Ёшлар, Яҳова Тангрига хизмат қилишни танланг
«Кимга хизмат қилишингизни бугуннинг ўзида танланг» (ЁШУА 24:15, ЯДТ).
1, 2. Христиан оламида сувга чўмдиришнинг қандай Муқаддас Китобга асосланмаган турлари тарқалган?
МИЛОДИЙ II асрнинг охирида Тертуллиан исмли илоҳиётшунос гўдакларни сувга чўмдириб имонга киритиш нотўғри деб ҳисоблар ва болалар Масиҳни онгли равишда таниб билишгандан сўнггина, сувга чўмишлари даркор деб айтар эди. Тертуллианнинг фикрига ҳамда Муқаддас Китоб таълимотига хилоф равишда, черков оталаридан бўлмиш Августин, сувга чўмиш гуноҳларни ювади, сувга чўмдирилмаган гўдаклар эса ўлганда дўзахга тушишади, деб таъкидлаган эди. Бундай тасаввур, болаларни сувга чўмдириш одатини келтириб чиқарди.
2 Кўп христиан динларида бундай одат ҳанузгача давом этиб келмоқда. Бундан ташқари, юз йиллар давомида христиан деб аталмиш давлатларнинг ҳукмдорлари ва дин раҳбарлари, забт этилган ғайридин халқларни зўрлаб сувга чўмдиришарди. Аммо гўдакларни, шунингдек бошқаларни зўрлаб сувга чўмдириш, Муқаддас Китобга асосланмаган.
Бугун ҳеч ким Худога бағишланган бўлиб туғилмайди
3, 4. Яҳованинг Шоҳидлари оиласида тарбияланаётган болалар ўзларини Яҳовага бағишлашга қарор қилишларида нима ёрдам беради?
3 Муқаддас Китобда айтилишича, ҳатто ота-онанинг биттаси ҳам Ҳақ Худога хизмат қилса, Аллоҳ болаларини муқаддас деб ҳисоблайди (1 Коринфликларга 7:14). Лекин бу, бундай болалар Худованд Яҳованинг бағишланган хизматчилари бўлиб қолишларини англатадими? Йўқ. Бироқ, Яҳованинг Шоҳидлари оиласида тарбияланаётган болалар илоҳий таълимга эга бўлиб, кейинчалик ихтиёрий равишда ўзларини Яҳова Таолога бағишлашлари мумкин. Доно шоҳ Сулаймон бундай деб ёзган эди: «Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма, улар... юрганингда сенга йўл кўрсатади, ухлаганингда қўриқлайди, уйғоқлигингда сенга гапиради. Чунки Амрлар — чироқ, танбеҳ — ҳаёт йўли, панд-насиҳатлар эса нурдир» (Ҳикматлар 6:20-23).
4 Агар болалар ота-онасининг йўл-йўриғига риоя қилсалар, унда бу, уларни ҳимоялаши мумкин. Шоҳ Сулаймон шунингдек: «Доно фарзанд отага шодлик келтиради: нодон фарзанд эса онага қайғу»; «Ўғлим, тинглаб доно бўл, юрагингни тўғри йўлга сол»,— деб айтган эди (Ҳикматлар 10:1; 23:19). Дарҳақиқат, болалар, ота-онангизнинг тарбияси сизга фойда келтириши учун, уларга қулоқ солишингиз ва панд-насиҳатларини қабул қилишингиз лозим. Шундагина доно бўлиб, ихтиёрий равишда ҳаётга элтувчи йўлдан боришингиз мумкин.
«Тарбия» ўзи нима?
5. Ҳаворий Павлус фарзандларга ва оталарга қандай маслаҳат берган?
5 Ҳаворий Павлус бундай деб ёзган эди: «Эй фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар, чунки бу Раббимизга маъқулдир. Бу ҳақдаги илоҳий буйруқ Худо ваъда қўшиб берган биринчи буйруқдир, чунончи: “Ота-онангни ҳурмат қил, токи барака топиб, ер юзида узоқ умр кўргайсан”. Сиз, оталар, фарзандларингизнинг жаҳлини чиқарманглар. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринглар» (Эфесликларга 6:1-4).
6, 7. Фарзандларни «Раббимизнинг таълим-тарбияси» билан ўстириш нимани англатади ва нима учун бу, ота-она болаларининг онгини ҳийла билан назорат қиляпти, дегани эмас?
6 Бу, фарзандларини «Раббимизнинг таълим-тарбияси» билан ўстираётган ота-оналар, уларнинг онгига ҳийла-найранг билан таъсир ўтказишаётганини англатадими? Асло. Агар ота-она тўғри ва фойдали деб ҳисоблаган нарсаларини фарзандларига ўргатишса, уларни айблаб бўладими? Мисол учун, атеистлар болаларини Худо йўқ деб ўргатишса, уларни ҳеч ким қораламайди. Ёки бирор диндор оила фарзандларини ўз дини асосида тарбияласа, уларни бу учун ҳеч ким танқид қилмайди-ку. Худди шундай, Яҳованинг Шоҳидлари ҳам болаларига Яҳова Тангрининг нуқтаи назарлари ҳақида таълим бериб, ахлоқий меъёрларни ўргатишса, улар фарзандларининг онгини назорат қиляпти, деб айблаш нотўғри бўлади.
7 «Инжилнинг илоҳиёт луғати»га кўра, Эфесликларга 6:4да «тарбия» деб таржима қилинган юнонча сўз остида, «нотўғри фикрлаш тарзини ўзгартириш ва маънавий қиёфасини тўғри шакллантириш» мақсадида қилинадиган саъй-ҳаракат ифодаланган. Агар фарзанд тенгдошларининг таъсирига берилиб ёки ҳамма қатори бўлгиси келиб, ота-онасига қулоқ солмаса-чи? Бундай ҳолда ким ёмон таъсир кўрсатган бўлади — ота-онасими ёки тенгдошларими? Бордию, тенгдошлари ўсмирни гиёҳвандликка, ичкиликбозликка ёки ахлоқсизликка ундашса, ота-онани боланинг фикрлаш тарзини тўғирлашга ҳаракат қилиб, бундай қилмишлар хавфли эканини тушунтиргани учун танқид қилиб бўладими?
8. Қандай қилиб Тимўтийга таълим-тарбия берилган эди?
8 Ҳаворий Павлус ёш Тимўтийга: «Сен эса олган таълиминг ва сенга топширилган омонатга содиқ қол, чунки бу таълимни кимдан олганингни биласан. Сен болалигингданоқ Муқаддас Ёзувларни ўргангансан. Бу ёзувлар сени Исо Масиҳга ишониш орқали доно қилмоқ ва нажот йўлини кўрсатмоққа қодир»,— деб ёзган эди (2 Тимўтийга 3:14, 15). Тимўтийга болалигиданоқ, имони чуқур бўлган онаси ва бувиси Муқаддас Ёзувлар асосида таълим-тарбия беришган эди (Ҳаворийлар 16:1; 2 Тимўтийга 1:5). Кейинчалик, улар Масиҳнинг издошлари бўлишганда ҳам, Тимўтийни зўрламай, балки Муқаддас Китобдан асосли далиллар келтириб, бу йўлнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилишига ёрдам беришган эди.
Яҳова танлашни таклиф қилмоқда
9. а) Яҳова инсонларга нима ато этди ва нима учун? б) Исо Масиҳ ўз ирода эркинлигидан қандай фойдаланган эди?
9 Парвардигор Яҳова инсонларни худди роботлар сингари яратиб, уларнинг устидан хоҳлаганича бошқариши мумкин эди. Лекин У бизга ирода эркинлигини ато этди. Худо, биз Унга ихтиёрий равишда хизмат қилишимизни истайди. Шунинг учун ким бўлишимиз ва неча ёшдалигимизга қарамай, агар Аллоҳга меҳр-муҳаббат ила хизмат қилсак, Унинг қалбини қувонтирган бўламиз. Худога чин дилдан итоат этишда Исо Масиҳ ажойиб ўрнак кўрсатган бўлиб, Худованд Яҳова у ҳақида бундай деган эди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман» (Матто 3:17). У ҳам Аллоҳга: «Хоҳишингни бажармоқ истайман, эй Худойим, Сенинг Қонунинг юрагимда менинг»,— деб айтган (Забур 39:9; Ибронийларга 10:9, 10).
10. Яҳова Унга хизмат қилаётганлардан нимани кутади?
10 Яҳова Таоло, Исонинг бошқаруви остида Унга хизмат қилаётганлардан, Унинг иродасига ҳам чин дилдан итоат қилишларини кутади. Забур 109:3да бундай башорат мавжуд: «Жанговарлик кунингда Сенинг халқинг муқаддас зийнатда Сенга хоҳиш билдиргай, тонг бағридан тушган шабнам мисоли йигитларинг Сен томон келаверишгай». Яҳованинг ҳам осмондаги, ҳам ердаги бутун ташкилоти Унинг иродасига севги ила бўйсунишмоқда.
11. Яҳованинг Шоҳидлари оиласида тарбияланаётган болалар қандай қарорга юзма-юз келишмоқда?
11 Шу сабабли, сиз болалар, ота-онангиз ҳам, жамоат оқсоқоллари ҳам сизни сувга чўмишга зўрламоқчи эмаслигини тушуниб олмоғингиз даркор. Яҳова Тангрига хизмат қилиш истаги ўз қалбингиздан чиқиши лозим. Ёшуа исроилликларга, Яҳовага покдиллик ва садоқат ила хизмат қилиш кераклигини ва кимга хизмат қилишни бугуннинг ўзида танлаш лозимлигини айтган эди (Ёшуа 24:14-22). Худди шундай сиз ҳам, ўзингизни Яҳова Таолога бағишлаш ва Унинг иродасини бажо келтиришга ўзингиз қарор қилишингиз керак.
Масъулиятни ўз зиммасига олмоқ
12. а) Гарчи ота-она фарзандларига таълим-тарбия беришса-да, улар учун нима қила олишмайди? б) Қачон болалар Яҳова Таоло олдида масъулиятли бўлишади?
12 Ота-онангизнинг Худога бўлган садоқати сизни ҳар доим ҳам ҳимоялай олмайди (1 Коринфликларга 7:14). Исонинг шогирди Ёқуб: «Ким хайрли иш қилишни билса-ю, уни амалда қилмаса, гуноҳ ҳисобланади»,— деб ёзган эди (Ёқуб 4:17). Ота-оналар ва фарзандлар бир-бирларининг ўрнига Худога хизмат қила олмайдилар (Ҳизқиё 18:20). Худованд Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақида билимга эга бўлдингизми? Олган таълимотларингизни англаб етишга ва Худо билан шахсий муносабатлар ўрнатишга қодирмисиз? Агар шундай бўлса, Худо сизни Унга хизмат қилиш учун қарор чиқара олади деб ҳисоблайди.
13. Ёшлар ўзларига қандай саволлар беришлари мумкин?
13 Агар сизни художўй ота-онангиз тарбиялаётган бўлса ва сиз йиғилишларга қатнаб, ваъз қилаётган бўлсангиз, ўзингиздан бундай деб сўранг: «Мен буларни нима учун қиляпман? Йиғилишларга ҳамда ваъзгўйликка ота-онам учун боряпманми ёки Яҳова учунми?» Сиз «Худонинг яхши, манзур, комил иродаси» нимадан иборат эканлигини билиб олдингизми? (Римликларга 12:2).
Сувга чўмишни кейинга суриш керакми?
14. Муқаддас Китобдаги қандай мисоллар, асоссиз тарзда сувга чўмишни кейинга суриш даркор эмаслигини кўрсатмоқда?
14 Ҳабашистонлик амалдор Исонинг Масиҳ эканлигини билиб олиши биланоқ, ваъзгўй Филипга: «Менинг чўмиб имон келтиришимга нима тўсқинлик қилади?» — деган саволни берди. Ўша амалдор бундан буён масиҳчилар жамоатининг аъзоси сифатида Яҳовага хизмат қилишга бунчалик тез қарор чиқарганининг сабаби, Муқаддас Ёзувлардан етарлича билимга эга эди. Ва бу, унга катта қувонч келтирди (Ҳаворийлар 8:26-39). Шу сингари, «Павлуснинг айтаётганларини фаҳмлашга» қалби очиқ бўлган Лидия исмли аёл ҳам ўз «уй аҳли билан бирга сувда имон келтирди» (Ҳаворийлар 16:14, 15). Шунингдек, ҳаворий Павлус ва Сила Филиппидаги зиндонбонга «Худонинг каломини сўзлаб беришгандан» сўнг, «дарҳол ўзи билан бутун хонадони сувга чўмиб имон келтирди» (Ҳаворийлар 16:25-34). Агар сиз ҳам Яҳова Таоло ва Унинг ниятлари ҳақидаги Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини билсангиз, Унинг иродасини бажаришни истасангиз, жамоатда яхши ном орттириб, йиғилишларга қатнаб, ваъзгўйлик қилаётган бўлсангиз, унда сувга чўмишни кейинга суриш керакми? (Матто 28:19, 20).
15, 16. а) Айрим ёшларни қандай нотўғри тасаввурлар сувга чўмишдан тўхтатиши мумкин? б) Қандай қилиб бағишлов ва сувга чўмиш ёшларни ҳимоя қилиши мумкин?
15 Бирор қилмиш қилиб қўйсам, зиммамга масъулият юкланади деб қўрқиб, сувга чўмишни кейинга суряпсизми? Ундай бўлса, мана бу мисол устидан бир фикр юритинг: йўлда бирор нарса бўлиб қолишидан қўрқиб, ҳайдовчи гувоҳномасига эга бўлиш имкониятидан воз кечармидингиз? Йўқ албатта! Худди шундай ҳам, агар сиз талабларга мос келсангиз, сувга чўмишни кейинга суришнинг кераги йўқ. Аслини олганда, ҳаётингизни Худованд Яҳовага бағишлаб, Унинг иродасини бажаришга ваъда берсангиз, бирор ёмон иш қилиб қўймасликка бор кучингиз билан астойдил ҳаракат қиласиз (Филиппиликларга 4:13). Болалар, сувга чўммагунимча, Яҳованинг олдида жавобгар бўлмайман, деб ўйламанг. Сувга чўмганмисиз ёки йўқми бундан қатъий назар, ўз қилмишларингиз учун Яҳова олдида жавобгарсиз (Римликларга 14:11, 12).
16 Бутун дунёдаги кўп Яҳованинг Шоҳидлари, ёшликда сувга чўмишгани уларга катта ёрдам берганини айтишади. Ғарбий Европада яшовчи бир 23 ёшли имондошимизнинг айтишича, 13 ёшида сувга чўмганлиги, унга «ёшлик эҳтиросларидан қочишига» ёрдам берган (2 Тимўтийга 2:22). У ўсмирлигидаёқ, Яҳова Таолога тўлиқ вақт хизмат қилишни мақсад қилиб қўйган эди. Ҳозир эса у Яҳова Шоҳидларининг бўлимларидан бирида қувонч ила хизмат қилмоқда. Яҳовага хизмат қилишни танлаган барча ёшларни, шу қаторда сизни ҳам қут-баракалар кутмоқда.
17. Ҳаётнинг қайси соҳаларида ‘Раббимизнинг иродаси қандай эканини англаб олишимиз’ даркор?
17 Бағишлов ва сувга чўмиш — барча нарсада Худованд Яҳованинг иродасини эътиборга олиб, ҳаёт кечиришни билдиради. Бу шунингдек, «фурсатни ғанимат билишни» англатади. Хўш, буни қандай қилиш мумкин? Вақтимизни беҳуда ишларга эмас, балки Муқаддас Китобни чуқурроқ ўрганишга, йиғилишларга мунтазам қатнашга ва «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари»ни ваъз қилишга сарфлаймиз (Эфесликларга 5:15, 16; Матто 24:14). Ўзимизни Яҳова Тангрига бағишлаш ва Унинг иродасини бажариш ҳаётимизнинг барча соҳаларига, шу қаторда қандай ҳордиқ чиқаришимиз, еб-ичишимиз ва қандай мусиқа тинглашимизга ижобий таъсир кўрсатади. Шундай экан, абадий роҳат келтирадиган ҳордиқ турини танлаш оқилона бўлмайдими? Минглаб ёш Яҳованинг Шоҳидлари, ‘Раббимизнинг иродасига’ зид бўлмаган кўплаб ўйин-кулги турлари борлигини исботлашади (Эфесликларга 5:17-19).
«Биз сизлар билан бирга борамиз»
18. Ёшлар ўзларига қандай саволлар беришлари керак?
18 Милоддан аввалги 1513 йилдан то милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунигача, Яҳова Тангрининг ер юзида Унга топиниши учун танлаган бир халқи бор бўлиб, Унинг шоҳидлари вазифасини бажариши лозим эди (Ишаё 43:12). Исроил халқининг болалари эса туғилганданоқ, шу халқнинг аъзолари бўлишарди. Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунида эса, Худованд Яҳова ер юзида янги «халқ»ни, яъни Унинг «исмини таниган» рамзий Исроилни танлади (1 Бутрус 2:9, 10; Ҳаворийлар 15:14; Галатияликларга 6:16). Ҳаворий Павлуснинг айтишича, Исо Масиҳ «хайрли ишларга ғайратли, пок бир уммат» яратиш учун Ўзини фидо қилди (Титусга 2:14). Сиз ёшлар, бу халқни қаердан топишни ўзингиз ҳал қилишга ҳақлисиз. Бугунги кунда Муқаддас Китоб қонун-қоидалари асосида яшаб, Яҳова Таоло ва Унинг Шоҳлиги тўғрисида шоҳидлик қилаётган адолатли ва содиқ халқ, деб кимни айтиш мумкин? (Ишаё 26:2-4). Христиан олами ва бошқа дин аъзоларининг хатти-ҳаракатлари, Муқаддас Китоб талабларига мос келадими ёки йўқми бир солиштириб кўринг.
19. Дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар нимага ишонч ҳосил қилишди?
19 Дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар, шу ҳисобда ёшлар ҳам, адолатли халқ бу, Яҳованинг мойланган Шоҳидлари эканига ишонч ҳосил қилиб, уларга: «Биз сизлар билан бирга борамиз, чунки Худо сизлар билан эканлигини эшитдик»,— деб айтишмоқда (Закариё 8:23, ЯДТ). Сиз ёшлар, Яҳованинг халқи орасида бўлишга қарор қилиб, Аллоҳ Яҳова ваъда қилган янги дунёда абадий яшашни танлайсиз, деган умиддамиз ва бу ҳақда ибодат қилиб қоламиз (Амрлар 30:15-20; 2 Бутрус 3:11-13).
Такрорлаш
• «Тарбия» нимани ўз ичига олади?
• Яҳова Таолога қандай хизмат маъқул келади?
• Яҳованинг Шоҳидлари оиласида тарбияланаётган болалар қандай қарорга юзма-юз келишмоқда?
• Нима сабабдан асоссиз равишда сувга чўмишни кейинга суриб бўлмайди?
w06-UZ 7/1b
7—13 АВГУСТ Қўшиқлар: 157, 183