Ўзингизни Шоҳлик фуқаросидек тутинг!
Хушхабарга муносиб равишда кун кечиринглар. ФИЛИП. 1:27
МАРҲАМАТ, ТУШУНТИРИНГ
Кимлар Шоҳлик фуқаролари бўлиши мумкин?
Шоҳликнинг тилини, тарихини ва қонунларини ўрганиш нимани англатади?
Қандай қилиб Шоҳлик фуқаролари Аллоҳнинг меъёрларини севишларини кўрсатишяпти?
1, 2. Нега Павлуснинг маслаҳати Филиппидаги жамоат учун ўзгача аҳамиятга эга бўлган?
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС, Филиппи шаҳридаги жамоатни «хушхабарга муносиб равишда кун кечиришга» ундаган (Филиппиликларга 1:27 ни ўқинг). Бу оятдаги «кун кечиринглар» деган ибора, шунингдек, ўзини фуқародек тутишни англатади. Ушбу сўзлар Филиппидаги жамоат учун ўзгача бир маънога эга эди. Нега? Сабаби, Рим империяси филиппиликларга фуқароликка эга бўлиб, Рим қонунининг ҳимояси остида бўлиш имконини берган бўлиши мумкин. Филиппиликлар Рим фуқаролари бўлишдан ғурурланишган, чунки бу фуқаролик туфайли улар кўп афзалликларга эга бўлишган.
2 Филиппидаги жамоат аъзоларида фахрланишга бундан ҳам афзалроқ сабаб бор эди. Павлус ўша мойланган масиҳийларга: «Биз эса осмон фуқароларимиз»,— деб эслатган (Филип. 3:20). Улар, шунчаки инсоний ҳукуматнинг эмас, балки Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлишган. Бу Шоҳлик, уларни ҳеч бир ҳукумат бера олмайдиган ҳимоя ва фойда билан таъминлаган (Эфес. 2:19–22).
3. а) Кимлар Шоҳлик фуқаролари бўлиш имконига эга? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
3 Павлуснинг, ўзини фуқародек тутиш маслаҳати, асосан Масиҳ билан самода бошқарадиган кишиларга тегишли эди (Филип. 3:20). Бироқ унга, Худо Шоҳлигининг ер юзидаги бўлажак фуқаролари ҳам амал қилишлари мумкин. Нима учун? Боиси, ҳаммамиз битта Шоҳимиз Яҳовага хизмат қиламиз ва Унинг талаблари барча хизматчилари учун бир хил (Эфес. 4:4–6). Бугунги кунда одамлар, бой-бадавлат мамлакат фуқароси бўлиш учун жуда кўп ҳаракат қилишади. Шоҳлик фуқароси бўлиш имконини эса, ундан ҳам кўпроқ қадрлашимиз керак эмасми?! Бу нақадар буюк имконият эканини тушунишимиз учун, келинг, инсоний ҳукумат фуқароси бўлиш билан, Худо Шоҳлигининг фуқароси бўлиш ўртасидаги айрим ўхшаш талабларни солиштириб кўрайлик. Сўнг, Шоҳлик фуқаролари бўлиб қолишни хоҳласак, бажаришимиз керак бўлган учта нарсани муҳокама қиламиз.
ФУҚАРОЛАР УЧУН ТАЛАБЛАР
4. Соф тил бу нима ва қандай қилиб унда гапира оламиз?
4 Тил ўрганиш. Баъзи ҳукуматлар, уларнинг фуқароси бўлишни истаган кишилардан давлат тилида гапиришни талаб этади. Ҳатто фуқароликка эга бўлгандан кейин ҳам, одамлар янги тилни ўзлаштириш учун кўп йиллар сарфлашлари мумкин. Улар тил қоидаларини тез ўзлаштириб олишар, лекин сўзларни тўғри талаффуз қилишга ўрганиш кўпроқ вақт талаб этади. Шу сингари, Худонинг Шоҳлиги ўз фуқароларидан, Муқаддас Китобда «соф тил» дейилган тилни ўрганишларини талаб қилади (Зафаниё 3:9 ни ўқинг)a. Бу қандай тил? Бу, Аллоҳ ва Унинг ниятлари тўғрисида Муқаддас Китоб таълим бераётган ҳақиқатдир. Худонинг қонун-қоидаларига мувофиқ йўл тутганимизда, соф тилда гапирган бўламиз. Шоҳлик фуқаролари Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини тезда ўрганиб олиб, сувга чўмишлари мумкин. Лекин улар, ҳатто сувга чўмишганидан кейин ҳам, соф тилда янада яхшироқ гапиришга ҳаракат қилишлари лозим. Қандай қилиб? Ҳар биримиз Муқаддас Китобдан билиб олганларимизга амал қилишга интилишимиз даркор.
5. Нега Яҳова ташкилотининг тарихи ҳақида иложи борича кўпроқ нарсани билиб олишимиз даркор?
5 Тарихни ўрганиш. Бирор мамлакат фуқароси бўлишни хоҳлаган киши, ўша ҳукуматнинг тарихини билиб олиши керак. Шунга ўхшаб, Шоҳлик фуқароси бўлишни истаганлар, бу Шоҳлик ҳақида иложи борича кўпроқ нарсани билиб олишлари лозим. Келинг, қадимда Исроилда хизмат қилган Кўрах ўғилларининг мисолига эътибор қаратайлик. Улар Қуддус шаҳрини ва у ердаги топиниш жойини яхши кўриб, бу шаҳарнинг тарихи ҳақида гапиришни ёқтиришган. Кўрах ўғиллари бу шаҳарни ҳашаматли бўлгани учун эмас, балки у «буюк Шоҳнинг [Яҳованинг] шаҳри» бўлгани учун яхши кўришган. Қуддус ҳақ топиниш маркази бўлган ва одамлар у ерда Яҳованинг қонунларини ўрганиб, Унга топинишган. Ушбу инсонларни «Буюк Шоҳ» Яҳова бошқариб, уларга меҳр-иноятини намоён этган (Забур 47:2, 3, 10, 13, 14 ни ўқинг). Улар каби, сиз ҳам Яҳова ташкилотининг тарихи ҳақида билиб олишни ва буни ўзгалар билан баҳам кўришни истайсизми? Аллоҳнинг ташкилоти ҳамда У Ўз халқини қандай қўллаб-қувватлаётгани тўғрисида кўпроқ билиб олганингиз сари, Худонинг Шоҳлиги мавжуд ҳукумат эканлигига ишончингиз янада ошади. Бу, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш истагингизни кучайтиради (Ерм. 9:24; Луқо 4:43).
6. Нима учун Яҳова, Шоҳликнинг қонун-қоидаларини билишимизни ва уларга бўйсунишимизни талаб қилиши оқилона?
6 Қонунларни билиш. Инсоний ҳукуматлар, ўз фуқароларидан давлат қонунларини билиб олишларини ва уларга бўйсунишларини талаб қилишади. Яҳова ҳам Шоҳликнинг барча фуқароларидан, қонун-қоидаларини билишларини ва уларга бўйсунишларини талаб қилиши оқилонадир (Ишаё 2:3; Юҳан. 15:10; 1 Юҳан. 5:3). Инсонларнинг қонунлари кўпинча номукаммал ва адолатсиз бўлади. Аммо «Эгамизнинг қонуни мукаммалдир» (Заб. 18:8). Шундай экан, Аллоҳнинг қонунларидан завқ олиб, Унинг Каломини ҳар куни ўқияпмизми? (Заб. 1:1, 2). Тангрининг қонунларини ҳар биримиз тадқиқ қилишга уринишимиз даркор. Ҳеч бир одам буни биз учун қила олмайди.
ШОҲЛИК ФУҚАРОЛАРИ ТАНГРИНИНГ МЕЪЁРЛАРИНИ СЕВИШАДИ
7. Шоҳлик фуқаролари қандай юксак меъёрлар бўйича яшашади?
7 Шоҳлик фуқаролари бўлиб қолиш учун, Худонинг меъёрларини нафақат билишимиз, балки уларни яхши кўришимиз ҳам керак. Инсоний ҳукуматларнинг аксарият фуқаролари, мамлакатларидаги қонун-қоидаларига қўшиламиз, деб айтишади. Бироқ муайян бир қонун ёқмаса, ҳеч ким кўрмаяпти, деган фикрда уни бузишади. Кўпинча, бундай кишилар «одамларга маъқул келишга интилишади» (Колос. 3:22). Шоҳлик фуқаролари эса, юксак меъёрлар бўйича яшашади. Ҳатто ҳеч бир инсон кўрмаганда ҳам, биз Аллоҳнинг қонунларига бажонидил бўйсунамиз. Нима учун? Чунки биз, Қонун чиқарувчини севамиз (Ишаё 33:22; Луқо 10:27 ни ўқинг).
8, 9. Худонинг қонунларини чиндан ҳам севишингизни қандай қилиб билишингиз мумкин?
8 Худонинг қонунларини чиндан ҳам севишингизни қаердан билишингиз мумкин? Буни, сизга маслаҳат беришганда, сиз уни қандай қабул қилишингизни таҳлил қилиш орқали билса бўлади. Айтайлик, сизга шахсий танловингиз, масалан кийиниш ва ташқи кўриниш масаласида маслаҳат беришди. Шоҳлик фуқароси бўлишдан олдин, пала-партиш ёки эҳтиросни қўзғатадиган кийимлар кийгандирсиз. Аммо Худога бўлган севгингиз ошгани сайин, Унга шараф келтирадиган тарзда кийинишни ўрганиб олдингиз (1 Тим. 2:9, 10; 1 Бутр. 3:3, 4). Сиз ор-номус билан кийиняпман деб ўйлаётгандирсиз. Лекин оқсоқол ёнингизга келиб, сизнинг либосларингиз жамоатдагиларнинг кўпини ноқулай аҳволга соляпти, деб айтса-чи? Бунга қандай жавоб берардингиз? Ўзингизни оқлайсизми, хафа бўласизми ёки ўжарлик қиласизми? Шоҳликнинг асосий қонунларидан бири, барча фуқаролар Масиҳга тақлид қилишлари кераклигидан иборат (1 Бутр. 2:21). Исонинг ўрнаги борасида ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзган: «Ҳар биримиз ўз яқинимизнинг фойдасини кўзлаб, унинг мустаҳкамланиши учун кўнглини топайлик. Ахир Масиҳ ҳам ўзига маъқул бўлган ишларни қилмаган» (Рим. 15:2, 3). Жамоатдаги тинчликни сақлаб қолиш учун, маънан етук масиҳий бошқаларнинг виждонига таъсир қиладиган ишлардан қочишга ҳаракат қилади (Рим. 14:19–21).
9 Энди келинг, жинсий алоқага ва никоҳга бўлган нуқтаи назаримиз борасида фикр юритиб кўрайлик. Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлмаган кишилар, гомосексуализм, порнография, зино ёки ажрашишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ, деб ўйлашлари мумкин. Бироқ Шоҳлик фуқаролари, ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатлари ва бу бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлашга ўрганишган. Гарчи кўп масиҳийлар ҳақиқатни билиб олишдан аввал ахлоқсиз ҳаёт кечирган бўлишса-да, эндиликда жинсий алоқа ва никоҳни Худонинг инъомлари деб қабул қилишмоқда. Улар Яҳованинг юксак меъёрларини қадрлашади ва ахлоқсиз ҳаёт кечирганлар, Шоҳлик фуқаролари бўла олмасликларини билишади (1 Кор. 6:9–11). Лекин улар, қалб ўта алдамчи эканини ҳам тушунишади (Ерм. 17:9). Шу боис улар, юксак ахлоқий меъёрларга бўйсунишга кўмаклашаётган ўзгача огоҳлантиришларни қадрлашади.
ШОҲЛИК ФУҚАРОЛАРИ ОГОҲЛАНТРИШЛАРНИ ҚАДРЛАШАДИ
10, 11. Худонинг Шоҳлиги қандай муҳим огоҳлантиришлар беряпти ва улар ҳақида сиз қандай фикрдасиз?
10 Инсоний ҳукуматлар, ўз фуқароларини озиқ-овқат ва дори-дармонлар масаласида огоҳлантиришади. Тўғри, озиқ-овқат ва дориларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас. Лекин айрим маҳсулотлар зарарли бўлса, ҳукумат фуқароларини ҳимоялаш учун огоҳлантириш беради. Агар ҳукумат бундай қилмаса, бепарволиги учун айбдор ҳисобланади. Шунга ўхшаб, Худонинг Шоҳлиги ҳам фуқароларини муайян ахлоқий ва маънавий хавф-хатардан ўз вақтида огоҳлантиради. Мисол учун, кўп одамлар Интернетдан мулоқот қилиш, таълим олиш ва ўйин-кулгилар учун фойдаланишади. Худонинг ташкилоти ҳам Интернетни кўп яхши ишлар учун қўллайди. Бироқ Интернетдаги кўп сайтлар ахлоқий ва маънавий жиҳатдан хатарлидир. Порнография кўрсатадиган веб-сайтлар, Шоҳлик фуқароларининг маънавий соғлигига путур етказиши турган гап. Кўп йиллардан бери ишончли хизматкор бизни бундай сайтлардан огоҳлантириб келмоқда. Маънавий соғлигимиз борасидаги бундай огоҳлантиришлар учун жуда миннатдормиз!
11 Сўнги йилларда, сайтларнинг яна бир тури оммабоп бўлиб кетган. Бу сайтлар ижтимоий тармоқ деб аталади. Улар, ҳам фойда, ҳам зиён келтириши мумкин. Ушбу сайтлар, ёмон одамлар билан мулоқот қилишга олиб келиши ҳеч гап эмас (1 Кор. 15:33). Мана нима сабабдан, Худонинг ташкилоти бундай сайтлардан фойдаланиш борасида мувозанатли огоҳлантиришлар бериб келмоқда. Ишончли хизматкор ижтимоий тармоқлар ҳақида чоп этган сўнги мақолаларнинг ҳаммасини ўқиб чиқдингизми? Ушбу мақолаларни ўқимай туриб, бундай сайтлардан фойдаланиш хавфлидирb. Буни, кучли дори идишидаги огоҳлантиришларни ўқимай туриб, уни истеъмол қилишга ўхшатса бўлади.
12. Нима учун огоҳлантиришларни назарга илмаслик нодонликдир?
12 Ишончли хизматкорнинг огоҳлантиришларини назарига илмаётган киши, ўзига ва яқинларига зиён келтиради. Баъзилар порнография томоша қилиб ёки жинсий ахлоқсизликка қўл уриб, Яҳова уларнинг қилмишларини кўрмайди, деган хаёлга боришади. Хатти-ҳаракатларимизни Яҳовадан яшира оламиз деб ўйлаш, қанчалар нодонликдир! (Ҳик. 15:3; Ибронийларга 4:13 ни ўқинг). Худо бундай кишиларга ёрдам беришни истайди ва оқсоқолларни уларга кўмаклашишга ундайди (Галат. 6:1). Бироқ инсоний ҳукуматлар, муайян қилмиши учун кишини фуқароликдан маҳрум этганидай, Яҳова ҳам Унинг меъёрларини бузиб, тавба қилмаганларни фуқароликдан маҳрум қиладиc (1 Кор. 5:11–13). Лекин Яҳова раҳм-шафқатли Худодир. Тавба қилиб, ишларини тўғрилаган кишилар, Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларини тиклай олишади ва Шоҳлик фуқаролари бўлиб қолишади (2 Кор. 2:5–8). Шундай меҳрибон Шоҳга хизмат қилиш катта шараф!
ШОҲЛИК ФУҚАРОЛАРИ ТАЪЛИМНИ ҚАДРЛАШАДИ
13. Шоҳлик фуқаролари таълимни қадрлашаётганини қандай кўрсатишяпти?
13 Инсоний ҳукуматларнинг аксарияти фуқароларига таълим бериш учун астойдил ҳаракат қилади. Улар одамларга асосий таълим бериш учун, мактаблар қуришади. Шоҳлик фуқаролари бундай мактабларни қадрлаб, ўқиш ва ёзишни ҳамда ишлаш учун керакли ҳунарларни ўрганишади. Аммо улар Шоҳлик фуқаролари сифатида, бундан ҳам юксакроқ таълим олиш шарафига муяссарлар. Яҳова масиҳийлар жамоати орқали таълим бермоқда. Масалан ота-оналарга, болалари билан бирга ўқиб туриш тавсия этилади. Ҳар ой ишончли хизматкор Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни нашр этади. Агар кунига тахминан битта ёки иккита саҳифадан ўқисангиз, Яҳова бизга тақдим этаётган таълимдан фойда олишда давом этасиз.
14. а) Биз қандай таълим оляпмиз? б) Оилавий топиниш борасидаги қайси маслаҳатларга амал қиляпсиз?
14 Ҳар ҳафта Шоҳлик фуқаролари жамоат учрашувларида таълим олишади. Масалан, 60 йилдан кўпроқ вақт давомида Воизлик мактаби ўқувчиларга, Худо Каломининг самарали ўқитувчилари бўлишларига кўмаклашиб келмоқда. Сиз ҳам бу Мактабга ёзилганмисиз? Сўнгги йилларда ишончли хизматкор, ҳар ҳафта оила билан бирга Худога топиниш муҳим эканини тушунтирмоқда. Ушбу тадбир, оилалар аҳил бўлишига кўмаклашади. Адабиётларимизда бу масалада берилаётган маслаҳатларга сиз ҳам амал қиляпсизми?d
15. Қандай катта шарафга эгамиз?
15 Инсоний ҳукуматлар фуқаролари ҳатто уйма-уй юриб, бошқаларни бирон-бир сиёсий партияни қўллаб-қувватлашга даъват этишади. Бутун дунёдаги Шоҳлик фуқаролари эса, Худонинг Шоҳлиги ҳақида кўча-кўйда ва уйма-уй ваъз қилиб, уни жасорат ила қўллаб-қувватлашяпти. Ўтган тадқиқ мақоласида айтилганидек, Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайдиган «Қўриқчи минораси» дунёда кенг тарқалган журналдир. Ўзгаларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтиб бериш катта шараф! Сиз ҳам ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила қатнашяпсизми? (Мат. 28:19, 20).
16. Худо Шоҳлигининг яхши фуқароси эканингизни қандай исботласангиз бўлади?
16 Яқинда Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқарадиган ягона ҳукумат бўлади. Бу Шоҳлик нафақат маънавий нарсалар, балки кундалик ҳаётнинг барча соҳалари устидан назорат қилади. Ўшанда сиз ҳам, Худо Шоҳлигининг яхши фуқароси бўласизми? Ҳозир буни тасдиқлашнинг айни пайтидир. Ҳар куни чиқараётган қарорларингизда, Яҳовани шарафлаш ва Шоҳликнинг яхши фуқароси бўлишни исботлаш учун қўлингиздан келганча ҳаракат қилинг (1 Кор. 10:31).
[Изоҳлар]
a Зафаниё 3:9, ЯДТ: «Ўшанда Мен халқларга соф тил ато этаман, токи улар Яҳова исмини чақириб, Унга елкама-елка хизмат қилишсин».
b Мисол учун, «Уйғонинг!» (рус) 2011- йил июль сонидаги 24–27- саҳ.; 2011- йил август сонидаги 10–13- саҳ. ва 2012- йил февраль сонидаги 3–9- саҳ. қ.
d «Қўриқчи минораси»нинг 2011- йил 15- август 6–7- саҳ. ва «Илоҳий хизматимиз»нинг 2011- йил январь сонидаги 3–5- саҳ. қ.
[14- саҳифадаги матн парчаси]
Интернет борасида ишончли хизматкорнинг огоҳлантиришларига қулоқ соляпсизми?
[12- саҳифадаги расм]
Кўрах ўғиллари каби, сиз ҳам ҳақ топиниш ва унинг тарихини яхши кўрасизми?
[15- саҳифадаги расм]
Оилавий топиниш, сизга ва оилангизга Шоҳликнинг яхши фуқаролари бўлишга ёрдам беради