«Худонинг тинчлиги... ҳар қандай ўй-фикрдан устун»дир
Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни... ҳимоя қилади. ФИЛИП. 4:7
1, 2. Филиппида юз берган қайси воқеалар Павлус ва Силанинг қамоққа ташланишига сабаб бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
ЯРИМ КЕЧА бўлиб қолди. Худонинг хизматчилари Павлус ва Силани Филиппи шаҳридаги қамоқхонанинг жуда пухта қўриқланадиган қисмига ташлашган эди. Уларнинг оёқлари маҳкам кишанланган, яқиндагина саваланган баданлари эса ҳали ҳам оғриб турганди. (Ҳавор. 16:23, 24) Ҳаммаси бир пастда ўзгариб кетди! Бундан олдин бир тўда одамлар дабдурустдан уларни шошилинч чақирилган суд олдида жавобгарликка тортиш учун бозор майдонига судраб келишганди. Павлус ҳамда Силанинг кийимлари йиртилганди ва уларни хивич билан аёвсиз савалашганди. (Ҳавор. 16:16–22) Бу ўтакетган адолатсизлик эди! Ахир Рим фуқароси бўлган Павлус бошқача муносабатга лойиқ эмасмиди?!a
2 Павлус қамоқда ўтириб, кун давомида бўлиб ўтган воқеаларни хаёлидан ўтказаётган эди. У Филиппидаги одамлар ҳақида ўйлаётганди. Павлус ташриф буюрган кўпгина бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ, бу шаҳарда яҳудийларнинг битта ҳам ибодатхонаси йўқ эди. Шу боис, яҳудий динига эътиқод қилганлар шаҳар дарвозасидан ташқарида, дарё бўйида йиғилишарди. (Ҳавор. 16:13, 14) Наҳот уларнинг шаҳрида ҳеч бўлмаганда ўнта яҳудий эркак топилмаса?! Ахир бу сон шаҳарда ибодатхона қурилиши учун етарли бўларди-ку! Гап шундаки, филиппиликлар Рим фуқароси бўлишганидан мағрурланишган. (Ҳавор. 16:21) Эҳтимол, шу сабабли улар яҳудий бўлган Павлус ва Сила Рим фуқароси бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтиришмаган. Биз буни фақат тахмин қила оламиз, лекин шуниси аниқки, Павлус ва Силани қамоққа ташлашгани адолатдан эмасди.
3. Нега Павлуснинг қамоққа олиниши унда саволлар туғдирган, лекин шунга қарамай, у бунга қандай муносабат билдирган?
3 Шунингдек, Павлус бундан бир неча ой олдин юз берган воқеалар ҳақида ҳам мулоҳаза юритгани эҳтимолдан йироқ эмас. Ўшанда у Кичик Осиёда, Эгей денгизининг бошқа соҳилида эди. Павлус у ерда бўлганида, муқаддас руҳ унга муайян ҳудудларда ваъз қилишга қайта-қайта тўсқинлик қилиб, худди уни бошқа жойга боришга ундаётгандай эди. (Ҳавор. 16:6, 7) Аммо қаерга? Бу саволга жавобни Павлус Троасда бўлганида ваҳий орқали олади. Кимдир унга: «Македонияга кел»,— деб ёлвораётган эди. Павлус бунда Яҳованинг аниқ йўл-йўриғини кўриб, шу заҳоти таклифни қабул қилди. (Ҳаворийлар 16:8–10 ни ўқинг.) Хўш, кейин нима содир бўлди? Македонияга келганидан кўп ўтмай, уни қамоққа ташлашди! Нима учун Яҳова бу воқеа Павлус билан юз беришига йўл қўйди? Қизиқ, у қанча вақт давомида қамоқда ўтиради? Гарчи бу саволлар Павлусни роса ташвишлантираётган бўлса-да, у бундай вазият унинг имонига путур етказиб, хурсандчилигини ўғирлашига йўл қўймади. У Сила билан биргаликда «ибодат қилиб, Аллоҳга ҳамду санолар куйлашни» бошлади. (Ҳавор. 16:25) Шунда Худонинг тинчлиги уларнинг қалбию онгини қамраб олди.
4, 5. а) Қандай қилиб биз Павлусникига ўхшаш вазиятга дуч келишимиз мумкин? б) Қай йўсин Павлуснинг вазияти кутилмаганда ўзгариб кетди?
4 Сиз ҳам Павлусникига ўхшаш вазиятга дуч келганмисиз? Эҳтимол, қарор чиқариш учун Худодан ёрдам сўрагансиз ва ибодатингизга биноан йўл тутиб, муқаддас руҳ раҳбарлигига бўйсунганингизга амин бўлгансиз. Аммо кейинчалик кўп қийинчиликларни бошдан кечирдингиз ва сизга ҳаётингизни тубдан ўзгартиришга тўғри келган. (Воиз 9:11) Бўлиб ўтган воқеаларга назар ташлаб, эҳтимол сиз нима учун бу нарсалар мен билан юз берди, деб ўйлаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, Яҳовага тўлиқ таяниб, бундан буён ҳам сабр-бардошли бўлишингизга нима ёрдам беради? Бу саволга жавоб олиш учун, келинг, Павлус билан Силанинг вазиятини чуқурроқ ўрганиб чиқайлик.
5 Павлус ва Сила Худога ҳамду сано куйлашаётганда, кутилмаган воқеалар содир бўлади. Қўққисдан кучли зилзила юз беради. Қамоқхона эшиклари ланг очилади. Ҳамма маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетади. Павлус қамоқхона назоратчисини ўз жонига қасд қилишдан тўхтатади. Қамоқхона назоратчиси ва унинг бутун хонадони сувга чўмишади. Кейинги кун шаҳар маъмурлари Павлус ва Силани озод этиш учун ўз хизматчиларини жўнатишади. Ушбу мансабдор шахслар улардан тинчгина шаҳарни тарк этишни илтимос қилишади. Улар Павлус ва Сила Рим фуқаролари эканини билгач, катта хатога йўл қўйишганини тушунишади ва ўзлари келиб, бу икки кишини қамоқдан чиқаришади. Аммо Павлус ва Сила шаҳардан чиқишдан олдин яқиндагина сувга чўмган Лидия билан хайрлашгани боришади. Боз устига, улар бу имкониятдан фойдаланиб, биродарларни ҳам мустаҳкамлашади. (Ҳавор. 16:26–40) Вазият қанчалик тезда ўзгариб кетди-я!
«ХУДОНИНГ ТИНЧЛИГИ... ҲАР ҚАНДАЙ ЎЙ-ФИКРДАН УСТУН»ДИР
6. Ҳозир нимани муҳокама қиламиз?
6 Хўш, мазкур воқеалардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Яҳова кутилмаган ишларни қила олар экан, қийинчиликларга рўбарў бўлганимизда ташвишланишнинг ҳожати йўқ. Шубҳасизки, бўлиб ўтганлар Павлусга қаттиқ таъсир қилган ва бу кейинчалик унинг Филиппи шаҳридаги биродарларига ташвишлар ҳамда Худонинг тинчлиги ҳақида ёзган мактубидан аён бўлган. Келинг, аввал Филиппиликларга 4:6, 7 да (ўқинг) ёзилган Павлуснинг сўзларида тўхталиб ўтамиз. Сўнг Яҳова кутилмаган ишларни қилгани тўғрисида Муқаддас Китобдаги бошқа мисолларни кўриб чиқамиз. Охирида эса, Яҳовага тўлиқ таяниб, сабр-бардошли бўлишимизга «Худонинг тинчлиги» қандай ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қиламиз.
7. Павлус филиппилик имондошларига мактуб ёзганида, уларга қандай сабоқ бермоқчи бўлган ва унинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?
7 Филиппилик имондошлар Павлуснинг уларга ёзган мактубини ўқишганида, улар Павлус нималарни бошдан кечирганини эслашарди. Улардан ҳеч ким Яҳова айнан шу тарзда йўл тутишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Ҳаворий уларга қандай сабоқ бермоқчи эди? Ташвишланманг. Ибодат қилинг, шунда Худонинг тинчлигига эга бўласиз. Аммо диққат қилсангиз, Павлус: «Худонинг тинчлиги... ҳар қандай ўй-фикрдан устун»,— деб ёзган. Бу нимани англатади? Баъзи таржимонлар бу иборани «барча орзулар ёки режалардан устун» деб ўгиришган. Павлус «Худонинг тинчлиги» тасаввур қилганимиздан ҳам ажойиброқ, деб айтмоқчи бўлган. Гарчи инсоний нуқтаи назардан муаммоларимизнинг ечими йўқдек туюлса-да, Яҳова уларнинг ечимини билади ва У кутилмаган тарзда муаммоларимизни ҳал қилади. (2 Бутрус 2:9 ни ўқинг.)
8, 9. а) Павлус Филиппида адолатсизликдан азият чеккан бўлса-да, ўша воқеалар туфайли қандай яхши натижаларга эришилди? б) Нима учун Филиппидаги биродарлар Павлуснинг сўзларини жиддий қабул қила олишарди?
8 Филиппилик имондошлар охирги ўн йил ичида Яҳова уларга нималар қилгани ҳақида мулоҳаза юритишганида, уларнинг имони мустаҳкамланган бўлса керак. Ҳа, Павлуснинг сўзлари ҳақиқат бўлиб чиқди. Гарчи Яҳова адолатсизликка йўл қўйган бўлса ҳам, бу яхши натижага, яъни «хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштиришга» олиб келди. (Филип. 1:7) Бундан буён шаҳар маъмурлари уларнинг шаҳрида яқиндагина ташкил этилган масиҳийлар жамоатига қарши қандайдир чора кўришдан олдин яхшилаб ўйлашлари керак эди. Павлус Рим фуқароси эканини эслатиб ўтгани туфайли, Масиҳнинг издоши Луқо Павлус ва Сила Филиппини тарк этишганидан сўнг, бу шаҳарда қолишга муваффақ бўлди. Шу йўсин, Луқо бу шаҳардаги яқинда масиҳий бўлганларга ёрдам бера олди.
9 Шаксизки, Филиппидаги биродарлар Павлуснинг мактубини ўқиганда, бу сўзлар бирон бир идорада ишлаётган олимнинг сўзлари эмаслигини тушунишарди. Павлус шиддатли қийинчиликларга дуч келишига қарамай, «Худонинг тинчлигига» эга эканини кўрсатган. Гап шундаки, Павлус Филиппидаги биродарларга мактуб ёзганида, Римда, уй қамоғида бўлган. Аммо шунда ҳам, у «Худонинг тинчлигини» сақлай олган. (Филип. 1:12–14; 4:7, 11, 22)
«ҲЕЧ НАРСАДАН ТАШВИШЛАНМАНГЛАР»
10, 11. Муаммоларимиз ҳақида ҳаддан ташқари қайғурмасликка нима ёрдам беради ва нимани кутсак бўлади?
10 Ҳеч нарсадан ташвишланмасликка ҳамда «Худонинг тинчлигини» ҳис қилишга бизга нима ёрдам беради? Павлуснинг филиппиликларга айтган сўзларидан ибодат хавотирланишга қарши яхши восита эканини кўрсак бўлади. Шундай экан, хавотирланаётганимизда барча ғам-ташвишларимизни ибодатда Худога айтишимиз лозим. (1 Бутрус 5:6, 7 ни ўқинг.) Яҳова сиз ҳақда қайғураётганига ишонинг ва тўлиқ имон билан Унга мурожаат этинг. У сизга берган баракаларини ёдда тутиб, «миннатдорчилик билан» Унга ибодат қилинг. Аллоҳ «биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам анча ортиғини бажаришга қодир» эканини эсда сақласак, Унга бўлган ишончимиз мустаҳкамланади. (Эфес. 3:20)
11 Павлус ва Сила сингари биз ҳам, Яҳова шахсан биз учун нималар қилганини кўриб, ҳайратда қолишимиз мумкин. Эҳтимол, бу бизни лол қолдирадиган нарса бўлмас, аммо бу бизга керак бўлган нарса бўлиши аниқ. (1 Кор. 10:13) Албаттаки, биз Яҳованинг Ўзи вазиятни тузатади ёки муаммони ечади, дея қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Ибодатларимизга мувофиқ йўл тутишимиз муҳим. (Рим. 12:11) Бу орқали ҳаракатларимиз самимий эканини кўрсатамиз. Бу эса Яҳовани бизга барака беришига ундайди. Шу билан бир вақтда, Яҳова илтимосларимиз, режаларимиз ва орзуларимиздан ҳам ортиғини қилишга қодир эканини тушунишимиз лозим. Баъзида У биз учун кутилмаган совғалар қилиши мумкин. Келинг, Яҳова манфаатимизни кўзлаб, биз учун кутилмаган ишларни қилишга қодир эканига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайдиган Муқаддас Китобдаги айрим баёнотларни кўриб чиқайлик.
ЯҲОВА КУТИЛМАГАН ИШЛАР ҚИЛГАНИ ТЎҒРИСИДАГИ МИСОЛЛАР
12. а) Оссурия шоҳи Санхарив таҳдид солганида, шоҳ Ҳизқиё нима қилди? б) Яҳова вазиятни қандай ҳал қилганидан нимани ўргансак бўлади?
12 Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимизда, Яҳова кутилмаган ишлар қилгани тўғрисида жуда кўп мисолларга дуч келамиз. Ҳизқиё Яҳудонинг шоҳи бўлганида, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудога ҳужум қилиб, Қуддусдан ташқари барча мустаҳкам шаҳарларни қўлга олган эди. (4 Шоҳ. 18:1–3, 13) Сўнг Санхарив Қуддусга ҳужум қилишга ўтди. Шоҳ Ҳизқиё қочиб қутулиб бўлмайдиган бу хавфга дуч келганида нима қилди? У ибодатда Яҳовага мурожаат қилиб, Ишаё пайғамбар билан маслаҳатлашди. (4 Шоҳ. 19:5, 15–20) Шунингдек, Ҳизқиё шоҳ Санхарив талаб қилган ўлпонни тўлаб, фаҳм-фаросатни намоён этди. (4 Шоҳ. 18:14, 15) Охири, Ҳизқиё узоқ қамалга тайёргарлик кўрди. (2 Сол. 32:2–4) Аммо бу вазият қандай ҳал қилинди? Яҳова фариштасини юбориб, бир кечада Санхаривнинг 185 000 та аскарини ўлдирди. Ҳа, ҳатто Ҳизқиё вазият бундай ечим топишини кутмаган эди. (4 Шоҳ. 19:35)
13. а) Юсуф билан юз берган воқеадан қандай сабоқ олсак бўлади? б) Иброҳимнинг хотини Сора билан қандай кутилмаган воқеа содир бўлди?
13 Келинг, Ёқуб ўғли Юсуфнинг мисолини кўриб чиқайлик. Юсуф Мисрда зиндонда ўтирганида, бу юрт устидан ҳоким бўлиб тайинланишини ҳамда Яҳова унинг оиласини очарчиликдан сақлаш учун ундан фойдаланиши мумкинлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. (Ибт. 40:15; 41:39–43; 50:20) Шубҳасизки, Яҳованинг ишлари Юсуфнинг барча ўй-хаёлларидан ошиб тушди. Қолаверса, унинг катта бувиси Сора ҳақида ҳам ўйлаб кўрайлик. Ёши ўтган Сора Яҳова унга нафақат чўриси орқали болали бўлишга, балки ўзи фарзанд кўришига имкон беришини тасаввур қила олганми?! Аниқ-равшанки, Исҳоқнинг туғилиши Соранинг барча тасаввурларидан ошиб тушди. (Ибт. 21:1–3, 6, 7)
14. Нима учун Яҳова бизга ёрдам беришига аминмиз?
14 Тўғри, Яҳова янги дунё келмасидан олдин муаммоларимизни мўъжизавий тарзда ҳал қилишини ҳамда ҳаётимизда ажойиботлар содир бўлишини кутмаймиз. Аммо Яҳова қадимги хизматчиларига ўзгача тарзда ёрдам берганини биламиз ва У ўзгаргани йўқ. (Ишаё 43:10–13 ни ўқинг.) Бундай аминлик Унга бўлган имонимизни мустаҳкамлайди. Аллоҳ Унинг иродасини бажаришимиз учун бизга керак бўлган ҳар нарсани беришга қодир эканига ишончимиз комил. (2 Кор. 4:7–9) Хўш, Муқаддас Китобдаги мазкур баёнотлардан нимани ўргансак бўлади? Ҳизқиё, Юсуф ва Соранинг мисолларидан кўриниб турганидай, агар Яҳовага содиқ қолсак, У енгиб бўлмайдигандек туюлган вазиятларни мағлуб қилишимизга ёрдам бера олади.
Агар Яҳовага содиқ қолсак, У енгиб бўлмайдигандек туюлган вазиятларни мағлуб қилишимизга ёрдам бера олади
15. «Худонинг тинчлиги»га эга бўлишимизга нима ёрдам беради? Тушунтиринг.
15 Қийинчиликларга дуч келишимизга қарамай, қандай қилиб «Худонинг тинчлиги»га эга бўла оламиз? Биз Аллоҳимиз Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкам сақлашимиз лозим. Бундай муносабатларга ўз жонини тўлов қурбонлиги сифатида берган «Исо Масиҳ орқали»гина эга бўлишимиз мумкин. Ушбу тўлов — Отажонимизнинг ажойиб совғаларидан биридир. Яҳова тўловдан гуноҳларимизни ювиш мақсадида фойдаланиб, тоза виждонга эга бўлишимизга ҳамда Унга яқинлашишимизга ёрдам бермоқда. (Юҳан. 14:6; Ёқб. 4:8; 1 Бутр. 3:21)
«ХУДОНИНГ ТИНЧЛИГИ» ҚАЛБИМИЗ ВА ОНГИМИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
16. «Худонинг тинчлиги»га эга бўлганимизда, натижаси қанақа бўлади? Мисол келтиринг.
16 «Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги»га эга бўлганимизда, натижаси қанақа бўлади? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади». (Филип. 4:7) Асл матндан «ҳимоя қилиш» деб таржима қилинган сўз ҳарбий соҳага оид бўлиб, қадимда мустаҳкам шаҳарни мудофаа қилиш учун тайинланган муайян қўшинлар гуруҳига нисбатан қўлланилган. Филиппи ҳам мана шундай шаҳарлар сирасидан бўлган. Филиппининг аҳолиси шаҳар дарвозаларини аскарлар ҳимоя қилаётганини билгани учун кечқурун бехавотир ухлаган. Худди шунга ўхшаб, «Худонинг тинчлиги»га эга бўлганимизда, қалбимизу онгимиз хотиржам бўлади. Чунки, Яҳова биз ҳақимизда қайғуришини ва бизга бахт тилашини биламиз. (1 Бутр. 5:10) Бу эса бизни ҳаддан ташқари ташвишланишдан ва тушкунликка тушишдан ҳимоя қилади.
17. Келажакка тўла аминлик билан боқишимизга нима ёрдам беради?
17 Яқинда инсоният ҳали ер юзида ҳеч қачон содир бўлмаган буюк мусибатни бошдан кечиради. (Мат. 24:21, 22) Бу шахсан ҳар биримиз учун нимани англатишини охиригача билмаймиз. Аммо бу ҳақда ҳаддан ташқари ташвишланишимизга ҳожат йўқ. Гарчи Яҳова нима қилмоқчи эканини тўлиқ билмасак-да, лекин биз Худойимизни биламиз. Яҳованинг ўтмишда қилган ишларидан кўриниб турганидек, нима бўлишидан қатъи назар У доим Ўз иродасини амалга оширади ва баъзида буни кутилмаган тарзда бажаради. Ҳар сафар Яҳова биз билан шундай йўл тутганида, «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги»ни ўзгача тарзда ҳис эта оламиз.
a Эҳтимол, Сила ҳам Рим фуқароси бўлган. (Ҳавор. 16:37)