«Шоҳлигинг келсин». Аммо қачон?
Бу воқеаларни кўрганингизда, Инсон Ўғли яқин, эшик олдида турганини билинглар. МАТ. 24:33
1, 2. а) Кўзимиз билан кўриб турган нарсаларга нима таъсир қилиши мумкин? б) Худонинг Шоҳлиги тўғрисида биз нимани биламиз?
АГАР эътибор берган бўлсангиз, бирон воқеанинг гувоҳи бўлган инсонлар, кўпинча тафсилотларни турлича эслаб қолишади. Шу сингари ташхис қўйилгандан сўнг, эҳтимол киши шифокорнинг айтган барча сўзларини эслаб қолмас. Ёхуд кимдир сумкаси ёки кўзойнаги қўли остида бўлса ҳам, топа олмай овора бўлиши мумкин. Ушбу барча вазиятлар, тадқиқотчиларнинг фикрича кўр бўлишнинг бир тури борлигини, яъни инсон бошқа ишлар билан банд бўлиб, бирон нарсани эътибордан четда қолдириши ёки унутиши мумкинлигини тасдиқламоқда. Бу эса қисман бўлса-да миямиз қандай фаолият олиб боришини тушунтирмоқда.
2 Бугунги кунда аксарият инсонлар, дунёда содир бўлаётган воқеаларга нисбатан кўр бўлишнинг мана шундай турига йўлиқишган. Эҳтимол улар 1914 йилдан буён, жаҳон саҳнасидаги вазият кескин ўзгарганини тан олишар, лекин улар бу воқеаларнинг асл моҳиятини тушуниб етолмаяптилар. Муқаддас Китоб тадқиқотчилари сифатида биз, Исо 1914 йилда самовий тахтга ўтирганида, Худонинг Шоҳлиги келганини биламиз. Аммо «Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин», деб қилган ибодатимиз ҳали тўлиқ ижобат бўлмаган (Мат. 6:10). Ушбу ёвуз дунё йўқ қилинганида, бу ибодатларимизга тўлиқ жавоб оламиз. Мазкур воқеалар содир бўлгандагина, осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Худонинг иродаси бажо бўлади.
3. Худонинг Каломини тадқиқ қилиш нималарни кўришимизга ёрдам беради?
3 Биз мунтазам Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимиз учун, бу башорат айни пайтда амалга ошаётганини кўра оляпмиз. Дунёдаги аксарият инсонлардан биз қанчалик фарқ қиламиз! Улар рўзғор ташвишларию мақсадлари билан шунчалик бандки, ҳатто Исонинг 1914 йилдан буён ҳукмронлик қилаётганини ҳамда яқин орада Худонинг ҳукмларини амалга оширишини кўра олмаяптилар. Лекин ўзимизга шундай савол берайлик: «Мен бу дунёнинг охири жуда яқинлигига ва юз бераётган воқеалар буни тасдиқлаётганига илгаригидек ишонаманми? Ҳатто сиз яқинда Яҳованинг Шоҳиди бўлган бўлсангиз ҳам, диққатингизни нимага қаратмоқдасиз?» Жавобимиз қандай бўлишидан қатъи назар, яқин орада мойланган Шоҳ, Худонинг иродасини ер юзида амалга ошириш учун чоралар кўришига аминмиз. Шундай экан, келинг бунинг учта далилини кўриб чиқайлик.
ОТЛИҚЛАР ЙЎЛГА ЧИҚДИ
4, 5. а) Исо 1914 йилдан бери қандай ишларни амалга оширяпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Йўлга чиққан учта отлиқ нимани тасвирлайди ҳамда воқеалар қандай тус олди?
4 Исо Масиҳ 1914 йилда самовий тахтга ўтиргани учун оқ от минган отлиқ сифатида тасвирланган. У Шоҳ бўлиши билан Шайтоннинг ёвуз тузуми устидан бутунлай ғалаба қозониш мақсадида чиқди (Ваҳий 6:1, 2 ни ўқинг). Ваҳий китобининг 6- бобидаги башоратга биноан, Худонинг Шоҳлиги ўрнатилганидан сўнг, дунёдаги аҳвол кескин ёмонлашиши, яъни уруш, озиқ-овқат етишмовчилиги, ўлат ҳамда ўлим кўпайиши кутилаётган эди. Бу воқеаларнинг барчаси, Исо Масиҳнинг орқасидан эргашиб келаётган учта отлиқ билан тасвирлаб берилган эди (Ваҳ. 6:3–8).
5 Одамлар халқаро ҳамкорлик ва дипломатик музокаралар йўли билан тинчлик ўрнатишни ваъда қилишганига қарамай, башоратда айтилганидек, дунёдан тинчлик олинди. Ҳозирги дунё воқеалари, Биринчи жаҳон уруши катта урушларнинг бошланиши эканини тасдиқлаяпти. Шунингдек инсонлар кўпгина иқтисодий ва илмий ютуқларга эришган бўлишса-да, 1914 йилдан бери озиқ-овқат етишмовчилиги дунё бўйлаб можаролар ва урушлар бўлишига олиб келяпти. Боз устига, ўлатлар, табиий офатлар ҳамда бошқа фожиалар, ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини ким ҳам инкор эта олади? Бу воқеалар инсоният тарихида кўлами, қайталаниши ҳамда шиддатлилиги билан ажралиб туради. Сиз бу воқеаларнинг асл моҳиятини тушуниб етяпсизми?
6. Муқаддас Китобдаги башоратларнинг амал ошаётганини ким кузатиб борган ва бу уларни нима қилишга ундади?
6 Биринчи жаҳон урушининг ҳамда «испанка» гриппининг пандемияси бошланишидан аксарият инсонларнинг фикри чалғиди. Аммо мойланганлар 1914 йилда «ўзга халқлар даври» тугашини интиқиб кутишган (Луқо 21:24). Улар аниқ нима содир бўлишини билишмас эди. Лекин улар, 1914 йилда Худонинг Шоҳлиги билан боғлиқ қандайдир муҳим воқеа юз беришини билишарди. Улар ушбу башоратнинг амалга ошаётганини тушунгач, Худонинг ҳукмронлиги бошланганини одамларга жасорат ила эълон қилишган. Шоҳлик хабарини ваъз қилганларнинг аксарияти шиддатли қувғинларга дучор бўлди. Бундай қувғинларнинг содир бўлиши эса Муқаддас Китобдаги башоратларнинг амалга ошаётганини кўрсатмоқда. Кейинги ўн йиллар давомида, Шоҳлик душманлари қонун ниқоби остида зўравонликлар қилишган. Устига устак, улар биродарларимизга жабр-зулм етказиб, қамоқларга ташлашган ҳамда осиб, отиб ёки бошини чопиб ўлдиришган (Заб. 93:20; Ваҳ. 12:15).
7. Нима учун аксарият инсонлар воқеаларнинг асл моҳиятини тушуниб етишмаяпти?
7 Худонинг Шоҳлиги осмонда ўрнатилгани ҳақида шунча далиллар бўлишига қарамай, нега кўпгина одамлар бунинг маъносини тушуниб етолмаяптилар? Нима учун улар, дунёдаги аҳвол билан Худонинг халқи ваъз қилаётган муайян башоратлар орасидаги узвий боғлиқликни кўрмаяптилар? Эҳтимол бу, улар ўзлари истаган нарсаларга диққат қаратганлари учун юз бераётгандир? (2 Кор. 5:7). Балки улар кундалик ташвишлар билан банд бўлиб, Худонинг қилаётган ишларини кўра олишмаётгандир? (Мат. 24:37–39). Ёки Шайтоннинг заҳарли тарғиботи уларни чалғитаётгандир? (2 Кор. 4:4). Самода нималар содир бўлаётганини кўриш учун имон ва маънавий фикрлаш қобилияти бўлиши даркор. Биз эса воқеаларнинг асл моҳиятини тушуниб етганимиздан бағоят хурсандмиз!
ЁВУЗЛИК КУНДАН-КУНГА КЎПАЙМОҚДА
8–10. а) 2 Тимўтийга 3:1– 5 даги башорат қандай амалга ошмоқда? б) Ёвузлик кундан-кунга авж оляпти деб айтишимизга қандай асос бор?
8 Инсонлар жамияти тобора разиллашиб кетаётгани, яқинда Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан ҳукмронлик қилишни бошлашига ишонишимиз учун яна бир сабабдир. Тахминан бир асрдан бери, дунёдаги аҳвол 2 Тимўтийга 3:1–5 даги башоратнинг амалга ошаётгани кўрсатмоқда. Бундай ҳолат ҳам кўлами, қайталаниши ва шиддатлилиги билан ажралиб турибди. Шахсан сиз ушбу башоратнинг кенг кўламда амалга ошаётганини кўряпсизми? Келинг, бунинг яққол далили сифатида баъзи воқеаларни кўриб чиқайлик (2 Тимўтийга 3:1, 13 ни ўқинг).
9 Масалан, 1940 ёки 1950 йилларда одамларни довдиратиб қўйган воқеаларни, бугунги кунда иш жойларида, ўйин-кулги, спорт ҳамда мода оламида содир бўлаётганлар билан солиштириб кўрсак. Ҳозирги пайтда ёвузлик ва ахлоқсизлик авж олиб оммалашиб кетган. Одамлар шафқатсизлиги ва ахлоқсизлиги билан бир-биридан ўзиб кетишга ҳаракат қилишади. 1950 йилларда одамнинг ғашини келтирадиган теледастурларни бугунги кунда оилалар завқ билан томоша қилишади. Гомосексуалистлар ўйин-кулги ва мода олами орқали жамиятга ўз дунё қарашларини сингдирмоқчи бўлаётганини кўпчилик тушуниб етмоқда. Биз эса бу борада Худонинг нуқтаи назарини билганимиздан бахтиёрмиз! (Яҳудо 14, 15 ни ўқинг).
10 Эҳтимол кимдир 1950 йиллардаги ёшларнинг исёнкор хулқ-атворини бугунги кундаги ёшларнинг хатти-ҳаракати билан солиштириб кўриши мумкин. Ўшанда ота-оналарнинг, болам сигарет чекмаяптими, спиртли ичимлик истеъмол қилмаяптими ёки беҳаё рақсларга тушмаяптими дея хавотир олишгани ўринли бўлган. Бугунги кунда эса, одамни довдиратиб қўядиган хабарлар оммабоп бўлиб кетган. Масалан, 15 яшар талаба, синфдошларига ўт очиб, иккитасини ўлдирган, ўн учтасини яралаган. Маст ўсмирлар тўққиз яшар қизни ваҳшийларча ўлдириб, отаси билан унинг жиянини уришган. Осиё мамлакатларининг бирида ўтган ўн йил ичида содир этилган жиноятларнинг ярмига ёшлар жавобгар деб топилган. Аҳвол тобора разиллашиб кетаётганини ким ҳам инкор эта оларди?
11. Нима учун кўп одамлар, дунёдаги аҳвол ёмонлашиб кетаётганини тушунмаяптилар?
11 Ҳаворий Бутрус шундай фикрни таъкидлаб ўтган: «Охирги кунларда масхараомуз сўзларни айтиб, ўз истакларига биноан йўл тутадиган масхарабозлар пайдо бўлишини ўзингиз ҳам яхши биласизлар. Улар: “Ахир у келаман, деб ваъда берган эди-ку. Қани у? Чунки дунё қандай яратилган бўлса, ота-боболаримиз ўлим уйқусига кетганидан бери ҳам барча нарса шундайлигича турибди”, — деб айтишмоқда» (2 Бутр. 3:3, 4). Одамларнинг бундай муносабат билдиришига нима сабаб бўлиши мумкин? Бунинг сабаби оддий: одамлар атрофдаги нарсаларга эътибор беришни истамайдилар. Улар, умуман жамиятда ахлоқнинг кундан-кунга пасайиб кетаётганидан эмас, балки кутилмаганда таниган кишиларининг хулқ-атвори ўзгариб қолганидан ҳайратга тушишади. Нима бўлган тақдирда ҳам, бундай ахлоқий тубанлик хавфлидир.
12, 13. а) Нега биз дунёда содир бўлаётган воқеалардан тушкунликка тушмаслигимиз керак? б) «Ниҳоятда оғир вақтлар»ни енгиб ўтишимизга нима ёрдам беради?
12 Ҳаворий Павлус «охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келиши» ҳақида огоҳлантирган эди (2 Тим. 3:1). Лекин вазият қанчалик оғир бўлмасин, ҳақиқат кўзига тик боқишдан қўрқмаслигимиз керак. Яҳованинг, муқаддас руҳнинг ҳамда жамоатнинг ёрдами билан ҳар қандай тушкунликни ҳамда қўрқувни енгамиз. Биз садоқатли қола оламиз, чунки бизда «инсонларникидан устун турган куч», яъни Худонинг кучи бор (2 Кор. 4:7–10).
13 Павлус «охирзамон» ҳақидаги башоратини «шуни билгинки» деган сўзлар билан бошлаганига эътибор қаратсангиз. Бу сўзлар, башорат қилинган воқеаларнинг юз бериши аниқлигини кафолатлайди. Шубҳасизки Яҳованинг Ўзи кундан-кунга разиллашиб бораётган худосизлар жамиятига чек қўймагунча, вазият шундайлигича қолаверади. Тарихчилар ҳам, муайян даврларда баъзи инсоний жамиятлар ёки халқлар ахлоқан бузилиб, кейинчалик йўқ бўлиб кетганини қайд этишган. Аммо ҳозиргидек бутун дунё борган сари таназзулга учраётгани тарихда ҳали учрамаган. Гарчи аксарият инсонлар буни инкор этишса-да, лекин 1914 йилдан буён юз бераётган бундай воқеалар, яқин орада Худонинг Шоҳлиги қаттиқ чоралар кўришни бошлашига шубҳа қолдирмаяпти.
БУ АВЛОД ЎТМАСДАНОҚ
14–16. Худонинг Шоҳлиги «келиши» яқинлигига ишонишимизнинг учинчи далили қанақа?
14 Худо халқининг тарихи, охират яқинлигига ишонишимиз учун учинчи далил бўла олади. Масалан, Худонинг Шоҳлиги ҳали осмонда ўрнатилишидан олдин, садоқатли мойланганларнинг гуруҳи ғайрат ила Худога хизмат қилишар эди. 1914 йилда кутилган воқеалар содир бўлмаганида, улар нима қилишди? Улардан кўпчилиги синов ва қувғинларга чидам бериб ва Яҳовага хизмат қилишни давом эттириб садоқатини исботлашди. Йиллар ўтиб, бу мойланганларнинг аксарияти, эҳтимол ҳаммаси, Худога содиқ қолиб, ер юзидаги ҳаётларини якунлашди.
15 Замонанинг охири ҳақидаги батафсил башоратида Исо шундай деган: «Бу авлод ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси амалга ошади» (Матто 24:33–35 ни ўқинг). Исо «бу авлод» деганида, мойланган масиҳийларнинг иккита гуруҳига ишора қилаётганини биз тушундик. Биринчи гуруҳ 1914 йилда ҳали ҳаёт бўлиб, шу йилда Исонинг ҳозир бўлганини тезда пайқаган. Бу гуруҳни ташкил этганлар, 1914 йили ёки бундан олдин Худонинг ўғиллари сифатида муқаддас руҳ ила мойланган бўлишган (Рим. 8:14–17).
16 «Бу авлод»ни ташкил этган иккинчи гуруҳнинг барча аъзолари, мойланган масиҳийларнинг биринчи гуруҳидан айримлари ҳали тириклигида муқаддас руҳ билан мойланган бўлишган. Демак, бугунги кунда ҳар бир мойлаган Исо айтган «бу авлод»га кирмайди. Ҳозирги пайтда иккинчи гуруҳнинг аъзолари кекса ёшда. Шунга қарамасдан, Исонинг Матто 24:34 даги сўзлари, «бу авлод»нинг ҳеч бўлмаганда баъзи аъзолари Буюк қайғу бошланишини кўрмасдан ўтиб кетмаслигига ишонтирмоқда. Бу эса Худо Шоҳлигининг Подшоҳи ёвуз дунёни йўқ қилиб, янги дунёни ўрнатишига вақт оз қолганини кўрсатиб, ишончимизга ишонч қўшмоқда (2 Бутр. 3:13).
ИСО ЯҚИНДА МУТЛАҚ ҒАЛАБАГА ЭРИШАДИ
17. Бирга кўриб чиққан учта далилдан қандай хулосага келишимиз мумкин?
17 Бирга кўриб чиққан учта далилдан қандай хулосага келишимиз мумкин? Исо бу пайтнинг «кунини ҳам, соатини ҳам» на биласиз ва била оласиз, дея бизни огоҳлантирган эди (Мат. 24:36; 25:13). Бироқ Павлус эслатиб ўтганидек, биз қайси «замонада» яшаётганимизни била оламиз ва биламиз (Римликларга 13:11 ни ўқинг). Бугунги кунда охирзамонда яшаётганимиз бизга аён. Агар бутун диққатимизни Муқаддас Китобдаги башоратларга ҳамда Тангри Яҳова билан Исо Масиҳ қандай ишларни бажаришаётганига қаратсак, биз яшаётган дунёнинг сўнги жуда яқин қолганини аниқ кўра оламиз.
18. Худонинг Шоҳлигини инкор этувчиларни қандай қисмат кутмоқда?
18 Оқ от миниб ғалаба қозониб келаётган Чавандоз Исо Масиҳ, унинг ҳайбатли қудратини инкор этувчиларни қилган хатоларини тан олишга мажбурлайди. Ва улар чорасиз қолишганини кўришади. Ўшанда кўпчилик жон талвасасида: «Бунга ким ҳам дош бера олади»,— дея бақиришади (Ваҳ. 6:15–17). Лекин Ваҳий китобининг 7- бобида бу саволга жавоб бор. Ер юзида яшаётган мойланганлар ҳамда «буюк оломон», Худонинг марҳаматига эга бўлишгани учун «дош бера олишади». Кейин эса бошқа қўйлардан ташкил топган «буюк оломон», буюк қайғудан омон қолишади (Ваҳ. 7:9, 13–15).
19. Охират яқинлигини тушунган ва бунинг аниқ далилларига ишонч билдирган ҳолда сиз диққатингизни нимага қарамоқчисиз?
19 Агар бутун диққат-эътиборимизни ушбу ҳаяжонга солувчи вақтда Муқаддас Китобдаги башоратларнинг қандай амалга ошаётганига қаратсак, заҳарли Шайтон дунёси бизни чалғитмайди ва биз воқеаларнинг асл моҳиятини кўра оламиз. Яқин орада адолатли Армагеддон жангида, Масиҳ бу ёвуз дунёни йўқ қилиб, мутлақ ғалабага эришади (Ваҳ. 19:11, 19–21). Бу воқеалардан кейин, қувончимиз қанақа бўлишини бир тасаввур қилайлик! (Ваҳ. 20:1–3, 6; 21:3, 4).