Яҳованинг Каломи жонли
Салоникаликларга ва Тимўтийга йўлланган мактубларнинг диққатга сазовор оятлари
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС Салоникадаги жамоатни ташкил қилганидан бери, жамоатдагилар қувғинларга дуч келишди. Шу боис, ҳали ўттизга кирмаган Тимўтий, яхши хабар билан Салоникадан қайтиб келганда, Павлус ушбу жамоатдаги имондошларини мақтаб далда бериш учун хат ёзди. Милодий 50- йилнинг охирларида ёзилган ушбу хат, Павлуснинг биринчи мактуби бўлиб, Муқаддас Китоб таркибига кирди. Кўп вақт ўтмай, у ердаги жамоатга иккинчи мактубини йўллаб, баъзи имондошларининг нотўғри нуқтаи назарини тузатди ва имонда мустаҳкам туришга даъват қилди.
Тахминан ўн йил ўтгач Павлус Македонияда, Тимўтий эса Эфесда эди. Павлус Тимўтийни у шаҳарда қолиб, жамоатдаги сохта устозлар билан маънавий кураш олиб боришга ундади. Милодий 64- йили Римда ёнғин содир бўлгандан сўнг, масиҳчиларни таъқиб қила бошлашди. Шунда Павлус Тимўтийга иккинчи мактубини ёзиб юборди. Бу хат унинг охирги мактуби эди. Бугунги кунда эса ушбу тўртта мактубдан далда ва панд-насиҳат олмоқдамиз (Иброн. 4:12).
«ҲУШЁР БЎЛАЙЛИК»
Ҳаворий, салоникаликларни имон билан иш қилганлари, муҳаббат ила заҳмат чекканлари ҳамда сабр-тоқатли бўлганлари учун мақтади. Павлус айтганидек, жамоатдагилар у учун умид, севинч ҳамда фахрланадиган тож эдилар (1 Салон. 1:3; 2:19).
Павлус салоникадагиларни тирилишга бўлган умид билан ўзаро далда беришга ундаб, шундай деган: «Кечаси ўғри қандай келса, маҳшар куни ҳам шундай келади». У имондошларини «бедор ва ҳушёр бўлишга» чорлади (1 Салон. 4:16–18; 5:2, 6).
Саволларга жавоблар:
4:15–17 — Ким Исони «ҳавода кутиб олиш учун булутлар билан кўтарилади» ва бу қандай содир бўлади? Бу ерда, Исо самовий тахтга ўтирган пайтда яшаётган мойланган масиҳчилар ҳақида гап кетяпти. Улар Ҳазрати Исони юксак маконда кутиб олишади. Бироқ даставвал улар ўлиб, кейин эса руҳий шахслар сифатида тирилишлари даркор (Рим. 6:3–5; 1 Кор. 15:35, 44). Масиҳнинг зоҳир бўлиш даври бошлагани сабабли, ҳозир қазо қилаётган мойланганлар ўлим уйқусида эмас, балки шу заҳотиёқ самовий ҳаёт учун тирилишяпти (1 Кор. 15:51, 52).
5:23 — Павлус биродарларининг руҳи, жони ва танаси учун ибодат қилганда нимани назарда тутган? У барча имонлилар жамоати, шу қаторда Салоникадаги мойланган масиҳчиларнинг руҳи, жони ва танаси ҳақида дуо қилган. Шунингдек, жамоатнинг муваффақияти учун Павлус шунчаки ибодат қилмай, унинг «руҳи», яъни фикрлаш тарзи ижобий бўлишини Аллоҳдан сўраган. Бундан ташқари «жони», деб ҳаётни ҳамда мойланган масиҳчиларнинг барча аъзоларини тасвирлайдиган «танаси» ҳақида алоҳида айтиб ўтган (1 Кор. 12:12, 13). Демак, у имонлилар жамоати ҳақида жудаям қайғурган.
Хулосалар:
1:3, 7; 2:13; 4:1–12; 5:15. Кишини яхши томонга ўзгаришга чорлаётиб, мақташни эсдан чиқармасак, берилган маслаҳат самаралар келтиради.
4:1, 9, 10. Тангри Яҳованинг хизматчилари доимо маънан улғайишга ҳаракат қилишади.
5:1–3, 8, 20, 21. Яҳованинг куни яқин экан келинг, барчамиз «имон ва муҳаббат қалқонини олайлик, нажотга умидворлик дубулғасини кияйлик, ҳушёр бўлайлик». Устига-устак, Аллоҳнинг башоратли сўзларига диққатли бўлишимиз лозим.
«МАҲКАМ БЎЛИНГЛАР»
Жамоатдаги баъзилар ҳаворий Павлуснинг биринчи мактубини нотўғри талқин қилиб, Яҳованинг куни яқин, дея таъкидлашди. Бундай фикрлаш тарзини тўғрилаш ниятда, воқеалар қандай навбатда содир бўлишини у айтиб берди (2 Салон. 2:1–3).
Павлус имондошларини: «Маҳкам бўлинглар... олган ривоятларга риоя қилинглар»,— деб ундади. Қолаверса у қуйидагича буюрди: «Ривоятларга хилоф тарзда бекор юрган ҳар бир биродардан узоқлашинг» (2 Салон. 2:15; 3:6).
Саволларга жавоблар:
2:3, 8 — «Дажжол», яъни «қонунсиз одам» ким ва қанақасига у яксон қилинади? Рамзий маънодаги бу «одам», христиан оламининг дин пешволарига ишора қилади. «Калом», яъни Худонинг бош вакили Исо Масиҳ ёвузларга қарши чиқарилган ҳукмларни эълон этиш ва уларни амалга ошириш учун буйруқ беришга тайинланган (Юҳан. 1:1). Исо, ушбу одамни оғзидан чиққан «нафаси билан ўлдиради», яъни Аллоҳ Каломининг асл нусхасига кўра «руҳ [ҳаракатдаги куч]» ёрдамида.
2:13, 14 — Мойланганлар нажот топишлари учун Яҳова қайси маънода уларни азалдан танлади? Зот Шайтоннинг бошини эзиб ташлашини Яҳова ваъда қилганда, мойланганлар гуруҳи танланиши белгиланди (Ибт. 3:15). Ва улар қайси талабларга мос келишини, қандай фаолиятни бажаришларини ва синовларга бардош беришларини Тангри Яҳова олдиндан аниқлади. Ҳа, Аллоҳ айнан мана шуларга мойланганларни «даъват этди».
Хулосалар:
1:6–9. Эгамиз Яҳова ҳукмларини қандай амалга оширишини Ўзи ҳал қилади.
3:8–12. Яҳованинг куни яқинлигини баҳона қилиб, масиҳчилар меҳнатдан ва ўзини таъминлашдан бош тортишмайди. Зотан бекорчилик дастидан ялқов ва «фитна-фасодчи бўлиб» қолиш ҳеч гап эмас (1 Бутр. 4:15).
«ИШОНИБ ТОПШИРИЛГАН ОМОНАТНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ»
Ҳаворий Павлус Тимўтийга: «Яхши жангчидек жанг қил. Имон ва виждон поклигини сақлаб тур»,— дея насиҳат берди. У, жамоатдаги масъулиятли биродарлар қандай талабларга мос келишлари кераклигини санаб ўтди. Бундан ташқари, Павлус Тимўтийни қуйидагича огоҳлантириб, деди: «Диёнатсиз афсоналардан юз ўгир» (1 Тим. 1:18, 19; 3:1–10, 12, 13; 4:7).
Павлус Тимўтийни: «Чол одамни койима. [...] Сенга ишониб топширилган омонатни эҳтиёт қил. Худога мақбул бўлмаган қуруқ гаплар ва ёлғондан “билим” дейилган пуч фикрлардан узоқлаш»,— деб чорлади (1 Тим. 5:1; 6:20).
Саволларга жавоблар:
1:18; 4:14 — Тимўтийга тегишли қандай «кароматлар» ҳақида гап кетяпти? Ҳойнаҳой бу башоратлар Тимўтийнинг жамоатдаги бўлажак масъулияти ҳақида айтилган. Буни Павлус иккинчи сафарида Листра шаҳрига борганда илоҳий илҳом остида сўзлаган эди (Ҳавор. 16:1, 2). Ушбу «кароматларга» кўра оқсоқоллар ёш Тимўтийнинг «бошига қўл қўйиб», уни махсус хизматга тайинлашди.
2:15 — Қайси маънода аёл «бола туғиш орқали нажот топади»? Фарзанд туғилса, одатда аёл боласига ғамхўрлик қилади ва рўзғор ишлари билан шуғулланади. Бу эса «нажот» каби хизмат қилиб, саёқ юришдан, «гап сотиб, бошқаларнинг ишига аралашиш»дан аёлни сақлайди (1 Тим. 5:11–15).
Хулосалар:
4:15. Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимизга неча йил бўлишидан қатъий назар, доимо маънавий мақсадлар сари интилиб, ўсиб улғайишга ҳаракат қилайлик.
6:2. Мабодо имондошимиз иш таклиф қилса, бегоналарга ишлагандан ҳам кўпроқ ғайрат кўрсатиб, ўз манфаатимизни устун қўймаймиз.
«ХУДО КАЛОМИНИ... ДОИМ ГАПИРИШГА ТАЙЁР БЎЛ»
Павлус Тимўтийни олдиндаги қийинчиликларга тайёрлаб: «Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган»,— деб ёзди. Бунинг устига Худонинг қули жанжалкаш бўлмаслиги, аксинча у ҳамма билан мулойим, ўргатишга тайёр бўлиши кераклигини ҳаворий таъкидлаб ўтди (2 Тим. 1:7; 2:24).
Шунингдек у, Тимўтийни: «Сен эса олган таълиминг ва сенга топширилган омонатга содиқ қол»,— дея даъват қилди. Муртадлар таълимотларини тарқатаётганлари сабаб, ҳаворий ёш нозирни Худо каломини доим гапиришга тайёр бўлишга ҳамда одамларга таънаю насиҳат қилишга ундади (2 Тим. 3:14; 4:2).
Саволларга жавоблар:
1:13 — «Соғлом таълимот» нимани англатади? Бу Исо Масиҳ орқали айтилган Аллоҳнинг таълимотларидир (1 Тим. 6:3). Исонинг ўргатганларию қилган ишлари Худонинг Каломига мувофиқ бўлгани учун Муқаддас Китобда ёзилганларнинг барчаси «соғлом таълимот»га киради. Улар Яҳова Таоло биздан нима талаб қилаётганини билишга кўмаклашади. Агар Муқаддас Китобдан олган билимларга риоя қилсак, «соғлом таълимотдан намуна олган» бўламиз.
4:13 — Павлус қандай китобларни сўраган? Ҳаворий Павлус Римдаги қамоқхонада ўтирганида, эҳтимол тадқиқ қилиш учун Тавротнинг таркибига кирган баъзи бир ёзувларни сўраган. Бу китобларнинг айримлари пергаментда, яъни ҳайвон терисидан тайёрланган қоғозда, бошқалари эса папирусда ёзилган.
Хулосалар:
1:5; 3:15. Тимўтийни болалигиданоқ Муқаддас Ёзувларга ўргатишгани, Исо Масиҳга эътиқод қилишида катта ҳисса қўшган. Ва бу унинг барча ишларига таъсир қиларди. Шундай экан, оила аъзолари Аллоҳ ҳамда фарзандлар олдидаги бундай бурчни бажаришга жиддий ёндашишлари қанчалик зарур!
1:16–18. Имондошларимиз синовлару қувғинларга дуч келишганида ёки ҳибсга олинишганида, келинг, улар учун ибодат қилиб, ёрдам беришга жон куйдирайлик (Ҳик. 3:27; 1 Салон. 5:25).
2:22. Масиҳчилар айниқса ёшлар, маънавий мақсадлар сари интилиб, бодибилдинг ва спортнинг бошқа турлари, мусиқа, ўйин-кулги, хобби, саёҳат ҳамда бўлмағур гапларга берилмасликлари лозим.
[31- саҳифадаги расм]
Павлуснинг қайси мактуби Муқаддас Китобда охиргиси бўлди?