммага ёмон таъсир қилади ҳамда ранжитган киши билан ярашиш имконсиз бўлади. Қолаверса, Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатга қулоқ тутмасак, муқаддас руҳга қарши гуноҳ қилишимиз осон бўлади. Бу ўз навбатда аянчли оқибатларга олиб келади.
15. Кимдир бизга ёмонлик қилса, ўзимизни қандай тутишимиз даркор?
15 Бир-биримизга меҳрибон, раҳм-шафқатли ва кечиримли бўлайлик. Бу борада Павлус: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар»,— деб айтган (Эфес. 4:32). Ҳатто кимдир бизга ёмонлик қилаётган бўлса ҳам, Худога ўхшаб кечиримли бўлайлик (Луқо 11:4). Эҳтимол имондошларимиздан кимдир бизни ёмонлаётгандир. Тушунмовчиликни ҳал қилиш учун, балким у билан очиқчасига гаплашиш яхши бўларди. Имондошимиз чин юракдан биздан кечирим сўраганида, тайёрлик ила кечириб юборайлик. Бироқ кўнглимизда кек сақламайлик. Зеро, Муқаддас Китоб қасос олмасликка ҳамда Яҳовани ва ўзгаларни севишга чорлаяпти (Лев. 19:18).
Маънан ҳушёр туринг
16. Яҳованинг руҳини ранжитмаслик учун ўзгаришлар қилиш муҳимлиги ҳақида мисол келтиринг.
16 Ҳоли қолганимизда ҳам бирон бир қинғир иш қилиб қўйишимиз мумкин. Айтайлик, биродар қандайдир шубҳали мусиқа эшитяпти. Бироқ кейинчалик, «ишончли ва ақлли хизматкорнинг» Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатига қулоқ солмагани учун виждони қийнай бошлайди (Мат. 24:45). Балким у, Павлуснинг Эфесликларга 4:30 даги сўзларини эслаб, муаммоси ҳақида ибодат қилар. Кейин эса, Худонинг руҳини ранжитмаслик учун шубҳа туғдирадиган қўшиқларни эшитмасликка у қатъий қарор қилади. Албатта Яҳова Таоло бу биродарнинг бундай ҳаракатлари учун тақдирлайди. Келинг, Аллоҳнинг руҳини хафа қилмасликка жон-жаҳтимиз билан тиришайлик!
17. Маънан ҳушёр туриб ибодат қилмасак, нима юз бериши мумкин?
17 Маънан ҳушёр туриб ибодат қилишдан ташқари, шунингдек, муқаддас руҳни хафа қилишга олиб келадиган нопок ва нотўғри хатти-ҳаракатлардан қочишимиз лозим. Чунки муқаддас руҳ Худога маъқул бўлган фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради. Шунинг учун бу руҳни хафа қилиш, Яҳованинг кўнглини ранжитиш билан баробардир. Шак-шубҳасизки ҳеч ким бундай гуноҳга қўл уришни хоҳламайди (Эфес. 4:30). Масалан, биринчи асрдаги яҳудийлар Исо Шайтоннинг кучи билан мўъжизалар яратяпти деб туҳмат қилишарди (Марк 3:22–30 ўқинг). Бу одамлар Исонинг душманлари бўлгани учун муқаддас руҳни куфр этишди. Ва шу йўсин улар кечирилмайдиган гуноҳ қилиб қўйишди. Албатта ҳеч ким уларга ўхшашни истамайди!
18. Муқаддас руҳга қарши гуноҳ қилиб қўйсак, нима қилиш даркор?
18 Кечирилмайдиган гуноҳга умуман яқинлашмаслик учун келинг, Павлуснинг муқаддас руҳни ранжитмаслик ҳақидаги сўзларини доимо ёдда тутайлик. Бироқ жиддий гуноҳ қилиб қўйган бўлсак-чи? Агар чин дилдан тавба қилиб, оқсоқоллардан ёрдам сўрасак, Аллоҳ бизни кечириб юборади. Бу билан биз, энди ҳеч қачон муқаддас руҳга қарши гуноҳ қилмаслигимизни кўрсатамиз. Фақатгина Худонинг мададига таяниб Унинг руҳини хафа қилмаслигимиз мумкин.
19, 20. а) Қандай ишлардан йироқлашишимиз керак? б) Нима қилишга қароримиз қатъий?
19 Худованд бизга муқаддас руҳини бераётгани учун Унинг халқи орасида меҳр-муҳаббат ва тинч-тотувлик ҳукм сурмоқда (Заб. 132:1–3). Имондошларимиз ҳақида ғийбат қилиш ёки оқсоқоллар тўғрисида бўлмағур гаплар тарқатиш билан Аллоҳнинг муқаддас руҳини хафа қилишимиз мумкин. Келинг, бундан ўзимизни асрайлик! (Ҳавор. 20:28; Яҳд. 8). Жамоатда бир-биримизни ҳурмат қилиб, ҳамжиҳатликни сақлашга интилайлик. Боз устига, одам ажратмасдан Худонинг халқи билан якдил бўлиш оқилонадир. Павлус ҳам шундай деб даъват қилмоқда: «Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизлардан ёлвориб сўрайманки, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-хаёлда тамомила якдил бўлинглар» (1 Кор. 1:10).
20 Тангри Яҳова, муқаддас руҳни хафа қилмаслигимиз учун бизга ёрдам беришга тайёр. Шундай экан, Худодан кўмак сўраб, Унинг руҳини ранжитмасликка ҳаракат қилайлик. Қайтанга, «Руҳ даласига уруғ экиб», ҳамиша Аллоҳдан йўл-йўриқ излашга интилайлик.
Марҳамат жавоб беринг
• Худонинг муқаддас руҳига қарши гуноҳ қилиш нимани англатади?
• Муқаддас руҳни қандай хафа қилиб қўйишимиз мумкин?
• Аллоҳнинг руҳини ранжитмаслик учун нима қилсак бўлади?
[30- саҳифадаги расм]
Тушунмовчиликларни дарҳол ҳал қилинг
[31- саҳифадаги расм]
Нутқимиз, қанақа инсон эканимизни кўрсатади?