Муваффақиятингиз ҳаммага аён бўлсин!
Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла. 1 ТИМ. 4:15
1, 2. Тимўтийнинг болалиги ҳақида нимани биламиз ва у тахминан 20 ёшга тўлганида нима содир бўлди?
ТИМЎТИЙ кичиклигида Рим империясига қарашли Галатия вилоятида яшаган эди. Ҳозирги кунда бу ерлар Туркия чегарасида жойлашган. Исонинг ўлимидан сўнг, бу ерда кўпгина имонлилар жамоати ташкил қилинганди. Тимўтийнинг онаси ва бувиси айнан шу ерда ҳақиқатни қабул қилиб, жамоатнинг ғайратли аъзоларидан бири бўлишган (2 Тим. 1:5; 3:14, 15). Ўз ҳудудида хизмат қилиш, Тимўтийга ёққани шубҳасиздир. Бироқ, унинг ҳаётида ўзгаришлар содир бўла бошлади.
2 Бу, ҳаворий Павлус иккинчи тарғибот саёҳати пайтида рўй беради. Ўшанда Тимўтий тахминан йигирмага кирган эди. Эҳтимол Павлус Листра шаҳрига ташриф буюрганида, Тимўтий «имонлилар орасида яхши ном чиқаргани» ҳақида эшитгандир (Ҳавор. 16:2). Ҳа, Тимўтий маънавий мақсадлар сари интилаётгани яққол кўриниб турарди. Шунинг учун Павлус ва маҳаллий оқсоқоллар кенгаши, Тимўтийнинг бошига қўл қуйиб дуо қилишади ва жамоатда янги вазифаларни бажаришга уни тайинлашади (1 Тим. 4:14; 2 Тим. 1:6).
3. Тимўтий учун қандай кутилмаган таклиф тушди?
3 Павлус Тимўтийни тарғибот саёҳатига бирга боришга таклиф қилади (Ҳавор. 16:3). Бундай таклифни эшитган Тимўтий ниҳоятда ҳаяжонланиб, қувонганини тасаввур қилинг! Шундай қилиб Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқолларнинг турли топшириқларни бажариш учун, у кўп йиллар давомида Павлус ва бошқа биродарлар билан ҳамкорлик қиларди. Ҳа, Павлус ҳамда Тимўтий шаҳарма-шаҳар юриб, имондошларини маънан қўллаб-қувватлашарди (Ҳаворийларга 16:4, 5 ўқинг). Дарҳақиқат, Тимўтий имондошлари орасида яхши ном орттириб, маънан етук инсон эканини кўрсатган. Павлус деярли ўн йил давомида Тимўтий билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Филиппидаги имондошларига мана шундай сўзларни ёзганди: «Сизларга шунчалик самимият билан, жон куйдириб ғамхўрлик қиладиган унга тенг одамим йўқ... Тимўтийнинг содиқлиги сизларга маълум. Хушхабарни ёйишимда у менга ўғил отага хизмат қилгандай хизмат қилди» (Филип. 2:20–22).
4. а) Тимўтийга қандай жиддий вазифа топширилди? б) 1 Тимўтийга 4:15 даги Павлуснинг сўзларидан қандай саволлар пайдо бўлмоқда?
4 Павлус Филиппидаги имондошларига мактуб ёзганида, Тимўтийга жиддий вазифани топширди. Яъни, у биродарларни оқсоқол ва жамоат хизматкори қилиб тайинлашга масъул бўлди (1 Тим. 3:1; 5:22). Кўриниб турганидек, у ишончга сазовор ва маънан етук инсон бўлган. Бироқ шунга қарамасдан, Павлус Тимўтийга йўллаган мактубида: «Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла»,— деб даъват қилганди (1 Тим. 4:15). Қизиқ, Павлуснинг бу сўзлари нимани англатади? Ахир Тимўтий аллақачон ўзини ғайратли ва маънан етук шахс эканини исботлаб бермадими? Унда келинг, нега Павлус бундай маслаҳат берганини кўриб чиқайлик.
Илоҳий фазилатларни ривожлантиринг
5, 6. Эфес шаҳридаги жамоатнинг поклиги қандай хавф остида қолган эди ва уни ҳимоя қилиш учун Тимўтий қанақа чоралар кўрган?
5 Келинг, Тимўтийга йўлланган биринчи мактубнинг 4- бобдаги баъзи оятларни кўриб чиқайлик (1 Тимўтийга 4:11–16 ўқинг). Ушбу оятдаги сўзларни айтишдан сал аввал, Павлус Македонияга жўнаётган эди. Шунда, у Тимўтийдан Эфес шаҳрида қолишни илтимос қилади. Нима учун? Чунки ўша ердаги жамоатда баъзилар ёлғон таълимотларни тарқатиб, бошқаларга ёмон таъсир қилаётганди. Тимўтий эса жамоатдаги покликни сақлаши керак эди. Хўш, бу вазифани у қандай уддалаган экан? Шубҳасизки, у бошқаларга яхши ўрнак кўрсатишга ҳаракат қилган.
6 Павлус Тимўтийни: «Сен сўзда, юриш-туришда, муҳаббатда, имонда, пок руҳда имонлиларга ўрнак бўл. Ҳамма бу ишлар билан шуғуллан. Сенинг муваффақиятингга ҳамма гувоҳ бўлиши учун ўзингни бу ишларга бутунлай бағишла»,— деб чорлади (1 Тим. 4:12, 15). Тимўтий, катта мартабага эга бўлиш билан эмас, балки илоҳий фазилатларни намоён этиш орқали маънан етук инсон эканини кўрсатиши керак эди. Камолотга интилишни истаган ҳар бир масиҳчи, буни ёдда тутиши зарур.
7. Жамоатнинг барча аъзоларидан нима кутилади?
7 Бугунги кунда ҳам имонлилар жамоатида масиҳчилар турли вазифаларни бажаришади. Мисол учун, баъзилар оқсоқоллар ёки жамоат хизматкорларидир. Айримлар, кашшофлик қилишади. Яна бошқалари эса кўчма нозир, байтилчи ёки тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилишмоқда. Оқсоқоллар, таълим беришнинг турли соҳаларида иштирок этишади. Масалан, анжуманларда нутқлар билан чиқишади. Албатта жамоатнинг барча аъзолари, жумладан биродару опа-сингиллар ва ёшларимизнинг камолотга интилишга имкониятлари бор (Мат. 5:16). Дарҳақиқат, Тимўтий каби жамоатда масъулиятга эга бўлган масиҳчилар ҳам, маънан етук инсон экани барчага намоён бўлиши лозим.
Нутқимиз намунали бўлсин
8. Ҳақ топинишда нутқимиз қандай аҳамиятга эга?
8 Тимўтий сўзлашишда ҳам жамоатдагиларга ўрнак кўрсатарди. Бу соҳада маънан етук инсон эканимизни қандай кўрсатсак бўлади? Гапларимиз қанақа инсон эканлигимизни аён қилади. Исо Масиҳ: «Ахир, одамнинг дилида нима бўлса, тили ўшани гапиради-ку!» — деб бекорга айтмаган (Мат. 12:34). Шунингдек унинг туғишган укаси Ёқуб ҳам нутқимиз топинишимизга қандай таъсир қилиши ҳақида мана шундай деган: «Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир» (Ёқб. 1:26).
9. Нутқимиз қандай бўлиши керак?
9 Бизнинг сўзларимиз бошқаларга таъсир қилиши мумкин. Маънавий инсон ҳеч қачон қўпол, танқидий, ранжитадиган сўзларни гапирмайди. Аксинча, у доимо имондошларига далда ва тасалли берувчи сўзларни айтишга интилади (Ҳик. 12:18; Эфес. 4:29; 1 Тим. 6:3–5, 20). Худонинг юқори ахлоқий меъёрлари ҳақида одамларга ваъз қилишга тайёр турсак, Яҳовага нисбатан садоқатимизни намоён қилган бўламиз (Рим. 1:15, 16). Шунингдек, самимий инсонлар ҳам нутқимиз қанақа эканини кузатиб, ўрнагимизга тақлид қилишлари мумкин (Филип. 4:8, 9).
Юриш-туришда ва покликда ўрнак бўлинг
10. Маънан етук инсон бўлиш учун нега холис имонни намоён қилиш муҳим?
10 Худонинг хизматчилари сўзлашиш одобидан ташқари, юриш-туришда ҳам намуна кўрсатишлари муҳимдир. Чиройли сўзлар амал билан тасдиқланиши керак. Акс ҳолда иккиюзламачи бўлиб қолиш мумкин. Павлус фарзийларнинг иккиюзламачи эканини ҳамда уларнинг нияти яхши эмаслигини биларди. У, Тимўтийга насиҳат бериб фарзийларга ўхшаб қолмасликдан огоҳлантирган (1 Тим. 1:5; 4:1, 2). Шак-шубҳасизки, Тимўтий иккиюзламачи бўлмаган. Буни, Павлуснинг унга айтган мана шу сўзлардан кўриш мумкин: «Мен сенда кўрган самимий имон ҳали ҳам эсимда» (2 Тим. 1:5). Шундай экан, Тимўтий бошқаларга айнан самимий кишидек танилиши керак эди. Ҳақиқатан ҳам, у юриш-туришда барчага яхши ўрнак кўрсатган.
11. Пулпарастлик ҳақида Павлус Тимўтийга қандай маслаҳат берган?
11 Павлус ушбу иккита мактубида, Тимўтийнинг хизматига асқатадиган бир-нечта маслаҳатлар берган. Масалан, Тимўтий бойликка ружу қўймаслиги муҳим эди. Павлус бу борада қуйидагича ёзган: «Ҳар турли ёмонликнинг томири пулпарастликдир. Баъзилар бойликка ружу қўйиб, имондан қайтдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар» (1 Тим. 6:10). Демак, бойиб кетиш истаги, маънавий эмасликдан далолатдир. Ва аксинча, оддий ҳаёт кечиришга интилган масиҳчилар, борига «қаноат ҳосил қилишади». Шу йўсин, улар маънан етук инсон эканликларини кўрсатишади (1 Тим. 6:6–8; Филип. 4:11–13).
12. Маънан етук шахс эканимизни яна қандай қилиб кўрсата оламиз?
12 Художўй аёллар қандай бўлишлари ҳақида Павлус Тимўтийга: «Хотинлар... содда қиёфа, иффат ва орият билан безансинлар»,— деб ёзганди (1 Тим. 2:9). Шуни айтиш жоизки, вазмин ва камтарин аёллар, ташқи кўриниш ҳамда кийим танлашда ҳам, атрофдагиларга зўр ўрнак бўлишлари керак (1 Тим. 3:11). Павлуснинг бу маслаҳати эркак кишиларга ҳам тааллуқлидир. Боз устига, у нозирларни «ўз меъёрини билувчи, вазмин, адабли» бўлишга чорлаган (1 Тим. 3:2). Шу каби фазилатларни турмуш тарзимизда намоён этганимизда, маънан етук шахс эканимиз бошқаларга яққол кўриниб туради.
13. Қандай қилиб Тимўтий каби покликда ўрнак кўрсатишимиз мумкин?
13 Тимўтий покликда ҳам бизга зўр ўрнакдир. Поклик деганда, ахлоқан пок бўлишни Павлус назарда тутган. Тимўтий айниқса аёллар билан мулоқот қилганда, уларга нисбатан ҳурмат билан мурожаат қилиши керак эди. У, «кампирларга оналар каби, ёш аёлларга сингилларингдек» муносабатда бўларди (1 Тим. 4:12; 5:2). Кимдир яширинча ахлоқсизлик қилса, Аллоҳ буни билади. Қолаверса бундай ҳаракат кейинчалик бошқаларга аён бўлиши турган гап. Шунга ўхшаб, масиҳчиларнинг «хайрли ишлари» ҳам яширин бўлиб қолмайди (1 Тим. 5:24, 25). Жамоатнинг барча аъзолари юриш-туришда ва покликда улғайиб, муваффақиятини кўрсатишлари керак.
Муҳаббатда ва имонда намунали бўлинг
14. Ўзаро муносабатларимизда севги муҳим экани тўғрисида Муқаддас Китобда нима ёзилган?
14 Худонинг хизматчилари севги фазилати билан таниқлидир. Ҳазрати Исо шогирдларига шундай деган: «Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади» (Юҳан. 13:35). Хўш, бунақа муҳаббатни қандай намоён қилиш мумкин? Аллоҳнинг Каломида ўзаро муносабатимиз борасида қуйидагилар ёзилган: «Муҳаббат билан бир-бирингизга сабр-тоқат қилинглар. Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар... Бир-бирингизни кечиринглар» (Эфес. 4:2, 32; Иброн. 13:1, 2). Павлус шунингдек: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар»,— дея насиҳат қилган (Рим. 12:10).
15. Нега айниқса жамоат нозирлари севги фазилатини ривожлантириши муҳим?
15 Агар Тимўтий имондошларига нисбатан қўпол муомалада бўлганда эди, устоз ҳамда нозир сифатида қилган ишларини йўққа чиқарган бўларди (1 Коринфликларга 13:1–3 ўқинг). Бироқ, Тимўтий биродарларни чин кўнгилдан севганини, меҳмондўст бўлиб, уларга ғамхўрлик қилгани билан исботлаган. Шу йўсин, у ўзини маънан етук инсон эканини кўрсатганди. Шунинг учун Павлус Тимўтийга ёзган мактубида севги фазилатини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб ўтган.
16. Тимўтий нима учун кучли имонни намоён этиши керак эди?
16 Тимўтий Эфесда хизмат қилган пайтида, имони синалади. Бу ердаги баъзи масиҳчилар Муқаддас Китобга зид бўлган таълимотларни тарғиб қилишган. Улар бўлмағур «афсоналар» айтиб бериб, жамоатнинг маънавийлигига ёмон таъсир қилишарди (1 Тимўтийга 1:3, 4 ўқинг). Павлус бу кабиларни «босар-тусарини билмай қолган нодон» деб атади. У қўшимча қилиб: «Бундай одам баҳслашиш ва масала талашиш касалига йўлиққан, унинг гаплари ғайирлик, жанжал, бўҳтон ва ёлғон чақиқларга сабаб бўлади»,— деб огоҳлантирган (1 Тим. 6:3, 4). Тимўтий жамоатда зарарли таълимотлар тарқалишига йўл қўйганми? Асло! Зеро, Павлус унга шундай деган: «Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил... Худога мақбул бўлмаган қуруқ гаплар ва ёлғондан “билим” дейилган пуч фикрлардан узоқлаш» (1 Тим. 6:12, 20, 21). Павлуснинг ушбу доно маслаҳатига Тимўтий қулоқ солгани шубҳасиздир (1 Кор. 10:12).
17. Имонимиз қайси вазиятларда синалаши мумкин?
17 Шунингдек, Павлус Тимўтийга мана нима деган: «Охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар» (1 Тим. 4:1). Шундай экан, жамоатнинг барча аъзоси, айниқса масъулиятга эга бўлганлар, Тимўтий каби кучли имонни намоён этишлари лозим. Агар муртадларнинг таълимоти бизга таъсир қилишига йўл қўймасак, маънан етук инсон эканимизни кўрсатган бўламиз.
Муваффақиятингиз ҳаммага аён бўлсин
18, 19. а) Маънан етук инсон эканимизни қай йўсин кўрсатишимиз мумкин? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?
18 Дарҳақиқат, Худонинг хизматчиси муваффақиятга эришгани, унинг қобилияти, ташқи-кўриниши ёки қандай масъулиятга эга эканлигига боғлиқ эмас. Шунингдек, бу жамоатда кўп йиллар давомида хизмат қилганмиздан ҳам намоён бўлмайди. Зотан камолотга интилаётганимизни фақатгина фикрда, сўзда ва юриш-туришда Яҳовага итоат қилаётганимиз билан исботлаб бера оламиз (Рим. 16:19). Боз устига, барчамиз ўзаро севги ҳамда мустаҳкам имонни ривожлантиришимиз лозим. Келинг, Павлуснинг Тимўтийга берган насиҳати устидан чуқур мулоҳаза юритиб, уни амалда қўллашга ҳаракат қилайлик. Шу тариқа, муваффақиятимиз ҳаммага аён бўлади.
19 Маънан етук эканимизни кўрсатадиган яна бир фазилат — севинчдир. Зеро, у муқаддас руҳ самараси ҳисобланади (Галат. 5:22, 23). Бироқ, бу фазилатни қийин пайтларда қандай қилиб сақлаб қолиш мумкин? Буни, кейинги мақоладан билиб оламиз.
Тушунтириб беринг:
• Қандай қилиб нутқда бошқаларга намуна кўрсата оламиз?
• Юриш-туришда ҳамда покликда қай йўсин улғайишимиз мумкин?
• Севги ва имонни нега ривожлантириш жуда муҳим?
[11- саҳифадаги расм]
Тимўтий ёш бўлса-да, маънан етук инсон эканини кўрсатган
[13- саҳифадаги расм]
Муваффақиятингиз ҳаммага аён бўлсин!